Канчельскис матбуот анжуманида "Андижон" футболчиларини раққосаларга тенглаштирди, ҳакамни эса умрбод футболдан четлатиш шартлигини айтди (тўлиқ)
25 may 2019 22:35
News
Канчельскис матбуот анжуманида "Андижон" футболчиларини раққосаларга тенглаштирди, ҳакамни эса умрбод футболдан четлатиш шартлигини айтди (тўлиқ)
"Яна рақибга 2 очко совға қилдик. Бугунги ҳакамликни шунчаки расво деб атайман. Тўп рақиб дарвозаси томон бораётганда қўлга тегмоқда, қандай қилиб бу вазиятни бошқача изоҳлаш мумкин? Одамларга инсоф борми ёки йўқ? Шарманда! Ҳеч қандай инсоф ёки виждон йўқ. Бундай ҳакамларни (Аҳрол Рисқуллаев - таҳририят) умрбод дисквалификация қилиб, футболга умуман яқинлаштирмаслик керак! Бу ҳалокат! Расвогарчиликдан бошқаси эмас! Нималар бўлмоқда? Тўп бошга тегса футболчи 5 дақиқа майдонга ётиб олишини қандай изоҳлаш мумкин? Тўп зарбидан ҳеч ким ўлиб қолмайди. Наҳотки футболчилар уялмайди? Англияда бу иш учун аллақачон футболчини йўқ қилишарди.
Бу футбол эмас, балки раққосалар майдонга чиққандек гап. Уят! Уялиш керак футболчилар, уялиши! Ўйинни тўхтатиб қўйишмоқда. Футбол ўйнаб бўлмаяпти. Менга айтингларчи, бугун тез тиббий ёрдам машинаси бировни шифохонага олиб кетдими? Кимдир жавоб бера оладими? "Андижон" футболчилари қизлардек майдонга ётиб олавериб вақтни ўлдирди. Уялиш керак! Уят!
Тўғри, дерби ҳар доим шундай қизғин ўтади. Лекин ўйинга тузукроқ ҳакам қўйиш керак! Нималар руй бермоқда?", - дея жуда кескин оҳангда ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди Андрей Канчельскис.
- "Навбаҳор" бугун раққосаларга қарши ўйнади демоқчимисиз? Унда "Навбаҳор" Тошкентда "Пахтакор"га қарши қандай ўйин вақтини чўзганди? Бунга нима дея оласиз?
- Тўп бошига теккан футболчи майдонда 2 дақиқа ётиб олишга ҳаққи йўқ! Сиз ўзингиз футбол ўйнаганмисиз? Сиз футбол нималигини билмайсиз. Англияда қандай футбол ўйнашади, кўринг. "Пахтакор" билан ўйинда бизнинг шифокор майдонга умуман чиққани йўқ. Нималар деяпсиз? "Андижон" жамоаси тиббиёт ходимлари бугун неча маротаба майдонга чиқишди? Беш маротаба югуриб чиқишди. Тўғри, сизлар учун натижа қониқарли бўлди, тушунаман. Бу энг муҳими. "Андижон" футболчилари қўли ёки оёғи синганда ҳам майли эди. Тўғри тушунардим. Лекин майдонга ётиб олиш учун чиқилмайди. Ишқибозлар кўрмайди деб ўйлайсизми? Стадионга ташриф буюрган наманганлик ишқибозлар шунчаки "Андижон" футболчиларига идиш отишдими? Агарда улар вақтни чўзиб майдонга ётиб олишмаганида, мухлислар ҳам идишларни отишмасди. Пенальти ҳам йўқ эди дерсиз балки? Агарда такрорий лавҳани кўрмаган бўлсангиз, унда мен сизга айтаман. Мен кўрдим, бу 100% пенальти.
Яна нима ҳам дердим? Дерби ўз номига мос ўтди. Бундай баҳсларда кескинлик авж олади. Водий ўртасидаги қарама-қаршилик доим шундай юқори босим остида ўтади. Активимизда очко қўшиб олмаганимиздан афсусдаман. Ўйлашимча, ҳеч ким натижадан қониқмади.
- Нима деб ўйлайсиз, "Навбаҳор" бугун рақиб "Андижон" кучига тўғри баҳо бермадими?
- Бу тўқнашув ўз номи билан дерби. Рақиб кучига етарлича баҳо берилмаган дейиш ноўрин. Бундай ўйинларга футболчиларни ортиқча тайёрлашга ҳам ҳожат йўқ. Мен ўзимдан биламан. Фаолиятим давомида бир қанча дербиларда ўйнаганман. Дерби сифатида бугунги ўйин ёмон ўтмади. Эҳтирослар, ҳиссиётлар жўнбушга келган. Яна ўша ҳакамлик мавзуси. Очиғини айтаман, ўтган 10 тур давомида ҳали бирорта ҳакам бизга ёрдам берганини кўрмадим. Негадир "Навбаҳор"га қарши аниқ бир кураш кечаётгандек. Негалигини эса билмайман.
- "Навбаҳор"нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Нима сизни қониқтирмаяпти?
- Мен аввалги матбуот анжуманларида ҳам таъкидлаганимдек, жамоамизда "Навбаҳор" даражасига мос бўлмаган футболчилар бор. Буни инкор этмайман. Тўғрисини айтаман, шундай футболчилар мавжуд. Эски раҳбарият бизга керакли футболчиларни олиб келишни ваъда бериб, якунда буни амалга оширишмаганди. Нима учунлигини эса билмадим. Бу ҳақида аввалги раҳбариятга мурожаат қилиш тўғрироқ бўлади. Таркибда 1-2 нафар менга ёқмайдиган футболчилар борлигини рад этмайман, аммо улар кимлигини айтмоқчи эмасман. Нима ҳам қилардим? Ёзги трансфер ойнасини кутамиз. Мен нега бизга қарши бундай ҳакамлик давом этаётганини тушунмаяпман. Шу мени кўпроқ ўйлантирмоқда. Биринчи даврани қолган ўйинларида ишлаб, максимал очко тўплаш лозим. Қолган ишларни эса кейинроқ ҳал қиламиз. Дуранг кўпайиб кетди. Охирги вақтларда кўп гол ўтказяпмиз. Ютиш учун эса аввало кам гол қўйвориш лозим. Бугун Остон Ўрунов жуда ёмон ўйнади. Терма жамоадан чақирув олган футболчининг бундай ҳаракати тушунарсиз. Ғуломов ҳам керакли даражада ўйнолмади. Қизиғи, уни ҳам Олимпия терма жамоасига чақиришди ва бугун ўйини ўхшамади. Яна қайтараман, Ўруновнинг бугунги ўйинини изоҳлаш мушкул. Балки терма жамоага бориб келиб ўзгариб қолар. Миллий терма жамоада ким нима қилишини, вазиятни кўриб, балки ўзгарар. Футболчи футболни ўзи учун эмас, жамоа фойдасига ўйнаши лозим. Футбол жамоавий спорт тури. Индивидуал ҳаракатларни эса ўз вақтида ишлатган маъқул. Остон жамоа учун ўйнашни ўрганиши зарур.
Navbahor Aziz Ibragimov - 77' |
Superliga. Round 10 25/05/2019, 18:50 1
:
1
Finished
|
Andijan Ruzimbay Ahmedov - 18' |
Comments