"Мен ҳалиям олдинги Ширшовман". Николай Ширшовнинг 2007 йил кузида берган интервьюси
29 dec 2021 22:37
News
"Мен ҳалиям олдинги Ширшовман". Николай Ширшовнинг 2007 йил кузида берган интервьюси
Катта стажга эга мухлислар Николай Ширшовни жуда яхши эслашади. У чап қанотда ўйинни ёрворарди. Эсимда, ундан фақат бир марта интервью олганман. Яхшиям почта деган нарса бор. Ҳамма ёзилган мақолалар, суҳбатлар сақланиб қолган.
Архивни титкилаб, охири топдим. 2007 йилнинг 27 ноябрь куни Николай Ширшов уйига бориб, ундан интервью олган эканман. Ўшанда Ширшов ҳали футбол ўйнарди. Қуйида унинг хотирасини ёд этиш мақсадида ўша суҳбатни ўзгартирмасдан тақдим этамиз.
Кириш қисми
Шундай футболчилар бор, улар бошқа мамлакат чемпионатида тўп сураётган тақдирда ҳам мухлислар ёдидан кўтарилмайди. Шундай ўйинчилардан бири шубҳасиз Николай Ширшов. Ширшов ўтган йилни Россия иккинчи лигасида ўтказди, шунга қарамай уни ўзбек ишқибозлари унутиб юборгани йўқ. Ҳозирги вақтда миллий терма жамоамиз сафида тўп сурмаётган бўлса-да, барибир ўз вақтида ном қолдирган. Ширшов ҳақида гап кетганда биринчи навбатда унинг 2001 йил Хитой дарвозасига урган голи ёдимизга тушади. Эсингиздами, ўйиннинг 90-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда Николай узоқдан зарба бериб дарвозани ишғол қилганди. Гарчи ЖЧ-2002га чиқа олмаган бўлсак-да, Ширшовнинг голи туфайли Хитойни мағлубиятга учратганимиз ўшанда кўпчиликни хурсанд қилиб юборганди.
Бу футболчини Тошкентда учратиб қолишим кутилмаганда рўй берди. "Трактор" - "Қурувчи" баҳсини кўриш учун МҲСК стадионига борганимда мухлислар орасида Сергей Лушан ва унинг ёнида ўтирган Ширшовга кўзим тушди. Қулай фурсатни бой бермай унинг олдига бордим ва салом-аликдан сўнг Ширшовга интервью олиш ниятим борлигини айтдим. Николай эса менга ота-онаси яшаётган уй телефон рақамини бериб, эртага тушдан кейин қўнғироқ қил деди. Эртаси куни қўнғироқ қилганимда, Ширшов мени уйига таклиф қилди. Уларнинг уйига борганимда, Ширшовнинг отасига қойил қолдим. У киши ўғли ҳақида матбуотда нима чиққан бўлса, барчасини йиғиб юрар экан. Уларнинг уйида ҳатто бундан 10 йиллар аввал чоп этилган рус ва ўзбек тилидаги газеталар ҳам бор экан. Интервьюдан олдин Николай Ширшов, отаси ва мен - уччаламиз ўша нашрларни бир сидра кўздан кечирдик ва шундан сўнг асосий мақсадга ўтдим.
Интервью
- Николай, Россияда мавсум якунига етди. Ҳозир нима иш билан машғулсиз?
- Охирги икки йилни СКА сафида ўтказдим. Ҳозирги кунга келиб бу жамоа билан шартнома тугаган. Шунинг учун айни пайтда эркин агентман. Вақтимни асосан оилам даврасида ўтказяпман. Менимча, 15-20 декабрь кунлари мени ўз сафида кўришни хоҳловчи клублар қўнғироқ қилишни бошлашса керак. Қисқа қилиб айтганда, таклифларни кутяпман. Шартномам тугагани ҳақида ҳали кўпчилик билмайди. Фақат Ростовдаги маҳаллий нашрлар шу ҳақда ёзиб туришибди.
- Ўзбекистон клубларидан ҳам таклифлар кутяпсизми?
- Агар мени бу ерда кўришни хоҳловчи клуб бўлса, бажонидил таклифни кўриб чиқишга тайёрман. Тўғрисини айтсам, она Ватанимга қайтиш ниятим йўқ эмас. Аммо ҳали миллий биринчилигимиз ниҳоясига етгани йўқ. Шу боис кимдир ҳозирданоқ қизиқиш билан чиқмаса керак. Ўйлайманки, янги йил арафасида таклифлар бўлади.
