"Насаф"га Давлатов, "Пахтакор"га Бабаян керак-ми?
29 oct 2018 17:25
News
"Насаф"га Давлатов, "Пахтакор"га Бабаян керак-ми?
2001 йил "Пахтакор"га келганимда Самвел жуда ёш эди. Ўзи футбол интернатида ўқиган. "Навбаҳор"ни чемпион бўлишида ёрдам берган мутахассислардан бири эди. У билан ишлаган йилларимни яхши эслайман. Ботир Раҳимов энг катта раҳбаримиз эди. Клубга барча шароитларни яратиб берди. "Пахтакор" қаторасига чемпионликларни қўлга киритди. Бунда ҳамманинг меҳнати бирдек эди. Самвел кейинчалик мураббийлик фаолиятига ўтди. Бугун Ўзбекистонда мураббийлар жуда кўп. Лекин у каби менеджерлар жуда ҳам оз. Шунинг учун у яна бирон клубда мураббий эмас, менеджер сифатида иш бошласа фойдадан ҳоли бўлмайди.
Куни кеча Янгиерга борганимда, маҳаллий мураббийлар Байжанович ҳақида эсладилар.
Лутфилло Тўраев, Даврон Хошимов ва Илҳом Суюнов каби футболчиларни Давлатовлар оиласининг хизмати катта бўлган. Айнан шу одамлар борлигида Янгиердан футболчилар чиқиб турган эди. Базамиз бўлса, бор. Уларга раҳмат айтамиз, болалар учун бепул фойдаланишга беришади. Агар бу каби мутахассислар яна клубимизни ривожлантирса Сирдарёда ҳам кўп нарса ўзгарган бўлармиди?
Ўша йиллар Баҳром Давлатов "Янгиер" жамоаси билан овора эди. Давлатовлар оиласи 6 нафар ўғилдан иборат. Уларнинг барчаси кейинчалик футболчи бўлганлар. Бу икки мутахассиснинг даври 2000 йиллардан кейин жўш ура бошлади. Бири Қашқадарёга мустаҳкам жойлашиб олди, иккинчиси "Пахтакор"га. Айнан шу қарама-қаршиликлар натижасида Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари бирин кетин муваффақият қозондилар. ЎФФ билан биргаликда бир неча маротаба ЖЧда қатнашдилар. Давлатов "Машъал" ва "Насаф"да. "Насаф" тарихидаги гултожи бўлган ОФК Кубогини қўлга киритилишида айнан Давлатовнинг хизматлари катта бўлган. Нуриддин Зайниев ва Алишер Султоновларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида, у украиналик машҳур мутахассис Анатолий Демьяненкони "чўл"га олиб келган эди. Ўша даврдаги трансфер сиёсатида фақатгина Бошкович ўзини оқламади, лекин узр-ку, бундай дея олмаймиз ҳам. Гарчанд олий лигада гол ура олмаган бўлсада, ОФК Кубогининг тўпурари бўлганди.
2017-18 йиллар давомида "Насаф" ва "Пахтакор" селекция хизматига маъсуллар мана шу икки клуб тарихидаги энг ёмон селекция сиёсатига сабабчи бўлдилар. "Насаф"чилар кетадиганлар ўрнини тўлдира олмади ва энг асосий футболчиларни кетиб қолишини олдини ола билмади. "Пахтакор" эса жуда кўплаб ўйинчиларни олди ва улардан на чемпионлик, на Кубок йўлида фойдалана оламди.
"Пахтакор"нинг Ўзбекистон Кубоги финалидаги бошланғич таркибини бир кўринг. "Насаф"дан келганлар ва легионерларни қўшганингизда 9 киши. Машарипов ҳам 2017 йилги мавсумни "Локомотив"да ўтказган. Фақатгина Владимир Козак майдонда "эски" эди. "Насаф" футболчиларнинг савиясига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Лекин, "Пахтакор"ни ўз тарихи, ўйини, садоқатли футболчилари бор эди. Буларга эса чиқиш эшиклари кўрсатилди. Шерзод Каримов келганлар ичида кучсизми? Даврон Хошимовни нимасидир бор-ки, Купер уни терма жамоага жалб қилди. "Навбаҳор" мавсумни аъло тарзда ўтказаётганининг замирида Каримов ва Хошимовларнинг хизмати. Улар бор йўғи уч очкога ортда қолаяптилар шерлардан.
"Пахтакор"нинг селекция хизмати ҳеч қачон бу йилчалик ёмон ишламаган! Тошкентда бекор юрган Анзур Исмоилов ҳақида билмадими клуб? Айни пайтда "Пахтакор", "Локомотив"га қараганда бойроқ, демак Анзурга "Локо"дан кўра яхшироқ таклифни бериши мумкин эди. Айнан Анзур Исмоилов чемпионлик ўйинида жамоасига уч очко келтирди. "Пахтакор" селекционерларининг асосий мақсади "Насаф"ни кучсизлантириш эди гўё, жамоани кучайтириш эмас. Ёппасига ҳеч қачон янгитдан жамоа тузиб бўлмайди. Ўша 2001 йилда ҳам мураббийлар 4-5 нафар эски ўйинчиларни сақлаб қолган эдилар. Қолаверса бугунги сиёсат ўринбосарларга асосий таркиб эшигини ёпди. Яхшибоев бугун МТЖдан чақирув олган бўлар эди, агар йил давомида асосий таркибда кўпроқ ўйнаганида.
Қисқаси, "Насаф" ва "Пахтакор"даги муваффақиятсизликлар нафақат мураббийлар, балки селекциячиларнинг ҳам зиммасида. Азиз Ғаниевни сотиш орқали Черан ва Жасур Ҳасановни Қаршида олиб қолиш мумкин эди. Кечаги кубок ўйинида Жасурни АГМКга фойдаси жуда катта бўлди. "Насаф" ҳам, "Пахтакор" ҳам кучли бошқарувчининг хизматига мухтож. Балки бу Бабаяндир, балки у Давлатов. Бу эркин фикр холос. Бизга қолса ундан ҳам кучли мутахассислар келган ҳолда, ўзбек футболига фойда берса бўлди.
Бу йиллари "Пахтакор" қийинчилик билан бўлсада Ўзбекистон чемпиони бўлди. Ўша даврни ёдга олган жамоанинг ашаддий мухлиси кечаги финалдан кейин қуйидагича "пост" қолдирди.
"Пули йўқ, 6 ойлаб маош олмасдан ўйнаб юрган, Ривалдоси бор қудратли жамоаларга ҳам теппа-тенг қаршилик қилиб юрган, футболкасидаги клуб эмблемаси ҳурмати учун жон олиб, жон бериб юрган футболчилар бўлган "Пахтакор"имни соғиндим!".
Тўғри, бу икки мутахассисни кўпчилик "қора гаплар" билан эслайди. Лекин, уларни футболга қўшган хиссалари ҳам йўқ эмас. Менимча, буларга фақат менеджерликни тақдим этган ҳолда бирон клубни ривожлантириш миссиясини ишониб топширса бўлади.
Бу мақолада "Пахтакор" ва "Насаф", "Машъал" мухлисларининг фикрларини кутиб қоламиз.
Comments