Latest news

18:34Моуринью яна Роналду билан бирга ишлаши мумкин  0 18:10Суперлига. "Қизилқум" — "Навбаҳор" 0:0 (матнли трансляция)  2 18:08ПРО-Лига. Расман — "Шўртан" плей-оффнинг иккинчи иштирокчиси!   0 18:05Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлди  33 17:43Суперлига. "Қизилқум" - "Навбаҳор": Асосий таркиблар маълум  2 17:09ПРО-Лига. 5 та гол урилган ўйинда "Бухоро" "Арал"дан устун келди  2 16:49ПСЖ янги машғулот марказини очди  0 15:32Жорж Микаутадзе фаолиятини "Ювентус"да давом эттириши мумкин  1 15:01"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи  2 14:40Тимур Кападзе: "Ўйин томонлама "Насаф"ни эътироф этаман, мавсум ўртача ўтмоқда"  16 14:27ПРО-Лига. "Бухоро" - "Арал": Асосий таркиблар маълум!  0 14:15Эшитдик-да! Усмон Тошев ЎФАни тарк этди  14 14:05Хакими ПСЖ билан шартномасини узайтирди  0 13:47Арихиро Сентоку: "ОКМК билан мавсум якунида тарих яратамиз"   4 13:20ОКМК Тошкентда "Пахтакор"ни мағлуб этган учрашувдан галерея  1

Даврон Файзиев: “Айрим футболчилар ҳозирдан бирга ишлаш таклифи билан чиқмоқда” News

Даврон Файзиев: “Айрим футболчилар ҳозирдан бирга ишлаш таклифи билан чиқмоқда”

“Сўғдиёна” жамоасидаги самарали фаолияти орқали мухлисларда илиқ таассурот қолдирган Даврон Файзиев Жиззахда камтарона шароитлар эвазига курашчан жамоа шакллантира олганди.

Аммо шунга қарамай, мураббий кейинчалик истеъфога чиқди ва маълум муддат мажбурий таътилда бўлди. Яқинда Даврон Ориповичга Самарқанднинг “Динамо” жамоасидан чорлов бўлди.

Мураббийлик ишини соғиниб қолган Файзиев собиқ жамоасидан тушган таклифга лаббай дея жавоб берди. Ишқибозлар яхши эслашса керак, Файзиев илгари футболчи сифатида “Динамо” шарафини ҳимоя қилган. Эндиликда эса у мураббий бўлиб “Динамо”ни бошқармоқда. Таркибида етарлича ижрочилар бўлишига қарамай, самарқандликларнинг бу йилги иштироки ҳозирча илиқ таассурот қолдираётгани йўқ. Мавсумга Илҳом Шарипов ва Учқун Қобилов бошчилигида тайёргарлик кўрган, “Динамо” ҳозирча ғалаба нималигини билмай келмоқда. Шу боис янги бош мураббий Даврон Файзиев давралар оралиғида селекция ишларига катта урғу беришини таъкидламоқда. Куни-кеча “Динамо” Андижонга сафар уюштириб, 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шунга қарамай, самарқандликлар устози таклифимизни рад этмасдан, саволларимизга жавоб қайтарди. Ўз навбатида биз ҳам Файзиевга янги жамоасидаги фаолиятида омад тилаб қоламиз.

- Аввало халқимизни яқинда кириб келган Рўзаи-Рамазон ойи муносабати билан табриклайман. Ҳаммаларига куч-қувват, соғлиқ-саломатлик тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин. Ҳар бир хонадонда яхшилик ва эзгу тилаклар амалга ошишига тилакдошман – дея гап бошлади Даврон Орипович.
   
- Бугун мана ўзингиз гувоҳи бўлдингиз, Суперлигага чиқишни мақсад қилган икки жамоа – “Андижон” ва “Динамо” ўзаро куч синашди. Бундан тўрт кун аввал ушбу жамоалар Самарқандда ҳам тўқнаш келганди. Ўшанда ғалабага кўпроқ, жамоам муносиброқ эди деган фикрдаман. Бугунги ўйинда эса “Андижон” биринчи рақамли жамоага айланди. Улар характер кўрсата олди ва ҳақиқатдан ҳам Суперлигага чиқишга муносиб эканлигини амалда исботлади. Самарқандда ҳам бу рақибимиз ёмон таассурот қолдирмаган эди. Лекин ўйинни бориши бўйича шу куни биз уч очкони қўлга киритишга хақлироқ эдик. Тан олиш керак, бугун андижонликлар учрашувда тўлиқ устунликка эришди ва ўз мухлисларини қувонтирди. Биринчи бўлим ва иккинчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқасида кўрсатган ўйинимиздан очиғи ўзим уялдим. “Динамо” учун омадсизлик вақтинчалик холат ва келгусида ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман.

- Бугун жамоамиз таркибига назар ташлаган бўлсангиз, деярли  барчаси самарқандликлар ҳисобланади. Нима учун айнан маҳаллий футболчиларни майдонга туширдим. Чунки, маҳаллий футболчи ҳар қандай хаолатда ҳам энг аввало туғилиб ўсган вилоятининг шаъни ва унинг юзи учун ҳам икки ҳисса куч билан ўйнаши керак. Ҳозирча самарқандлик футболчилардан бундай иштиёқни кўрмаяпман. Бугунги баҳсда фақатгина Жасур Азимов билан Жасур Ашуровнинг харакатлари бошқарларга нисбатан менда илиқ тассурот қолдирди. Эътибор берган бўлсангиз, учрашувнинг сўнгги 25-дақиқасида “Динамо”да бироз иштиёқ пайдо бўлди. Агарда ўйиннинг бошиданоқ шундай савияда харакат қилганимизда бугун ижобий натижа билан қайтишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Ишлашда давом этамиз. Йигитларга камчиликларини тушунтирамиз. Ҳозир ҳамма жамоада муаммо бор. Лекин футболчи ўзи хоҳлаб шу касбни танладими, ўз ишига сидқидилдан ёндошиши шарт. Вилоят шаъни, клуб юзи учун ўйнаши керак. “Динамо” деган номни хурмат қилиши лозим. Афсуски ҳозир буни футболчиларда кўрмаяпман.


 
- Тўғриси, ҳозир мавсум аввалида мураббийлар томонидан йўл қўйилган хатоларни айтиб, ўзимни оқлаш ниятим йўқ. Чемпионат бошланган пайтда жамоани қабул қилдим. Ҳозирча ихтиёримдаги футболчиларнинг хизматидан фойдаланишга мажбурман. Тўғриси, йигитларда ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ ва хоҳишни кўрмаяпман.Негадир улар ҳотиржам юиришибди. Шунингдек улар футболдаги характерини ҳам намойиш эта олишмаяпти. Ҳозир ҳам менга жуда кўпчилик савол бермоқда – “Сизнинг жамоангиз ҳар доим ҳужумкор ва мазмунли ўйин кўрсатиб келган. “Динамо”да эса ҳозирча шуни кўрмаяпмиз”деб. Тўғриси, ўзим ҳам ҳозирги ўйинимиздан уяляпман. Агарда имкони бўлиб, йил бошидан иш бошлаганимда умуман бошқача ўйинни ташкил этардик. Энди ҳозир бор имкониятдан максимал даражада фойдаланиб туришга мажбурмиз.

- Жамоани жарохатлар ҳам қийнаб келмоқда. Беш нафар футболчимиз жарохатга йўлиқиб, сафдан чиққан. Айниқса иккита марказий ҳимоячимиз – Григорев билан Исроилов биз учун жиддий йўқотиш бўлиб турибди. Афсуски уларнинг оёғи синган ва 3-4 ой муддатга сафдан чиқди. Энди уларни даволатиб, яна оёққа туришини кутиб тургани бизда вақт йўқ. Суперлигада шундай қилса бўлади. ПРО-Лигада эса ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш бироз камроқни ташкил этади. Шу боис Григорев ва Исроиловнинг ўрнига ёзда бошқа ҳимоячи олишим керак.

