Latest news

13:50Артета ўйин вақти 90 дақиқадан камроқ бўлиши керак деб ҳисобламоқда  0 13:08Сунесс: "МЮ - ҳақиқий PR фожеа"  0 12:54О'Ши Роналду ҳақида: "Венгер ва "Арсенал" уни хоҳлаганди, аммо МЮ "Спортинг" билан ўйинда у нимага қодирлигини кўрди"  4 12:29Бугун "Реал"нинг финалдаги рақиби номи маълум бўлади  5 11:54Трент: "Сити"ни фақат Рождествогача ютиш мумкин, кейин улар 5 ойлик мағлубиятсиз серияни кўрсатишади"  2 10:50Transfermarkt Мессининг нархини ҳам туширди  17 10:15Гвардиола «МЮ»га қарши ўйин олдидан: «Нима қилишни билмайман»  9 09:42«Нефтчи» футболчисига Қозоғистондан таклиф тушди  5 09:10Рамос собиқ жамоадошига шогирд бўлиши мумкин  4 08:36Sofascore. «Сивасспор» мағлуб бўлган баҳсда Турғунбоев неча баҳога лойиқ кўрилди?  0 08:16Эшитдик-да! «Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси» ким бўлиши маълум  40 08:02«Пахтакор» ва ОКМК қизиққан «Насаф» футболчиси «Навбаҳор»ни танлади  9 07:30Бугун ЎФАда Ўзбекистоннинг энг яхшилари аниқланади  8 01:50"Реал" собиқ футболчисини сотиб олиш учун курашдан чиқди  0 01:15Кучли бешлик лигаларининг энг кўп сэйв амалга ошираётган дарвозабонлари маълум қилинди  7

Дебютида четлатилган, АПЛ клублари назарига тушган, ҳакамга мушт туширгани учун ярим йил футболсиз қолган ҳамда маошини болаларга ҳадя қилган Суперлиганинг энг яхши хорижлик ўйинчиси билан яқиндан танишамиз News

Дебютида четлатилган, АПЛ клублари назарига тушган, ҳакамга мушт туширгани учун ярим йил футболсиз қолган ҳамда маошини болаларга ҳадя қилган Суперлиганинг энг яхши хорижлик ўйинчиси билан яқиндан танишамиз

Шунингдек, у Черногория чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилган, "Пахтакор" собиқ мураббийи қўл остида тўп тепган ҳамда терма жамоа мураббийисиз Европа чемпионати саралаш босқичида майдонга тушган. Қолаверса, жамоасининг самолётда алкоголь истеъмол қилишгани ва унинг қайси футболчи мухлиси эканлигини ҳамда бир ўйинда ҳам рақиб, ҳам ўз дарвозасига тўп киритгани ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Владимир Йовович 1994 йилнинг 26 октябрида Черногориянинг Никшич шаҳрида туғилган. Фаолиятини маҳаллий "Сутьеска" жамоасида бошлади. У клубнинг 17 ёшгача бўлган жамоасида қатнаша бошлади ва 2009/10 йилги ёшлар лигасида 8 та гол урди. Кейинги йил 22 ўйинда 9 маротаба рақиблари дарвозасини ишғол қилди. 

Йововичнинг "Сутьеска" асосий жамоасидаги дебюти 2012 йил 11 апрелда "Будучност" жамоасига қарши ўтди. Ўшанда Йовович учрашувни асосий таркибда бошлаб, 39-дақиқада майдондан четлатилди. Биринчи бўлимда озчилик бўлиб қолган жамоаси эса 0:3 ҳисобида ютқазди. 

Владимир илк голини 17 ноябрда "Единство" дарвозасига жойлаб қўйди. Шунга қарамай, 2012/13 йилги мавсумда ёш футболчи "Сутьеска" билан мамлакат 1-лигаси (юқори дивизион)да чемпионликни қўлга киритди.

Аста-секин ёш Йовович нафақат жамоага мослашиб борди, балки кўзга кўринарли футболчига айланди. 2014 йил у Черногория чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилди. 2015 йил унга Англиянинг бир қанча клублари, хусусан, "Астон Вилла", "Кристал Пэлас", "Куинз Парк Рейнджерс" клублари қизиқиш билдирган. Бироқ бу қизиқишлар қизишқон футболчининг жанжали туфайли барбод бўлди.

2015 йилнинг март ойида яна "Будучност"га қарши баҳсда Йовович рақиб ўйинчиси Милош Нововичга нисбатан қўпол ўйнагани учун ҳакам унга қизил карточка кўрсатди. Кейинчалик у ҳакамнинг иягига мушт туширгани учун Черногория футбол раҳбарияти томонидан 6 ойга футболдан четлатилди. Кейинчалик Йовович бу иши учун рақиб футболчиси ва ҳакамдан узр сўради.


Мен жанжалкаш эмасман. Лекин ўшанда нимадир мени йўлдан урди. Дерби мақомидаги ўйинларда асабийлашиш табиий ҳолга айланади. Ўша кунни эслашни ҳам хоҳламайман. Бундан ўзим учун сабоқ олдим.

Йововичнинг "Сутьеска" билан шартномаси 2014/15 йилги мавсум охирида якунига етган. Сўнгра дисквалификацияси якунлангач, "Црвена Звезда" таркибига бориб қўшилди. Бироқ бу клуб сафида тўп тепиш деярли насиб этмаган, чунки ижарама-ижара юрди.

2017 йил "Црвена Звезда"ни тарк этган Йовович 1 августда Чехия Биринчи лигаси жамоаси "Яблонец" клуби билан бир йилга узайтириш имконияти билан бир йиллик шартнома имзолади.

Ўша йилнинг 20 августида "Дукла Прага" жамоасига қарши ўйинда (2:2) янги клубида дебют қилган ҳужумкор ярим ҳимоячи ўзининг дастлабки голини 17 сентябрда "Височина Жилава" жамоасига қарши ўйинда (5:0) урди.

"Яблонец" сафида 2019 йил "Сигма"га қарши ўйин Йовович учун унутилмас учрашувлардан бири бўлиб қолган. 2:2 ҳисобида якунланган беллашувнинг 19-дақиқасида ярим ҳимоячи жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса, 31-дақиқада ўз дарвозасига тўп киритиб қўйиб, мувозанатни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда эса жамоадошининг рақиб дарвозасини ишғол қилишида ассист амалга оширди.

2022 йил Йовович хориж клублари билан келишувлар амалга ошмагач, ўзи туғилиб ўсган ва ўйнаган "Сутьеска" жамоасига ўтди ва бир мавсум ўтказгач, яна "Яблонец"га қайтди. "Сутьеска" келгач, Черногория чемпионатининг энг қиммат футболчисига айланди, ўшанда унинг трансфер қиймати 600 минг еврога баҳоланган.

Владимирнинг унга қадрдон "Сутьеска" билан мавсум якунига қадар мўлжалланган шартномасида маошининг бир қисмини болалар мактабига хайрия қилиш белгиланган. Шунингдек, у ҳеч қандай мукофот олмаслик, келгусида Черногория миллий терма жамоасига чақирилган тақдирда, клуб томонидан бериладиган қўшимча пулни қабул қилмасликни маъқул топди.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи "Яблонец" таркибида Чехия чемпионатидаги 6 мавсум давомида жами 18 та гол урди ва 30 та голли узатмани амалга оширди. Мавсумнинг биринчи қисмида эса у лигада атиги тўрт марта асосий таркибда майдонга тушди.

2024 йил 9 январда клубни тарк этган Йовович Ўзбекистоннинг "Сўғдиёна" клуби билан бир йиллик шартнома имзолади. Унинг Жиззах клубига келишида черногориялик бош мураббийи Иван Бошковичнинг ҳиссаси катта эди.

Иван Бошкович менга қўнғироқ қилди ва клуб менинг хизматларимга қизиқаётгани ҳақида айтиб ўтди. Мен барчаси "Яблонец"нинг қўйиб юборишига боғлиқ эканлигини айтдим. Шундан сўнг жамоам президенти жаноб Пелта билан гаплашдим. "Яблонец" Ўзбекистон клуби билан келишиб олишимга имкон берди, балки бунга охирги ярим йилда кўп ўйин амалиётига эга бўлмаганим сабаб бўлгандир.

Мен илгари Ўзбекистонда бўлмаганман, бироқ бу лигада Сербия ва Черногориядан кўплаб футболчилар тўп тепишидан бохабар эдим. Улар орасида дўстларим ҳам бор эди. Ўзбекистон мен учун янги саргузашт эди.

Мавсум давомида у жамоа етакчиларидан бирига айланди. Шу жумладан, "Навбаҳор"га қарши ўйинда хет-трик қайд этиб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.


Чехия чемпионати мен тўп тепган лигалар ичида энг кучлиси ҳисобаланади, у ерда дербилар кўп. Ўзбекистонда ҳам лига яхши ташкил этилган, стандионлар ҳам яхши. "Сўғдиёна" базасида мен учун ҳамма нарса муҳайё — спорт зали, бассейн, яшаш жойи ва бошқа нарсалар.

Йил сўнгида эса черногориялик ярим ҳимоячи Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлиганинг рамзий жамоасига киритилди ҳамда чемпионатнинг энг яхши хорижлик футболчиси деб топилди.

Мавсум якунлангач, Йовович Фарғонанинг "Нефтчи" клуби билан икки йиллик шартнома имзолади.

