"Футболчилар кўп йиллик шартнома имзолашга қўрқишмоқда". Баҳром Ҳайдаров билан суҳбат
10 jun 2021 18:06
News
"Футболчилар кўп йиллик шартнома имзолашга қўрқишмоқда". Баҳром Ҳайдаров билан суҳбат
Жамоа аъзолари пойтахтимиздаги "НБУ-Осиё" стадионида тикланиш машқларини олиб боришмоқда. Бу йилдан эътиборан кўпроқ маҳаллий футболчиларга эътибор қаратаётган клубнинг Суперлигадаги натижалари барқарор эмас. Турнир жадвалининг сўнги поғоналарида кетаётгани мухлисларни хавотирга солаётгани турган гап. Биз бу борада жамоа мураббийи Баҳром Ҳайдаровни суҳбатга чорладик.
- "Сурхон"нинг маҳаллий ёшларга эътибор қаратаётгани таҳсинга лойиқ. Лекин фақат маҳаллий футболчилар билан Суперлигада барқарор иштирок этиш қийин. Буни натижалар ҳам айтиб турибди...
- Клубни сиёсати секин-аста шунга қараб кетяпти. Лекин айнан маҳаллий футболчиларнинг ўзи билан жамоа шакллантириш қийин. Биласиз, бу йилдан таркибимиз янгитдан тузилди. Қишда кўп футболчилар жамоани тарк этишди. Ҳозирда таркибимизда бошқа жамоалардан таклиф қилинган ўйинчилар ҳам бор. Энг катта вазифаларимиздан бири аҳли жамоа ташкил қилиш эди. Ҳозирги кундан бир оила сифатида барча-бирини қўллаб-қувватламоқда. Натижаларга келсак, учрашувларга яхши тайёргарлик кўрилмоқда. Бироқ қайсидир учрашувларда маҳорат ва тажриба етишмаяпти. Про лигада тўп тепган, Суперлигада эса кам имконият берилганларга ўйин амалиёти бермоқдамиз. Ўйиндан ўйинга ҳаракатларига қўшиб боришяпти. Бу юзага чиқмоқда. Ўртоқлик ўйинларида, кубок баҳсларида, Суперлигадаги учрашувларда ўйинимиз сифати ошиб бораётгани сезилди. Ишлашдан тўхтамаймиз, олдинга интилишда давом этамиз.
- Аксарият клубларда тизим бўлмаганлиги учун ёки шартномалар муддати бир йиллик эканлиги боис ҳар мавсум жамоа янгиланади.11та футболчи келади, 11та футболчи кетади. Сизнинг мазкур ҳолатга муносабатингиз қандай?
- Молиявий томондан яхши клубларимиз, дейлик "Пахтакор", АГМК, "Сўғдиёна" футболчи билан 2-3 йиллик шартнома тузишади. Масалан Жиззах жамоасини олсак, бежиз улар яхши натижа кўрсатаётгани йўқ. Таркибни ўзагини сақлаб қолаётгани ҳисобига чемпионатда барқарор иштирок этиб келмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шундай. Сурхондарёлик футболчилардан жамоа тузишимизни сабаби, аксарият ҳолатларда озроқ пул бўлса ҳам ўзининг вилояти жамоасида ўйнагиси келади. Шуни ўйлаган ҳолда кўпроқ маҳаллий футболчиларга эътибор қаратмоқдамиз. Мана жорий йилдан бир йиллик эмас, узоғи билан 2-3 йиллик шартномалар тузиш бошланди. ПФЛда ҳам кўп бор айтилди. Бироқ ҳали ҳамма жамоаларимиз бунга тайёр эмас. Секинлик билан бунга эришиляпти. 7-8та клубимизда бундай имконият бор. Бошқа томондан футболчилар узоқ йиллик шартнома тузишга қўрқмоқда. Ишончсизлик кўп рол ўйнаяпти. Клубда ким бош мураббий ёки раҳбар бўлишидан қатъий назар таркиб ўзаги сақланиб қолинса, кейинги йилга бу ўз самарасини беради. Жамоамиз Суперлигадаги энг ёш жамоалардан бири ҳисобланади.
