Ла Лига энди қандай бўлади? Кетма-кет 32 кун ўйин (ҳа!). Учрашувлар орасида камида 72 соат дам, лекин футболчилар ҳозирдан жароҳатланмоқда
30 may 2020 18:50
News
Ла Лига энди қандай бўлади? Кетма-кет 32 кун ўйин (ҳа!). Учрашувлар орасида камида 72 соат дам, лекин футболчилар ҳозирдан жароҳатланмоқда
Чамамда, июнда бизни шу қадар кўп футбол кутяптики, анча "қийналиб қоламиз" шекилли. Давом эттирилиши аниқ бўлиб улгурган чемпионатлар тақвимлари бирин-кетин маълум қилинмоқда ва Ла Лига ортда қолишни истамади. 11 июндан қаторасига 32 кун Испания футболидан баҳра оламиз. Кетма-кет 32 кун!
"Очилиш ўйини" пайшанба, 11 июнь куни ва бирданига "Рамон Санчес Писхуан"да Севилья дербиси: "Севилья" "Бетис" билан тўқнаш келади. Испанлар дерби билан рестарт олган Германиядан не камимиз бор дейишди чоғи.
• Ла Лига чемпионатни дахшатли график ёрдамида якунлаб қўймоқчи: ҳар икки-уч кунда ўйин, ҳар бир тур эса 3-4 кун давом этади. 8 тур яъни 28-турдан то 36-гача шу йўсинда ўтказилади.
• Охирги икки тур ўйинлари бир хил вақтларда ўтказилади: бу Испания учун янгилик эмас. Ҳеч нимага давогар бўлмаган клублар ўйин вақти сурилиши мумкин: айтайлик, у ёки бу жамоа муддатидан аввал ЕЧЛга чиқиши аниқ бўлиб улгурган, ёки жадвал ўртасида қолиши аниқ бўлганларнинг.
Режага кўра, 37 ва 38-турлар 15 ҳамда 19 июль куни старт олади.
• Жадвал шундай тузилганки, ҳар бир клуб навбатдаги ўйиндан аввал камида 72 соат дам олади – аммо шунда ҳам (баъзи жамоалар рақибидан камроқ дам олиши турган гап) эътирозлар бўлиши турган гап. Чемпионат 19 июль куни якунланади (ва таҳминан икки-уч ҳафтадан кейингина еврокубоклар якунланади).
Душанба ва жума кунлари ҳам ўйин бўлади – Испания учун бу ноёб ҳодиса.
Ла Лига узоқ вақт федерация билан бу борада курашди. RFEF юзага келган вазиятда ҳам ўз қизиқишларини ҳимоя қила олди ва судда ғолиб чиқди: душанба куни аниқ ўйнаб бўлмайди. Лекин якунда Лига билан музокаралардан сўнг, бари-бир шундай қарор қабул қилинди. Душанба ва жума куни ҳам ўйин бўлади.
Муаммо нимада эди? Луис Рубиалес йиллар давомида душанба ва жума куни ташкил этилган ўйинлар мухлислар ҳаётига салбий таъсир қилади, ноқулайлик туғдиради деб курашиб келади.
Айтганча, шу каби муаммо Бундеслигада ҳам бўлганди – мухлислар душанба кунги ўйинларга нисбатан норозиликларини майдонга қоғоз улоқтириб намойиш қилишди: сабаби иш кунидаги ўйинларга меҳмон жамоа мухлислари жумада иш кунидан кейин, душанба "тем более" шунчаки улгурмай қолишлари ҳеч гап эмас.
Ушбу мавсум шундай қоида бор эди: жума куни фақат кечки пайт ўйнаш мумкин, душанба куни эса – умуман иложсиз. Энди буни вақтинчалик унутишга тўғри келади.
RFEF ишга аралашишининг яна бир жиҳати бор эди – мухлислар қўллаб-қувватлашидан ташқари, федерация суд орқали Ла Лигадан 30 млн евро талаб қилди. Бу пуллар Хавьер Тебас ва компанияси тақвимни миллий ассоциация аралашувисиз тузиши учун сўралган.
Ўз навбатида лиганинг ҳам ўз мотивацияси мавжуд: гап теле-ҳуқуқларда. Mediapro бошлиғи (Ла Лига трансляциясини сотиб олган компания раҳбари) Жауме Роурес келишувдаги сумма 30%га камайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Агар ўйинларни фақат дам олиш кунлари ўтказилса, ТВ-аудитория камроқ бўлади.
Бундай графикда жароҳатлар кўп бўлиши аниқ: баъзи клублар бундан азият чекишни бошлади ҳам
Жароҳатлар ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Еврокубок режимида "кун кўришга" ўрганмаган клублар бундай режимга кўникмаган. Мисол учун "Эспаньол"нинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Жауме Бартрес футболчиларга тайёргарлик учун камида олти ҳафта (иложи бўлса кўпроқ) керак бўлишини айтганди.
"Буни ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинадиган мавсумолди тайёргарлик билан солиштирсак, у олти ҳафта давом этади, футболчилар унда 30, 45 ёки 60 дақиқадан майдонда ҳаракат қилади, энди ҳафтасига иккита тўлиқ ўйинга чидаш керак. Камида олти ҳафта", – тушунтирганди Бартрес.
Катта эҳтимол билан муаммолар тайёргарлик чоғидаёқ бошланди. "Осасуна" охирги икки-уч кунда мушаклардаги оғриқ туфайли 5 нафар футболчисидан айрилди, яна бир аъзо (Чими Авила) анчадан буён жароҳатини даволаш билан банд – яъни у ҳам жамоага ёрдам бера олмайди.
"Атлетико" машғулотларни бошлагандан кейин уч нафар футболчисидан айрилди: аввалига Шиме Врсалько ва Жоау Феликс (яхшигина пулга сотиб олинган португалиялик уч ҳафта майдонга туша олмайди),энди уларга Анхель Корреа ҳам қўшилди.
Куни-кеча Мадриднинг бошқа бир жамоаси "Реал"да ҳам бир йўла уч футболчи: Вальверде, Иско ва Начо ҳам мушакларида оғриқни ҳис қилган ҳамда алоҳида шуғулланди.
Албатта, ҳар ўйинда 5 нафардан ўйинчи алмаштириш яхши ғоя ва у қисман ёрдам беради, лекин бу ерда асосийси аксарият футболчиларни мавсум рестартигача йўқотиб қўймаслик.
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
Comments