Дмитрий Черишев: "Испания билан ўйин Ўзбекистон олимпия терма жамоаси фойдасига хизмат қилади. Икки йил олдин "Бунёдкор"га тайинланишим мумкин эди"
13 oct 2023 18:14
News
Дмитрий Черишев: "Испания билан ўйин Ўзбекистон олимпия терма жамоаси фойдасига хизмат қилади. Икки йил олдин "Бунёдкор"га тайинланишим мумкин эди"
Бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Испания U-21 билан ўйнайди. Ушбу ўйин олдидан Championat.Asia мухбири Николай Егоричев Россия ва Испания клубларида муваффақиятли ўйнаган собиқ таниқли футболчи Дмитрий Черишев билан суҳбатлашди. Черишев фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббий бўлди: у "Реал" академиясида ишлади, "Севилья"да Унаи Эмерининг ёрдамчиси бўлди, шунингдек бир қатор Россия клубларини ("Волга", "Мордовия", "Нижний Новгород") бошқарди. Дмитрий ҳозирда Андорранинг "Санта-Колома" клубида бош мураббий бўлиб ишламоқда.
- Биринчи савол, албатта Андорра ҳақида. Сиз маҳаллий "Санта-Колома" клубида ишлаяпсиз ва яқинда УЕФА Конференциялар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олишга яқин келдингиз. Қандай қилиб Андоррага бориб қолдингиз ва маҳаллий футбол ҳақида нималар дея оласиз?
- Клуб хўжайини СССРда туғилган ва муваффақиятли тарзда хоккей агенти бўлиб ишлаётган Дэн Мильштейндир. Унга испан тилини биладиган мураббий керак эди (Андоррада каталон, испан ва француз тиллари тарқалган - СА эслатмаси). Биз учрашдик, барчаси таҳлил қилдик ва ҳамкорлик бўйича келишдик.
Футболнинг Андоррадаги даражаси ҳақида бундай дея оламан: жамоамиз еврокубокнинг саралашида аввалига Уэльс клуби, сўнгра Черногорияникидан ўтди, бу эса кўп нарсадан далолат беради. Фақатгина сўнгги босқичда Нидерландиянинг АЗ клубига имкониятни бой бердик. Андоррадаги футбол даражаси дастлаб кўринганидек паст эмас. Ҳа, беш-олти йил олдин бу ер камроқ ривожланган, бу давлат эса умуман футбол мамлакати эмасди, аммо ҳозирда барчаси ёмон эмас. Йилдан-йилга даража секин-аста ўсмоқда ва кўплаб инвесторлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабдан кўплаб сараланган футболчилар юзага келди, чемпионатда рақобат ошмоқда – чемпионатда иштирок этадиган ўн клубдан олтитаси титул учун курашади.
- Сиз узоқ вақт давомида Испанияда яшагансиз ва ишлагансиз. U-21 терма жамоаси ҳақида нима дея оласиз?
- Катта эҳтимол билан, Испания ёшлар терма жамоасидаги бир неча ўйинчиларни биламан, аммо афсуски ўйин учун қайдномани кўрмадим ва номлар бўйича аниқ нарса айта олмайман. Аммо, аниқ айтишим мумкинки, жамоа жуда кучли ва у ерда аллақачон Ла Лигада ўз клублари сафида ўйнаётган йигитлар бўлса керак. Испания билан ўйин Ўзбекистон олимпия терма жамоаси фойдасига хизмат қилади - топ рақиб билан ўйнаш имконияти ва шунингдек уларнинг фонида ўз даражасини билиб олиш мумкин. Испанияда футболчилар деярли ҳар доим жуда тез, тўп билан ҳаракатланган ҳолда қарорларни тезлик билан чиқаришади. Бу уларни кўплаб бошқа мамлакат ўйинчиларидан ажратиб туради.
- Сизда Ўзбекистон билан қандайдир туташ келган пайтларингиз бўлганми? Балки ўзбекистонлик футболчилар билан битта жамоада ўйнагандирсиз ёки уларга қарши майдонда тўқнаш келгандирсиз?
- Ўйинчи сифатида Миржалол Қосимов билан тўқнаш келганман. Бир неча бор бир-биримизга қарши ўйнаганмиз, жуда кучли футболчи бўлган. Ажойиб чап оёқ ва у билан жарималарни моҳирлик билан ижро этарди! Билишимча, Қосимов фаолиятини якунлагандан сўнг яхши мураббий ҳам бўлди – унинг жамоалари деярли ҳар доим Ўзбекистон чемпионатида юқори ўринлар учун курашади ва тез-тез ОФК Чемпионлар лигасида ўйнайди.
Ҳозирги жамоамда Серхио Родригес ўйнайди, у бир йил атрофида "Сурхон"да ҳаракат қилган. У билан биргаликда ўзбек футболини кузатамиз дейиш мумкин (кулади). Баъзида YouTube орқали чемпионатингиздаги ўйинлар лавҳаларини кўраман ва тахминан турнир жадвалида нималар бўлаётганини биламан. Масалан, ўтган мавсум якунларига кўра олий дивизионга "Бухоро" ва "Турон" чиқишгани, аммо жорий йилда уларнинг ишлари унчалик яхши кетмаётганини биламан. Ёмон тарафдан жорий мавсум мени "Қизилқум" ҳайрон қолдирмоқда, улар ўтган йилда етарли даражада юқорида эдилар, ҳозир эса қуйи лигага тушиб кетиш ҳудудига яқин жойлашишган.
Икки йил олдин Ўзбекистонда эдим ва Янги йилга Тошкентга боргандим. Ўшанда "Бунёдкор"га тайинланишим бўйича вариант бўлганди. Бошқа клублар билан ҳам мулоқотлар бўлган, аммо ўхшамаганди. Шундай экан, менинг футболдаги ҳаётимда Ўзбекистон билан боғлиқликлар кўп бўлган!
Comments