Мухлислар соғинган катта футболнинг қайтиши ёхуд Бухорода бўлиб ўтган Суперлиганинг супер тўқнашуви ҳақида (Бекзод Толибов блоги)
28 jul 2023 12:40
News
Мухлислар соғинган катта футболнинг қайтиши ёхуд Бухорода бўлиб ўтган Суперлиганинг супер тўқнашуви ҳақида (Бекзод Толибов блоги)
Суперлиганинг иккинчи давраси драматик тарзда ўтган супер тўқнашув билан бошланди, кўрдингиз, аллақачон принципиал рақибларга айланиб улгурган "Бухоро" ва "Турон" футбол мухлисларига Суперлиганинг супер тўқнашувини тақдим этиб беришди. Ўйиндаги шиддатли кураш сўнги сонияларга қадар давом этди. "Бухоро" томони қандайдир 2 дақиқа ичида 0:2 ҳисобини 2:2 кўринишига келтирди, вазият "камбэк" томон кетаётганди, бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган энг сўнги дақиқада "Турон"нинг захирадан ўйинга қўшилган ёш футболчиси Асадбек Саитхонов гол уриб, Яйпан жамоасига мавсумдаги илк ғалабани тақдим этди, шунчаки даҳшатли ўйин, ҳақиқий драма. Миллионлар инсонлар нега айнан футболни яхши кўришади деган саволнинг ёрқин жавоби мана шунақа ўйинлар аслида, футбол спорт турининг кечаги "Бухоро" - "Турон" баҳси каби таърифлаб бўлмайдиган лаҳзалари бор.
Бир оз муддатга танаффусга чиққан Суперлига барчамизни бирдек соғинтириб қўйгани рост. Эътиборлиси, 3-июль куни қолдирилган 8-тур доирасида бўлиб ўтган "Металлург" - "Турон" учрашуви билан танаффусга чиққан Суперлига 27-июль санасида бўлиб ўтган "Бухоро" - "Турон" учрашуви билан қайтди. Қайтганида ҳам, мухлисларга ёқадиган драматик тўқнашув билан қайтди. Ёрқин Назаров "Турон" бош мураббийлигига келгач 2 та ўйинда 4 очко тўплади, 1 дуранг ва 1 та ғалаба, ҳар иккиси ҳам сафар ўйини.
Bukhara Makhmud Jurabaev - 80', Shohruz Norkhonov - 83' |
Superliga. Round 14 27/07/2023, 20:00 3
:
2
Finished
|
Turon Ferghana Fayzullobek Jumanqo'ziyev - 20', Shokhmalik Komilov - 63', Asadbek Saitkhonov - 90' |
"Бухоро" ва "Турон" аллақачон принципиал рақибга айланди деганимиз ҳам бежиз эмас. Ўтган мавсум бу икки жамоа Суперлига йўлланмаси йўлида ўзаро асосий рақобатчига айланишган ва улар иштирокидаги ҳар бир ўйин марказий мақомида ва кескин курашларга бой ўтганди. Кечаги ўйин билан ҳисобласа, "Бухоро" ва "Турон" бугунгача 7 бор тўқнаш келишди, тўплар нисбати бўйича мутлоқ тенглик - 10/10. Жорий мавсум ҳисобидан олсак ҳам ўзаро тўплар нисбати бир хил - 4/4. Шаҳбоз Беғамовга кўра, меҳмонда урилган голлар сони наздидан тарозининг палласи "Турон" томон кўпроқ оғади.
