Ғуломҳайдар Ғуломов: «Муваффақиятсизлигимда бировни айбламайман»
02 nov 2016 08:39
News
Ғуломҳайдар Ғуломов: «Муваффақиятсизлигимда бировни айбламайман»
Турнир жадвали марказида жойлашган жамоалар эса қолган ўйинларни шунчаки расмиятчилик учун ўтказиб қўйишади. Олий лигадаги ўрнини деярли сақлаб қолган клублардан бири бу «Машъал»дир. Муборакликлар 25-тур доирасидаги учрашувда асосий рақибларидан бири «Олмалиқ»ни қабул қилиб, муҳим уч очкони қўлга киритишди. Бу билан «газчилар» энг яқин таъқибчиларидан саккиз очкога ўзиб кетишди. Агар Игорь Шквирин шогирдлари ўша ўйинда ғалаба қозонишганида, орадаги фарқ минимал даражага қисқарар эди. Биз мазкур учрашувдан сўнг «Машъал» ярим ҳимоячиси Ғу-лом Ҳайдар Ғуломовдан интервью олдик.
- «Олмалиқ»қа қарши кечган ўйиндан қандай таассуротлар қолди?
- Айрим сабабларга кўра, ушбу ўйин қайдномасига киритилмадим. Мен учун бу бироз тушунарсиз ҳолат бўлди. Бир кун аввал ёшлар лигасидаги ўйинда майдонга тушган эдим. Шу боис, «Олмалиқ»қа қарши кечган учрашувни трибунада, худди мухлисдек кузатишга тўғри келди. Шуни айтишим керакки, олмалиқликларда ўйин услуби йўқолган. Бу нафақат менинг, балки кўпчиликнинг фикри. Жамоанинг ўтган йилги ўйин-ларини кўрмаяпмиз. Бунинг аниқ сабабларини билмайман. Фикримча, жамоанинг ички муҳити билан боғлиқ бўлса керак. Яна бир бор такрорлайман, бу менинг шахсий фикрим. Бевосита ўзимизнинг жамоа ўйинига келсак, биз чиройли футбол эмас, натижа учун ўйнадик. Чемпионатнинг сўнгги турларида очко сув ва ҳаводек зарур бўлади. Учрашув жуда ҳам қизиқарли кечди. Айниқса, баҳснинг сўнгги 10-15 дақиқаси шиддатли ўтди. Ҳужумкор ярим ҳимоячимиз Зафар Тўраев захирадан майдонга туширилгач, ўйинимиз янада кучайди. Ўша пайт ҳисоб 1:1 бўлиб турганди. Табиийки, бу натижа бизни қониқтирмасди. Айнан Зафарнинг тўп узатишидан сўнг Зоҳир Қўзибоев жамоамизга ғалаба келтирган тўпни меҳмонлар дарвозасига киритди. Мураббий қандай кўрсатма берди, танаффус чоғида нималар деган, бундан хабарим йўқ.
- Мураббий билан ўртангизда ҳеч қандай муаммо йўқми? Балки шахсий адовати бордир?
- Узр, бу саволингизга жавоб бера олмайман. Жамоанинг ички муҳити, футболчи ва мураббийлар ўртасидаги муносабат бу клубнинг ички сири деб ҳисоблайман. Балки нотўғри фикрлаётгандирман, лекин шахсан мен шундай фикрдаман. Ҳаёт бир текис эмас. Бу йўлнинг ўнқир-чўнқирлари бўлади. Энг асосийси, пастга тушгандан кейин яна бир бор кучни тўплаб, манзил сари олға интилиш керак. Бу ҳаёт инсонни файласуфга айлантириб қўяр экан.
- Лекин бу сизга таъсир қилгандир?
- Муваффақиятсизлигимда бировни айблашни ёмон кўраман. Демак, қаердадир нотўғри қарорга келганман. Ҳамиша айбни ўзимдан излайман. Хато ва камчиликларимни таҳлил қилиб, уларни такрорламасликка интиламан.
- «Машъал» жорий мавсумни бир текис ўтказа олмаяпти. Бунинг сабабларини ўрганиб чиқдингларми?
- Албатта, ҳар бир ўйиндан олдин таҳлил ўтказамиз. Мураббийимиз ўзининг ишига жуда ҳам жиддий ва профессионал тарзда ёндашади. Футболда юқори натижаларни кўрсатиш учун жамоада камчиликлар бўлмаслиги керак. Муаммо юзага келдими, ўша жамоанинг ишлари орқага кета бошлайди. Мураббий ёки футболчилар бу муаммолар ҳақида бош қотирмасликлари лозим. Афсуски, ҳозир аксарият клубларимизда шундай камчилик бор. Футболчи ва мураббий бутун эътиборини машғулот ҳамда ўйинга қаратиши керак.
- Сизнингча, «Машъал» олий лигада қолиш вазифасини уддаладими?
- Худди шундай. Кейинги мавсумни ҳам элитада ўтказиш учун замин ҳозирладик, деб ўйлайман. Керакли ва муҳим очколар қўлга киритилди.
- Олдинда «Обод»га қарши учрашув (бу ўйин кеча ўтказилди, - муаллиф) кутиб турибди. Олий лига дебютанти ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жамоа таркиби ёш футболчилардан иборат. Шунга бўлса керак, «Обод» ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Кутилмаган натижаларни қайд этяпти. Айниқса, биринчи давранинг дастлабки турларини жуда яхши ўтказди. Сўнгги ўйинларда ҳам ўта зарур очколарни қўлга киритди. Биринчи давра учрашувида «Обод»ни ўз майдонимизда йирик ҳисобда мағлуб этган эдик. Лекин жавоб учрашувида бизга осон бўлмайди. Буни аниқ айта оламан. Чунки «Обод» олий лигада қолиш учун охиригача курашмоқчи.
- Бу йилги чемпионатнинг кутилмаган ҳолатларини нималарда кўрдингиз?
- Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган жамоалар етакчиларга жиддий қаршилик кўрса-тишяпти. Чемпионлик учун курашаётган клублардан очко тортиб олиш-япти. Муросасиз ўйинлар кўп бўлди. Авваллари бу каби кутилмаган натижалар деярли қайд этилмасди.
- Катта эҳтимол билан мавсум сўнгида жамоангизни ўзгартирасиз, шундайми?
- Бу ҳақда ўйлашга ҳали бироз эрта бўлса керак. Агар мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб айтсам, балки ўзгариш рўй берар. Лекин ҳозир айни масалада бош қотирмаяпман. Бор эътиборим «Машъал» билан мавсумни юқорироқ ўринларда якунлашга қаратилган. Келажак ҳақида ўйлашга ҳали фурсат бўлади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Comments