- Сиз МҲСК стадионида "Трактор" - "Қурувчи" баҳсини кузатдингиз. Ўйингоҳга келишдан мақсад шунчаки футбол кўриш эдими ёки "Қурувчи" раҳбарлари билан гаплашиб олишми?
- Йўқ, мен шунчаки ўйинни кўриш учун бордим. Негаки ота-онамнинг уйи стадионга яқин жойлашган. Уларникига борганимда бекорчиликдан нима қилишни билмадим, кейин билсам ўша куни МҲСКда ўйин бор экан. Шундан сўнг стадионга келдим ва "Қурувчи" сафида тўп сураётган бир қанча ўртоқларимнинг ўйинини кузатдим.
- Учрашув сизда қандай таассурот қолдирди?
- Менимча, "Қурувчи" ҳақли равишда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу жамоа таркибида таниқли футболчилар ўйнаяпти, клуб бекорга турнир жадвалининг иккинчи поғонасини эгаллаб тургани йўқ. 9 декабрь куни "Қурувчи" Кубок финалида "Пахтакор" билан беллашади. Бундан ҳам хабарим бор. Финални кўриш ниятим йўқ эмас. Индинга Россияга учиб кетаман. Агар финал кунигача Россиядан қайтсам, бу ўйинга ҳам тушаман.
- Финалда кимга мухлислик қиласиз?
- Фақат чиройли футболга. Сабаби "Пахтакор" сафида бир пайтлар тўп сурганман, "Қурувчи"даги футболчиларнинг бир нечтасини яқиндан биламан. Шу боис жамоа ажратмоқчи эмасман.
- Стадионда мухлисларнинг камлиги сизни ҳайрон қолдирдими?
- Бир танишимдан нима учун ишқибозлар кам деб сўраганимда, у пойтахтдаги барча учрашувларга мухлислар кам келиши, вилоятлардаги ўйинларда эса аксинча кўп бўлишини айтди. Ўйин 15:00да бошланди, бу вақтда эса кўпчилик ишда-ўқишда бўлади. Шунинг учун камчилик келган бўлса керак. Ваҳоланки, стадионга кириш бепул эди. Яна билмадим. "Пахтакор" иштирокидаги баҳсларга одамлар келяптими?
- Келяпти, лекин унда ҳам кам мухлисни кўрасиз.
- Тўғриси, бунақасини тасаввур қилмагандим. Билганим шуки, мамлакатимизда футболни жуда яхши кўришади. Лекин нима учун ишқибозлар камайиб кетяпти, бунинг аниқ сабаблари менга қоронғу. Терма жамоамиз ўйинларига келишяптими?
- Яқинда олимпиячиларимиз Жанубий Корея, миллий термамиз эса Эстонияга қарши ўйин ўтказди. Ҳатто ўша учрашувларда ҳам стадион тўлмади.
- Наҳотки? Олдинлари бундай эмасди. Терма жамоамиз "Пахтакор"да ўйнаса, стадион тўлиб-тошиб кетарди. Миллий термамиз мана бир неча йилдирки ҳеч қандай совринни қўлга кирита олмаяпти. Шунинг учун ҳам стадионга одамларнинг келиши камайиб кетган бўлса керак.
- СКАнинг уй баҳсларига қанча мухлис ташриф буюради?
- Ўртача саккиз минг. Ваҳоланки, биз биринчи лигада ўйнаймиз. Россияда ҳатто олий лиганинг баъзи учрашувларига ҳам бунчалик кўп ишқибоз келмайди. Биласизми, Ростов шаҳри иккига ажралган. Шаҳарнинг ярми "Ростов"га, ярми бизнинг жамоага мухлислик қилади. Аммо "Ростов" олий лигадан тушиб кетгач, ҳамма СКАнинг ўйинларини кўриш учун кела бошлади. Бизда "Ростов"га қараганда СКАни кўпроқ ёқтиришади.
- СКА "Ростов"нинг фарм-клубими?
- Йўқ. СКАнинг тарихи "Ростов"никидан узун. Жамоамиз 80-йилларда мамлакат Кубогини қўлга киритган. Мен "Ростов" сафида олти йил тўп сурдим. СКАда эса икки йилни ўтказдим.
- Сиз СКАда жамоа сардори эдингиз. Раҳбарлар янги шартнома таклиф қилмадими?