Йовович Черногория терма жамоасида 19 ёшида, 2013 йилнинг 17 ноябрида Люксембургга қарши ўртоқлик ўйинида дебют қилди. Шу кунга қадар терма жамоа либосида 50 дан ортиқ ўйин ўтказган футболчига гол уриш насиб этмаган.

Терма жамоа сафида 50 дан ортиқ ўйин ўтказиб, гол уролмаганим учун кўп маротаба босим остида қолганман, аммо бу ҳақда ўйлашни истамайман. Позициядан келиб чиқиб айтсам, мен учун гол уриш ўта муҳим эмас. Мен учун гол уришдан кўра, йирик мусобақаларда иштирок этиш ва натижага эришиш муҳимроқ.

Йовович терма жамоадаги кўпгина ўйинларни "Пахтакор" собиқ бош мураббийи Миодраг Радулович қўл остида ўтказди.

Йововичнинг терма жамоадаги фаолиятида ҳам қизиқ воқеалар юз берган. Жумладан, Евро-2020 саралаш босқичи доирасида Черногория ўз майдонида Косовога қарши ўйин ўтказишидан бир кун илгари мезбонлар бош мураббийсиз қолишди. Гап шундаки, терма жамоанинг сербиялик устози Любиша Тумбакович мамлакатининг мустақиллигини тан олмайдиган мамлакатга қарши ўйин ўтказишдан бош тортди.

Мураббийнинг бу ҳаракати жамоага сезиларли таъсир ўтказди, Черногория Косовони ўз майдонида енга олмади(1:1), уч кундан сўнг вақтинчалик мураббий Александр Янкович қўл остида Чехияга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бундан ташқари, Черногория ЖЧ-2018 1-саралаш босқичи доирасида Дания майдонида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Муваффақиятдан руҳланган ва 7 очко билан гуруҳ пешқадамлари сафидан ўрин олган Мирко Вучинич етакчилигидаги черногориялик футболчилар бўронли об-ҳавода уйга қайтишди. Самолётда баъзи футболчилар спиртли ичимликлар истеъмол қилишган, барча "Черногория, сени севаман" қўшиғини баралла ижро этишган, рақс тушишган. Воқеадан видеолар Instagram тармоғига жойлаштирилган, бироқ кейинчалик ўчириб юборилган.

Эндиликда Владимир Йовович янги мавсумга янги жамоаси сафида тайёргарлик кўради.

Ўзбекистонга келганимда, бу ерда ҳамма нарса бошқача эди, лекин тезда кўникдим, бу ердаги одамлар, маданият ва ҳаётдан мамнунман. Ҳаммаси яхши кетмоқда ва умид қиламанки, шундайлигича қолади. Кўникишга келсак, энг қийини овқатга кўникиш эди, лекин аста-секин бунга ҳам ўрганяпман. Ажабланарлиси шундаки, бу ерда бизнинг мамлакат одамлари бисёр, мен ва менинг оилам учун бу ердаги ҳаёт яхши. Ўзбекистонга менталитет нуқтаи назаридан бизга анча яқинроқ бўлган баъзи мамлакатларга қараганда тезроқ кўникдим.

Черногория ва Ўзбекистон футболи ўртасидаги фарқ жуда катта. Бу ерда индивидуал миқёсда жуда кўп ишлашади, Черногория футболчилари яхшироқ клубларда ўйнашлари мумкин, аммо бу ерда футбол жуда тез ривожланмоқда ва агар бизнинг лигани Ўзбекистон лигаси билан солиштирадиган бўлсам, катта фарқ бор. Инфратузилма, молия, улар бу борада мақтанишга арзийдиган кўринишга келган. Ўзбекистонда футболга кўп сармоя киритилган, уларнинг ёш терма жамоаси Париждаги Олимпия ўйинларига боргани бундан далолат беради. Футболчиларнинг маоши ҳам ҳавас қилса арзигулик даражада.

Маҳаллий футболчилар Осиёдан ташқарига чиқишни бошладилар ва мен ҳаммаси қандай ривожланаётганидан ҳайратдаман. Масалан, бу ерда тўп тепиш Чехия Республикасидагидан кўра анча осон бўлади деб ўйладим, лекин амалда бунинг акси бўлмоқда. Бир томондан, бу яхши, машғулотлар талабчан руҳда олиб борилади, ҳамма қаттиқ меҳнат қилишни яхши кўради ва бу уларнинг футболи билан бизнинг футболимиз ўртасидаги энг катта фарқ ҳисобланади.

Дарвоқе, Йовович болалигидан Роналдиньо мухлиси бўлган, ўз мамлакати футболчилардан эса Мирко Вучинич ўйинларига ҳавас қилади.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +5   

Comments

   
14 dec 12:20:29
Jan Reno
Биздаги Яхшибоев Жасурдан эканда характери.
Жасур хам зур уйинчи лекин характер ёмон. Карьерасини улдирди.
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика