МАҚОЛА. Рус футболи юлдузи, “Энфилд”ни забт этган, шашкачидан футболчига айланган Андрей Аршавин ҳақида
28 apr 2020 20:25
News
МАҚОЛА. Рус футболи юлдузи, “Энфилд”ни забт этган, шашкачидан футболчига айланган Андрей Аршавин ҳақида
Ҳа, сезган бўлсангиз бугун ўша сиз билган, таниган Андрей Аршавин ҳақида гаплашамиз ва фикрлашамиз.
Илк қадамлар ва совринлар
Қаҳрамонимиз 1981 йил Санкт-Петербург шаҳрида туғилган. Унинг отаси Сергей Аршавин шаҳардаги футбол мактабларидан бирини тугатган, аммо профессионал футболчи даражасигача чиқмаган. Шу боисдан у ўғли орқали орзуси амалга ошишини истайди ва Андрейни ўз ҳудудида жойлашган маҳаллий жамоаларнинг бирига кўрикка олиб боради. У футбол машғулотларига қатнашишдан олдин шашка билан шуғулланган. Ҳаттоки, шашкачилар ўртасида ўтказилган ички чемпионатда ғолиб чиққан. Унинг онаси Татяна Ивановна эслашича, Аршавиннинг биринчи мураббийи унда футболчига хос фазилатларни сезмайди ва ортига қайтаради. 1999 йилда футболчи “Зенит” клубининг ёшлар жамоасига қабул қилинади ва икки йилдан сўнг 2001 йилда бошланғич таркибга ўтказилади. Мураббий Юрий Марозов ёшларга имконият беришдан қўрқмасди. Бир вақтнинг ўзида Кержаков, Малафеев, Аршавинлар кейинчалик жамоанинг юзига айланишди. Айниқса, Кержаков ва Аршавин бир неча йиллар давомида ҳужумда ажойиб тандем ҳосил қилган ҳолда кўплаб голларни уришди. Бироқ, Марозовдан сўнг мураббийи этиб тайинланган Вестимил Петержела жамоани муваффақиятлар сари етаклай олмади. Унинг даврида “Зенит” ўртамиёналар қаторига тушиб қолди. Лекин, “Газпром” клуб ҳомийига айлангач барча нарса ўзгарди. Нидерландиялик мутахассис Дик Адвокат бошқарувни қўлига олгач натижалар ҳам ижобий томонга ўзгара бошлади. Бу эса тез фурсатда самарасини берди. 2007 йилги мавсумда ўзининг биринчи чемпионлигини, бир йил ўтиб Европа Лигаси ва УЕФА Суперкубогида бош совринни қўлга киритди. Ўша мавсум халқаро миқёсдаги учрашувларда Аршавин 10дан ошиқ голлар урди. УЕФА кубогида эса тўртта гол ва олтита голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчининг энг муҳим голи 1/8 финалга тўғри келади. Ўшанда сафарда “Зенит” “Марсел”га 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраётганди. Аршавиннинг “Велодром”да киритган тўпи жавоб учрашувидан олдин бироз умид беради. Петербургда ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб навбатдаги босқичга йўл олади.
Англия томон йўл
Россия терма жамоасининг Евро-2008даги муваффақиятидан сўнг Аршавин ва бошқа футболчиларга Англия ўз эшикларини очади. Натижада футболчи Арсен Венгер бошқарувидаги “Арсенал”га ўтишга қарор қилади. Англияда ҳамма ҳам ўйнаб кета олмайди. Биринчидан босим юқори даражада, иккинчидан тажоввузкор футбол. Аммо, унинг ўйин услуби топ чемпионатларга бемалол тортарди. Шунинг учун у мослашишда ортиқча қийинчиликлар сезмади. Аршавиннинг шериклари Ван Перси, Самир Насри, Аарон Ремсилар унга кўникишда яқиндан ёрдам беришди. Мавсум ўрталарида жамоага келганига қарамасдан 15та ўйинда олтита тўп киритди ва жамоадошларининг еттита голига ассистентлик қилди. Энг эсда қоларли баҳс унинг учун “Энфилд”да “Ливерпул”га қарши кечган ўйин бўлди десак муболаға бўлмайди. Ўшанда уни унутиб қўйганларга ким эканлигини кўрсатиб қўйганди. “Энфилд”да покер қайд этиш ва фурор кўтариш бунга қадар 1946 йилда “Вулверхемптон” футболчиси Деннис Уескотга насиб қилганди. Тарихни янгилашни эса Аршавин қойилмақом тарзда амалга оширди. Кейинги икки мавсумда у умумий ҳисобда 25га яқин голлар урди ва 30га яқин голларга пас оширди. Нима учундир у оҳирги мавсумларда футболга бўлган қизиқишини буткул йўқотди, ўйинида пасайиш юз берди. Муаммо футболчининг руҳияти ва оиласи билан боғлиқ эди. Клуб уни маълум вақтга “Зенит”га ижарага бериб кўрди. Барибир фойдаси бўлмади. Аршавинга қадар Англия Премер Лигасида ҳозирда “Навбаҳор” устози Андрей Канчельскис ўзини кўрсата олганди. Канчельскисдан сўнг яна бир рус футболчиси мухлислар ва мутахассислар эътирофини қозонди.
Ортга қайтиш
Орада маълум муддат “Зенит”га чемпионлик учун ёрдам берди. Лекин, мураббий Виллаш-Боаш Аршавинга кўп ҳам ишонч билдирмади. Клуб билан шартномаси якунига етгач Россиянинг бошқа бир жамоаси “Кубань”га эркин агент сифатида ўтди. Ёши ўтиб бораётган футболчидан кўп нарса кутиш адолатдан эмасди. Бор йўғи тўққизта учрашувда қатнашгач Қозоғистоннинг “Қайрат” клубидан таклиф тушади. Фаолиятини тугатиш арафасида турган Аршавин бош мураббий Александр Борадюк туфайли ўтишга рози бўлади. У билан аввал ҳам Россия терма жамоасида бирга ишлагани боис ёрдам беришга қарор қилди. Ортга қайтиш қай даражада фойдали бўлди ёки йўқ буни натижалар кўрсатиб турибди. Қозоғистонда у ўзини яхши ҳис қилди ва жамоа билан кумуш медалларига эга чиқди. ОАВ талқинига кўра чемпионатнинг “энг яхши футболчиси” дея тан олинди.
Терма жамоа
Аршавиннинг Россия терма жамоаси ҳақида гап кетганда барча Евро-2008ни ёдга олиши табиий. Ўшанда у турнирдан четда қолишига бир баҳия қолганди. Саралашда Андоррага қарши баҳсда қизил карточка олган ва иккита учрашувга дискалификация қилинганди. Шунга қарамай Гус Хиддинг уни якуний таркибга киритди. Якунда бу қарор тўғри эканлигига ишонди. Гуруҳдаги сўнги ҳал қилувчи учинчи турда Швеция билан ўйинда иккинчи голни уриб терма жамоанинг ғалабасини таъминлади. Турнирдаги чорак финал унинг ҳаётидаги энг яхши ўйинларидан бири сифатида тилга олинади. Нидерландия билан ярим финал чиптаси учун кечган беллашувда Россия қўшимча овертаймларда ғалабани нишонлади. Учинчи гол эса Аршавиннинг ҳисобига ёзилди. Ўшанда кўпчилик бунга сенсация сифатида қараганди. Қитъа чемпионатидаги ажойиб ўйинлари сабаб “Олтин тўп” мукофотига лойиқ сифатида кўрилади ва номзодлар орасида олтинчи ўринни эгаллайди.
Аршавиндан сўнг кўплаб футболчилар Европада имкониятларини синаб кўришди. Павлюченко “Тотенхем”да, Жирков “Челси”да, Головин “Монако”да, Черишев “Вильяреал”да кўплаб ўйинларда майдонга тушишди. Бироқ, Англияда тўп тепган энг яхши россиялик футболчи сифатида кўпчилик Аршавинни эслайди.
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Comments