Latest news

22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22

"GOAL". Илк меҳмон - Элдор Суюнов (ФОТО+ВИДЕО) News

"GOAL". Илк меҳмон - Элдор Суюнов (ФОТО+ВИДЕО)

Сайтимизда янги, орзиқиб кутилган "GOAL" лойиҳаси иш бошлади.

Ушбу лойиҳа орқали футболимиздаги машҳур футболчи ва мураббийлар билан дилдан жонли суҳбат қурамиз. Шунингдек, лойиҳа сўнггида меҳмонларимизни бошқа спорт тури ёки бошқа соҳада ҳам синаб курамиз.

"GOAL" лойиҳасининг илк меҳмони Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда "Насаф" футбол клуби дарвозабони Элдор Суюнов бўлди.

Қаҳрамонимиз Элдор Суюнов ҳақида қисқача маълумот:
Туғилган йили:
1991.04.12.
Ўйнаган жамоалари: "Насаф"
Эришган ютуқлари: ОФК Кубоги соҳиби (2011), Ўзбекистон чемпионати бронза медали соҳиби (2013, 2014)
Севимли жамоалари: "Насаф", "Ливерпуль", "Реал"
Ёқтирган футболчилари: Чех, Нойер.

Қаҳрамонимиз Элдор Суюнов билан аввалига "Palov-Somsa.uz" чойхонасида суҳбат қурдик.



- Салом, Элдор. "GOAL" лойиҳасига хуш келибсиз.
- Таклифингиз учун раҳмат.

К.Қ.: - Ҳар бир спорт турида ҳаёт фалсафаси ётади. Футболда сиз бу фалсафани нималарда кўрасиз?
- Футбол – бу ҳаёт ўхшайди. Футболда ҳам ҳаёт сингари баланд-пастлик, кўтарилиш, пастга тушиш бўлади. Футболни ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ деб ўйлайман. Футболни ҳаётга ўз ўрнингизни топишингизда ҳам ўрни катта деб ўйлайман.

Ш.Б.: - Сизга Олий лигада биринчи голни урган футболчини эслай оласизми?
- Ҳа, биламан. “Бухоро” билан ўйинда Воҳид Шодиев боши билан гол урганди. Ўша баҳсда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз.

К.Қ.: - Элдор ака, сизни кулдириш осонми ёки хафа қилиш?
- Кулдириш осон. Хафа бўлишим қийин. Табиатдан ўзим ҳазилкаш боламан. Унча-мунчага хафа бўлмайман.

Ш.Б: - Кўрган голларингиз ичида энг чиройли гол деб қайсини айта оласиз?
- Яқинда Испания кубоги финалида Мессининг “Атлетик” дарвозасига киритган гол кўрган голларим ичидаги энг чиройлиси бўлди.

К.Қ.: -Ўзингизни уч сўз билан таърифланг...
- Ҳазилкаш, ёлғонни ёқтирмайдиган, самимий инсонман.

Ш.Б: - Дарвозабон асосан голларни бартараф этади. Элдор Суюнов ҳам қачондир гол уришни истайдими?
- Йўқ, мени ишим дарвозамни қўриқлаш. Барча ўз ишини қилгани маъқул.

К.Қ.: - Инсон меҳнатига яраша дам олиш соатларини ҳам тўғри ташкил этиши керак. Сиз бўш вақтларингизда кўпроқ нималар билан машғул бўласиз?
- Бўш вақтларимда кўпроқ плейстешин ўйнайман, китоб ўқиб тураман. Шунингдек, интернетга кириб, футбол хабарлари ва дунёда бўлаётган бошқа янгиликларни ўқиб тураман.

Ш.Б: - Сиз мухлис сифатида ҳозирги Олий лига ўйинларини кўриш учун стадионга тушган бўлармидингиз?

- Агарда кучсиз жамоанинг уйига кучли жамоа келса, ўйин қизиқ бўлади.  Ўшанда тушган бўлардим.  Кейин чемпионатимизнинг энг кучли тўрттала жамоаси ўзаро ўйнаганида стадионга тушган бўлардим.  Қаршилик мухлис сифатида қарайдиган бўлсак, “Насаф”нинг барча учрашувларига ташриф буюрардим.

К.Қ.: - Элдор Суюнов ўзини 15 йилдан кейин қандай тасаввур қилади?
- Футбол ичида. Айнан ким бўлиб ишлашимни билмадим ҳали. Аммо кейинчалик ҳам футбол ичида фаолият юритишни истайман.