- Йўқ. Мавсум тугаганидан сўнг раҳбарият менга бу жамоада ўйнаганим учун раҳмат айтди. Аммо клубда олиб қолишлари ҳақида гап бормади. Шундан сўнг меҳнат дафтарчамни олиб, клубни тарк этдим. Ўшандан бери эркин агентман.
- "Трактор" - "Қурувчи" баҳсини Россия биринчи лигаси ўйинларини билан таққосласа бўладими?
- Орадаги фарқ унчалик катта эмас. Ўзимизда футболчиларнинг техникаси яхши, Россияда эса футбол асосан курашлардан иборат. Аммо барибир олий лига ўз номи билан олий лига. Агар "Қурувчи" СКАга қарши майдонга тушса, бемалол ғалаба қозона олади.
- Ҳар икки жамоадан кўпларни таниган бўлсангиз керак?
- "Қурувчи" сафида тўп сурган футболчиларнинг ярми менга таниш. "Трактор"дан эса фақат Нўъмон Ҳасановни танидим. Шунингдек, "Трактор" мураббийи Рустам Абдуллаевни ҳам кўрдим.
- Охирги йилларда биздан ҳеч қайси жамоа Осиё чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмаяпти. Бундан хабарингиз борми?
- Ҳа, буни ёмон натижа деса бўлади. Бундан тўрт йил олдин менда Ўзбекистондаги ўйинларни кузатиб туриш имкони бор эди, ҳозир эса ундай эмас. Россия газеталари бизнинг клублар ҳақида деярли ёзмайди, учрашувларни эса кўра олмайман. Мени айниқса "Пахтакор"нинг нима сабабдан чемпионлар лигасида яхши натижа қайд эта олмаётгани кўпроқ ҳайрон қолдиряпти.
- Ўзбек футболига оид янгиликларни сизга ким етказиб туради?
- Танишларим, шунингдек отам қўнғироқ қилиб янгиликларни айтиб туради. Қолаверса, интернетдан фойдаланаман. Терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни эса Максим Шацкихдан эшитиб тураман.
- Дарвоқе, термамизнинг охирги пайтдаги натижаларини билсангиз керак?
- Йигитлар Эстония билан ўйнашибди, буни эшитдим. Шунингдек, терма жамоамиз Хитой Тайпейига қарши жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида иккита ўйин ўтказибди. Шацких бешта гол урибди. Буни Максимнинг ўзи қўнқироқ қилиб айтди. Бош жамоамиз шу сафар мундиал йўлланмасини қўлга киритса яхши бўларди. Мен терма жамоада ўйнаган пайтим уч марта жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти бўлганди.
- Айтганча, яқинда 2010 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига қуръа ташланди. Терма жамоамиз биринчи гуруҳ босқичида Саудия Арабистони, Сингапур ва Ливан билан куч синашадиган бўлди.
- Яхши гуруҳ. Ҳаракат қилсак, бемалол чиқса бўлади. Чунки бундай гуруҳдан чиқа олмаслик биз учун уят ҳисобланади. Рақиблар орасида биргина Саудия кучлироқ кўриняпти.
- Биз учун доим осон гуруҳлар насиб этиб келган. Лекин шунда ҳам ўз мақсадимизга эриша олмаганмиз.
- Демак, ҳамма айб ўзимизда. Терма жамоада тўп сурганим боис бемалол айта оламан, жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимизнинг бош айбдори фақат ўзимиз. Очиғи, мухлисларнинг ҳам мундиалга боришимизни кутавериб тоқати тоқ бўлди. Бизда яхши ўйинчилар бор, уларни Осиёнинг бошқа жамоаларидаги ўйинчилардан ёмон дея олмайман. Ўтган йилги жаҳон чемпионатида Тринидад ва Тобагонинг ўрнида аслида биз бўлишимиз керак эди. Лекин афсуски, вазифани уддалай олмадик.
- Бизда арабча футболни ёмон кўришларини яхши биласиз. Шундай бўлса-да, масалан саудияликлар қачон қарама бизни ютаверади, биз эса фэйр-плей кўрсатамиз деймиз-у, лекин бундан ҳеч нарса чиқмаяпти.
