Ишониш қийин, аммо улар бир жамоада тўп тепишган... (2-қисм)
21 mar 2022 16:34
News
Ишониш қийин, аммо улар бир жамоада тўп тепишган... (2-қисм)
Микель Артета ва Месут Ўзил
Ҳозирги "Арсенал" клуби бош мураббийи Микель Артета ҳамда Месут Ўзил 2013-16 йилларда "тўпчилар" сафида бирга ҳаракат қилган.
Микелнинг "Арсенал"даги сўнгги йиллари, Ўзилнинг эса клубга келганига унча кўп бўлмаган йилларида бу икки футболчи "Арсенал"га катта ёрдам берган.
Шунингдек, Германия термаси собиқ футболчиси Артета мураббийлиги остида ҳам клубда ҳаракат қилган. Ўзил 2021 йилда 7,5 йиллик фаолиятидан Артетанинг "Арсенал"идан кетган.
Икер Касильяс ва Самуэль Это'О
Бу икки афсонавий футболчи 1999-2000 йиллар оралиғида "Реал Мадрид"да бирга фаолият олиб борган. Ҳар иккала футболчининг ҳам илк профессионал клуби айнан Мадрид клуби бўлган.
Икер Касильяс дастлаб "Реал Мадрид С", кейин "Реал Мадрид Б", ундан сўнг эса "қаймоқранглилар"нинг асосий таркибига саралаб олинган.
Это'О 1997 йилдан бошлаб "Реал"да ўйнай бошлаган. Камерунлик футболчи 3 йил давомида турли жамоаларда ижара асосида тўп тепган. Кейинчалик Мадрид клуби сафига қайтмаган ва "Мальорка"га сотиб юборилган.
Испаниялик посбон эса узоқ йиллар "қироллик клуби"да фаолиятини олиб борган ҳамда 2015 йилда "Порту" сафига бориб қўшилган.
Курт Зума ва Пьер-Эмерик Обамеянг
Франциялик ҳамда габонлик бу икки футболчи 2011 йилдан 2013 йилгача "Сент-Этьен" таркибида биргаликда ҳаракат қилган.
Франция клуби Зума учун профессионал фаолиятидаги илк клуб эди. Ауба учун эса 6-клуб бўлган. Ўша пайтларда "Сент-Этьен" мана шундай футболчилар билан яхши ўйинлар кўрсатган. Бунинг меваси сифатида 2013 йилда клуб Франция Лига Кубоги соҳибига айланган. Бир йилдан сўнг Зума "Челси"га, Обемеянг эса "Боруссия" Дортмунтга ўтган.
Иско ва Жорди Альба
Испаниялик футболчилар 2010/11 йилги мавсумда "Валенсия" клуби шарафини ҳимоя қилишган.
Қизиқарлиси шундаки, уларнинг ҳар иккалови ҳам "Валенсия Б"дан асосий таркибга жалб этилган. Альба 2007-2008 йилларда, Иско эса 2009-2012 йилларда "кўршапалаклар"нинг иккинчи жамоасида ҳаракат қилган. Иско "Валенсия" учун умумий 7 та, Альба эса 73 та ўйин ўтказган. Кейинчалик ҳимоячи "Барселона"га, ярим ҳимоячи эса "Малага"га йўл олган.
Рауль Гонсалес ва Луис Энрике
Мадрид ҳамда Барселона афсонаси 1994-96 йиллар оралиғида "қироллик клуби"да ҳаракат қилган. Луис Энрике "Спортинг"дан олиб келинган бўлса, Рауль "Реал Мадрид" ёшлари орасидан танлаб олинган. Шу икки йил ичида бу футболчилар "Реал" билан биринчи марта Испания чемпионлигини қўлга киритишган.
1996 йилда "Барселона" Луис Энрикега қизиқаётганини билдириб, футболчини сотиб олган. Рауль Гонсалес Мадридда қолиб, клубнинг тўпурарига айланган (айни пайтда Роналдудан кейинги иккинчи тўпурар). Луис Энрике эса ҳам "Барселона", ҳам "Реал"да ўйнаганига қарамасдан, мухлислар томонидан нафратга дучор бўлмаган, сабаби футболчининг ҳар икки клубга бўлган ҳурмати юқори.
Шуҳрат Ҳомидов тайёрлади
Comments