Ш.Б: - Дарвозабон сифатида айтингчи, сиз учун қайси вазиятда тўпни қайтариш мушкул: Пенальти ёки бош билан бериладиган зарба?
- Пенальти. Менимча, пенальтидан  бериладиган зарбаларни қайтариш мушкулроқ. Чунки бу кўпроқ омадга боғлиқ.



К.Қ.: - Айтингчи, умр-йўлдош танлаганингизда унинг футболга бўлган қизиқишини инобатга олган бўлармидингиз?
- Йўқ. Футболга қизиқиши шарт эмас. Чунки мен ҳозирги клубимда ўйнагунимга қадар онам футболга қизиқмаганлар. “Насаф”га ўтганимдан кейин онам футбол кўрадиган бўлганлар. Унгача футбол кўрмаганлар.

Ш.Б: - Фаолиятингиз давомида ким сизга энг чиройли голни урган деб ҳисоблайсиз?
- 2011 йилда,  ёшлар лигаси баҳсида “Навбаҳор”га қарши ўйинда чиройли гол ўтказиб юборганман. Ким урганини эслолмайман, аммо жуда чиройли гол бўлганди.

К.Қ.: - Кийинишда кўпроқ қайси услубга мурожаат қиласиз?
- Кўпроқ классик услубда кийинаман. Кўпро костюм ва пиджак кийишни ёқтираман.

Ш.Б: - Дейлик шундай вазият юз берди. Футболчи сизнинг дарвозангизга гол урди. Лекин ҳакам негадир голни қоида бузилганидан сўнг урилди деб ҳисоблади. Ваҳоланки ушбу вазиятни сиз кўргандингиз ва у ерда қоида бузилмаган. Шунда ҳакамга гол ҳаққоний киритилди деб айтишга ботина олармидингиз?
- Ҳозир ҳа айта оламан деб гапиришим ҳам мумкин. Лекин мен жамоам манфаати учун бундай қилмаган бўлардим.

К.Қ.: - Мусиқа тинглашни ёқтиришингизни биламиз. Караокеда мусиқа куйлаб кўрганмисиз?
- Караокеда куйламаганман. Ғулом-Ҳайдар Ғуломовда бундай қобилият бор.

Ш.Б: - Дўстларингиз, оила аъзоларингиз сизни жаҳли жуда тез чиқади дейишди. Бу қанчалик рост?
- Жаҳлим тез чиқмайди. Лекин жаҳлим чиқиб турган пайтда, ким нима деса ҳам менга ортиқчадек туюлаверади. Шуниси ёмон.

К.Қ.: - “Championat.asia” сайтида нималар сизга кўпроқ ёқади  ёки қандай ўзгаришлар бўлишини истаган бўлардингиз?
- Сайтнинг энг ёққан тарафи - Ўзбекистон чемпионатини ёритиб бориши. Ўзгариш? Билмадим, ҳамма мутахассислар шу сайтда ишлашмоқда, бу борада ўзлари билишади.



Ш.Б: - Мактаб давридаги севгингизни ёдга олиб турасизми? Умуман биринчи муҳаббатингизни қандай эслайсиз?
- Биринчи муҳаббат мактабда эмас, боғчада бўлган.  

Ш.Б: -Синфдошингиздан аниқлашимизча, мактаб даврида Маҳлиё деган қизга маҳлиё бўлиб қолган экансиз. Аммо  кейинчалик у қиз Тошкентга кўчиб кетган ва шу ерда севги қиссаларингиз тугаган, шундайми?

- Ҳа, тўғри. Маҳлиё деган қиз ёқарди. Лекин у шунаки ёқтириш бўлган. Тўғри, Тошкентга кўчиб кетгандан  сўнг алоқалар  узилган.

Ш.Б: - Ҳозир ҳам ўша муҳаббатингизни эслаб турасизми?
-  Эслаб тураман. Лекин  ҳозир кўрсам танимасам керак.

К.Қ.: - Элдор Суюнов бўлиб танилганингиздан кейин сизга қизлар телефон қилиб, севги изҳор қилганми?
- Севги изҳор? Бу даражада бўлмаганку.  Аммо телефон қилишган. Севган қизингиз борми деб телефон  қилган  қизлар бўлган.

