"Насаф" чўкмаяпти — ЧЎКТИРИЛЯПТИ! Айбдорлар кема ичида
30 aug 2021 16:03
News
"Насаф" чўкмаяпти — ЧЎКТИРИЛЯПТИ! Айбдорлар кема ичида
Nasaf |
Superliga. Round 16 29/08/2021, 19:00 1
:
0
Finished
|
Navbahor Costa Guttiner - 83' |
Мазкур ўйиндан кейин "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиев "ёрилди". Бу бизнинг эътиборимиз беихтиёр Қаршига қараталишига сабаб бўлди. Ростан ҳам клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўртасида келишмовчилик борми, футболчиларга керакли шароитлар яратиб берилмаяптими? Қуйида шу ҳақда.
"Аҳал"га қарши ОФК кубоги доирасидаги ўйинни ёритиш менинг чекимга тушгани боис 24-25 август кунлари Қаршида бўлиб қайтдим. Ашхобод клуби билан ўйин якунига етгач, касбимиз тақозоси туфайли тунги 00:30 ларга қадар стадионда қолишга мажбур бўлдик.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев баҳсни ЎФА мутасаддилари ва Сречко Катанец билан биргаликда кузатганидан хабарингиз бор. Ўйиндан кейин "Насаф" раҳбарияти мартабали меҳмонларни кузатаётганини кўриб, интервью олиш мақсадида уларга яқинлашдим. Аммо имкони бўлмади. Эрматов, Исоқов, Ҳайдаров, Катанец сингари пойтахтдан келган мартабали меҳмонлар кетганидан кейин "аждарлар" бош менежери Сергей Кучеренко асабий ҳолатда бақира бошлади. Ҳайрон қолдим. Ғалаба бор, "Насаф" кейинги босқичга йўлланма олган бўлса, Сергей Петрович жамоа аъзоларидан нега норози бўлиши мумкин?
Ҳайратим узоққа чўзилмади. Бироздан кейин стадион ишчилари орасида пичир-пичир бошланиб кетди: "Йўқ, президент ўйнашни истамаганлар кетаверинглар, дебди".
Маълум бўлишича, ғалабадан кейин футболчилар кийиниш хонасида жамоа раҳбариятини узоқ кутиб қолишган. Клуб президенти кириб келгач эса ўйинчилар маош ва мукофот пуллари билан боғлиқ муаммолар, шароитларнинг ёмонлигидан нолиган. Шунда президент кимга ҳозирги шароитлар ёқмаётган бўлса, бемалол эркин агент сифатида кетиши мумкинлигини билдирган. Бу ўз-ўзидан клуб аъзоларининг кайфиятини тушириб юборди ва "Навбаҳор" билан ўйиндан кейин Бердиевнинг "тилга киришига" сабабчи бўлди. Мазкур мутахассис бундай баёнотни биринчи марта бераётгани йўқ. Хўш, Бердиевни фақат молиявий муаммолар безовта қиляптими?
2 қўчқорнинг калласи 1 қозонда қайнамайди
Барчаси 2018 йилнинг 15 майида бошланган эди. Ўша куни жамоа бош менежери бўлиб келган Шамил Ярулиннинг ўрнини "Насаф" академияси раҳбари сифатида ишлаб келаётган Сергей Кучеренко эгаллади. Бу эса жамоа устози Рўзиқул Бердиевнинг ваколатларини кескин қисқартирди. Ушбу мутахассис худди Миржалол Қосимов АГМКда, Шота Арвеладзе "Пахтакор"да, Ҳамиджон Актамов "Қизилқум"да бўлгани каби нисбатан кенгроқ ваколатга эга бўлишни истайди. Спорт журналистлари бу жуфтлик ўртасидаги низоли ҳолатдан хабардор. Янада аниқроқ маълумот олиш мақсадида бугун клуб атрофидаги кишилардан бири боғланиб кўрдик. Афсуски, у барча гумонларимизни тасдиқлади. Маълум бўлишича, айни пайтда клубдаги ички муҳитга умуман ҳавас қилиб бўлмайди. "Насаф" айни пайтда 2 лагерга бўлиниб кетган: бир томонда Бердиев ва унинг футболчилари бўлса, нариги томонда жамоа раҳбарияти. Икки томон ҳам наригисининг клубдан кетишини истайди. Аммо...
Отиш учун ўқ йўқ (Ҳар 2 томонда ҳам)
Рўзиқул аканинг фикрича, жамоа ривожланиши учун Кучеренко "Насаф"дан кетиши керак. Бироқ клуб президенти Сергей Петровични қўллаб-қувватлайди.
Ўз навбатида раҳбарият ҳам Бердиевнинг кетишини истайди. Аммо мутахассиснинг жамоа мухлислари орасидаги мавқейи бунга йўл қўймайди.
Четлатиш операцияси иш бермади
Ёдингизда бўлса, жорий мавсум стартидан аввал "Насаф"да яна тушунарсиз воқеликлар содир бўлганди. Раҳбарият футболчилар ва мураббий билан шартнома имзолаш масаласини максимал равишда кечиктирди. Бизга маълум бўлишича, бу орқали Бердиевни жамоадан четлатиб, бошқа мутахассис олиб келиш кўзланган. Ҳаттоки, "Насаф" раҳбарияти Александр Хомяков билан оғзаки келишувга ҳам эришган. Лекин Рўзиқул Бердиев жамоани шуғуллантиришда давом этган. Гарчи шартномаси бўлмаса ҳам. Шундан кейин раҳбарият унга янги битим таклиф қилишга мажбур бўлади.
Навбат мураббийга
Рўзиқул Бердиев вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қиляпти. У бугун клуб раҳбарияти билан жиддий гаплашиб олишини айтди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Бердиевнинг клуб сиёсатига таъсир ўтказишга уриниши мутлақо хато. Афсуски, ўзбек футболидаги аксар жамоаларда об-у ҳавони, сиёсатни бош мураббийлар ҳал қилади. Кучеренко эса бошқа клубларда бўлгани каби қўғирчоқ директор бўлиб қолишни истамайди. Бу борада Сергей Петрович тутаётган йўл тўғри. Аммо унинг ўзи вазифаларини кўнгилдагидек бажариб қўйса, балки Бердиев бугун эътироз билдиролмасди. Хабарингиз бор, "Насаф" ўтган мавсум кумуш медалларга эга чиққан бўлса-да ОЧЛ эмас, ОФК кубогида иштирок этишга мажбур бўлмоқда. Лицензиялаш талабларининг бажарилмаганига айнан Кучеренко жавобгар.
Хуллас, "Насаф"даги ички муҳит жуда ачинарли ҳолатда. Клуб 2 қутбга бўлиниб кетган. Раҳбарият Бердиевнинг изнисиз футболчилар истиқомат қиладиган базага киролмаяпти. Вазиятни юмшатишнинг аниқ йўли бор: ё Бердиев, ёки раҳбарият клубни тарк этиши керак. Акс ҳолда, ўртадаги низодан фақат клуб ва унинг мухлислари жабр чекишда давом этади.
p.s. Аравага 1 жуфт от қўшилган. Улар турли томонларга югуришмоқчи. Бу ерда фақат аравакашнинг маҳорати барчани қутқариб қолиши мумкин.
Comments