Latest news

12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  0 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  1 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  1 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   8 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  10 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  7 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  4

Мухлисдан савол. Арсланмират Аманов: "Тўпга зарба беришдан аввал ичимдан гол урасан деган туйғу ўтади" News

Мухлисдан савол. Арсланмират Аманов: "Тўпга зарба беришдан аввал ичимдан гол урасан деган туйғу ўтади"

Юртимизда бир қатор туркманистонлик футболчилар фаолият олиб борган. Масалан, Гочгули Гочгулиев, Артур Геворкян, Ариф Мирзоев, Виталий Алекперов ва бошқалар.

“Локомотив” ярим ҳимоячиси Арсланмират Аманов ҳам ўз ватандошларига муносиб издош бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бунгача АГМК ва “Бухоро” клубларида тўп тепган Арсланмират бу мавсум “Локомотив” билан шартнома имзолади. Футболчи сайтимиз мухлислари томонидан юборилган саволларга жавоб берди.

- Арслонмират, янги жамоага мослашиш жараёни қандай кечди?
- “Локомотив”га келганимдан бери янги жамоага мослашиш жараёни осон кечди. Жамоа аъзолари мени илк кундан яхши қабул қилишди ва бу ҳар бир футболчи учун муҳим ҳисобланади. Бунинг учун менга асосан “Локомотив”да анча пайтдан бери тўп тепиб келаётган жамоадошларим ёрдам беришди. Шу боис тезда жамоага киришиб кета олдим деб ўйлайман.

- Қийинчиликлар бўлдими?
- Нима десам экан, Осиё Кубоги-2019 мусобақасидан кейин терма жамоадан бирданига клуб фаолиятига қайтиш бироз қийинчилик туғдирди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаммаси жойига тушиб кетди. Бошқа томонлама эса ҳеч қандай қийинчиликни сезмадим.

- “Локомотив” таклифига рози бўлишингизнинг асосий сабаби нимада?
- Бемалол айтишим мумкин, Ўзбекистонга келганимдан бери бу жамоага эътиборим бошқача эди. “Локомотив” ва бу жамоанинг ўйин услуби менга ҳар доим ёққан. Шу боис таклиф тушиши билан ҳеч иккиланмай рози бўлдим.



- Айтинг-чи, Туркманистонда ўзбек футболини қанчалик билишади?
- Ўзбекистон чемпионатида юртдошларимдан кўпчилик ўйнаган ва улар орасида ёрқин из қолдирганлари ҳам бор. Биринчи навбатда кўз олдимизга Гочгули Гочгулиев билан Артур Геворкян келади. Бундан ташқари, Ариф Мирзоев, Виталий Алекперов, Рустам Сапаров каби футболчиларни ҳам мухлислари яхши билишади. Ўз навбатида туркманистонлик ишқибозлар ҳам Ўзбекистонда футболга бўлган эътибор ва муносабатдан хабардор. Бизда ўзбек футболини доим кузатиб боришади. Албатта, менинг Ватанимда ўзбек футболи ҳақида кўп нарсани билишади, ҳар ҳолда ён қўшни бўлганимиздан кейин қизиқиш юқори. Масалан, ўзбекистонлик футболчилар Россия ёки бошқа мамлакатда ўйнаса, сиз ҳам ўша давлат чемпионатини кузатиб борасиз. Бизда ҳам шундай.

- Ҳозир “Локомотив”да ички муҳит қай ҳолатда?
- “Локомотив”да ҳаммаси жойида. Барчамиз бир оиладек бўлиб қолганмиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо кўраётганим йўқ. Ҳамма бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади. “Локомотив”да доим шундай бўлиб келган деб ўйлайман, бу ҳолат бошқа клубларда ўйнаб юрган пайтларим ҳам четдан қараганда кўзга ташланган.