Ш.Б: - Фарғоналик мухлислар нега Элдор Суюновдан ранжишган. Ушбу ҳолатга ойдинлик кирита оласизми?
- Фарғоналик мухлисларнинг ранжигани бор гап. Бу мандан ўтган. Ўзимнинг ножуя ҳаракатим туфайли  уларни ранжитиб қўйганман. Шу муносабат  билан  улардан  узр сўрайман.  Ўйинга киришиб, азартга кириб кетганимданми, голни  чуқурроқ нишонлаб  юборганман. Шунинг учун улардан узр сўрайман.



К.Қ.: - Биламизки, ҳозиргача сизнинг ўз автомашинангиз йўқ. Сиз манзилдан-манзилга етиб олиш учун  оммавий транспорт воситасидан фойдаланасиз. Бу сизга ноқулайликлар туғдирмайдими?
- Йўқ.  Қарши шаҳрида асосан таксида юраман. Одамлар менга ҳеч нарса дейишмайдию. Аммо уйдагиларимга, Элдор Суюнов таксида юрибди, машинаси йўқ экан деб гапиришади. Машина ҳайдашни билмайман. Ҳозирча бунга қизиқиш йўқ. Аммо бу борада ўқиб-ўрганиш режада бор.
 
К.Қ.: - Бирор бир катта нарса хариди учун пул жамғара оласизми?
- Пулни ўзим жамғара олмайман. Лекин уйдагиларга бериб жамғаришим мумкин.

Ш.Б: - Матбуотни фаол кузатиб бораман дедингиз. Сиз учун энг кучли футбол журналистлари кимлар, санаб бера оласизми?
- Бахтиёр Ширинов, Бобомурод Абдулла ва Нодирхўжа Юлдашев.

К.Қ: - Зарарлигини билсангиз ҳам, барибир истеъмол қиладиган нарсангиз нима?

- Кока-Кола ичимлиги.

Ш.Б: - Спиртли ичимликлар ичиб турасизми? Дўстлар даврасида ўтирганда ҳам "ол, ич" каби мажбурлашлар учраб турадику...
- Йўқ. Синфдошларим билан ўтирганимда, бошқа бир киши келиб ич деса ҳам, мендан аввал улар бу ичмайди деб қайтаришади. Ўртоқларимнинг кўпчилиги яхши ва улар мени ичмаслигимни билишади.

К.Қ: - Саёҳат қилишга имкон туғилганда қайси давлатга боришни истаган бўлардингиз?
- Австралия. Бу ўлканинг табиати менга ёқади.

Ш.Б: - Дарвозабонларнинг машғулот жараёни қизиқарли кечади. Сиз учун энг ноодатий ўтган машғулотни айтиб беринг...

- "Насаф"да Денис Иванков бу борада ишлайди. Иванковнинг барча машғулотлари ноодатий ўтади ва ҳеч бири қайтарилмайди. Машғулотлар ҳар доим бошқача ва қизиқарли бўлади.



К.Қ: - Ўзбек спортчиларидан кимларни танийсиз?
- Ҳаммасини биламан. Масалан Абдулла Тангриев, Артур Таймазов, Руслан Чагаев, Оксана Чусовитина, Ирода Тўлаганова, Нигина Абдураимова.

Ш.Б: - Биринчи маошингиз қанча бўлган ва уни нимага сарф этгансиз?
- Илк маошим 20 минг сўм бўлган. Йўл кирам эса 30 минг сўмни ташкил этган. Ўшанда иккаласини қўшиб, эллик минг сўм қилиб уйдагиларга обориб берганман.

К.Қ: - Айтайлик, бозорга бориб, кўп нарса сотиб олдингиз. Уйга қайтишга эса пулингиз қолмади. Шунда нима қилган бўлардингиз: Автобус, маршрутка ёки таксида "қуённи расмини чизасиз", пиёда қайтасиз ёки нотаниш бирорта инсондан қарз сўрайсиз...
- Пиёда қайтаман. Кўп пиёда юраман ва бунга ўрганганман.

Ш.Б: - Футбол кескин курашларга бой ўйин. Учрашув давомида ҳиссиётлар, эҳтирослар жунбушга келиши табиий. Ёдингизда қолган жанжалли ўйин қайси?
- "Пахтакор" билан Қаршида бўлган ўйин. Ўшанда ҳисоб 1:1 бўлганди.