- Кейинги учрашувларда ҳам асосан самарқандлик футболчиларнинг хизматидан фойдаланиш ахдидан қайтмайман. Чунки биласизми, халқимизда тўй ва таъзия маросимлари бор. Демоқчиманки, эртага маҳаллий футболчи кўчага чиқса ундан мухлислар “Динамо”нинг қониқарсиз иштироки ҳақида сўрайди. Зора, улар уялганидан ҳам вилоят шаъни учун харакат қилса. Шахсан мен ҳозир Самарқандда кўчага чиқишга уяляпман. Нимага? Чунки ҳамон чемпионатда ғалаба қозона олмаяпмиз. Йигитларда иштиёқ уйғонмаяпти. Улардан ҳам шунақа уялиш ва масъулиятни хис этишини хоҳлардим.

- Олдин ҳам айтганман, “Динамо” учун қадрдон клуб. Илгари бу ерда футболчи сифатида ўйнаганман. Дунёга танилишимда бу жамоанинг ўрни беқиёс. Негаки, илгари Самарқандда ўйнаб Россия клубларининг назарига тушганман. Шунинг учун доим “Динамо”га хурмат билан қараганман.  

- Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, тан олиб айтаман, 1-ўринни эгаллаб, Суперлигага тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти “Динамо”да кескин пасайиб кетди. Энди биз назарий жиҳатдан 2-3-ўрин учун курашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин олдимизда яна 3-4-давра ўйинлари турганини ҳам унутмаслик керак. Трансфер ойнасида таркибимизни ўзимиз истаганчалик кучайтириб олсак, балки бўлажак баҳсларни муваффақиятли якунлаб, асосий таъкибчилардан ўтиб кетишимиз ҳам мумкин. Мисол учун 1-ўринга асосий давогар сифатида эътироф этилаётган “Машъал”, “Андижон” ҳамда “Сурхон” билан яна иккитадан ўйнаймиз. Ушбу баҳсларни ўз фойдамизга ҳал этсак, ўйлайманки ишларимиз янада юришиб кетади. Бу – футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
 
- Яқинда бир ҳамкасбингиз савол берди – нимага айнан “Динамо”ни танладингиз дея. Тўғриси, менга бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлди. Хусусан Суперлига жамоаларидан. Лекин уларнинг кўпчилиги бош мураббий сифатида эмас, катта мураббий ва маслаҳатчи сифатида ишлаш таклифи билан чиқди. Менимча ҳар бир мураббий ўзи истаганидек ишлашни ва футболдаги ғояларини тўлиқ амалга ошириришни хоҳлайди. Шу боис Самарқанддан тушган таклифни қабул қилиб, яхши ниятлар билан жамоага бош мураббий сифатида келдим. Билсангиз илгари, “Сўғдиёна”ни қуйи лигадан элитага олиб чиқиб, кучлилар сафида ҳам ҳар йили ўз ўрнимизни сақлаб келганмиз. Мақтанишга йўйманг-у, ўша пайтда йўқдан бор қилганмиз. Жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилган эди. Кўплаб футболчилар учун “Сўғдиёна” ўзига хос “трамплин” вазифасини ўтаб берган. Насиб қилса “Динамо”да ҳам ана шундай жамоа тузамиз. Мен бунга ишонаман. Фақат бунга бироз вақт керак. Ҳар қандай мураббий олти ой ёки бир йилда курашчан жамоа тузишга қийналади. Боз устига ҳозир ПРО-Лигада ўйинлар ҳар тўрт кунда бир ўтказилмоқда. Жамоа билан кўнгилдагидек машғулот ўтказиб, уларга бир нимани тушунтиришга кам фурсат бўлмоқда. Мана бугун ўйин ўтказдик, ортга таксида қайтамиз. Эртага базага кечки пайтга бориб, тикланиш машғулоти бўлади. Эртасига ўйинолди машғулот ва кейинги кун ўйин бўлади. Тўғри, ҳозир “Динамо” чемпионатда ўзига ярашмаган ўриндан жой эгаллаб турибди. Лекин бу йил ва келаси мавсум ҳам жамоада ишлаб турсам, вада бераманки, мухлислар умуман бошқа “Динамо”ни кўради.

- Яна қайтариб айтаман, “Динамо”да йил бошида қилинган селекция жараёни нотўғри олиб борилган. Мана бугун “Андижон”ни кўрдик. Кишини хаваси келади. Йигитлар мақсад сари катта иштиёқ билан ўйнамоқда. “Динамо”да ҳам ёмон футболчилар йиғилмаган. Бизда ҳам номлар бор. Лекин хоҳиш йўқ. Уларга маслаҳатим, кечаги номи билан юрмастан бугунги куни ва эртани ўйлаб харакат қилишса мақсадга мувофиқ бўларди.

- Ғалабасиз ўйинлардан кейин раҳбариятнинг менга бўлган ишончи пасайиб кетмаяптими? Йўқ, жамоани қабул қилишдан олдин клуб хўжайинлари билан ҳаммасини батафсил гаплашиб олганмиз. Ўшанда кимнидир ёмон кўрсатиб, ёки бирор-бир футболчини камситишни истамаганман. Жамоага ёрдамим керак экан, майли қўлимдан келганича жамоани кўтаришга харакат қиламан деб айтдим. Юқоридаги таъкидлаганимдек, ҳозирча таркибда ҳеч қандай ўзгариш қила олмаймиз. Ўзим истаган ўйинни ихтиёримдаги футболчилар билан юзага чиқариш қийин кечмоқда. Уларга ҳозирча фақат камчиликларини айтиб, имконият беришимиз мумкин холос. Давралар оралиғида таркибда ўзгаришлар қиламиз ва бизда жамоавий ўйинни йўл қўйиш учун бироз фурсат бўлади. Ана шундан сўнг ҳар бир натижа учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга олишга тайёрман. Бу ҳақда раҳбариятга ҳам айтиб, тушунтирдим.  

- Албатта, давралар оралиғида таркибда ўзгаришлар бўлади. Бўлганда ҳам ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. Таркиб неччи фоизга ўзгариши борасида ҳозирча аниқ айта олмайман. Лекин менимча 9та янги футболчи сафимизга келиб қўшилиши ҳақиқатга яқинроқ. Бор имкониятдан унумли фойдаланишга харакат қиламиз. Илгари “Сўғдиёна”ни қуйи лигада бошқарганимда, иккита ёш ва битта тажрибали дарвозабон бўлган. Майдонга тушиши шарт бўлган иккита ёш ўйинчининг биттаси эса кўпинча дарвозабон бўларди. Нимага, чунки дарвозага ёш ўйинчини қўйиб, бу орқали бошқа чизиқларни қучайтириб олиш имкони яратиларди. Бунинг фойдаси катта. “Андижон” бугун шундай тактикани қўллади. Шунинг учун уларга осон бўлди натижага эришиш.
 
- Давралар оралиғида таркибга кимлар қўшилиши борасида ҳозирча аниқ номларни айта олмайман. Чунки уларни кейин бошқа жамоалар олиб кетиши мумкин. Лекин музокара ўтказилмоқда. Ўзим имкониятларини яхши билган футболчилар билан гаплашиб тураман. Биласизми қишдаёқ кўп футболчилар ўзлари алоқага чиқиб, бирга ишлаш таклифини берарди. Агарда янги жамоа олсангиз, бирга ишлаб, ҳаммасини яна бошидан бошлаймиз деган футболчилар ҳам бўлган. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Албатта, бу нарса мураббий сифатида менга янада қўшимча куч бағишлайди. Чунки нимадир қилганмиз, улар ҳозир ҳам бирга ишлашни истаяпти. Худога шукур, кўп футболчилар билан муносабатларимиз яхши. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, менда уларнинг ҳаммасини жамоамга олиш имкони йўқ. Суперлига клубларидан ҳам футболчи олишни ўйлаб турибман. Бу кўпроқ ёзда қайси футболчи бўшаши мумкинлигига ҳам боғлиқ. Ўзим истаганим билан у ўйинчини жамоаси билан энг камида мавсум сўнггига қадар шартномаси бўлади. Шу боис бу борада ҳам ҳаммаси ўз қўлимизда эмас.

- Тан олиб айтаман, бизда 1-ўринни эгаллаб Суперлигага тўғридан-тўғри чиқиш имконияти деярли йўқ. Бу интервьюни раҳбарият ўқиб, эътироз билдириши мумкин. Бундан сира чўчимайман. Ҳозирдан очиғини айтган маъқул. Клубда ишлашни хоҳлаб, ёлғон гапириб, раҳбариятни алдаб юришдан маъно йўқ. Футболни алдаб бўлмайди. Йўл қўйилган хатоликлар бир томонлама бўлмаган. Қарс доим икки қўлдан чиқади. Мавсум бошида айрим сабабларга кўра, мураббийлар ҳам селекцияни юқори савияда олиб бора олмаган бўлиши мумкин. Бу нарсаларни энди гапиришни фойдаси йўқ. Айбдорни қидирсак, вазият чигаллашиб бораверади. Эртанги кунга умид билан боқиб, бугунги кун билан яшашимиз керак. Шундагина биз руҳий ўрадан чиқиб кета оламиз.


- Шуни бемалол айта оламанки, ҳозирда “Динамо”да молиявий муаммолар йўқ. Яқинда футболчиларнинг апрель ойигача бўлган маошларини тўлиқ ўтказиб берганмиз. Шунингдек шартномада белгиланган кўтарма пулларини ҳам олишган. Андижонга келишдан олдин шахсан ўзим раҳбариятни қабулига кириб, йигитларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз ва бу нарса бўлажак учрашувда бизга асқотиши мумкинлигини айтгандим. Уларга раҳмат, йўқ демасдан ҳамма билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилди. Шунга қарамай футболчилар ўзини оқламаяпти. Уларга бундан бошқа яна нима керак?! Ишончни оқлай олмаётган футболчилар кўп. Ҳозирча уларнинг номларини айтмай тураман. Сабаби кейинги турларда бу ҳам зараримизга ишлаши мумкин. Қолаверса жамоадаги ички муҳит бузила бошлайди. Агарда уларнинг ўйинида ижобий томонга ўзгариш бўлмаса, давралар оралиғида хайрлашамиз. Шартнома имзолаб бўлгач, жамоага фойдаси тегмасдан ҳотиржам юриши менга ёқмаяпти.    

- Яширмайман, собиқ жамоам “Сўғдиёна”дан ҳам ўйинчи олишим мумкин. Жиззах менинг юртим ва уйим ҳисобланади. У ерда бир қанча шогирдларни етиштириб чиқардик. Бироқ уларни мени шогирдим бўлади дея “Динамо”га олиб ўтишим ҳам нотўғри. Айрим мураббийлар бор, қайсидир жамоада ишласа ўша пайтда қўли остида тўп тепган футболчиларни у мени шогирдим дея айтиб юради. Менда ундай хусусият йўқ. Ёзда “Сўғдиёна” мураббийлари қайси футболчиларга жавоб беришини билмайман. Агарда қайсидир футболчи бўшаса, гаплашамиз. Талабларимизга мос тушса, нимага олмаслигим мумкин?!
 
- Ёзда мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар бўлади. Жамоани қабул қилиб олаётганимда, ҳаммани бўшатиб, кескин ўзгариш қилиб юборишни истамадим ва ички йиғилиш ўтказиб, ҳаммага икки ой синов муддати беришимни айтганман. Бирга ишлаб, яқиндан танишиб борамиз. Агарда қарашларимиз маъқул келса ҳамкорликни давом эттирамиз. Аксинча бўлса дўстона равишда хайрлашилади.    

- Мураббий сифатида янги-янги иқтидорларни кашф этиб, уларни терма жамоаларимизга етказиб бериш асосий ниятим ҳисобланади. Аслида ҳам мураббийнинг иши шунда билинади. Худога шукур, ота-онам, оилам, уйим-жойим, машинам бор. Футболчилик давримда озми-кўпми маблағ ишлаб топганман. Энди мураббий сифатида ҳам ўзимни кўрсатишни истайман. Мен учун пул биринчи ўринда турмайди. Айрим мураббийлар сингари аввал ўзимнинг талаб ва шароитларимни қилдириб олишни ўйламайман. “Динамо”га келишдан олдин ҳам раҳбарият билан учрашиб шуни тушунтирдим. Шартнома имзолаётганимизда молиявий масалалар бўйича ҳеч қандай муаммога дуч келмадик. Мақсад – мураббий сифатида ишлаб, ўзимни кўрсатиш. Шундай экан қолгани кейинги даражали ҳисобланади. Мехнатимизга яраша рағбатлантиришса шуни ўзи кифоя.  

- ПРО-Лига ҳақида нима деса бўлади? Қуйи лигада ишлаганимга ҳам анча бўлганди. Шу боис бу ерда кўп нарса ёдимдан чиқиб кетган экан. Савия аввалгиларга нисбатан сезиларли равишда ошган. Мисол учун “Андижон”ни оладиган бўлсак, таркибида 70-80 фоиз Суперлига даражасидаги ўйинчилар ўрин олган. Бошқа жамоаларда ҳам таниқли номлар кўп. Ўйинлар қизиқ ўтмоқда. Ўйлайманки “Б” гуруҳидаги жамоаларнинг кучи “А” гуруҳидаги жамоаларга етади. Фақат “Б” гуруҳи қатнашчиларида Суперлигага чиқиш вазифаси йўқ. Фарқи шунда. Ҳозирдан кўпчилик Суперлигага тўғридан-тўғри “Машъал”, “Андижон” ва “Сурхон” жамоалари чиқишини таҳмин қилмоқда. Лекин ҳаммаси кузга борганда аниқ бўлади. Негаки бизни 3-4-давра баҳслари ҳам кутиб турганини унутмаслик керак. Жиддий ўзгаришлар бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

- Қишда Тошкентда бўлиб, мураббийлик курсларида ўқиб юрганимда “Машъал”, “Андижон”, “Динамо” ва “Сурхон” каби жамоаларнинг ўйинини кўриб, хулоса қилгандим. Шунда менга кўпроқ муборакликларнинг ўйини ёққан. Уларда жамоавий ўйин яхши шаклланганлиги ва бунинг устида мураббий ишлаётганини кўриш мумкин эди. “Динамо”ни ҳам ўйини менга ёққанди. Афсуски ҳозир бунинг акси бўлиб чиқмоқда. “Андижон”нинг ўша пайтдаги таркиби ҳозиргисидан фарқ қилади. “Сурхон”га келадиган бўлсак, улар билан ўйнадик. “Сурхон”да ҳам номлар бор. Лекин жамоавий ўйин ҳозирча шаклланмаган. Натижа учун курашаётгани билиниб турибди. Термизда янгитдан жамоа барпо этилганини ҳам унутмаслик лозим. 1-ўринга асосий давогар сифатида “Машъал”ни кўряпман.

Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.

Rating: +22   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика