"ФИФА Араб Кубоги жаҳон чемпионати олдидан катта тест ва репетиция бўляпти" - Алишер Никимбаев билан суҳбат
18 dec 2021 15:25
News
"ФИФА Араб Кубоги жаҳон чемпионати олдидан катта тест ва репетиция бўляпти" - Алишер Никимбаев билан суҳбат
Маълумки, ушбу мусобақада ташкилий қўмита аъзоси сифатида ҳамюртимиз Алишер Никимбаев ҳам фаолият юритмоқда. Мусобақа якуни арафасида Алишер Файзуллаевич билан боғланиб, бир қатор саволларга жавоб олдик.
- Шу пайтгача Араб Кубоги деб номланиб келган мусобақа бу йилдан ФИФА Араб Кубогига ўзгарди. Бунга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Араб Кубоги сўнгги бор қачон ўтказилганини ҳатто арабларнинг ўзи ҳам эслай олмаса керак (Араб Кубоги охирги марта 2012 йил Саудия Арабистонида ўтказилган бўлиб, Марокаш чемпион бўлганди. Орадан 9 йил ўтиб бу мусобақа қайта тикланди - Х.Х.)
Биласиз, келаси йил Қатарда навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Шу боис ФИФА жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган стадионлар, умуман ташкилотчиликни кўздан кечириб олиш мақсадида Араб Кубогини ўтказиб кўришни мақсад қилди ва мусобақага ФИФА номини берди. ФИФА Араб Кубогини ўтказиш жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тест-репетиция вазифасини бажаряпти.
Биринчидан, мусобақада 16та жамоа қатнашди, бу ҳам тест қилиш учун етарли. Иккинчидан, мусобақа орқали стадионлар, машғулот майдонлари ва меҳмонхоналар кўздан кечириляпти. Ҳаттоки ФИФА ходимлари истиқомат қиладиган жой ҳам алоҳида. Улар иккита катта бинони ижарага олиб, шу ерда яшашяпти.
Жаҳон чемпионати пайтида ФИФАдан янаям кўпчилик келишини ҳисобга олсак, балки улар учта турар жой, яъни олтита бинони ижарага олишлари мумкин. Яна нима деса бўлади? Ўйинлар сони ҳам етарли. Мусобақада кунига тўрттадан ўйин бўлди. Бу ҳам тест учун маъқул вариант. Ҳозирча фақат олтита стадиондан фойдаланилди, жаҳон чемпионати пайтида эса 8та стадионда ўйинлар ўтказилади. Шунингдек, мундиал пайтида ишчи-ходимлар ва волонтёрлар жуда кўпчиликни ташкил этади.
- ФИФА номининг қўшилиши мусобақага бўлган эътибор ошишига сабаб бўлдими?
- Мусобақага эътибор ошган, лекин Араб Кубогининг ФИФА кунларидан ташқарида бўлиб ўтаётгани баъзи терма жамоаларнинг тўлиқ таркиб билан кела олмаслигига сабаб бўлди. Масалан, Миср энг асосий етакчиси Муҳаммад Салоҳ хизматидан фойдалана олмаяпти. Шунингдек, Жазоир терма жамоасида Рияд Маҳрез йўқ. Европадан футболчилар келган, лекин улар ўз клубларининг асосий ўйинчилари эмас.
Масалан, Тунис терма жамоасининг 10-рақамли футболчиси Аннибал Межбри "Манчестер Юнайтед"да тўп тепади, аммо асосий таркиб футболчиси бўлмагани учун терма жамоага қўйиб юборилди. Шунга ўхшаш футболчилар кўп.
Албатта, ҳар қандай мусобақага ФИФА номи берилиши эътиборни оширади. Эсингизда бўлса, авваллари ҳар бир жаҳон чемпионати олдидан Конфедерациялар Кубоги ўтказиларди. Лекин бу йил турнир ўтказилмади, чунки коронавирус сабаб ўтказилган тақдирда ҳам Италия, Аргентина каби жамоалар кела олмасди.
Осиё Кубоги-2019 чемпиони сифатида Қатар қатнашарди, иккинчи ўринни эгаллаган Япония таклиф этилса, балки улар ҳам кела олмасди. Шу боис ФИФА араб давлатлари ўртасида Араб Кубогини ўтказишни лозим топди. Бу ўринда асосий мақсад, стадионларни текшириб олиш бўлди. Биринчи навбатда стадионларни тўлдириш кўзда тутилганди. Бунинг учун эса Араб Кубоги жуда қулай мусобақа ҳисобланади.
Қатарда Араб Кубогида қатнашган деярли барча давлат вакиллари доимий равишда истиқомат қилади. Масалан, бу ерда мисрликлар жуда кўп. Камида 300 минг мисрлик яшайди. Қатар давлатининг умумий аҳолиси 2 миллион 700 минг деб оладиган бўлсак, аҳолининг деярли 10 фоизини мисрликлар ташкил этади. Жазоир ва Марокашдан келиб истиқомат қилаётганлар ҳам жуда кўп. Шу сабаб ФИФА учун Араб Кубогини ўтказиб кўриш энг маъқул йўл бўлди. Бунинг натижасида мусобақага бўлган эътибор ортди. Салаҳ, Маҳрез каби юлдузлар келмаган бўлса-да, барибир миллий терма жамоалар келгани учун стадионлар тўлди.
- Бу сиз кузатаётган биринчи Араб Кубогими ёки олдин ҳам бошқа мусобақаларни кўрганмисиз?
- Ростини айтсам, мен бунгача ҳеч бир Араб Кубогини кўрмагандим. Бу мен учун ҳам биринчи мусобақа бўлди ва жуда яхши таассурот қолдиряпти. Икки йил олдин Кўрфаз Кубогини ўтказгандик, аммо буниси бутунлай бошқача бўлди.
- Мусобақанинг ташкилий жиҳатлари ва савияси ҳақида нима дея оласиз?
- Энди ташкилий ишларга келадиган бўлсак, ҳаммаси жаҳон чемпионати стандартлари бўйича ўтказиляпти. Бу ўринда ҳар бир кичик деталь ҳам эътиборга олинган. Меҳмонхоналар сони, машғулотлар майдони... Оддий мисол, қайси халқаро мусобақани кўрманг, жамоалар учун битта машғулот майдони берилади.
Лекин Қатарда бўладиган аҳон чемпионатида ҳар бир терма жамоага иккитадан майдон берилади. Араб Кубоги мусобақасида қатнашган 16та жамоа учун 32та майдон ажратилди. Келаси йил жаҳон чемпионатида 32 терма жамоа иштирок этса, демак 64та машғулот майдони тайёр бўлиши керак бўлади.
Терма жамоалар фақат ФИФА рухсат берган меҳмонхоналардагина истиқомат қилишлари мумкин. Ҳеч ким ўзича биз шу ерда турамиз дея олмайди. Масалан, "Халифа" стадиони ёнида "Торч" деган меҳмонхона бор. Бу беш юлдузли меҳмонхона, лекин жаҳон чемпионати пайтида меҳмонхона ҳеч кимга берилмайди. Бунинг сабаби, меҳмонхона шундоққина "Эспайр" академияси ёнида жойлашган бўлиб, сиз бемалол балконга чиқиб терма жамоалар машғулотини кўриш, ҳатто видеога ёзиб олишингиз мумкин.
"Эспайр" академияси майдонларида Араб Кубогида қатнашган иккита терма жамоа машғулот ўтказди, жаҳон чемпионати пайтида эса уч ёки тўрт жамоа шу ерда шуғулланади. Бу ерда шунингдек, мусобақа ташкилий қўмитасидан ташқари алоҳида марказ ташкил этилган бўлиб, катта хонада мониторлар ўрнатилган ва сиз монитор орқали нафақат стадион ичи, балки ўйингоҳ ташқарисини, йўл ҳаракати қоидалари, ҳатто автобусларнинг меҳмонхонадан чиқишигача кузатиб турасиз. Ким соат нечада чиқяпти, ким қайси йўл билан келяпти, йўлларда тирбандлик борми, ҳаммасини монитор орқали билиб турасиз. Кассада чипталар сотилаётгани, мухлислар стадионга қандай кириб чиқиши, хуллас ҳаммасидан бохабар бўлиб турасиз. Жуда катта марказ ташкил қилинган.