К.Қ:- Хотирангиз яхшими? Сизга ҳозир 12 та икки хонали сонларни кўрсатамиз ва 10 сония вақт берамиз. Нечтасини эслаб қолишингизни эса кўрамиз...
- Жавоб: Кўрсатилган 12та сондан Элдор Суюнов 8тасини тўғри айтди.

Ш.Б: - Синфдошингиз сизни "с" ҳарфини айтишга қийналади деди. Ҳозир ҳам ушбу ҳарфни айтишда муаммога дуч келасизми?
- Ёшлик пайтимда устимдан кулишган. Ростан ҳам с ҳарфини айтолмаганман. Ҳозир ҳеч ким устимдан кулмайди. Тўғри айта оламанки-йўқми билмадим.

К.Қ: - Ўзига тўқ одам арзон нарса сотиб олса, сиз уни нима деб ўйлайсиз? Тежамкор, зиқна ёки камтар?
- Менимча, тежамкор. Лекин ўзига тўқ одам ҳақиқатдан арзон нарса сотиб олса ҳам, одамлар ишонмайди ва уни қимматлигини айтишади. Мисол учун бой одам оддий соат тақса ҳам, бу оригинал, қиммат соат деб ўйлашади. Ҳеч ким ишонмайди.

Ш.Б: - "Локомотив" сизни жуда катта пуллар эвазига ўз сафига чорлаганида нега "темирйўлчи"га айланмагансиз? Нима тўсқинлиқ қилган?
- "Насаф"ни мухлиси бўлганим учун, бу жамоада ўйнаб терма жамоага таклиф этилганим учун ўзимни қарздордек ҳис этганман ва ўшанда жамоадан кетмаганман.

К.Қ: - "Instagram" тармоғи орқали сиз асосан қўшиқчи Лоланинг расмларига "лайк" босасиз ва уни саҳифаси беэътибор қолдирмайсиз. У сизга аёл сифатида ёқадими?
- Ёқади. Чунки у чиройли, яхши қўшиқчи. Умуман унинг ижоди менга маъқул келади. Лекин мен уни яхши кўраман дея олмайман.
 


Ш.Б: - Ўзбек футболидаги энг катта учта камчиликни санаб беринг?
- Биринчи камчилик бу стадионга мухлислар кирмаслиги. Ҳар қандай учрашувда мухлислар стадионни тўлдиришса, ўйин умуман бошқача ўтади. Кейин яхши легионерлар кам. Агарда юқори савиядаги легионерлар кўпайса, шунда чемпионатимиз ҳам ўсган бўларди. Учинчи камчилик бу - келишилган ўйинлар. Бу йилдан ушбу ўйинларга қарши кураш бошланди. Агарда шу нарсани бутунлай йўқ қила олишса, шунда чемпионат ўз-ўзидан кучаяди ва бу нарса терма жамоа фойдасига ҳам ишлайди. Умуман камчиликлар кўп. Шу камчиликларни бартараф этишса, жуда зўр иш бўларди.

К.Қ: - "Goal" лойиҳасига таклиф этганимизда, қандай саволлар ва шартларни кутган эдингиз?
- "Goal" лойиҳасига таклиф этилганимда, оддий интревью бўлади деб ўйлагандим. Қолган нарсалар ҳаёлимга келмаганди.

К.Қ: -  Режиссёр бўлганизда қандай жанрда кино олган бўлардингиз?
- Режиссёр бўлагнимда, биринчи навбатда Амир Темур ҳақида кино олган бўлардим. Туркияда Султан Сулейман ҳақида кино олинган. Ёки бошқа бир тарихий шахслар ҳақида кинолар олинган. Аммо Амир Темур ҳақида катта кино олинмаган.

К.Қ: - Бахт сиз учун?
- Бахт мен учун яқинларим соғлиғи, яқинларимга қўлимдан келган ёрдамни бериш, уларни яхши яшашлари учун кўмаклашиш мен учун бахт. Улар яхши яшашса мен учун бу бахт.

Ш.Б: - Дарвозабон сифатидаги энг катта камчилигиз қайси?
- Тезлигим паст. Бўйим узун бўлгани сабаб ҳаракатланиш тезлигим пастроқ.

- Мароқли суҳбатингиз учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизда ўлкан зафарлар ва омад ёр бўлиши тилаб қоламиз.

Элдор Суюнов билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг ижодий гуруҳимиз ва қаҳрамонимиз билан "Локомотив" истироҳат боғига йўл олдик. Қаҳрамонимиз учун кутилмаган сюрприз айнан лойиҳанинг сўнгги қисмида бўлди. У ерда Элдор Суюновни футболдан бошқа спорт турида синаб кўришга қарор қилдик. "Насаф" дарвозабони алпенизм деворига чиқишга уриниб кўрди. Айтиш жоизки, Элдор чиқиш учун ноқулай бўлган оёқ кийимда келганига қарамасдан, 8 метр масофа тепаликкача чиқишга эришди. Бу билан Элдор ўз олдига қўйган вазифа ва мақсад сари интилишда тўхтамаслигини исботлади.



Сўз сўнггида Элдор Суюнов ўзбек футболи мухлисларига дилидаги гапларни айтиб ўтди: "Ўзбекистон терма жамоаси билан Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати чиптасини қўлга киритишга ва бу йўлда сизларни хурсанд этишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз", - деди Элдор Суюнов.

Қолганини, яъни энг қизиқарли воқеа ва жонли суҳбатни энди "GOAL" лойиҳасининг видеоси орқали томоша қилишинигиз мумкин. Ҳамма қизиқарли воқеалар, қизғин суҳбат ва Элдор Суюновнинг алпенизм деворига қандай чиққани қуйидаги видеода жамланган.

Элдор Суюновнинг ёшлигидаги суратлар





Қаҳрамонимиз ҳақида ким нима дейди?

Элдор Суюновнинг дўсти:
"Элдор билан бир синфда ўқиганмиз. Ёшликдан қалин дўстмиз. Дўстим ҳақида гапирадиган бўлсам, у жуда камтар, яхши бола. Унинг биргина камчилиги, бу  жаҳли тез чиқишида. Мен Элдорни жуда яхши биламан. Элдор футболчи сифатида танилгандан кейин ҳам умуман ўзгармаган. Аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандайлигича қолган. Менга ёқадиган жиҳати? Элдор пулга қаттиқ эмас, очиқ-кўнгил йигит. Элдор футбол оламига кирганидан сўнг унинг дунёқараши анча кенгайди ва ҳар томонлама ўсишга эришди", - дейди қаҳрамонимизнинг синфдоши Сарвар Усмонов.

"Акам мен учун ҳақиқий намуна. Улардан кўп нарсани ўрганишга, уларга ўхшашликка ҳаракат қиламан. Элдор акам менга кўп насиҳат ва танбеҳ бериб турадилар. Уларнинг бирдан-бир камчиликлари деб жаҳллари тез чиқишини айтишим мумкин. Акам жуда меҳрибон, самимий инсон", - дея акаси Элдор Суюнов ҳақида фикр билдирди Азиз Суюнов.

Элдор Суюновнинг отаси Олим ака ўғли ҳақида шундай дейди: "Элдор ёшлигидан футболга жуда қизиққан. Мактабда ҳам 4-5 баҳога ўқирди. Ўғлим билан фахрланаман дея оламан. Ҳар бир ўйиндан сўнг иккимиз унинг ўйинини ўтириб таҳлил қиламиз ва мен қаерда камчилик ва хатога йўл қўйганларини айтаман. Унинг ўйинларига мен эмас, мухлислар баҳо беришгани маъқул. Ота сифатида ўғлимни фақат мақтавормай. Яхшиси ҳақиқий баҳони мухлислар беришсин. Элдор жуда яхши, одобли, камтар, босиқ, самимий йигит. Оилада ҳам ўз ўрнига эга, яхши фарзанд. Биргина камчилиги бу жаҳли бурнини учида туришида. Орзуим? Элдор имкон қадар тезроқ бошқа кучлироқ чемпионатга йўл олишини истардим. Туркия ёки Бельгия сингари чемпионатда бўлса ҳам кетса хурсанд бўлардим. Бу унинг учун катта тажриба бўларди".

  Элдор Суюнов "GOAL" лойиҳасига эсдалик учун ўз либосини совға қилди


Кўрсатувнинг ВИДЕО варианти


Лойиҳа муаллифлари: Шаҳбоз Беғамов ва Камола Қурбонова
Ижодий гуруҳ: Толибжон Қосимов ва Зоир Турсунбоев

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика