Мудрик, ЖЧ-2022 кашфиёти ва "Арсенал" учун универсал. Амалга ошириб бўлинган топ-10 қишки трансферлар
25 jan 2023 14:32
News
Мудрик, ЖЧ-2022 кашфиёти ва "Арсенал" учун универсал. Амалга ошириб бўлинган топ-10 қишки трансферлар
Тез орада Европанинг катта қисмида қишки трансфер ойнасида ёпилади. Атиги бир ҳафта қолди - барча битимлар эса 1 февралгача ёпилиши керак.
Championat.asia амалга ошириб бўлинган трансферлар ҳақида сўз юритади. Биз қишнинг энг ажойиб топ-10 трансферларини туздик.
10. Якуб Кивёр
"Специя" - "Арсенал" (25 млн евро)
"Арсенал" АПЛда биринчи ўринда бормоқда, аммо бу жамоага кучайиш керакмас дегани эмас. Микель Артета "канонирлар"да "Ман Сити"дагидек бир позицияда икки нафардан ўйинчи бўлишига эришмоқчи. Шу сабаб "Арсенал" жамоанинг мудофаасида барчаси жойида бўлишига қарамай, яна битта марказий ҳимоячи олди.
Кивёр - 22 ёшли польшалик ҳимоячи, унинг ҳисобида Польша терма жамоасида 9та ўйин бор. Якуб сўнгги бир ярим йилда "Специя" сафида ўйнади. У жорий мавсум бир ўйинда ўртача 1,3 бор тўпни олиб қўйди, 1,6 бор қайтарди, деярли 4 марта тўпни жарима майдончасидан чиқарди, 84,6% аниқлик билан 44,2та узатма. Бундай ўйинчи чемпионлик курашда Артетага аниқ ҳалақит бермайди.
9. Ян Зоммер
"Боруссия Мёнхенгладбах" - "Бавария" (8 млн евро)
Мануэль Нойер чанғида муваффақиятсиз учиб, оёғини синдириб олганидан сўнг "Бавария" тезда янги дарвозабон излашига тўғри келди. Мюнхенликлар якунда тажрибали Ян Соммер танловида қолишди. У эҳтимол "Бавария" раҳбарияти узоқ йиллар янги "биринчи рақам"ни излаш билан банд бўлганда, муаммонинг вақтинчалик ечими бўлади. Қизиқарлиси, Ян Зоммер яқинда, аниқроғи, 2022 йилнинг августида Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси сафида "Бавария"га қарши ўйинда 19та сейв ижро этди! Бу кимдир яқин вақтларда забт этиши қийин бўлган Бундеслига рекорди. Мюнхен клуби швейцар учун 8 млн евро берди. Зоммер жорий мавсум "Боруссия" сафида 12та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 15та тўп олиб чиқди ва тўрт бор ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди.
8. Данило
"Палмейрас" - "Ноттингем Форест" (20 млн евро)
"Ноттингем Форест" жуда қизиқарли трансферни амалга оширди. АПЛ дебютанти ёзги ўтишларни ҳам ҳисобга олса, таркибни кучайтириш учун 180 млн евро сарфлаб бўлди. "Ноттингем" қишда аллақачон мамлакатнинг бош термасига чақирилган бразилиялик Данило билан шартнома имзолади. 21 ёшли таянч ўйинчисини бошқа клублар ҳам кузатганди, аммо у якунда айнан "Ноттингем"га ўтди. Агар Данило янги клубида ўзини кўрсата олса, аниқ АПЛ дебютантида қолмайди ва юқорироқ даражага йўл олади.
7. Мемфис Депай
"Барселона" - "Атлетико" (3 млн евро)
Мемфис Депай фаолиятини қайта уйғотиш учун ажойиб имконият олди. Нидерландиялик "Барса" етакчиларидан бирига айланиши мумкин эди, аммо клуб молиявий муаммоларни ҳал қилди ва таркибни кучайтиришни бошлади. Жамоага Рафинья, Роберт Левандовски ва Ферран Торрес келганидан сўнг, ҳужум чизиғидаги рақобат ақлбоварқилмас даражага чиқди. Депай эндиликда "Атлетико" шарафини ҳимоя қилади, трансфер нархи эса атиги 3 млн еврони ташкил этди - бу Мемфисдек ўйинчи учун жуда ҳам кам.
6. Гонсалу Гедеш
"Вулверхэмптон" - "Бенфика" (ижара)
Гонсалу Гедеш "Вулверхэмптон"да умидларни оқлай олмади. Қачонлардир Испания чемпионатининг энг яхши вингерларидан бири бўлган ўйинчи Англияда 18та ўйинда атиги учта самарали ҳаракат (2та гол ва 1та ассист) амалга оширди.
Португалиялик мавсумнинг қолган қисмини ватанида, ўзига яхши таниш бўлган "Бенфика"да ўтказади. Гедеш айнан шу клуб тарбияланувчиси ҳисобланади. Айтганча, Гонсалу бунга қадар ўзининг эски-янги жамоасига гол урган. Ёзда Гедешнинг фаолиятини қаерда давом эттириши борасидаги савол яна кўтарилади. Битта нарса аниқ: АПЛ унинг жойи эмас, шунчаки бу унинг лигаси эмас.
5. Леандро Троссард
"Брайтон" - "Арсенал" (24 млн евро)
Михайло Мудрик учун "Челси" ва "Арсенал" ўртасида охиригача кураш борди. Якунда украиналик вингер "канонирлар" жойлашган Лондоннинг шимолига эмас, "Челси" жойлашган марказга йўл олди. Аммо, Артета тезда ҳужум чизиғи учун ўйинчини талаб қилди, айниқса бир неча позицияларни ёпа оладиган. Ва шундай ўйинчи "Брайтон"да топилди. Леандро Троссард - топ-клублар камдан-кам эътибор қаратадиган ўйинчилар. Бу жуда сифатли футболчи, аммо Мудрик каби "пиар қилинмаган". Вақт улардан қай бирининг Лондонда яхшироқ фаолият олиб боришини кўрсатади. Аммо, ҳозирданоқ "Челси" Мудрик учун кўп тўлаб юборгани маълум, "Арсенал" эса ҳужумдаги яхши ўйинчини муносиб нархга олди.
Троссард жорий мавсум АПЛда "Брайтон" сафида 16та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол ва 3та ассист қайд этди. Леандро октябрда "Тоттенхэм"га қарши ўйинда хет-трик қайд этди, бу ҳам "шпорлар" билан принципиал дербини ҳисобга олса, "Арсенал" раҳбариятининг қарорига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
4. Бенуа Бадиашиле
"Монако" - "Челси" (38 млн евро)
"Челси" трансферлар борасида озгина эсидан оғиб қолди. "Аристократлар" ёзги ва қишки трансфер ойнасида 460 миллион евро сарфлашди! "Челси"нинг асосий трансфери ҳақида сал кейинроқ гаплашамиз, ҳозирча эса Бенуа Бадиашилега эътиборимизни қаратамиз. Бу ҳимоячи Франция чемпионати мухлисларига яхши таниш бўлиши керак. Бенуа "Монако" тарбияланувчиси ҳисобланади ва у ерда беш мавсум давомида ҳаракат қилган. Бадиашиле ҳозирда 21 ёшда, уни яқинда Франция терма жамоасига чақиришди, аммо ЖЧ-2022га бормади. Эҳтимол "Челси" раҳбарияти яқин келажакда уни Калиду Кулибалининг шериги сифатида кўраётгандир. Ишончли, аммо барибир ёши катта Тьяго Силва қачондир ўзининг ажойиб фаолиятини якунлайди. Бенуа ҳозирча АПЛ талабларига мослашиши ва мунтазам ўйнаши керак.
3. Жоау Феликс
"Атлетико" - "Челси" (ижара)
"Челси"га ўтган Жоау Феликс ҳам ўз фаолиятини қайта уйғотиши мумкин. Португалияликни қачондир деярли Роналдунинг ўринбосари деб ҳисоблашганди, аммо у "Атлетико"да охиригача очилмади. Шу билан бирга Феликс атиги 23 ёшда ва ҳали янги даражага чиқиши мумкин. Балки унга бу борада иш жойини ўзгартирганини ёрдам берар.
Жоаунинг "Челси"даги дебюти ўхшамади: у биринчи ўйиндаёқ қизил карточка олди ва уч ўйинга дисквалификация қилинди. Аммо, Феликсда "Челси"га инқироздан чиқишда ёрдам бериши мумкин бўлган ўйин сифати бор. У жамоани яхши ҳис қиладиган ва ҳужумда турли вазифаларни баражарадиган жуда ақлли ўйинчи.
2. Коди Гакпо
ПСВ - "Ливерпуль" (42 млн евро)
Коди Гакпо ЖЧ-2022 кашфиётларидан бири бўлди. Нидерландиялик учта тўп киритган ҳолда, ўзини ёрқин тарзда кўрсатди. Унга ўз-ўзидан топ-клублар эътибор қаратишди, гарчи бунга қадар ҳам грандлар томонидан қизиқиш бўлган бўлса-да.
Гакпо якунда муаммолари бор "Ливерпуль"га ўтди. Бундай вазиятда ҳар қандай ўйинчи ҳам ўйнаб кета олмайди, буни Дарвин Нуньес билан мисол келтириш мумкин. Кодига ҳам, уругвайлик форвардга ҳам катта пуллар сарфланди, аммо улар ҳали ўзларини кўрсата олишмади. Албатта, Нуньес Гакподан кўра кўпроқ ўйинлар ўтказди, аммо нидерландиялик кўринишидан қулай муҳитга тушиб олган ўйинчидек кўринмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Коди - ўз позициясида топ-ижрочи ва бошқа клубга ўтиши мумкин. Агар "Ливерпуль" яқин вақтларда инқироздан чиқмаса.
1. Михайло Мудрик
"Шахтёр" - "Челси" (100 млн евро)
Мана қишнинг энг асосий трансферига ҳам етиб келдик. Михайло Мудрик - унинг атрофида қанча шов-шувлар бўлди-я! Шубҳасиз, украиналик катта иқтидорга эга, аммо 100 миллион евро - бутун трансфер бозорини барбод қилиши мумкин бўлган нарх.
Бундай трансферга қараб, бошқа клублар ҳам ўз ўйинчиларини қимматроққа сотишни хоҳлашади. "Наполи"ни олайлик, у ерда Виктор Осимхен ўзини ажойиб кўрсатмоқда ва неаполликлар уни 100 млн евродан камига қўйиб юбормасликларини маълум қилишди. Вазият ҳудди россияликлар ва белоруслар келганидан сўнг Тошкентдаги хонадон нархлари билан бир хил.
Мудрикка келсак, унинг даражасини "Челси" - "Ливерпуль" ўйинини кўрган барча сезди. Захирадан майдонга тушган Михайло ўзи ва шериклари учун бир нечта вазиятлар яратди. Мудрикнинг ривожланишини кузатиш қизиқ бўлади. Балки, у Хвича Кварацхелиянинг йўлини такрорлар. Бу учун Михайлода аниқ имконият бор.
Николай Егоричев мақоласи
Алишер Остонов таржимаси
Comments