Даврон Чориев: “Сўнгги йилларда юртимизда футзалга эътибор анча кучайди”
23 aug 2016 12:00
News
Даврон Чориев: “Сўнгги йилларда юртимизда футзалга эътибор анча кучайди”
Хосе Мария Мендез бошчилигидаги терма жамоамиз Колумбияда ўтадиган мундиалга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Биз Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Даврон Чориев билан суҳбатлашишга қарор қилдик.
- Яқинда Қозоғистонда мезбонларга қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиб қайтдинглар. Ўша ўйинлар ҳақида фикрларингиз.
- Қозоғистон футзал терма жамоаси Жаҳоннинг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Биринчи ўйинни борган кунимиз ўтказдик ва 1:6 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Қозоғистонга эрталаб учиб бордик ва кечки пайт ўртоқлик учрашувида қатнашдик. Чарчоқми ёки залга кўника олмаганимиз туфайлими йирик ҳисобда ютқаздик.
Иккинчи ўйинда эса тенг кураш кечди. Биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Иккинчи таймда мезбонлар 2та гол уришди. Баҳс тугашига 1 дақиқа қолганида бош мураббий ўйновчи дарвозабон тактикасини синаб кўришга қарор қилди. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётганимиз учун дуранг бўлиб турган пайтда беш ўйинчи билан ҳаракат қилишни синаб кўрдик. Бироқ биз эмас Қозоғистон яна иккита гол урди. Умуман олганда бу иккала баҳсда ҳам кўплаб тактик схемаларни синовдан ўтказиб олдик.
- Қозоғистон ҳам Жаҳон чемипонатида иштирок этади. Жамоа қанчалик кучли экан?
- Осиё чемпионатида қатнашган жамоалардан анча кучли дея оламан. Жамоа асосан бразилиялик футзалчилар ҳисобига кучайган. Қозоғистонда олдинлари 4 нафар бразилиялик ўйинчи бор эди. Ҳозир 6-7 нафар маҳаллийлаштирилган футзалчи ўйнаяпти. Менимча Колумбиядаги мундиалда фақат Ўзбекистонда бразилиялик футзалчилар ўйнамаса керак (кулади). Бизда ўзимизнинг “бразилияликлар” ўйнашади (кулади). Тўғриси Ўзбекистон сафида бразилияликлар ўйнашини мен оқламаган бўлардим. Бу шахсий фикрим.
- “Олмалиқ” сафида Таиландда клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиб келдингиз...
- Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичи биз учун оғир бўлди. Дастлаб мусобақанинг амалдаги чемпиони Эроннинг “Тасисат Дарёи” клубига қарши ўйнаб кичик ҳисобда ютқазиб қўйдик. Иккинчи ўйинда Ливаннинг “Ал Маядин” клуби билан куч синашдик. Мақсадимиз гуруҳдан чиқиш эди. Дуранг ўйнадик ва дастлабки мақсадимизга эришдик. Чорак финалда мезбон “Чонбури Блювейв” клубига қарши ўйнадик...
- Ўйинда сиз қизил карточка олдингиз. Ўша вазиятда нима бўлганди?
- Ҳисобда олдинда бораётгандик. Биринчи вазиятда рақибни йиқитганимни тан оламан. Лекин иккинчи сариқ карточка олган вазиятда ҳакамлар карточка кўрсатишмаса ҳам бўларди. Тўпга ета олмаганим учун ўзимга жаҳл қилиб тўпни майдон ташқарисига тепиб юбордим. Ҳакам эса мени атайин четда ўтирган тўп олиб берувчи болакайга тепди деб спортчиларга хос бўлмаган ҳаракат туфайли майдондан четлатишга қарор қилди. Бу менга жуда катта сабоқ бўлди ва келажакда жамоамга панд бермайман деб умид қиламан.
- Учрашувдан сўнг мураббийлар уришишмадими?
- Йўқ. Ҳеч ким қаттиқ гапиргани йўқ, аксинча йигитлар ҳам мураббийлар ҳам менга далда беришди. Футзал жамоавий спорт тури. Шу боис барча бир-бирини қўллаб қувватлайди.
- Жаҳон чемпионатига қарши кучли жамоаларга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказасизлар...
- Тўғри айтдингиз. Мана Қозоғистон билан ўйнадик. Куни кеча Озарбойжон билан Тошкентда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Олдинда Осиё чемпиони Эрон билан, Жаҳон чемпионати иштирокчилари Португалия, Испания ва Италия каби жамоаларга қарши ўйнаймиз. Ўртоқлик учрашувида кучсиз жамоа билан ўйнаб уни йирик ҳисобда мағлуб этгандан кўра кучли жамоага мағлуб бўлган яхшироқ. Ўртоқлик ўйинларида олинган тажрибаларни худо хоҳласа Колумбиядаги Жаҳон чемпионатида ишга соламиз.
- Гуруҳда Португалия бор, лекин бу жамоага қарши ўртоқлик учрашувини ўтказилади. Бунга муносабатингиз?
- Тўғри балки четдан кўпчиликка бу ғалати туюлиши мумкин. Лекин Хосе Мария Мендез бунинг сабабини тушунтириб берди. Португалия билан гуруҳдаги 3-турда ўйнаймиз. Бош мураббийнинг мақсади дастлабки икки турда ғалаба қозониш. Шунда охирги ўйиннинг аҳамияти қолмайди. Агар вазифани бажара олсак Португалия билан ўйин ўртоқлик мақомига эга бўлиши керак. Албатта бу баландпарвоз гаплардек кўриниши мумкин. Футзалда барча нарса бўлиши мумкин.
- Рақибларни ўрганиш жараёни қандай кетмоқда?
- Тўғриси ҳозирча бош мураббий ва унинг ёрдамчилари мундиалдаги рақибларни ўрганиб чиқмоқда. Хосе Мария Мендез Жаҳон чемпионатига яқин қолганида футзалчиларга видеороликлар орқали рақибларни таништиради. Бу борада муаммо йўқ.
- Сизнингча гуруҳда ким фаворит?
- Барча жамоа кучли. Жаҳон чемпионатига кучсиз жамоа чиқмайди-ку. Барча жамоа билан ўйнаса бўлади. Колумбиянинг бошқалардан устун томони ўз уйида ўйнаётганида бўлади деб ўйлайман. Сабаби кўрдингиз февраль ойида Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида мухлислар бизни қандай қўллаб туришди. Колумбиянинг мухлислари ҳам бундан кам бўлмаса керак. Лекин Панама ҳам, Португалия ҳам, биз ҳам гуруҳдан чиқишга даъвогармиз.
- Яқинда Колумбиядаги мундиал учун кенгайтирилган таркиб эълон қилинди. Ундан 25 нафар футзалчи ўрин олган. Сизнингча қайси ёш футзалчи Жаҳон чемпионатига бориши мумкин деб ўйлайсиз? Яъни биз учун ким сюрприз бўлиши мумкин?
- Ҳозирча Жаҳон чемпионатига ким бориши маълум эмас. Якуний таркибни фақат бош мураббий аниқлайди. Ҳеч ким ҳозирда 100 фоиз Колумбияга бораман дея олмайди. Ёшлар орасида 1997 йилда туғилган Илҳом Ҳамроев ўзини кўрсатмоқда. Асосий таркибда ҳам кўп майдонга тушмоқда. Ҳамроев Жаҳон чемпионатига олиб кетилиши мумкин деб ўйлайман. Бу фақат менинг фикрим.
- Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Сизнингча қандай натижа қайд эта оламиз?
- Биринчи марта қатнашсак ҳам ўзимизни кўрсатмоқчимиз. Минимум мақсадимиз гуруҳдан чиқиш. Агар гуруҳдан чиқсак бу катта натижа бўлади менимча. Кейин босқичма босқич юқорига қараб қадам ташлашни мақсад қилиб қўйганмиз.
- Сўнгги йилларда мамлакатимизда футзалга эътибор қанчалик кучайди деб ўйлайсиз?
- Охирги 10 йилда футзалимиз анча ривожланди дея оламан. Уч марта юртимизда Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Кучли терма жамоаларга қарши Тошкентда ўртоқлик учрашувлари ўтказилди. Яна бир мисол испаниялик мураббий Хосе Мария Мендезнинг юртимизга таклиф этилиши жуда фойдали бўлди. Бу инсон келгунича бошқача футзал ўйналарди. У Европа футзали ҳавосини олиб кела олди. ЎФФ ва ЎФАнинг барча раҳбарлари ҳамда ходимларининг сайъ ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ўз тарихида илк бор футзал бўйича Жаҳон чемпионатига чиқди.
- Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида турибмиз. Халқимизга қандай тилакларингиз бор?
- Мана Рио-де-Жанейродаги олимпия ўйинларида спортчиларимиз 10дан ортиқ медалларни қўлга киритишди. Улар орасида олтин медаллар ҳам борлиги одамни қувонтирмай қўймайди. Юртимиз мадҳияси янграб, давлатимиз байроғи баланд кўтарилганида ҳар биримизда фахр туйғуси кечади. Насиб қилса Колумбиядаги мундиалда муваффақиятли иштирок этиб юртимиз мустақиллигига муносиб совға тайёрлаймиз. Ўзбекистонга байрамлар ярашади.
Нарзулла суҳбатлашди
Comments