- Рифат Акрамхўжаев бош мураббий сифатида жамоани учрашувларда бошлаб тушаётганди. Бироқ сўнгги турларда матбуот анжуманларида сиз иштирок этмоқдасиз. Рифат Акрамхўжаевни кўраётганимиз йўқ...
- Бундай ҳолат ҳар бир мураббийнинг бошида бор. Тўғри бунга қадар Рифат Акрамхўжаевга ёрдам бериб келаётгандим. Айрим сабабларга кўра натижаларимиз қониқарсиз кўриниш олди. Кейин оилавий муаммолари пайдо бўлди. Рифат Акрамхўжаев ҳали ҳам жамоада, расман бош мураббий. Фақат бироз руҳий жиҳатдан дам олгиси келди. Айни пайтда Рустам ака Арипов ва мен бошқариб турибмиз. Барибир жамоани кимдир бошқариши керак-ку.
- "Сурхон" жорий мавсум Суперлигада жон сақлаш учун курашадими?
- Ҳозирги ҳолатимиз шундай таассурот қолдираётган бўлиши мумкин. Лекин аввал ҳам айтганимдек ўйиндан-ўйинга ўсиб бормоқдамиз. Иккинчи даврада айрим чизиқларни кучайтирамиз. Футболчилар билан гаплашмоқдамиз. Бу "Сурхон"ни ўрни эмас. Камида 7-8 ўринларни кўзлаганмиз. Танаффусдан фойдаланиб жароҳатланган футболчилар тикланиб олишмоқда. Бугунги машғулотда бир кишидан ташқари барча соғ ҳолда қатнашди. Жисмоний ҳолатимизни яхшилаб олиш имкони бўлди. Биринчи давранинг сўнгги тўртта ўйини осон ўтмаслиги аниқ. Уйда чемпионат етакчиларини қабул қилсак, яна иккита баҳсни сафарда ўтказамиз. Биз учун мана шу ўйинлар финал ҳисобланади. Сўнгги бир нечта беллашувдаги омадсизликлар сабаб турнир жадвалида пастга шўнғидик. Эътибор берсангиз, биздан тепада жойлашган жамоалар билан очколаримиз ўртасида фарқ катта эмас.
- Жамоанинг бугунги кундаги ҳолати сиз учун бегонамас. Ўз вақтида "Нефтчи"да ҳам шундай вазиятда фаолият олиб борган эдингиз...
- Тўғри. "Нефтчи" охирги ўринларда юрганида жамоа ўзимга қолиб кетган. Кўпроқ ёшларга эътибор қаратганмиз. Ўринбосарлар жамоасида шуғуллантирган футболчиларимдан бир нечтаси асосий таркибга жалб қилинган. Юта оламизми ёки йўқми, деб ўйламасдан, ўйинларга жанговар руҳда тайёргарлик кўришимиз лозим. Мен ҳозир ҳеч нарсадан қўрқаётганим йўқ. Қайсидир маънода тажрибамга ишонаман. Йигитлар молиявий томондан вазият қандай бўлишидан қатъий назар иштиёқ билан майдонга чиқиб борларини беришмоқда. Барчамиз жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйишимиз керак. Маблағ ва пул ўзи келади.
- Футболчилик фаолиятингиз давомида "Насаф", "Нефтчи" каби жамоаларда узоқ вақт тўп тепгансиз. Ўша вақтда футболчиларда содиқлик, фидойилик асосий планга чиққан. Бугунги кунда футболчиларда мана шу ҳислатлар қай даражада?
