Жаҳон чемпионатига Клозе ва Роналдо етишмаяпти. Марказий форвардлар — кўплаб фаворитларнинг кучсиз томони
10 dec 2022 17:45
News
Жаҳон чемпионатига Клозе ва Роналдо етишмаяпти. Марказий форвардлар — кўплаб фаворитларнинг кучсиз томони
Деярли барча грандларда "тўққизлик" муаммоси мавжуд
Рамушнинг омадли юриши мавзумизнинг долзарблигини оширади, бироқ бу кеча пайдо бўлган масала эмас. ЖЧ-2022 плей-офф босқичининг илк босқичида голлар сони бўйича рекорд ўрнатилган бўлсада, мусобақадаги қатор термаларда айнан ҳужумларни якунлаш билан боғлиқ муаммо бор ва бўлади. Кейн ва Жиру – спорт формаси ва даражасига ортиқча шубҳа қилмасак бўладиган икки марказий ҳужумчи. Шу билан рўйхат амалда тўхтайди. Мундиалнинг кўплаб иштирокчиларида бир хил муаммо — афсонавий "тўққизлик" етишмовчилиги. Испанияда Мората бордек эди, лекин фойдаси бўлмади-ку?
Эндиликда терманинг собиқ бош мураббийи Луис Энрике унга тўлиқ ишонмади. Бунга мутахассисда маълум сабаблар йўқ эмасди. Альваро экстра-даражадаги форвард эмас, шунчаки кучли жамоадаги самарли ҳужумчи. У Рауль ҳам, ҳаттоки Вилья ҳам эмас. Ким билади дейсиз, балки Марокаш билан ўйинда Жерар Морено ва Яго Аспас етишмагандир, чунки Ферран ва қолганлар – ҳужумкор ярим ҳимоячилар, энг олдинги чизиқ вакиллари эмас. Бельгияда ҳам шунга ўхшаш муаммо, сабаби Лукаку Қатарга жароҳат билан етиб келганди. Сафга қайтганида эса, Лукаку фақатгина вазиятларни кўкка совуришга ярайдиган ҳолатдалиги маълум бўлиб қолди.
Ажойиб Бразилия терма жамоаси ҳам янги Феноменсиз иши битмайдиган рақибга дуч келгунга қадар дадил одимлаётган ва ишни марказий ҳужумчисиз битираётганди. Бироқ кеча... Жезус жароҳат олди ва мусобақани анча эрта якунлади. Ришарлисон ҳам биз айтаётган типдаги футболчи эмаслиги, тажрибасизлиги панд бериши мумкинлиги хорватларга қарши баҳсда исботини топди. Ахир мусобақа Жанубий Корея дарвозасига урилган голни нишонлашдаги рақс билан якунига етмаганди.
Кеча Бразилия етарлича вазиятлар яратди, аммо улардан унумли фойдалан олмаганда, пешонасининг тепасидагина сочи қолган ҳужумчини эслаб қўйдингиз-ку, тўғрими? Ушбу ЖЧда қанот ҳужумчиси бўлган Мбаппе ҳаммадан кўп гол урди (5 та). Учтадан гол урган қатор футболчилар ичида фақатгина 3 нафари марказий ҳужумчи — Жиру, Рамуш ва Мората. Оливье жароҳати сабаб умуман ўйнай олмаган Бенземага яхши ўринбосар бўла олди, лекин шунда ҳам – мундиалда кўплаб терма жамоалар якунловчи форвард йўқлигидан азият чекаётгани гувоҳи бўлдик.
Мураббийлар бу камчиликни тактика ҳисобига ёпишга уринмоқда
Валенсия ҳужумнинг олдинги чизиғида жамоадошларидан кучлироқ. Унинг ҳисобида 3 та гол бор, аммо бу етарли бўлмади. Эквадор таркибида турли чизиқларда яхши футболчилар бор, аммо Жиру типидаги ҳужумчи топилмади. Нидерландлар ҳужумида Депай ва Гакпо. Уларнинг ҳар иккиси ҳам марказий ҳужумчи сифатида кўп ҳаракат қилмаган. Бу икки чап қанот вакилларининг рақиб жарима майдончасига юришига ўхшайди, чунки Нидерландия термасида янги ван Нистелрой йўқ. Қизиғи, бу вазиятда мураббийлар маълум бир амплуа вакилларини атайин эътиборсиз қолдиряпти деб бўлмайди.
Фақатгина Саутгейт "Америка очяпти". Мураббий Кейндан "алдамчи тўққизлик" ясаб, Харрининг устидан кулаётгандек. Қолганлар имкониятидан келиб чиқиб, муаммоли нуқталарни "ёпишмоқда". Аргентинада янги Батистута борми? Ёш Агуэро ҳам йўқ. Альварес – Гвардиола тўғри таъкидлаганидек, иккинчи ҳужумчи. Хосеп бекорга Холандни ҳам сотиб олмаган. Шундай бўлсада, гол сезиш қобилияти кучли бўлган Хулиан асосий таркиб учун курашда, бошқа бир иккинчи форвад — Лаутародан устун келмоқда.
Мартинеснинг хатолари, таркибда Жируга ўхшаш, оғир учрашувдаги у қадар хавфли бўлмаган вазиятдан ҳам амаллаб гол ура оладиган футболчи бўлиши зарурлигини яна бир бор эслатиб қўйди. ЖЧнинг энг омадли саккиз жамоасининг деярли ҳеч бирида классик форвард йўқ. Португалияда охирги паллада Рамуш пайдо бўлди – битта ўйинда хет-трик қайд этди. Мексикани эса Гонсалунинг ҳамкасби Хименес қутқара олмади.
Зерикарли баҳслар – етишмовчилик натижаси
Энрикега яхши ҳолатдаги Торрес, Вилья ёки Раулдан исталган бирини беринг, испанлар Марокашни осонлик билан таслим қиларди. Жарима майдончасида тўғри очилишлар бу санъат асари, ЖЧда ҳақиқий снайперлар етишмаётгандек. Авваллари Герд Мюллер, Румменигге ва Клозе ўйнаган Германияда дунё даражасидаги марказий форвард йўқ. Бунга ишониш ҳам бироз қийин-а? Дебютант, ҳаракатлари бироз беўхшов Фюллкруг ҳам майдонга туширилди. Ҳали ёш Мукокога мураббий ишонмади ва немислар уйида ўтадиган Евро-2024да ким марказий ҳужумчи бўлишини ҳали ҳеч ким аниқ айта олмайди.
Бироқ ҳаттоки Юссуфа ўйинида ўсиш бўлса ҳам бу янги Левандовски эмас. Роберт худди Лукаку сингари омадсиз мусобақа ўтказди. Қатардаги турнир айнан марказий форвардларнинг бир неча марта мағлубияти сифатида ёдда қоладиган бўлмоқда. Ҳужумда асосий роль "ўнликлар" зиммасига тушмоқда — Месси, Гризманн ва Фернандеш. Ёки аслида қанот ҳужумчилари бўлиб, марказга омадли ўтишлар қилаётганлар – Гакпо ва Мбаппе. Шу ўринда нидерландларда тактик схема "3-4-3" эмас, "3-5-2" эканлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Шундай экан ван Персининг вазифалари навбати билан Коди ва Мемфис зиммасига тушмоқда. Нима учун классик форвардлар чиқмай қўйди? Балки болаларнинг ўзи ўзгаргандир. Эндиликда уларни бошқа бир тенгдошига қаттиқроқ тегиш ёмонлигига, бошқаларни хафа қилиш яхши эмаслиги ва жамоанинг бир бўлаги бўлиш кераклигига ўргатишмоқда.
Марказий ҳужумчилар – хавфли кўчалар болалари
Буюк форвардлар безорилар, балки ҳаммаси эмасдир, лекин кўпчилиги. Ибрагимович велосипедларни ўғрилар, кўчада жуда кўп уришар ва "бандит" бўлишни режалаштирган. Шевченко кичиклигидан чекар ва пулга бильярд ўйнаган. Лобановский ҳужумчига сигаретларни тақиқлашга қаттиқ уринган, худди ҳозирда Хорватия термасида Брозович билан бўлаётганидек. Мората ўн марта яшаса ҳам, аёллар борасида бразилиялик Роналдо билан баҳслаша олмайди. Марказий ҳужумчи, худди дарвозабон сингари – алоҳида аҳамият касб этадиган амплуа.
Кўпинча эгоистроқ миялар, ҳаммага ҳам ёқавермайдиган характер. Форвардлар – кўчаларнинг болалари. Пеле, Клозе, Роналдо ва Фонтен сингари ҳужумчилар ҳозир етишмаяпти. Вазият қанчалик жиддийлигини тушуниш учун биринчи хет-трик мусобақанинг 56-ўйинида, мундиаль якунланишига 8 та баҳс қолганда қайд этилди. Ўша 3 та голни ҳам 21 ёшли Рамуш урди. Кимсан Роналду ҳозирда голлар уришга қодир бўлмай қолиб, захирада ўтиришга мажбур.
Бундай вазият юзага келишида қисман Гвардиола ҳам айбдормикин? Ўзининг модасини шу қадар кенг тарқатдики, кўпчилик Холанд форматидаги ҳужумчиларни йиллар давомида харид қилишни истамади. Бироқ "тўққизликлар" қайтишади, худди Гризманн сингари "ўнликлар" қайтганидек, фақат улар аввалгидан кўпроқ югурадиган, каттароқ кўламда меҳнат қиладиган бўлиб қайтади. Ҳали яна Пеле, Ромарио, Мюллер, Эйсебио, Ибрагимович ва Суарес сингари футболчилар чиқади. Мундиалдаги кўплаб терма жамоалар Роналдо ва Клозени жон деб таркибларига қўшиб олишарди. Авваллари деярли барча болакайлар ўйнашни орзу қилган позицияда шу каби етишмовчилик юзагa келди.
Нозима Тўхтамирзаева таржимаси
Comments