Мозийга қайтиб...
15 mar 2022 11:01
News
Мозийга қайтиб...
Мустақил чемпионат фақат футбол учрашувларидан иборат бўлмай, унинг қонун-қоидалари алоҳида регламент ва низомларда акс эттирилган бўлиши лозим эди. Бироқ янги ташкил этилган Ўзбекистон футбол федерацияси уларнинг барига улгурмади. Масалан, энг нозик масалалардан бири – футболчиларнинг ҳорижга трансфер қилиш мақоми иккинчи чемпионат ўртасига келиб ҳам ишлаб чиқилмаганди. Ўша пайтда бу муаммони журналист Аброр Имомхўжаев матбуотда кўтариб чиққан. Эътиборингизга ўша мақолани ҳавола этамиз.
ФУТБОЛЧИЛАР СОТИЛАДИ...МИ?
(Ўзбекистон футболи” газетасининг 1993 йил 4 август сонидан олинган)
Ўтган йилги биринчиликнинг дастлабки учрашувларидаёқ бир нозик масалага дуч келиндики, у ўз вақтида ҳал қилинмаса, катта тортишувларга олиб келиши муқаррарлиги аён бўлиб қолди. Илк чемпионатнинг 3-турида бўлиб ўтган "Пахтакор" —"Нефтчи" учрашуви, аниқроғи, унинг бекор қилиниши кўпчиликнинг ёдида қолган бўлиши керак. Бунинг сабаби, чет эл жамоалари билан шартнома тузган футболчиларнинг "Пахтакор" таркибида майдонга тушиши деб кўрсатилди. Учрашув натижаси бекор қилиниб, ҳақиқат қарор топгандек бўлди. Бироқ бунга сабаб бўлган масала ҳал қилинмасдан қолаверди.
Гап футболчиларнинг республикадан кетиши ҳақида боряпти. Умуман олганда, бу муаммо фақат бизда бор дейиш нотўғри бўларди. Футболчиларнинг чет эл командаларида ўйнаши бутун дунёда оддий ҳол ҳисобланади. Россия терма командасининг таркибига бир аҳамият беринг-а: дарвозабонлар - Черчесов ("Динамо", Германия), Харин ("Челси", Англия), ҳимоячилар - Горлукович ("Байер", Германия), Кульков ("Бенфика", Португалия), ярим ҳимоячилар - Канчельскис ("Манчестр Юнайтед", Англия), Татарчук ("Славия", Чехия), Корнеев ("Эспаньол", Испания), Шалимов ("Интер", Италия), ҳужумчилар - Коливанов ("Фоджа", Италия), Юран ("Бенфика", Португалия), Кирьяков ("Карлсруэ", Германия). Добровольский эса қисқа муддат ичида Испания, Швейцария, Италия, Франция клубларида ўйнаб келди.
Бу футболчилар хорижга шунчаки чет эл саёҳатига кетмадилар. Улар учун Россия командалари миллионлаб доллар пул ишлаб олишди. Лекин, кетганларни ҳеч ким қораламади. Чунки бу футболчилар Оврўпонинг энг кучли командаларида тўп суриб, Россия номини бутун жаҳонга ёйдилар. Аргентиналик Диего Марадона Испания, Италия клубларида ўйнаганида ватандошлари уни сотқинликда айблашмади, аксинча, у билан фахрланишди. Бунинг сабаби эса оддий: россияликлар ҳам, Марадона ҳам қайси давлат чемпионатларида иштирок этишмасин, ўз мамлакат терма командаларини унутишмади. Зарур пайтда ўз Ватанлари шарафини ҳимоя қилдилар.
Бу мисолларни келтиришимдан мақсад, барча иқтидорли футболчиларимизни бирин-кетин сотайлик дейиш эмас. Аксинча, ҳозир республикада футболни ривожлантиришда, уни тарғиб қилишда "юлдуз"лар бизга сув ва ҳаводек зарур. Лекин бу, қулфланган уйда ўз ёғимизга ўзимиз қовуриламиз дегани эмас.
Албатта, футболчи машҳур бўлгандан кейин унга талаб кучаяди. Демакки, футболи ривожланган давлатлардан унга "совчи"лар кела бошлайди. Уларнинг ҳаммасига рад жавоби бераверсак, бизни ҳеч ким йўқламай қўяди. Пятницкий, Кечиновга ўхшаганлар барибир кетади. Аммо биз уларни ушлаб қолиш борасида барча воситаларни ишга солганимиз учун эшикни "қарсиллатиб" ёпиб кетишади. Кейин улар терма команда рўйхатидан ҳам ўчади. Эрта-индин Оврўпонинг номдор командалари миллионлаб долларларни бизга эмас, Москванинг "Спартак"и ҳисобига ўтказишади. Яъни кимдир тарбиялайди, кимдир эса "ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир".
Шунинг учун ҳам бизда футболчиларни чет элга жўнатиш тўғрисида низом ишлаб чиқилиши зарур. Ана шу низом пухта тайёрланиб тўлақонли ишлаганидагина Миржалол Қосимов 3-4 ой ишсиз ўтирмайди, Пятницкий ва Кечиновларни қайтариш учун ФИФАга шикоят ёзмаймиз. Низомда кетиш кимга мумкин, кимга эса йўқ, неча ёшдан каби саволларга аниқ жавоб берилиши керак. Масалан, баъзи мамлакатларда чет элга кетиш учун фақат терма команда аъзоларига рухсат берилади, яна бошқаларида футболчи 28 ёшга тўлгандан кейингина унга "оқ йўл" тиланади ва ҳоказо.
Низом ишлаб чиқилмас экан, футболчиларимиз ўзларича хорижга кетаверадилар. Кимдир жанжал-тўполон билан, кимдир ими-жимида. Пятницкий ва Кечинов масаласи ўз вақтида ҳал этилганида, улар Ўзбекистон терма командасида ўйнар эдилар. Хозирча эса биз республиканинг икки энг кучли футболчисидан маҳрум бўлмоқдамиз. Бири бутунлай кетди, иккинчиси тобора йироқлашмоқда.
Баъзилар "нега шуларга ёпишиб қолдинглар, кетса кетаверсин", дейиши мумкин. Лекин кетганлар фақат шулар бўлганда майли эди. Қуйида сўнгги икки йил ичида ҳорижга жўнаб кетган футболчилар рўйхати бериляпти, қаранг ва хулоса чиқаринг:
Игорь Шквирин — Исроилга, Олег Латишкин — Чехияга, Виктор Макаров, Олег Синелобов, Мустафо Билолов, Шуҳрат Холмирзаев, Сергей Завальнюк - Малайзияга, Василий Постнов — Марокашга, Рустам Зобиров — Австрия ёки Германияга, Константин Новиков, Игорь Иванов, Усмон Тошев, Андрей Медянский — Венгрияга равона бўлишди. Яқин ҳорижда ҳам республикамиз вакиллари маҳорат билан тўп суришаяпти: Геннадий Денисов — "Спартак” (Владикавказ), Сергей Бондаренко, Баҳодир Раҳмонов, Андрей Рязанцев - "Океан" (Находка), Вячеслав Клочков — "Кубань" (Краснодар), Валерий Горбач - "Факел" (Воронеж), Геннадий Роткович— "Балтика" (Калининград), Сергей Андреев, Сифер Алибоев, Николай Турниченко - "Таврия” (Симферополь), Руслан Узоқов — "Торпедо" (Запорожье). Садриддин Эшмирзаев ҳам Украинанинг қайсидир жамоасида фаолият кўрсатмокда. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Лекин кўпгина футболчиларнинг қаерга кетганини нафақат биз, ҳатто собиқ командадошлари ҳам билишмайди.
Энди ўзингиз ўйланг, бу футболчиларни маҳоратли қилиб етиштириш учун республикамиз футбол мактаблари қанчадан-қанча маблағ сарфлашган. Нега энди улар қарзни қайтариш вақти келганда хайр-маъзурсиз жуфтакни ростлашлари керак?!
Юқоридаги берилган рўйхатда мамлакат терма командаси аъзолари ҳам бор. Аммо, эрта-индин расмий учрашувларга уларни бир жойга тўплашнинг иложи бўлармикан?
Яна бир неча кундан сўнг мамлакат биринчилиги иккинчи давра учрашувлари бошланади. Кетганлар ўрнини ёш истеъдодлар тўлдиради. Лекин ана шу истеъдодлар ҳам вақти келиб ўзларича жўнаб кетмасликлари учун ҳам тезроқ низом тайёрланиши керак. Ана шундагина ҳар бир кетаётган футболчимиз қоида асосида жўнайди, унинг учун "совчи"лардан "қалин пули" сўралади ва энг муҳими, кетаётган футболчидан терма команда учун майдонга тушиш кафолати олинади.
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.
Comments