"Бухоро" - "Турон" қарама-қаршилиги кечаги ўйин аввалидаёқ бошланиб кетганди. Айтиб ўтилганидек, бу жамоалар ўртасидаги ҳар бир ўйин алоҳида эътиборга молик тарзда ўтаяпти. Ҳар икки жамоа матбуот хизмати тақдим этган промо-роликни кўргандирсиз, унда Хумоюн Муртозаев ва Шоҳруз Норхоновларнинг ўзаро дуэли акс этганди. Кутилган ўйин, кутилганидек кескин қарама-қаршилик ва якунда барчаси шундай бўлди ҳам. Майдон эгалари учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳужумга отланишди, кетма-кет бурчак зарбалари ижро этилди, ўйиннинг кириш қисмиданоқ "Бухоро"нинг ташаббусни ўз қўлига олишга уриниши аввалдан кутилган эди. Орадан кўп вақт ўтмади, таркиби ёшартирилган ва асосан ёш футболчилардан ташкил топган "Турон" ҳам Бухорога шунчаки расмиятчилик учун келмаганини кўрсата бошлади. Учрашувнинг 13-дақиқасида биринчи даврани "Бухоро"да ўтказган ва эндиликда "Турон" сафида пайдо бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи Файзуллобек Жуманқўзиевга нисбатан қўполлик ишлатилди. Бош ҳакам Найим Қосимов вазиятни VAR тизими орқали кўриб чиқди ва мезбонлар легионери Всеволод Нихаевни майдондан четлатди. Бу орада яна ўша Файзуллобек Жуманқўзиев катта саҳнага чиқди, унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбаси "рикошет" холда мезбонлар ҳимоячисига тегиб, дарвозадан жой олди - 0:1. Жуманқўзиев ўзаро ҳурматни сақлаган холда собиқ жамоаси дарвозасига киритилган голни нишонламади, шунчаки қўлларини юқорига кўтариб, узр сўрагандек кўринишни намоён қилди, бунинг учун футболчига респект. Учрашувнинг биринчи бўлими шунингдек, "Насаф"дан "Турон" сафига келиб қўшилган Шоҳмалик Комиловнинг антиқа ва кутилмаган зарбалари билан ёдда қолди. Таъкидлаш жоиз, кечаги ўйинда "Бухоро"нинг легионер посбони зўр ўйин кўрсатди ва бир неча бор жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди.
Иккинчи бўлим ҳам яна "Бухоро"нинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Мезбонлар "Турон" дарвозасига гол уриб, ҳисобни тенглаштиришга интилишди, бироқ ўйиндаги иккинчи гол ҳам меҳмонлар ҳисобига ёзилди. Кечаги ўйинни "ёндириб" юборганлардан бири Шоҳмалик Комилов ҳам голга ҳақли эди. Ташкил этилган ҳужумлар натижасида Абдулазизхон Абдурашидов қанотдан тўпни ҳаволатиб жарима майдони ичкарисига етказиб берди, Шоҳмалик бош билан аниқ зарба йўллаб, гол урди - 0:2. Шундан сўнг “Бухоро" бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўйинни қутқариб қолиш илинжида қатор ўзгаришларни амалга оширди. Мана шундай ўзгаришлар натижасида "Насаф"дан "Бухоро"га келиб қўшилган ёш футболчи Маҳмуд Жўрабоев жарима майдони ичкарисида юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, бош билан зарба йўллади, гол урди - 1:2. Жўрабоев Суперлигадаги дебют ўйинида дебют голини урди, ёшларга аталган ва ёш футболчилар порлаган ўйин. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас "Бухоро" сафидаги энг тажрибали ҳужумчилардан бири Шоҳруз Норхоновга нисбатан ишлатилган қўполлик натижасида "Турон" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бу вазиятда бош ҳакам Найим Қосимов яйпанликлар ҳимоячиси Аслиддин Тоштемиров томонидан ўйин қоидаси бузилган деб топди ва 11 метрлик нуқтага ишора қилди. Вазият жарима майдони чизиғи устида эдими, ичкаридами, бунга реал баҳо бериш эксперт-мутахассисларининг иши. Норхонов пенальтини аниқ амалга ошириб гол урди, ҳисоб тенглашди ва 0:2 ҳисоби қандайдир 2 дақиқа ичида 2:2 кўринишига келди. Вазият "камбэк" томон кетаётганди, бироқ бунга Яйпан томони рози бўлмади. Ҳакам томонидан ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг энг сўнгисида "Турон"нинг захирадан ўйинга қўшилган ёш футболчиси Асадбек Саитхонов гол урди - 2:3. Ёшлар порлаган ва барчасини ёшлар ҳал этган даҳшатли якун, ҳақиқий драма. Суперлиганинг қайтиши мана шунақа супер ўйин билан бошланди.
Кечаги ўйинда жами 3 нафар футболчи собиқ жамоасига қарши ўйнади, "Турон"да Файзуллобек Жуманқўзиев, “Бухоро"да Асилбек Қаюмов ва Иззатилло Пўлатов. Қаюмовни футбол мухлислари ўша шов-шувли "Нефтчи" - "Турон" учрашуви орқали яхши танишади, Пўлатов ўтган мавсум бир муддатда "Турон"да ўйнаб кетган.
Шиддатли ўйин билан бошланган ўзимизнинг Суперлига қайтди ва давом этади. Олдинда сизу-бизни бири-биридан қизиқарли тўқнашувлар кутиб турибди.
Бекзод Толибов
Comments