- Гуруҳ ўйинлари пайтида стадионларда камчилик мухлис эди. Лекин чорак финалдан бошлаб мухлислар сони ортиб кетди. Бу нима билан боғлиқ?
- Чунки Уммон, Баҳрайн, БАА, Мавритания каби давлатлар вакиллари Қатарда жуда кам. Келган туристлар ҳам жами 10-15 минг бўлиши мумкин. Бу эса етарли эмас. Биз жаҳон чемпионати пайтида камида 500 минг турист келишини режа қиляпмиз. Лекин кўп нарса барибир бир йилдан кейин коронавирус билан боғлиқ вазият қандай бўлади деган саволга бориб тақалади.
Араб Кубогида Уммон - Баҳрайн ўйинига борганимда ҳам камчилик мухлислар келди. Кейин эса савол туғилди: агар шу жамоалар жаҳон чемпионатига чиқиб қолса, унда нима бўларкин, мухлислар келармикин? Чорак финалга чиққан жамоалар орасида фақат БАА иштирокидаги баҳсга камчилик кирди. Бу турнирда ишлаб шуни кўрдимки, африкалик ва осиёлик ишқибозлар ўртасида фарқ жуда катта экан. Африкалик мухлислар ўз жамоаларини тинмай қўллаб-қувватлайди. Стадиондаги муҳит жуда чиройли кўриниш олади. Чорак финалдан ўрин олган Жазоир - Марокаш, ярим финалдаги Тунис - Миср учрашувларида мухлислар ажойиб муҳитни юзага келтришди. Ўзимни худди жаҳон чемпионатида юргандек ҳис қилдим.
- Чипталар нархи қандай бўляпти?
- Гуруҳ босқичи пайтида энг арзон чипта 13-14 доллар атрофида эди. Лекин плей-офф баҳсларидан бошлаб чипталар нархи ҳам ошиб борди. Масалан, ярим финал ўйинига кириш учун биринчи тоифа чипта 50 доллардан сотилди. Финал ўйини учун чиқарилган чипталар нархи билан ҳали танишганим йўқ, менимча бу ҳам қимматроқ бўлади. Албатта, жаҳон чемпионати пайтида чипталар янаям қиммат бўлади.
- Сизнингча, чемпионлик кимга насиб этади?
- Чемпион ё Тунис, ёки Жазоир бўлади. Иккаласиям яхши жамоа. Энди менинг тахминимча, Тунис чемпион бўлса керак. Чунки уларда жамоавий ўйин кучли.
- Қатар терма жамоаси финалга чиқа олмаганидан хафа бўлдингизми?
- Хафа бўлганим йўғ-у, лекин бир савол бор. Ҳакам 9 дақиқа қўшиб берди, бироқ ўйин 18 дақиқа давом этди. Нима учун деган савол бор фақат.
- ФИФА Араб Кубогининг трансляцияси қайси компанияга тегишли?
- Қатарнинг ўзида ўйинларни BeIN Sport кўрсатяпти. Қатардан четда эса бемалол ФИФАнинг Youtube канали орқали кўрса бўлади.
- Барибир камчиликлар ҳам кўзга ташланган бўлса керак?
- Камчиликлар йўқ эмас, бор. Масалан, чипта сотуви ва мухлисларнинг стадионга кириши билан боғлиқ баъзи муаммолар кузатилди. Шу боис ҳам жаҳон чемпионати олдидан бу турнирни ўтказиб тест қилиб олиш лозим эди. Ҳозир ҳаммамиз ўрганиш жараёнидамиз. Келаси йил жаҳон чемпионатига кўп жойдан ишқибозлар келади: Англиядан, Бразилиядан. Улар ўзларини қандай тутади, жанжал чиқармайдими, ташкилий қўмита ҳаммасига тайёр туриши керак. Жаҳон чемпионатига қадар яна бир йил бор, Худо хоҳласа, унгача кўп камчиликлар бартараф этилади.
Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.
Comments