- Беш қўл баробар эмас. Ҳамма ҳар хил. Битта бизда эмас, кўп жамоаларда менталитет ўзгарган. Биз тўп тепган даврга нисбатан молиявий томондан яхши шароитлар яратиб берилмоқда. Шароитлар яратиб бериш шарт. Кимдир айтади, яхши шароит қилиб берилса эркаланиб кетади. Йўқ, у доим барча шароитларда шуғулланса, бошқа муаммолари бўлмаса, фақат футболни ўйласа ўз-ўзидан менталитети ўзгаради. Футболни яхши кўрадиган фидойи футболчилар ҳам бор. Молиявий жиҳатларни олиб ташласак футболни севиш керак. Футболни яхши кўрсангиз бўлди, қолганини уни ўзи бераверади. Эскиларни гапи бор: футболдан бирор нарса олиш учун, олдин сен нимадир беришинг керак. Футболчидан майдонга чиқиб бор кучи билан ўйнаш, худо берган маҳоратини ишга солиш, мураббийлардан тинмай ишлаш, ўйинчилар билан алоқ зўр бўлса жамоа юксалиб бораверади.
- Баҳром Ҳайдаров кеча ва бугун...
- "Нефтчи"да кўпроқ ўринбосарлар жамоасида ёшлар билан бирга ишлаганман. "Сурхон"да эса умуман бошқа футболчилар. Ўзгача номлар бор. Улар билан тил топишишни ўргандим. Тажрибали ва номдор ижрочиларга бошқача муносабат талаб қилинади. Ҳаммасининг характери турлича. Футболчини бошқариш қийин. Ҳамма нарсани биламан, деб айтмайман. Маҳоратли ижрочилар билан қанча кўп ишланса, мураббийнинг тажрибаси шунча ортиб боради.
- Нима учундир соф ҳақиқий ҳужумчилар кам чиқаётгандек. Масалан Элдор Шомуродов вингер сифатида ўзбекистонлик мухлисларга танилган...
- Катта футбол кундан-кунга ўзгармоқда. Чамаси 5 ёки 6 йил олдин кўпроқ пас билан ўйнаш услуби урфга айланди. Ундан олдин Месси, Роналдулар етишиб чиқаётганда ҳамма уларнинг ҳаракатларини, дриблингларини ўзлаштира бошлашди. Ҳамма вингерликка, ўйин ташкил қилишга қизиқиб кетиши натижасида ҳужумчилар камайиб кетди. Югуриб бориб гол урадиган соф ҳужумчи танқисга айланди. Ўзимизда бундайлар кўп эди, Жафар Ирисметов, Умид Исоқов, Зафар Холмуродов, Анвар Бердиев ва ҳоказо. Аҳамият бераётган бўлсангиз, яна ўша нарсалар қайтяпти. Вингерлардан кўпроқ югуриш талаб қилинмоқда.
- "Сурхон" мухлислари иккинчи даврада нимага умид қилишлари мумкин?
- Ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқиб ишонтириб айтаманки, иккинчи даврада турнир жадвали ўрталарига чиқамиз, деб ўйлайман. Ҳаракат шунга қараб кетяпти. Биринчи давранинг сўнгги тўртта ўйинида керакли очколарни жамғариб олсак, балки ортиқча футболчи олишга ҳожат қолмас.
- Термиздаги стадионнинг ёритиш тизими яхши бўлмаганлиги учун учрашувлар эрта бошланмоқда. Стадионда бу борада яқин орада ижобий томонга ўзгариш кўрамизми?
- Фақат бизда эмас, Қўқон, Муборак, Андижондаги стадионларда ҳам шундай муаммолар бор. Ҳозир ёритиш тизимини яхшилаш устида иш олиб бориляпти. "Philips" компанияси билан шартнома тузилиб тез орада талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилади. Стадионимизда қолган шароитлар бор.
- Бош жамоа Тошкентда истиқомат қилиб, ўйин кунлари Термизга боряпти. Бу футболчиларнинг жисмоний томондан толиқишга олиб келишни ҳисобга олсак, ноқулайликлар юзага келтирмаяптими?
- Бугунги кунда ушбу жараёнга ўзгартириш киритдик. Мисол учун ўйиндан бир кун олдин эмас, бир ҳафта қолганда Термизга боряпмиз. Гоҳида узоқ танаффуслар пайти Тошкентда шуғулланяпмиз. Яшаш жойимиз, майдонимиз бор. Барибир "Сурхон" Термизнинг бош жамоаси ҳисобланади.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Comments