Чўпон йигит ва қирол тўқнашуви
13 dec 2022 10:36
News
Чўпон йигит ва қирол тўқнашуви
Аргентиналик афсона жаҳон футболи тожини батамом ўзиники қилиб олиши учун ушбу мундиалда ғолиб бўлиши керак ва у бунга анча яқин. Икки ўйиндаги ғалаба Леога барча даврларнинг энг зўр футболчиси мақомини тақдим қилади.
Модрич ва Месси тўқнашуви
ЖЧ ярим финалида Месси бошчилигидаги аргентиналиклар финал чиптаси учун Модрич "армияси"га қарши жанг қилади. Месси 13 ёшида "Барселона" аъзосига айланганини биласиз. Луканинг болалиги эса бутунлай бошқа руҳда ўтган. Хорватлар етакчиси бобосининг қўлида катта бўлгани, Задар тоғ этакларида қўй-эчки боқиш билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бор. Хорват уруш сабаб қийин болалик даврини ўтказганлиги, бобоси уйи остонасида отиб ўлдирилганлиги ҳақида эшитгансиз. Модрич биографиясини чуқур ўрганган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, бугун жанубий америкаликларга осон бўлмайди. Тўғри, Хорватия биргина Модричдан иборат эмас, аммо Модричи бор Хорватия ўта хавфли. “Европа бўрилари”ни рақиб кучли прессинг қилаётган пайтда айнан Модрич интеллекти вазиятдан олиб чиқади. Лука 2018 йилги “Хорватия мўжизаси"нинг асосий ижодкорларидан бири. Ёдингизда бўлса, Россиядаги мундиалда Хорватия доим иккинчи рақамли жамоа бўлиб ҳаракат қилган ва якунда натижага эришган.
Рақамлар алдамайди
2018 йилги мундиалда иккала жамоа бир гуруҳдан ўрин олган ва ўзаро ўйинда Хорватия 3-0 ҳисобида ғалаба қозонган. Статистикага қарайдиган бўлсак, томонлар бугунгача 5 бор тўқнаш келишган. Кўрсаткичларда тенглик: томонларда 2 тадан ғалаба ва 1 дуранг бор. 2006 йилнинг 1 мартида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви хусусида тўхталсак. Европаликларнинг 3-2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳсда Модрич терма сафидаги дебют ўйинини ўтказган, Лео эса миллий жамоа сафидаги илк голини урган. Бугунги қарама-қаршиликда кўп нарса Лео ҳамда Лука кўрсатадиган ўйинга боғлиқ. Ҳозирги Аргентина Мессига қай даражада суяниб қолган бўлса, Хорватияда ҳам шунга яқин вазият. Хабарларда ёзилишича, “Олтин тўп” учун даъвогарлар рўйхатида Месси етакчилик қилаётган экан, Модричнинг кучли 10 ликда йўқлиги мени ажаблантирди. Нима ҳам дердик! Эҳтимол, ЖЧдан сўнг барчаси ўзгарар.
Эҳтимолий ўйин “картина”си
Хорватиянинг Бразилия билан ўйинига қарайдиган бўлсак, бугунги баҳсда катта эҳтимол тенг ўйин кўрамиз. Аргентиналиклар ҳам Нидерландияга қарши ўйинда "викинг"лардек ҳаракат қилишди. Икки томон ҳам курашни "ушлаб олган" – буёғи ҳақиқий жанг. Хорватлар ҳимояси Йошко Гвардиол етакчилигида ажойиб қўрғон ҳосил қилган, Аргентина мудофаа чизиғи ҳам анча ўзига келиб олди. Ярим ҳимоя чизиғидаги тўқнашувда устунлик европаликлар тарафида. Модрич, Брозович, Ковачич учлиги марказда гегемон бўлса, ҳужум чизиғида аксинча, жанубий америкаликлар ўта кучли. Катта эҳтимол билан икки хил таймга гувоҳ бўламиз. Жамоалар илк 45 дақиқаликни эҳтиёткорона тарзда ўтказсалар керак. Иккинчи тайм эса нисбатан вазиятларга бой бўлишини кутяпман.
Киперлар тўқнашуви
Иккала жамоа ҳам ажойиб дарвозабонларга эга. Хорватия нимчорак финалда Япония, чорак финалда Бразилия устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Доминик Ливаковичнинг супер ҳаракатлари ёдингизда бўлса керак. Эмилиано Мартинес эса Аргентинани "учар голландлар" тўсиғидан олиб ўтди. Баҳс пенальтилар сериясига етиб борса, бизда Ливакович – Мартинес тўқнашувини кўриш имконияти пайдо бўлади.
Янги даражага чиққан Лео
Мессининг талантига гап-сўз бўлиши мумкин эмас, аммо Лео ушбу мундиалгача термаси ютқазаётган пайтларда қутқарувчи ролини бажара олмаётганди. Олдингиларидан фарқли, Месси бу сафар жамоани бир ўзи тортяпти ва муҳим паллаларда барчасини ўзи ҳал қиляпти. Воқеалар ривожи Мессини жаҳон чемпионлиги томон етакламоқда. Кўрамиз ва кузатамиз, ушбу мундиал сиз-у бизга футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Терма жамоаларга ва уларнинг мухлисларига омад тилаймиз, якунда кучли томон ғалаба қилсин. Сиз-чи, қадрдон ўқувчи, қайси томоннинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?
Жалолиддин Халилов
Comments