- Мухлислардан бири шундай савол билан мурожаат қилибди. Фараз қилинг, Туркманистон терма жамоаси 23 нафар футболчи билан Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этса, жамоа қайси ўринлар учун курашган бўларди?
- Буни жуда нотўғри савол деб ўйлайман. Қанақасига терма жамоа клублар ўртасидаги мусобақада ўйнаши мумкин? Қолаверса бу савол Туркманистонга терма жамоасига нисбатан ҳурматсизлик маъносида келиши мумкин. Тўғри, биз Осиёда кучлилар қаторида эмасмиз, аммо йилдан йилга ўсишга ҳаракат қиляпмиз. 2004 йилдан бери Осиё Кубогида қатнашмагандик ва бу йил яна шундай нуфузли турнирда иштирок этишга муваффақ бўлдик. Шу боис бундай саволларни мантиқсиз деб ҳисоблайман.



- Ўзбекистонга биринчи бор 2015 йил келган бўлсангиз, бунгача АГМК ва “Бухоро” клубларида фаолият бордингиз. Мана шу икки жамоадан қандай таассурот қолган?
- Мен қаерда тўп тепмай ўзимдан доим яхши таассурот қолдиришга, клуб ва мухлислар ишончини қозонишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистон чемпионати ҳақида фикримни давом эттирадиган бўлсам, ҳаммамиз битта ишни бажарамиз, яъни футбол ўйнаймиз, фақат турли клубларда. Бугун бу жамоада, эртага бошқасида. Ҳар бир клубнинг ўзига яраша плюслари бор. Шу боис АГМКдан ҳам, “Бухоро”дан ҳам илиқ таассуротлар қолган деб айта оламан.

- Фаолиятингизга назар ташлаб бир жамоада кўпинча бир йил, узоғи икки мавсум ўйнаганингизни кўрамиз. Нима сабабдан кўп йил битта жамоада ўйнамагансиз?
- Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Муаммо шундаки, бу каби масалалар менда эмас, балки клубда юзага келади. Натижада ўзимга бошқа жамоа қидиришга мажбур бўламан. Ўзим ҳам узоқ йил битта жамоада тўп тепсам дейман ва ҳаммаси қўлимда бўлганида шундай қилган бўлардим.

- Урган голларингиз орасида энг чиройлиси сифатида қайсини кўрсатган бўлардингиз?
- Чиройли голлар бўлган. Охиргиси деб бемалол Осиё Кубогида Япония дарвозасига киритган голимни кўрсатишим мумкин. Бу гол ўзимга ҳам жуда ёқди. Лекин бунгача ҳам чиройли тўплар киритганман. Клуб миқёсида 2014 йил “Иртиш” сафида чиройли гол ургандим. Ўшанда майдон марказида тўпни қабул қилиб, чап қанот бўйлаб жарима майдончасига кириб борганман ва йўлимда учраган ҳаммани алдаб дарвозани ишғол қилгандим. Шунингдек, ўтган йил “Локомотив” дарвозасига киритган голимни ҳам эсда қоларли дея оламан.

- Узоқдан гол уриш “ташриф қоғозингиз”ми? Чунки яқинда “Бухоро” дарвозасига ҳам шундай тўп киритдингиз.
- Нима десам бўлади, тўпга зарба беришдан олдин ичимдан гол урасан деган туйғу ўтади. Футболчининг ўзига ишончи ортиши учун дарвоза томон зарба бериши шарт. Шундагина гол бўлади. Зарба бермай юраверсангиз, ишонч ҳам йўқолиб боради.



- Тўпни тепдингиз, лекин ҳали гол бўлгани йўқ, тўп ҳавода учяпти. Шунда гол бўлишини қанчалик ҳис қиласиз?
- Шахсан мен бундай пайтда гол бўлишини сезишим билан тўп ҳали дарвоза тўрига тушмай туриб нишонлашни бошлайман. Чунки тўп ҳавода маҳал гол бўлиш-бўлмаслигини ичимдан сезаман. Бу кўпроқ зарба кучи ва тўпнинг ҳаводаги йўналишига боғлиқ. Қолаверса дарвозабон қаерда турганига ҳам эътибор бераман. Менга жуда кўп марта дарвозага теп деб айтишади, лекин ҳар доим ҳам тепавермайман, тўғрими? Балки шеригим мендан қулай вазиятда турган бўлиши мумкин. Шу боис қачонки ички ҳиссиёт “тўпни теп” деса зарба бераман. Баъзан шундай бўлади: зарба йўллаш учун яхши вазиятда бўла туриб ҳам тўпни оширасан, баъзан эса ўта қийин вазиятдан гол урасан.

- Урган голларингизни ҳисоблаб борасизми?
- Йўқ. Мен фақат ўйинларим сони, қайси жамоада қанча тўп тепганим, жамоа билан қанча очко жамғарганимиз ва нима ютганимни ҳисоблаб бораман. Голларни санашни эса яхшиси журналистлар ва мухлисларга қўйиб берган маъқул. Футбол шундай ўйинки, 90 дақиқа майдонда кўринмай ҳам катта ҳажмдаги ишни бажаришинг мумкин. Лекин кимгадир ёрқин ўйин, зарбалар, тўп ошириш ёқади.

- Ўзбекистон чемпионатига келишдан олдин ўзбек футболи ҳақида қандай тасаввурга эга эдингиз?
- Мамлакатда футбол жуда қадрланишини, мухлислар футболни яхши кўришларини билардим. Ҳар ҳолда ўзим ҳам мендан аввал бу ерда ўйнаб кетганларни кузатганман. Ўзбекистонда техник футболни устун қўйишади. Қозоғистонда эса кўпроқ жисмоний кураш кечади. Оддий тушунтирадиган бўлсам, Қозоғистонда инглизча, Ўзбекистонда испанча футбол намойиш этишади.

- Дарвоза томон зарба бериш ёки техника устида алоҳида ишлайсизми ёки фақат жамоа билан биргами?
- Албатта, алоҳида ўзим ҳам ишлайман. Чунки алоҳида машғулот футболчининг фақат ўсишига хизмат қилади.

- Энг ёқтирган футболчингиз ким?
- Лионель Месси.

- Янги регламентга кўра, 1997 йил туғилган ёки ундан кичик бир нафар футболчи камида 45 дақиқа Суперлигада ўйнаши шарт. Бу эса ўз навбатида сизнинг мунтазам аоссий таркибда тўп тепишингизга халақит қиляпти ва баъзан захирада қолиб кетяпсиз. Бу сизга қанчалик таъсир қилади?
- Аввало регламентни ҳурмат қилишимиз керак. Чунки регламент тузувчилар шу бандни бекорга киритмаган бўлса керак. Мен профессионал футболчи сифатида ҳар бир қоида ва ўзгаришни тўғри қабул қиламан. Муҳими, бундай ўзгаришларнинг футболга фойдаси тегса бошқалар ҳам ўрнак олишга ҳаракат қилади.

- Сиз билан битта жамоада ўйнаган футболчилар орасида энг кучлиси ким?
- (Бироз ўйланиб) Мен шундай футболчини биламан: бу - марказий ҳимоячи Анзур Исмоилов. Анзур билан битта жамоада ўйнай бошлаганимга ҳали кўп бўлмади, шунга қарамай уни бемалол энг кучли футболчи дея оламан.



- Сизнингча, Ўзбекистоннинг қайси шаҳрида футболни энг кўп севишади?
- Биринчи навбатда Наманган, ундан кейин Бухоро хаёлимга келади. “Бухоро” клубида ўйнаганим учун шаҳарда футболни қанчалик ёқтиришлари ҳақида яхши тасаввурга эгаман.

- Биламизки, Туркманистондан ҳар доим яхши футболчилар етишиб чиққан. Бу дегани мамлакатда болалар билан ишлаш яхши йўлга қўйилганми?
- Оғир дамлар кўп бўлди: ҳам терма жамоа, ҳам клублар билан. 2004 йил Хитойда ўтказилган Осиё Кубогидан сўнг миллий терма жамоамиз расмий мусобақалардан маълум муддатга дисквалификация қилинди. Натижада бироз муддат футболда пасайиш юзага келди. Лекин федерация бир жойда тўхтаб қолмади, раҳбариятда ўзгариш юз бериб, янги келган кишилар ўзгартириш киритишга ҳаракат қилишди. Яхши ёшларнинг етишиб чиқиши мана шу меҳнат самараси деб биламан. Ҳозир ҳам Туркманистон футбол федерацияси ишлашда давом этяпти. Футбол бўйича миллий терма жамоа ҳамда футзал терма жамоасига хорватиялик мураббийлар таклиф этилди. Ўйлайманки, ҳаммаси кейинчалик яхши бўлади.

