Жасур Абдураимов: "Пахтакор"да шунча йил ишлаб, кўп марта чемпион бўлганимизда ҳам, бунчалик хурсанд бўлмаганман"
15 sep 2021 19:24
News
Жасур Абдураимов: "Пахтакор"да шунча йил ишлаб, кўп марта чемпион бўлганимизда ҳам, бунчалик хурсанд бўлмаганман"
- Ўйин ҳақида
- Ўйлашимча, учрашув руҳий жиҳатдан қийин кечди, чунки 7 ўйиндан буён юта олмаётгандик. Йигитлар астойдил ҳаракат қилишаётганди, аммо оддий вазиятлардаги хатолар эвазига ютқазаётгандик. Ўйин борасида ёмон кўринмаётгандик ва бир тарафдан омад ҳам келмаётганди. Футболчиларимиз характер кўрсатишганидан хурсандман. "Пахтакор"да шунча йил ишлаб, кўп марта чемпион бўлганимизда ҳам, бунчалик хурсанд бўлмаганман. 7 та ўйин – бу дегани 2 ойдан бери мақсадимизга эришолмаётгандик. Бугун ҳам ўзингиз кўрдингиз, фақат олдинга боришга интилдик. Саламат Қуттибоев деярли 1 метрдан гол уролмади, лекин уни ҳурмат қиламиз. Эътиборимизни кўпроқ ёшларга қаратяпмиз. "Андижон"ни стандарт вазиятлар орқали ютиб чиқиш қийин.
- Жамоангиз 7 ўйинни ғалабасиз тугатганди. Агар бугун "Металлург" ютқазганида, истеъфога чиқарилармидингиз?
- Профессионал мураббий сифатида бу саволга жавоб беришим қийин. Мен охиригача ўз ишимни қиламан. Бир нарсани алоҳида айтиб ўтишим керак, қилган меҳнатларимизни қадрлагани ва 7 ўйиндан иборат ғалабасиз сериядан кейин ҳам сабр қилгани учун Дилшод Турсунқулович Аҳмедов ( "Ўзметкомбинат" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари – ижрочи директори, “Металлург” ПФК вице-президенти – таҳр.)га ташаккур айтаман. Ҳамма одам ҳам бунчалик сабр қилолмайди. Шундай экан, ишончни оқлаймиз ва клуб учун боримизни берамиз.
- Иван Нагаев ва Абдураҳмон Абдулҳақов майдонга тушгач, жамоада ижобий натижа кузатилди. Бу аввалдан ўйланган режамиди?
- Биз 0:1 ҳисобида ютқазаётгандик. Мураббий бу ҳолатда ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Охирги 15 дақиқада 2 та ҳужумчи билан ўйнадик. Таваккалга қўл урдик. Нагаев ва Абдулҳақов ишончни оқлади.
- Етакчилар Камолиддин Тожиев ҳамда Александр Лобанов жамоани тарк этгани ҳақида хабарлар чиқди. Нима учун бундай қилинди?
- Айтиб ўтганимдек, ҳозир биз ёшларга эътибор беряпмиз. Тожиев ва Лобанов яхши ўйинчи. Тожиев 39 ёшга киради, Лобанов эса 36 га. Ҳа, албатта, жамоада тажрибали ўйинчилар бўлиши лозим. Ҳозир жамоамизда 32 ёшдан катта бўлган 8 нафар футболчи бор. Ҳозир 5-6 таси қолди. Улар ёшларни олдинга бошлашса ва ўз тажрибалари билан бўлишишса, жамоада қолишади.
- Улар ўзлари кетишдими ёки бош мураббий сифатида чиқиш эшикларини кўрсатдингизми?
- Ҳали улар кетмади. Уларда кичик жароҳатлар бор, мен озроқ дам олишларини, вақти келса, чақиришимизни айтдим. Клубнинг фалсафаси – ёшларга эътибор бериш.
Comments