Месси Аргентинага ҳалақит қилмаяпти-ми?!
14 jun 2019 22:05
News
Месси тўққиз ой термада бўлмади. Бу вақт ичида жамоа анча ўзгарди. Россиядаги мундиалда "қийналганлардан" фақатгина саккиз футболчи қолди (Леони ҳисобламаганда) – Тальяфико, Ди Мария, Акунья, Отаменди, Армани, Дибала, Агуэро ва Ло Чельсо. Месси деярли янги жамоа билан Америка Кубогини қўлга киритиш ниятида кетмоқда.
Ҳеч қачон "бош" бўлмаган мураббий ва янги футболчилар билан тузилган 4-3-3 тактик схемаси.
Август ойида Аргентина термаси бошқарувини Лионель Скалони – бош мураббий сифатида буткул тажрибаси йўқ, Сампаолининг собиқ ёрдамчиси қўлга олди. Тўрт йил аввал янги бош мураббий "Аталанта"да фаолиятини якунлаганди: у деярли бутун фаолиятини Испания ва Италияда ўтказган, лекин ўртамиёна футболчи номидан уёққа ўта олмаган. "Депортиво" сафида барқарор ўйин намойиш қилган, икки юздан зиёд баҳсда майдонга тушган ва Испанияда деярли барча совринларни қўлга киритган. Аммо шунга қарамай, термада "кетмони учмаган": Скалони кимсан Занетти даврида қанот ҳимоячиси эди. Айнан шу сабабли, бор йўғи 7 ўйинда майдонга тушган.
Ўтган кузда Марадона терма жамоа Скалони қўл остида фақатгина мотопойгалар бўйича Жаҳон Чемпионатига чиқиши ва ижобий натижа қайд этиши мумкинлигини айтиб ўтганди. Бироқ собиқ ёрдамчи ҳақли равишда Америка Кубогига чиқди. Аргентина йил давомида 9 ўйиннинг 6тасида ғалаба қозонди ва бор йўғи 5та гол қўйиб юборди – лекин рақиблар ҳам нисбатан кучсиз бўлганини таъкидлаш лозим.
Скалони Америка Кубогини 4-3-3 схемаси билан бошлайди. Ушбу тактик схемани мураббий яқинда бўлиб ўтган Никарагуа ва "Ньюэллс Олд Бойз"га қарши ўйинларда синаб кўрди. Ўйин Паредес ва Ло Чельсо орқали қурилаётганди, лекин Мессининг қайтиши вазиятни буткул ўзгартирди. Ярим ҳимоячилар ҳали ҳам асосий таркиб футболчилари бўлиб қолаверишади, аммо энди уларнинг жамоадаги аҳамияти бироз ўзгаради. Бироқ охирги ўйинларда таянч зонасида 25 ёшли Гидо Родригес ҳам ёмон ўйнамади. "Америка" клуби вакили Паредеснинг ўрнини тўлиқ ёпа олди десак, муболаға бўлмайди. Скалонига эса бошқа бир ярим ҳимоячи Ло Чельсонинг Месси билан майдонда унчалик чиқиша олмаётгани ёқмаяпти.
4-2-3-1 ва 4-4-2 тактик схемалари захира режалари сифатида хизмат қилади ва бевосита ўйин давомида қўлланилиши мумкин. Лекин қанот футболчилари ҳужумда фаол бўладиган ўйин услуби Скалонига мос тушади: у ҳимоячилардан ўтказиб, ўз шерикларининг "йўлига" тўпни ташлаб берадиган, қанот ярим ҳимоячилари рақиб ҳимоячилари билан бир чизиқда ҳаракат қиладиган, тезкор футболни тадбиқ қилади.
"Интер" юлдузи деярли ҳар ўйинда гол урди, лекин Месси дўстини термага қайтарди
Скалони жамоа бош мураббийи этиб тайинлангач, унинг асосий муаммоларидан бири ҳужум чизиғи бўлишини кўпчилик кутмаганди. Жаҳон Чемпионатидан кейин Аргентина нафақат Мессисиз – фаолиятини якунлаган Игуаин, термага чақирилмаган Агуэро ва Ди Мариясиз ҳаракат қилди. Жой бўшаганда Икарди ва Дибала фаолиятидаги энг омадсиз мавсумлардан бирини ўтказишди.
Янги ҳужумнинг асосий қахрамони 21 ёшли Лаутаро Мартинес бўлди. У 6 ўйинда 4та гол урди ва Аргентинанинг сўнгги йиллардаги исталган марказий ҳужумчиларидан яхшироқ ўйин намойиш қилди. Бир йил олдин йигитча "Расинг Авельянеда" шарафини ҳимоя қилган ва мавсум давомида 20та гол уришга эришган. Ҳозир эса "Интер"да ўзининг кучли томонларини кўз-кўз қилмоқда: биринчи мавсум унга кўп ҳам вақт берилмади ва футболчи 9 гол билан чекланди. Лекин Икарди жамоани тарк этгач, воқеалар ривожи шуни кўрсатяптики, Конте жамоасида Икардига ўрин йўқ. Техник томонлама кучли, тезкор, жарима майдони ичида ҳам ишонч билан ҳаракатлана олади ҳамда асосийси ҳар икки оёқда бирдек кучли зарба бера олади. Аммо шунча ҳислат ҳам камлик қилди. Милан клуби вакили Америка Кубогига захира футболчиси сифатида йўл олмоқда.
"Мени анчадан буён термага чақиришмаганди. Шу сабабли терма жамоа билан Копа Америкага бормасам керак деб ўйлагандим, – деди ўтган ҳафта Агуэро. – Лекин апрель ойида Месси менга қўнғироқ қилди ва албатта бўлажак мусобақага боришимни айтди".
Катта эҳтимол билан шунга ўхшаш ҳолат Ди Мария билан ҳам содир бўлган. У ҳам ЖЧдан сўнг термага чақирилмаётганди, аммо Лео қайтгач у ҳам келди. Шундай экан ҳужум чизиғи ўша-ўша бўлади: Дибала захирада, Икарди – уйида, Месси эса – дўстлари билан тахтда!
Месси соврин учун қайтди, лекин бу қийин бўлади
Одатда, биз ҳар сафар шу Жаҳон Чемпионатига чиқамиз деб умид билан кутгандек, Аргентинада ҳам "анънага" айланган ҳолат мавжуд. Йирик мусобақадаги омадсизлик, мураббий ишдан олиниши, ўрнига бошқасининг тайинланиши ва кейинги мусобақагача эҳтиёткор умидлар... Кейин ушбу давр яна такрорланади. Уч йил олдин Месси унга бироз қўшимча қилди – шахсий кетишлар. Лео катта омадсизликдан сўнг, иккинчи бор термани ташлаб кетишга қарор қилди.
Америка Кубоги-2016дан — омадсиз финалдан сўнг — Месси эҳтиросларга берилиб халқаро майдондаги фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилган Аммо кўп ўтмай, қарорини ўзгартирди ва танқидлар остида қолди. Кейинги сафар Лео узоқни ўйлаб иш тутди ва терма жамоадаги "танаффус" муддатини айтмади: "Мени кўп танқид қилишди. Олти ёшли ўғлим: "Дада, нега Аргентинада сизнинг устингиздан кулишмоқда?", - деб сўради. "Бу баъзи одамларнинггина фикри эканлигини айтдим. Қайтишни хоҳлагандим ва терма билан соврин ютмоқчиман".
Лео нега қайтаётганини яшириб ўтирмади. Ҳозирги вазиятда у бошқача йўл тута олмасди ҳам. Мамлакатнинг энг яхши футболчисига терма сафида қўлга киритилган совринлар керак – бироз баландпарвоз гапдек туюлсада, юрт байроғи, унга умид кўзи билан боқиб турган инсонлар ва қайсидир маънода ўзи учун ҳам. Ахир Лео Европада қандай совринларни бир неча бор қўлга киритмасин, мухлислар хотирасида – Марадона терма билан иложи йўқ ишни амалга оширган, Месси эса ҳеч нима юта олмаган бўлиб қолаверади. Лекин асосий муаммо шундаки, Аргентина катта ғалабаларга чинакамига яқинлашганича йўқ. Ўша эски муаммолар ҳамон ўз ечимини топмади. Жамоа ҳаддан зиёд Мессига боғланиб қолган – катта эҳтимол билан ҳозир аввалгиданда кўпроқ ундан умид қилмоқда.
"Жамоага қайси услуб кўпроқ мос тушиши, Месси қай йўналишда ўзини кўрсата олишини билмаймиз. У дунёнинг энг яхши футболчиси, лекин термада ундан қандай фойдаланишни билмаяпмиз", – деди баҳорда Николас Тальяфико.
Аввалги мураббийлар Лео атрофида жамоа қуришни уддалай олишмаганди. Скалонининг вазияти унданда оғир: у жамоага келиб, янги таркибни шакллантираётганда Месси йўқ эди. Олдинги мураббийлар узоқ йил давомида қийнаган саволга жавоб топиши учун бир нечта таймлар бор эди. Бу сафар эса мураббий бир йил давомида шакллантирган жамоаси эмас, умуман бошқа Аргентина билан Америка Кубогига йўл олмоқда.
Тажрибасиз мураббийга жамоа ўйинини буткул ўзгартириб, Месси атрофида шакллантириш учун икки-уч ўйин камлик қилади. Леонинг ўзи эса бошқа футболчилар ва жамоага мослашишни истамаслиги аниқ. У жамоа ўзига мослашишига ўрганиб қолган. Месси унинг даражасидаги ҳар бир футболчи каби бутун ўйин у орқали ташкил этилиши ва асосий фигура ўзи бўлишни истайди. Катта эҳтимол билан жамоа ўйинини синдириб қўйиши ҳам мумкин. Натижада, барчаси яна аввалгидек якун топади: агар Месси жамоага ғалаба келтирмаса, бошқа ҳеч қайси футболчи термани қутқара олмайди. Қолганлар асосан тўпни Леога ошириб туришади – ахир уларни шунинг учун ҳам чақиришган-ку...
Ўтган ҳафта Аргентина 1993 йилдан буён илк Кубогини қўлга киритди. Ким билади дейсиз, балки шу кунгача чинакам мусобақа бош совринини қўлга киритиш учун уларга ана шундай "ўйинчоқ Кубок" етишмагандир. Ҳозир жамоа у қадар нотаниш, анча ўзгаргандек туюлмаяпти: кўплаб янги футболчилар бор, лекин муаммо ҳамон ўша-ўша.
Сиз нима деб ўйлайсиз, Аргентина Копа Америкада қаергача етиб бора олади?!
Нозима Зарипова таржимаси
Comments