- Мен ҳам шунга ҳайронман. Саудиянинг ҳам ўзига яраша футбол мактаби бор, шу жумладан бизнинг ҳам. Футболчиларни алоҳида таққослаганда, бизнинг ўйинчилар улардан кам эмас. Лекин жамоа сифатида уларга омад кўпроқ кулиб боқяпти. Эҳтимол, ғалабани биздан кўра улар кўпроқ хоҳлар. Тағин билмадим.
- Терма жамоамиз ўйинини охирги марта қачон стадионда кузатдингиз?
- Ўзим охирги марта 2005 йил ўз майдонимизда Қувайтга қарши баҳсда иштирок этгандим. Ўшанда биз 0:2 мағлубиятга учраётиб, 3:2 ҳисобида зафар қучгандик. Ўшандан бери терма жамоа сафида бошқа майдонга тушмадим. Баҳрайн билан кечган учрашувларда ўйнашим мумкин эди, лекин жароҳат йўл қўймади. Шундан бери уч йил Тошкентда бўлмадим. Табиийки ўйинларни стадионда кузата олмадим. Биласизми, токи футбол ўйнар эканман, мен учун футболни четдан туриб кузатиш ниҳоятда оғир. Негаки мен ишқибоз эмасман, ўйингоҳга келиб бемалол учрашувни кузатадиган. Четдан туриб томоша қилиш мен учун нақадар оғирлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Доим майдонда бўлгим келади. Агар "Трактор" - "Қурувчи" ўйинидан олдин кимдир олдимга келиб, Коля, чиқиб тўп тепишинг мумкин деганида ҳеч иккиланмай майдонга тушиб кетган бўлардим.
- Сиз 33 ёшдасиз. Вақт ўтган сари 90 дақиқа ўйнашга кучингиз етяптими?
- Мен ҳалиям олдинги Ширшовман. Фақат тезлигим бироз пасайган бўлиши мумкин, унинг ўрнига тажрибам ошди. Аммо зарбам ҳалиям чакки эмас. Бунга аминман.
- Бу мавсум киритган қайси голингиз чиройли чиқди?
- "Спартак" (Рязань) билан ўйинда жарима тўпидан гол ургандим. Ўшанда дарвозабон сакрашга ҳам улгуролмай қолди. Шунингдек, ўз майдонимизда "Носта"га иккита тўп киритдим. Биттаси жарима тўпидан, яна биттаси пенальтидан.
- Бизда мухлислар бир нарсани билишни хоҳлашяпти. Терма жамоадаги фаолиятни тугатдингизми ёки чақирмай қўйишдими?
- Чақирмай қўйишди. Агар термамизнинг йиғинларига таклиф қилишса биринчи самолёт билан жон деб келган бўлардим. Лекин терма жамоада ўйнашни ҳали расман тугатганим йўқ. Балки февраль ойида яна чақиришар. Мен мураббийнинг ишини муҳокама қилишни хоҳламайман, ўзи умуман биров билан баҳслашишни ёмон кўраман. Рауф Инилеевни яхши танийман, аммо у киши билан терма жамоа ҳақида гаплашмадим.
- Сизнинг ўрнингизда терма жамоада ким ўйнаётганини биласизми?
- Эшитишимча, Илҳом Суюнов тўп тепаётган экан. Унинг майдонда ўзини тутиши, ўйини менга ёқади.
- Шунингдек, Виталий Денисов ҳам бор.
- У Геннадий Денисовнинг ўғлими? Қизиқ, у ҳақда эшитмаган эканман.
- Жаъфар Ирисметов ўз интервьюсида мени Ўзбекистонда кимдир ёмон кўради, шунинг учун терма жамоага чақиришмайди деган гапни айтганди. Балки, сизнинг ҳам бу ерда бўлишингиз кимгадир ёқмас?
- Менимча, ундай эмас. Агар футболчи яхши бўлса, мураббий қандай қилиб чақирмаслиги мумкин? Ирисметовга келсак, Инилеев Жаъфардан кўра кўпроқ Шацкихни термада кўришни хоҳлаяпти. Мени фақат хотиним ёқтириши-ёқтирмаслиги мумкин, бошқа ҳеч ким эмас.
- Россиядаги футболчиларимизнинг барчасини танийсизми?
- Фақат Фёдоров, Сафонов ва Радкевични биламан. Соломинга ўхшаш ёшларни кўрмаганман. Ҳа айтганча, "Рубин"даги Бикмаевни ҳам танийман.
- Терма жамоамиз сафида 13та гол ургансиз. Улардан қай бири сиз учун энг қадрли?
