Италия қитъа чемпионати саралашини Англияга қарши бошлайди — Евро-2020 финалидан бери нималар ўзгарди?
23 mar 2023 17:35
News
Италия қитъа чемпионати саралашини Англияга қарши бошлайди — Евро-2020 финалидан бери нималар ўзгарди?
Терма жамоалар ўйинларининг янги ҳафтаси Евро-2024 саралаши старти билан бошланмоқда. Учрашувлар ичида Италия - Англия тўқнашуви айниқса ажралиб турибди.
Italy Mateo Retegui - 56' EURO Qualification Grp. C . Round 1 24/03/2023, 00:45
England Declan Rice - 13', Harry Kane - 44' Stadium: Diego Armando Maradona, 44500 spectators Referee: Srdjan Jovanovic
Евро-2020 финалининг такрори
Қитъа мусобақасига саралаш аввалги "мавсум"ни якунлаб берган тўқнашув билан бошланиши қизиқ, албатта. Ўша учрашувни инглизлар алам билан ёдга олишлари аниқ – Евро тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлган ва барчаси Букайо Саканинг хатоси туфайли, Италия фойдасига ҳал бўлган.
Лондоннинг "Арсенал" клуби вингери бу сафар ҳам таркибда. Аламли хато футболчини "синдиролмади". Ўтган вақт давомида у "канонир"лар етакчиси жамоанинг 2022/23-йилги мавсумдаги иккинчи тўпурари сифатида ўз ўрнига эга бўла олди. Терма жамоа сафида ЖЧ-2022га борди, асосий таркиб аъзоси ва тўпурарлардан бири бўла олди. Энди Букайо бир мунча тажрибали футболчи ва муҳим паллада ўзини осонгина йўқотиб қўймаслиги эҳтимоли юқори.
Умуман олганда Англиянинг Евро-2020 финалидаги таркибидан фақатгина икки футболчи – Рахим Стерлинг ва Жейдон Санчо. Ҳар иккиси ўзининг энг яхши спорт формасидан анча йироқ. Қолган ҳамма сафда, таркибда.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, Гарет Саутгейт жамоаси аввалги "Евро" плей-оффида тўқнаш келган яна бир рақиб – Украина термаси билан ҳам куч синашади. Шундай экан "уч шер"лар босиб ўтган йўлини қайсидир маънода такрорлаяпти.
Италия терма жамоасидаги ишлар бироз бошқачароқ. Энг охирги ва жуда оғриқли зарба – қаторасига иккинчи жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориш. Кейинги мундиалга йўлланмани қўлга киритиш имконияти ҳали бери бўлмайди, унгача эса нима қилиб бўлса ҳам "Евро"га чиқиш зарур. Акс ҳолда "Манчини методларининг даври ўтибди" қабилидаги гаплардан қочиб қутилиб бўлмай қолади.
Инглизларнинг янги етакчилари
"Эски" етакчилар эса янада ўсишга эришгандек. Вингер Маркус Рэшфорд Евро-2020 олдидан қаторасига иккинчи юқори даражадаги мавсум "фонида" терма ихтиёрига келганди. Деярли икки йил давомида футболчи "кескин шўнғиш ва баланд парвозлар"ни бошдан ўтказди. Жароҳатлар унга ўтган мавсумни янада юқори даражада ўтказишга имкон бермади, бунга клубнинг муаммолари қўшилди – Ральф Рангник қўл остида манкунианлар ўйини унчалик қовушмади.
2022 йил ёзида Маркус ниҳоят тўлиқ тузалди. Эрик тен Хаг талабларига мослашиш учун маълум вақт талаб қилинди ва натижада у асосий таркибга қайта олди. Ҳозир Рэшфорд ҳужум қанотида ҳам, марказда, энг олдинда ҳам бирдек фойдали ўйин кўрсата олмоқда. Бу эса Саутгейтга қўшимча имкониятлар яратади. Афсуски, айнан бу сафар унинг хизматларидан фойдалана олмайди – футболчи жароҳатланган.
МЮ футболчиси билан бирга терма ўйинида "Арсенал" вингери Букайо Сака ҳам муҳим роль ўйнайди. Мақола аввалида айтиб ўтганимиздек, лондонликлар тарбияланувчиси "операцияси" миллий терма асосий таркибига кириш билан якунланди. Букайо жуда катта тезликка чиқиши, бунга қарамай, тўпни яхши назорат қилиб, уни осонликча йўқотиб қўймаслиги мумкин. Саутгейт марказдаги қийин тузилмалардан кўра, қанотлар орқали ўйин қуришни ёқтиришини ҳисобга олсак, "канонир"нинг имкониятлари жуда ас қотиши мумкин.
Асосий дарвозабон ким бўлади? Бу нуқтада ҳам анча кучли рақобат юзага келган. Пикфорд тажрибалироқ бўлгани учун асосий кипер номини сақлаб қолишга яқинроқдек. АПЛнинг энг кўп гол ўтказиб юборадиган жамоаларидан бири посбони термада ўрнини йўқотмаганини бошқачасига изоҳлаб бўлмайди. Аммо Аарон Рамсдейлда ҳам ўзини кўрсатиш учун имкон бўлади. "Арсенал" таркибда у билан ҳар ўйин ўртача биттадан камроқ гол ўтказиб юборади. Статистика бўйича фақат Ник Поуп ундан яхшироқ – "Ньюкасл" дарвозабони ҳам таркибда бор.
Италиянинг ҳужумдаги асосий юлдузи яна сафда эмас
"Скуадра адзурра" Шимолий Македонияга мағлуб бўлиб, ЖЧ-2022га чиқа олмагач, форвард Чиро Иммобиле термадаги фаолиятини якунлашга тайёрлиги ҳақида инсайдлар тарқалди. Тажрибали италиялик қаторасига иккинчи марта мундиаль саралашидаги омадсизликдан кейин миллий жамоа сафидаги фаолияти борасида иккиланиб қолганди. Ҳозир "Лацио" ҳужумчиси сафда йўқ, лекин сабаб сифатида унинг жароҳати айтилмоқда.
Италияда ҳужум чизиғи вакиллари етишмовчилиги бор, буни Манчини ҳам тан олади:
Бизда, Италия термасида, ишлар Саутгейтникидан ҳам ёмонроқ. Нима учун ҳужумчилар бунчалик камлигини тушунолмаяпман. Учта жамоамиз Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқди, аммо уларнинг таркибида умумий ҳисобда 7-8 нафар италиялик бор. Вазият шундай. Аввал биз кўчаларда 3-4 соат футбол ўйнаб, кейин машғулотга борардик. Ҳозир ундай эмас. Шу сабабли ҳам янги номлар Уругвай, Аргентина ва Бразилия сингари мамлакатларда чиқаётгани тасодиф эмас. У ерларда ҳалигача кўчаларда кўп футбол ўйнашади".
Катта эҳтимол шунинг учун термага Аргентинадан Италия паспортига эга марказий ҳужумчи чақирилди. 23 ёшли Матео Ретеги ҳозирча маҳаллий чемпионатдан ташқарига чиқмаган ва ижарада "Тигре" сафида ("Бока Хуниорс"дан келган) тўп тепмоқда. Аргентина чемпионати даражасида у ёмон ўйин кўрсатмаяпти, лекин Матео нималарга қодирлиги ҳозирча топ-чемпионатларда синовдан ўтмаган. Шунга қарамай, Манчини танлайдиган аҳволда эмас ва Матеони Англияга қарши майдонда кўрсак керак.
Айнан ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, устунлик Саутгейт жамоаси томонида. Бироқ италияликлар ҳимоявий ўйин кўрсатишни қойиллатишларини ва шу йўл билан ҳужумдаги камчиликларни ёпиб кетишлари мумкинлигини унутмаслик лозим. Инглизлар бу кеча аниқ 3 очколик бўлишини таъкидлашга шошилмаган маъқул.
Нозима Тўхтамирзаева тайёрлади
Comments