Максим Шацких: "Пахтакор"ни фаворит деб ҳисоблашаётгани яхши, аммо буларнинг барчаси қоғозда"
16 sep 18:31
News
Максим Шацких: "Пахтакор"ни фаворит деб ҳисоблашаётгани яхши, аммо буларнинг барчаси қоғозда"
Унда "Пахтакор" устози Максим Шацких ва футболчи Абдулла Абдуллаев иштирок этди.
"Барчага хайрли кеч. Эртага янги мусобақанинг старти. Рақибни имкон қадар ўрганиб чиқдик. "Ал Васл" ўз чемпионатида бор-йўғи иккита ўйин ўтказди холос ва табиийки улар ҳақида маълумот кўп эмас.
Жуда яхши шаклланган ва тажрибали жамоага қарши ўйнаймиз – таркибида легионерлар кўп. Эртага қизиқарли ва жанговар ўйин бўлишини тахмин қиламан. Осон ўйин бўлмаслиги аниқ. Эртага ўз кучимизни синаб оламиз ва ҳозирги кунда нимага қодир эканлигимизни биламиз. Янгиланган таркибимиз учун дастлабки халқаро синов бўлади", – деди Максим Шацких.
"Рақиб кучли жамоа эканлигини биламиз. "Ал Васл" ҳам бизга ўхшаб кўпроқ ҳужумда ҳаракатланишни маъқул кўради. Эртага қизиқарли учрашув бўлишини кутяпман", – деди Абдулла Абдуллаев.
- Эртанги учрашувда нима орқали жамоангиз ўзига керакли натижани қўлга киритиши мумкин? Сабаби "Ал Васл" кучлироқ таркиб, яхшироқ футболчиларга эга...
- Биринчи навбатда, қатъий тартиб-интизом туфайли ғалабага эришишимиз мумкин. Биз эртанги учрашув учун тайёрлаган режамизга 90 дақиқа давомида риоя қилсак, бир нимага эришишимиз мумкин.
- "Ал Васл" жамоаси беш йилдан сўнг Осиё Чемпионлар Лигасига қайтди, "Пахтакор" эса ОЧЛда мунтазам иштирок этади. Шунингдек, жамоангиз таркибида миллий терма жамоа аъзолари ҳам бор. Шу сабабли кўпчилик "Пахтакор"ни эртанги баҳс фаворити деб ҳисобламоқда. Ушбу фикрга қўшиласизми? "Пахтакор" эртага қандай футбол намойиш этишга интилади?
- Бизни фаворит деб ҳисоблашаётгани яхши, аммо буларнинг барчаси қоғозда. Фикримча, эртанги учрашувдаги имкониятлар тенг. Қандай ўйин олиб боришимизни айтиб ўтмайман, бу сир бўлиб қолсин. Бир нечта режа тайёрлаб қўйганмиз. "Ал Васл" узоқ вақт давомида ОЧЛда иштирок этмагани ҳеч нимани англатмайди. Жамоа етарлича тажрибага эга. "Ал Васл" 13 сентябрь куни "Ал Айн"га қарши баҳс олиб бориши керак эди, аммо у учрашув қолдирилди. Бу жиҳат эса жамоа эртанги учрашувга жуда жиддий ёндашганини билдиради. Эртага катта иштиёқ билан ўйнашимиз керак бўлади.
- Абдулла Абдуллаевга савол. Ўтган мавсум "Хорфаккан" жамоаси сафида БАА чемпионатида тўп тепгандингиз. "Ал Васл"га қарши ҳам ўйинларда иштирок этгансиз. Ушбу жамоа ҳақида нималар дея оласиз? Жамоанинг кучсиз томонлари ёки кучли жиҳатларидан хабардорсиз...
- Ҳа, мен ушбу жамоага қарши икки маротаба майдонга чиққанман. "Ал Васл"ни яхши шаклланган жамоа деб айта оламан. Улар ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам жуда тартибли ўйин намойиш этишади. Биз ҳам бекорга бу турнирда иштирок этаётганимиз йўқ. Биз рақибга жанг таклиф қиламиз ва майдонга ғалаба учун чиқамиз. Бош мураббий рақибни тўлиқ ўрганиб чиққан ва қандай ўйин олиб боришни билади.
- Мавсум аввалида жамоани хусусийлаштириш масаласи кенг муҳокама қилинганди. Ушбу фикрлар ҳали ҳамон актуалми? Жамоа намойиш этаётган ёмон натижалар шу масала билан боғлиқми?
- Бу саволингизга ҳеч қандай жавоб бера олмайман. Бундай масалани раҳбарият ҳал қилади. Ўз стадионимизда ўйнамаётганимизнинг сабаби – у стадионда халқаро ўйинларни қабул қилишга рухсат берилмагани. Натижаларга келадиган бўлсак, биз мавсум аввалида ёшларга кўпроқ эътибор беришимизни эълон қилгандик. Раҳбарият ёзги трансферлар ойнасида бир қанча иқтидорли ёш футболчиларни ҳарид қилди. Уларга миннатдорчилигимни билдираман. Бизга бироз вақт керак. Таркибимиздаги ёш футболчилар миллий терма жамоанинг келажаги эканлигига шубҳам йўқ.
- Чемпионатдаги сўнгги учрашувда 3 нафар футболчи қайдномага киритилмаганди (Азмиддинов, Собирхўжаев, Черан – таҳр.). Уларниг ҳолати қандай? Улар эртага майдонга тушадими?
- Ҳа, барчаси жойида. Улар майдонга тушадими-йўқми, буни эртага билиб оласизлар.
- Ўйиндан олдин сизни нима хавотирга соляпти? Шунингдек, Ўзбекистондаги майдонлар ҳолати ҳақида гапириб ўтсангиз...
- Яхшироқ, сифатли майдонда ўйнашни истаган бўлардик, албатта. Ўзингиз кўриб турибсиз, бу биргина стадионда бўлаётган ҳолат эмас. Эртага имкон қадар яхшироқ ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Мухлисларниг қўллаб-қувватлашига ҳам умид қиламан. "Жар" катта сиғимли стадион эмас, эртага ваниҳоят кўпчилик кутган ОЧЛ яна қайтмоқда. Барча футболчиларнинг ҳолати яхши ва барча соғлом.
Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" – "Ал Васл" беллашуви эртага, 17 сентябрь куни "Жар" стадионида бўлиб ўтади. Учрашув бошланиш вақти – 19:00.
Comments
ТУГРИ ЁШЛАРНИ ХАРАКАТИ ХАМ ЯХШИ ,УЛАРГА ТАЖРИБА КЕРАК .ПАХТАКОРГА ЭРТАНГИ УЧРАШУВДА ОМАДЛАР ТИЛАЙМИЗ АЛБАТТА ГАЛАБА КОЗОНАДИ ИНША ОЛЛОХ.
ТУГРИ ЁШЛАРНИ ХАРАКАТИ ХАМ ЯХШИ ,УЛАРГА ТАЖРИБА КЕРАК .ПАХТАКОРГА ЭРТАНГИ УЧРАШУВДА ОМАДЛАР ТИЛАЙМИЗ АЛБАТТА ГАЛАБА КОЗОНАДИ ИНША ОЛЛОХ.