- Терма жамоа сафида урилган голларнинг қадрсизи бўлмайди. Лекин алоҳида аҳамият касб этгани шубҳасиз Тошкентда Хитойга урган голим бўлса керак. Ўшанда биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Шунингдек, ўша йил Қатарга урган голим ҳам чиройли чиққан. Мен 35 метрдан рақиб дарвозасини ишғол этгандим. Биласизми, терма жамоадаги биринчи голим ҳам эсимда. Бу 1995 йили юз берган. Ўз майдонимизда БААни қабул қилган ва 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйгандик. Ўша учрашувда Миржалол Қосимов пенальтидан тўп кирита олмаган, Шуҳрат Мақсудов эса майдондан четлатилганди. Гол урганимдан кейин уларнинг дарвозабони мени олқишлаб қўйганди.
- Охирги йилларда бирорта ютуқни қўлга киритдингизми?
- Соврин демоқчимисиз? Ўтган йил СКА билан иккинчи лигада иккинчи ўринни олиб, биринчи лигага чиққанимиз учун бизга медаль беришди. Аммо бу мен учун аҳамиятли эмас. Мен доим чемпион бўлишни, Кубок ютишни орзу қилиб келганман. Бу йил эса фақат ғалаба қозонган ўйинларимизни ҳисобга олмаса, бошқа ҳеч қандай соврин қўлга киритмадим. "Ростсельмаш"да эканлигимда Интертото Кубогида "Осер"га қарши майдонга тушганман. Ўшанда жаҳон чемпиони Стефан Гиваршга қарши ўйнаганман. Биласизми, мен футболда биринчи навбатда нимани ютдим? Футбол ўйнашни! Кўпчилик орасидан мени ҳам ўз бағрига олгани учун футболга раҳмат.
- Миллий терма жамоамизда бир нечта мураббийлар билан ишлагансиз. Уларнинг қай бири билан осонликча тил топишиб кета олгансиз?
- Биринчи галда Маҳмуд Раҳимов билан. Шунингдек, Равшан Ҳайдаров, Тачмурод Агамуродов ва Боб Хоугтон билан ҳам муносабатим яхши бўлган. Бундан ташқари, мен умуман тушунмаган мураббий ҳам бор. Бу - Юрген Геде. Биз айнан шу мураббий туфайли Осиё Кубоги-2004да биринчи бўла олмаганмиз. Жамоамиз кучли эди, бироқ ҳеч нарсани қўлга кирита олмай қайтганмиз. Геденинг қўли остида мен фақат Саудияга қарши баҳсда тўп тепганман. Баҳрайн билан кечган чорак финал ўйинида ўрнимга Николаевни қўйганди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Кошелев билан айниқса Бикмаев пенальти тепишни хоҳламаганди. Геде бўлса уларни тепасан деб мажбурлаган. Натижаси нима бўлди? Биз мағлубиятга учрадик. Ўшандан кейин Гедега мени терма жамоага бошқа чақирманг, сиз билан тил топиша олмаяпмиз деб очиқчасига айтганман.
- Юлдузлардан иборат терма жамоага кимларни киритган бўлардингиз?
- Ҳозирча ўзимни айтмай тураман. Дарвозабон - Павел Бугало. Ҳимоячилар - Александр Хвостунов, Андрей Фёдоров, Фарҳод Магомедов, Сайдулло Турсунов. Ярим ҳимоячилар - Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Миржалол Қосимов, Отабек Пирматов ва Сергей Лебедев. Ҳужумда эса Олег Шацких ва Шуҳрат Мақсудов.
- Оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Турмуш ўртоғим Наташа билан Тошкентда танишганман. Икки нафар фарзандимиз бор. Ўғлим Валера 10 ёшда, у ярим йилдан бери СКА футбол мактабида таҳсил оляпти. У ҳам менга ўхшаб чап қанот ҳимоячиси бўлмоқчи. Худо хоҳласа, келажакда Ўзбекистон терма жамоасида ўйнайди. Қизим Милана эса уч ёшда. Оиламиз тўрт кишидан борат. Ота-онам, мен ва укам. Укам Дима ҳам ҳозир Ростовда, менинг ёнимда. У футбол мактабида мураббийлик қиляпти. Укам ўз вақтида дарвозабон бўлиб Ангрен, Чирчиқ, Чилонзор ва Бухорода ўйнаган. Лекин футбол ўйнашда омади келмади.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.
P.S. Суратлар муаллифники
Comments