- Дарвоқе янги мураббий билан кўришишга муваффақ бўлдингизми?
- Ҳозирча йўқ. Фақат телефон орқали гаплашдим холос. Биз йигирма дақиқача суҳбатлашдик, танишдик, мураббий ўз фикрини билдирди. Менимча, тез орада йиғин ўтказсак керак. Менга маълум бўлишича, 1 июнь куни терма жамоамиз йиғилиб, Туркияга йўл олади ва у ерда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Янги мураббий шу орқали футболчиларни синовдан ўтказиб олмоқчи.

- Ўзбек ва туркман футболи ўртасидаги асосий фарқ нимада?
- Ўзбекистонда биринчи навбатда техник ва тўп билан муомалада бўладиган футболни устун қўйишади. Қолаверса Ўзбекистонда профессионал клублар ва футболчилар кўп. Ватаним Туркманистонда ҳам футболга эътибор юқори, фақат бу ердагидек эмас. Биз ҳам секин-аста ривожланишга ҳаракат қиляпмиз.



- Оилангиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
- Уйланганман. Уч нафар фарзандим бор, учаласи ҳам ўғил. Катта ўғлим Эмирхан 7 ёшда, ўртанчаси Иқлим 5 ёшда ва кенжамиз Алихан 2 ёш.

- Ўзбек миллий таомларидан қайси кўпроқ ёқади?
- Ош албатта. Ўзбекистонда ошни ким ҳам ёқтирмайди дейсиз (кулади).

- Ўзбек футболида ҳамма Миржалол Қосимовни афсона деб билади. Туркманистон футболида шундай инсон сифатида кимни кўрсата оласиз?
- Биринчи навбатда Қурбон Бердиевни. Қурбон Бекиевич ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида катта ютуқларга эришган. У киши “Рубин”да ишлаб “Барселона”, “Бавария” каби гранд жамоаларни мағлуб этгани кўп нарсадан дарак беради. “Барселона” мен ёқтирган жамоа, аммо “Рубин” ғалаба қозонганида ниҳоятда хурсанд бўлгандим.

- Бизда исм-фамилиянгизни турлича ёзишади: Арслонмурод Омонов, Арсланмурот Амонов ёки Аманов. Қайси бири тўғри?
- Тўғрисини айтсам, шундай саволни кутгандим. Чунки чиндан ҳам ҳар хил ёзишади. Тўғриси эса Арсланмират Аманов. Ўзим ҳам сўрадим: нега мени Омонов ёзишади деб. Шунда менга ўзбекчасига Омонов бўлади деб айтишди. Сербиялик футболчилар номи ҳамма жойда тўғри ёзилади. Лекин нимагадир менинг исмим ҳам, фамилиям ҳам бошқача кетади. Шу боис ОАВ ходимларидан тўғри ёзишларини сўраб қоламан.


Х.Холиқов тайёрлади


Эслатиб ўтамиз, айни пайтда МАНА БУ САҲИФАДА Отабек Шукуровга савол йўллашингиз мумкин. 



"Мухлисдан савол". Элдор Шомуродов: "Машъал"га келганимда бутсаларим бўлмаган" 

"Мухлисдан савол". Гадоевни ким кашф қилган: Қосимов ёки Бердиев? Футболчи жавоб берди

"Мухлисдан савол". Жалолиддин Машарипов - Онасига совға қилган Нексия ва нимадан жуда қўрқиши ҳақида        

"Мухлисдан савол". Икром Алибоев: “Футбол мен учун ҳамма нарса”         

Мухлисдан савол. Рустам Ашурматов: “Ўзбек футболчиларининг рекламасини кўпайтириш керак” 

Rating: +16   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика