Latest news

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  9 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Ҳаким Фузайлов: “Келишмаслик учун келишиб ўтириш шарт эмас!” (1-қисм) News

Ҳаким Фузайлов: “Келишмаслик учун келишиб ўтириш шарт эмас!” (1-қисм)

Тожикистонлик мутахассис Ҳаким Фузайлов ўзбек мухлисларига жуда яхши таниш десак муболаға бўлмайди.

Юртимизнинг бир нечта клубларида фаолият кўрсатган Ҳаким  Қаюмович сўнгги бор Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ишлаган эди. “Темирйўлчилар” 2014 йил Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида мағлубиятга учраб, гуруҳ босқичига чиқа олмагач, клуб раҳбарияти тожикистонлик мутахассисни истеъфога чиқарганди. Шундан сўнг Фузайловни водий жамоаларининг бирида иш бошлаши айтилганди. Аммо бу гап-сўзлар якунда ҳақиқатга айланмади. Ўтган ҳафта Ҳаким Фузайлов пойтахтимизга ташриф буюрди. Биз бу ташрифнинг асл сабабини билиш мақсадида меҳмон билан учрашиб, суҳбат уюштирдик.  

Осиё чемпионати ҳақида

- Тошкентдаги сафарингиздан мурод нима? Даставвал шу ҳақида гапириб ўтсангиз.

- Январь ойидан эътиборан Тожикистон футбол федерациясида фаолият кўрсатаяпман. Йил аввалида мени юртимга чақиришди. У ерда футболимиз расмийлари билан суҳбатлашдим. Мазкур учрашувдан кейин мени федерация техник департаментининг директор ёрдамчиси этиб тайинлашди. Қолаверса, бир вақтнинг ўзида Тожикистоннинг футбол бўйича барча терма жамоаларини раҳбариман. Айни вақтда пойтахтингизда футзал бўйича Осиё чемпионати давоми этмоқда. Юртингизга ташрифимдан мурод, терма жамоамиз билан яқиндан танишиш ва иштирокини кузатиш эди.

- Шу ерда футзал бўйича Осиё чемпионати ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Тошкентда бўлиб ўтаётган қитъа биринчилиги хусусида фақат илиқ фикрларни билдиришим мумкин. Боиси, ташкилотчилик ҳақиқатдан ҳам аъло даражада йўлга қўйилган. Буни нафақат биз, балки бошқа меҳмонлар ҳам эътироф этишмоқда. Бирор бир делегация аъзоси ташкилотчиликдан шикоят қилганини эшитмадим. Тожикистон делегацияси вакили сифатида шуни айтишим мумкин: бизни жуда яхши кутиб олишди, доимо эътибордамиз, мусобақада муносиб равишда қатнашишимиз учун барча шароитлар яратилган, бу машғулотлар бўйичами ёки бошқа масалалар, муаммо йўқ. Ўйлашимча, Тошкент Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказмоқда ва бу қитъа биринчилиги аввалгилари билан солиштирилганида энг яхшиси бўлади.

- Тожикистон терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги иштирокини қандай баҳолайсиз?

- Билганим шуки, терма жамоамиз сезиларли даражада ёшартирилган таркиб билан Тошкентга ташриф буюрган ва ҳатто Осиё чемпионати иштирокчилари орасида энг ёши ҳам дейишим мумкин. Мен терма жамоамизнинг мусобақадаги икки учрашувини кўрдим. Дастлаб, футзалчиларимиз қитъанинг энг кучли терма жамоаларидан бири Таиландга етарлича қаршилик кўрсата олишди. Фикримча, бизда гол уриш учун имкониятлар кўпроқ ҳам бўлди, бироқ тажриба ўз сўзини айтди. 2-турда Осиёнинг яна бир етакчисига қарши ўйнадик. Бу сафар йигитларга биринчи учрашувдан кейин ўзларини тиклаб ола билишмагани панд берди. Натижалар биз учун қўрқинчли эмас, деб ўйлайман. Боиси, бу ёш жамоамизда келажакни кўряпман. Уларда иқтидор ва ватанпарвалик ҳисси жуда юқори. Назаримда бу терма жамоамиз келажакда қитъа биринчиликларида муваффақиятли иштирок эта олади. Аслида қитъанинг 16та энг кучли терма жамоаларидан бири сифатида мусобақада қатнашаётганимизнинг ўзи бир катта ютуқ.

- Мусобақа мезбони бўлмиш Ўзбекистон терма жамоаси тўғрисида қандай фикрдасиз?

- Билишимча, Ўзбекистон футзал бўйича Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Терма жамоангиз жаҳон чемпионатига йўлланма тақдим қилмайдиган аввалги қитъа биринчиликларида совриндор бўлганидан ҳам хабарим бор. Бу сафарги Осиё чемпионатининг совринли ўринлари мундиалга йўлланма беради. Бундан ташқари, мусобақа пойтахтингиз Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Юқоридаги сабабларнинг барчаси терма жамоангизнинг кучига куч қўшади. Мен терма жамоангизнинг гуруҳдаги иккита ўйинини кўрдим. Йигитлар менда яхши таассурот қолдирди. Тилагим шуки, терма жамоангиз ўз олдига қўйилган вазифани ортиғи билан бажарсин ва мухлисларингизни хурсанд қилсин!

- Эрон футзал бўйича Осиёнинг биринчи рақамли терма жамоасидир. Ҳатто қитъанинг бошқа етакчилари ҳам форслар билан тўқнаш келмасликни истайди. Айниқса, бу ўйин мундиал йўлланмасини ҳал қилса! Айтингчи, Осиёда Эронни юта оладиган терма жамоалар борми?

- Сўнгги Осиё чемпионатининг финалида Япония Эронни мағлубиятга учратиб, бундай терма жамоа борлигини исботлади. Лекин барибир форслар футзалда қитъанинг етакчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки улар ривожланишдан тўхтаётгани йўқ. Билганим шуки, Эрон Осиёда етакчи бўлишдан ташқари, жаҳон рейтингида ҳам ўз ўрнига эга. Аммо футзал қитъанинг бошқа мамлакатларида ҳам ривожланаётганини айтиш мумкин. Хусусан, Япония, Ўзбекистон, Таиланд ва Вьетнам терма жамоалари бугунги кунда форсларга бемалол жиддий қаршилик кўрсата оладиган савияга чиқиб улгуришди. Эроннинг бугунги кунда қитъанинг энг етакчиси эканлиги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам шундай, уларда барқарор терма жамоа бор, улар ривожланишда давом этишмоқда.

- Нима деб ўйлайсиз, Осиё чемпионатида қайси терма жамоалар кучли бешликка кириб, мундиал йўлланмасини қўлга киритиши мумкин?

- Тахминим шундай: Эрон, Ўзбекистон, Япония, Таиланд ва Вьетнам.


Тожикистон футболи тўғрисида

- Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиққанингиздан сўнг, қаерда фаолият кўрсатдингиз?

- Тошкентни тарк этганимдан сўнг бир йил давомида Россиянинг “Терек” жамоасида селекция ишлари бўйича мураббий лавозимида фаолият кўрсатдим. У ердаги асосий ишим, клубнинг келажаги учун ўйлаш ва ёш иқтидорларни топиш эди. Бир йил давомида шу йўсинда ишладим. Фикримча, ёмон ишлаганим йўқ ва бугунги кунда бу ўз самарасини бермоқда.

- Бугунги кунда Тожикистон футбол федерациясининг техник департаментида ишлаётганингизни айтиб ўтдингиз. Ўз ишимни топдим, деб ўйлайсизми? Ҳар ҳолда сиз асосан мураббийлик соҳасида фаолият кўрсатгансиз.

- Ҳозирданоқ аниқ фикр билдиришим мушкул. Агар фаолиятим орқали Тожикистон футболининг ривожи учун нимадир бера оладиган бўлсам, бундан албатта хурсанд бўламан ва бу тўғри қарор қабул қилганимдан ҳам дарак беради.

- Техник департаментдаги асосий ишингиз нималардан иборат?

- Мен ҳозирги кунда болалар футбол мактаблари билан яқиндан танишяпман. Хусусан, мактабларнинг инфраструктураси, мураббийларнинг салоҳияти, уларни болалар билан қандай ишлаётгани билан қизиқяпман. Барча мутахассислар билан алоқа ўрнатяпман. Уларни қийнаётган муаммоларни эшитяпман ва федерация раҳбарлари билан келишган ҳолда камчиликларни бартараф қилишни режалаштиряпман. Чунки футболда пойдеворни мустаҳкамлай туриб, катта натижаларга эришиш мушкул. Шунинг учун мен болалар футболига кўпроқ аҳамият беришни мақсад қилганман.

- Янги ишингиз сизга ёқяптими?

- Бу йўналишда иш бошлаганимга ҳали эндигина бир ярим ой бўлгани сабабли, аниқ фикр билдиришим мушкул. Юқорида таъкидлаганимдек, агар фаолиятим орқали Тожикистон футболининг ривожига ҳисса қўша олсам, демак тўғри йўлдаман, мабодо акси кузатилса, тушунаманки, бу менинг ишим эмас!

- Нега бу саволни бердим: мабодо сизга клублардан бош мураббийликка таклиф бўлса қабул қиласизми ёки федерациядаги ишингизни давом эттирасизми?

- Бундай вазиятда қуйидагича йўл тутаман: агар федерациядаги фаолиятимда қандайдир стратегик аҳамиятдаги вазифа устида ишламаётган бўлсам, албатта мураббийликка қайтишим мумкин. Сабаби, мураббийлар учун амалиёт ўта муҳим жиҳатдир. Мабодо федерацияда қандайдир режани тугаллаш жараёнида ёки унинг ярмида бўлсам, ишимни ташлаб кетмайман. Уни охирига етказганимдан сўнг раҳбарларим билан суҳбатлашиб, кейин бир қарорга келаман. Менинг характерим шунақа: бир ишни бошладимми, уни охиригача етказмасдан қўймайман. Ишимни якунлаганимдан кейингина шахсий фаолиятим ҳақида бош қотираман.

- Тожикистоннинг бугунги футболи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Юртимда анча вақт бўлмагандим. Футболчи сифатида фаолиятимни Тожикистонда ўтказган бўлсам-да, мураббий бўлиб асосан хорижда ишлаганман. Тожик футболини деярли четдан кузатганман. Бугунги кунда юртимда бўлиб туриб шунга амин бўлдимки, мамлакат футболида сезиларли даражада ўсиш бор. Жумладан, Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби “Истиқлол” ўтган йили ОФК Кубогининг финалига қадар етиб келди. Шунинг ўзиёқ ўсишдан далолат бермоқда, десам муболаға бўлмайди. Жамоа бундан-да, муваффақиятга эришиши мумкин, фақат бунинг учун чемпионатда унга рақобатбардош рақиблар етарлича бўлиши керак. Биз, хусусан, федерация мутасаддилари ва бошқа расмийлар чемпионатимизда кучли клублар сонини кўпайтириш ҳаракатидамиз.

Ҳозирги кунда футбол бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Футбол барча мамлакатлар қатори Тожикистонда ҳам ривожланиб бормоқда. Клубларнинг инфраструктураси яхшиланяпти. Барча шаҳарларда стадионлар қуриляпти. Чекка-чекка қишлоқлар ҳам бундан мустасно эмас. Болалар бемалол футбол билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишмоқда. Шунинг ўзиёқ ҳукуматимиз мамлакатда миллионлар ўйинини ривожланиши учун аниқ режа асосида иш олиб бораётганини англатади. Соғлом авлод миллатнинг келажаги ҳисобланади. Тожикистонда соғлом авлодни тарбиялаш орқали оммавий футболни ривожлантириш ва у орқали профессионалликка қадам ташлаш кўзда тутилган.

- Агар савол ноўрин бўлса узр, мутахассис сифатида Тожикистон футболини Марказий Осиё минтақасида нечанчи ўринга қўйган бўлардингиз?

- Бу ҳақида аниқ гапириш жуда қийин. Миллий терма жамоанинг натижалари яхши бўлмаса-ю, лекин клубларнинг, ёшлар ва ўсмирлар халқаро майдонларда ютуқларга эришса, бу аниқ фикр билдиришга тўсқинлик қилади. Билишимча, яқин вақтлар ичида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида турнир ташкил қилинади. Мазкур мусобақа ўтказилиши режалаштирилаётгани жуда яхши деб ўйлайман. Сабаби, шундай турнирлар орқали минтақадаги давлатларда ривожланиш қай даражада эканлигини билиб олиш мумкин. Қолаверса, бундай турнирлар ривожланишга туртки ҳам бўлади. Ҳозир рейтингга қараб, кимнидир камситмоқчи эмасман ва бундай қилмайман ҳам. Аниғи шуки, Тожикистон футболи аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада ўсди. Миллионлар ўйини бизнинг юртда ҳам биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади.

Фурқатбек Нишонов суҳбатлашди. 


Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика