Бундан 33 йил аввал "Лион" йўқ бўлиб кетиши мумкин эди. Клубнинг бугунги даражага етишига президент Жан-Мишель Ола сабабчи
16 aug 2020 01:54
News
Бундан 33 йил аввал "Лион" йўқ бўлиб кетиши мумкин эди. Клубнинг бугунги даражага етишига президент Жан-Мишель Ола сабабчи
"Манчестер Сити"га французларнинг "тиши ўтмайди" дейишга шошилманг. Сабаби, ҳаттоки жавоб ўйинидан олдин ҳам кўпчилик "Ювентус"ни кейинги босқичга йўл олади деганди. Лекин бугун сиз билан бироз бошқа нарса ҳақида, яъни француз клубининг яқин ўтмишидаги сиз билмаган қизиқарли фактлар ҳақида суҳбатлашамиз.
1987 йил "Лион" 2 Лигадан тушиб кетиш арафасида турарди, каттагина қарзи бор ва умуман олганда мақсадсиз клубга айланиб қолганди.
Шаҳарда ҳам клубни ҳеч ким ёқтирмасди, унга мухлислик қилишмасди. "Олимпик" мухлислари ва келажаги йўқ клуб эди.
Аутсайдер бошқарувини қўлга олар экан Олас ваъда берди: "Тез орада биз еврокубокларда бўламиз". Ва сўзида турди. "Лион" аввалига Лигу 1"га, кейин Европага чиқти ва янги асрда 17 совринни қўлга киритиб, молиявий жиҳатдан дунёнинг энг стабил клубларидан бирига айлана олди. L’Equipe журналисти Венсан Дюлюк Оласни француз футболи таризидаги энг яхши президент деб атади.
Клубнинг улкан муваффақияти биргина шу инсон туфайлидир.
Жамоага байрамдаги бир оғиз сўз туфайли келган ва маниболнинг французча версиясини ўйлаб топган
Олас характерини тушунишингиз учун, ушбу фактга эътибор қаратинг: у обрўли интеллигент оилада вояга етди, ҳеч нимага зориқиб катта бўлмади, лекин ота-онаси билан судлашишгача борган - сабаб ҳали вояга етмай туриб, ўз бизнеси бошламоқчи эди. У қарор қабул қилишдан қўрқмайди, жасур ва таваккалдан чўчимайди.
"Лион"га келиш айнан таваккалчиликнинг ўзгинаси эди. Бўлажак президентни шаҳар раҳбарлари кўндирган, уларга эса бу фикрни "Марсель" хўжайини Бернар Тапи берганди – казоларнинг бир байрамида Оласни росса мақтаган. "Мен ҳатто иш стратегиясини тузиб улгурмай, "Лион"га ёрдам беришга рози бўлдим – шунчаки клуб бошқаруви ва қарзларини бўйнимга олдим", – айтиб берган ишбилармон.
Олас ишни услуб яратишдан бошлади. 80-йилларда чиптадан келадиган фойда умумий фойданинг катта қисмини ташкил этарди ва клубга мухлислар керак эди. Қизиғи, айнан маҳаллий мухлислар. Босс янги "Лион" яратди – шаҳар ритмига ҳамоҳанг ва ҳам майдонда, ҳам молиявий томондан кучли клуб ярата олди.
"Мен дўстим Бернар Тапига мурожаат қилдим. У менга бошқаларга ўхшамасликка интилиш зарурлигини айтди, – ёдга олади Олас. – Яна у менга яхши ва ёмон "коп" керак бўлишини айтди. Уларнинг яхшиси директор Бернар Лякомб бўлган бўлса, ёмони – бош мураббий Раймон Доменек эди".
Шундай қилиб, янги даврнинг икки асосий қоидаси вужудга келди:
а) тезкор вертикал футбол, бор кучини бериб ўйнаш ва барча ортиқча ҳаракатлардан воз кечиш;
б) клубнинг собиқ ўйинчиларига ишонч билдириш (Олас давридаги мураббийларнинг 17 дан 10 нафари олдин "Лион" таркибида майдонга тушган спортчилар эди), шу йўл билан усул авлоддан-авлодга ортиқча қийинчиликсиз ўтиб келди. Бу иш берди – "Лион" тезда йўлини топди ва машҳур бўлиб кетди. Аммо чўққига уни ёлғиз услуби олиб чиққани йўқ.
90 йиллар охирига келиб клуб ўз имиджига эга брендга айланиб улгурди. Ишқибозлар эса нафақат Лион шаҳридан топиларди. Лекин янги асрнинг дастлабки йиллари барчасини ҳал қилди. Олас оригинал трансфер моделини ишлаб чиқди. Бу принциплар бугунги кунда ҳам қўлланиб келинади - ўз даврида эса замондошларидан илгарилаб кетиш деб қаралган.
1. Футбол бозорини тушуниб бўлмайди. Баъзи футболчиларга керагидан кўп пул тўланади, бошқаларини қадрлашмайди. "Лион" иккинчи типдагиларни сотиб олар ва биринчи гуруҳ вакилларини сотарди. Барчаси оддий. Клуб ҳар бир футболчининг нархини унинг ўйин даражаси, ёши, маоши ва аввалги кароматларидан келиб чиқиб белгиларди. Агар кимдир кўпроқ таклиф қилса, уни иккиланиб ўтирмай, сотиб юборишади. Жамоада ундан кучли футболчи бўлмаса ҳам. "Трансферлар – бу футбол эмас, олди-сотди, бу ерда фойда кўриш муҳим. Агар таклиф реал нархдан юқори бўлса, масалани чўзиш керак эмас", – дейди Олас. Ўша вақтларда Билли Бин бейсболда маниболни илгари сурарди – Олас шунга ўхшаш ишни футболда қўллади.
Футболист = актив (иқтисодий қарашдаги). Буни нимаси янгилик, барчаси оддийку дерсиз, лекин 90 йиллар охири учун ундай эмасди. Бундан ҳам муҳимроғи "Лион" трансферни қандай тайёрлаши бўлган. Ҳар бир футболчининг бозордаги реал нархи, унинг даражаси ва ёши умулаштирилиб, мунтазам таҳлил қилиб борилган. Клуб етакчиси қайси паллада ўзининг энг юқори нуқтасига (ҳам ўйин, ҳам нарх борасида) чиқишини аввалдан таҳмин қилиб, ўша палла келиши билан ишга киришарди. Ўринбосар эса аввалроқдан танлаб қўйилади. "Биз кимнидир сотишдан ярим йил - бир йил аввал унга ўринбосар топиб қўямиз, – тушунтиради Олас "Financial Times"га. – Эссьен кетганда, бизда унинг ўрнига таянч ярим ҳимоячилар бор эди. Сал ўтиб, Тьяго варианти чиқди ва уни Эссьен трансферидан тушган пулнинг 25%ни сарфлаб қўлга киритдик".
2. Барча трансфер қилиниши мумкин бўлган футболчилар 20 ёшдан катта бўлмаслиги керак – ҳали футболчининг нархи ошиб кетмаган, лекин у ўз салоҳиятини исботлаб улгурган. "Биз "Челси", "Арсенал" ёки "Реал"дан сармоя киритишни яхшироқ уддалаймиз, – мақтанганди босс. – Биз стратегик харидларни амалга оширамиз, ўз мамлакатида асосий иқтидор ҳисобланган 20 ёшлар атрофидаги футболчиларни танлаймиз ва кузатишни бошлаймиз. Топ-чемпионатлардан "Лион" фақатгина у футболчи учун асл нархидан камроқ сумма тўласа, бу трансфер амалга ошади;
3. Барча трансферлар клуб фалсафасига мос тушиши зарур. "Лион" майдонда фақатгина дриблинг ва финтлар кўрсатиб, самара бермайдиганларга қизиқмайди. Минималлик ва самарадорлик – ҳатто майдонда ҳам.
4. Қарорлар биргаликда қабул қилинади. Олас трансфер қўмитасини яратди, у ҳар бир трансферни атрофлича ўрганиб чиқади. Ҳозир бундай қўмиталар кўплаб топ-клубларда бор, лекин "Лион" бу ишни футбол дунёсида президентлар ўзларига ёққан футболчиларни, ўз ёнидан пул сарфлаб сотиб олган ва бу борада керак бўлса, мураббий билан ҳам маслаҳатлашиб ўтирмаган даврларда амалга оширган.
"Олас – узоқни кўра оладиган инсон. У ўзига хос тенденцияларни бошқалардан аввал сезади", – деб ҳисоблайди клуб афсоналаридан бири Сонни Андерсон;
5. "Лион" Бразилия бозорига тўғридан-тўғри кирган илк топ-клуб бўлади. Авваллари гигантлар Бразилияга бошқачароқ муносабатда бўларди – янги футболчи буткул бошқа қитъа ва қоидаларга қанчалик мослаша олишини ҳеч ким билмасди. Шу сабабли улар юлдузларни Европа клубида маълум муддат ўйнагач, харид қилишарди ва камдан-кам бу ҳолат ўзгарарди. Ҳаттоки Роналдо ва Роналдиньо ҳам топ-клубларга ПСЖ (парижликлар сезиб улгурганингиздек у пайтлар ҳозиргидек обрўга эга эмасди) ва ПСВ орқали ўтган.
Олас буни ўзгартирди. У Бразилияга "Лион"нинг собиқ сардори Марселони юборди – футболчи майдондаги даврида ҳам доим фақатгина футболчиликдан кўпроғига қодирлиги сезилиб турарди. Марсело қисман агент, қисман скаут бўлиб ишларди. У бир вақтнинг ўзида иқтидорлар билан ўзи учун ҳам, "Лион" учун ҳам шартнома имзоларди ва икки қоидага амал қиларди:
а) янги футболчи кучли характерга эга бўлиши керак;
б) у топ-клублар эътиборига тушиб улгурмаган иқтидор бўлиши зарур – шунда арзонга сотиб олса бўлади.
"Лион"нинг ўзида адаптация бўйича менежерлар бор – улар бразилияликларга ёрдамлашади.
Клуб арзонга сотиб олиб, қимматга сотган энг яхши 10 трансфер.
Буюк давр, янги асрнинг дастлабки йиллари шундай эди. "Лион" етти йил Францияда ҳукмронлик қилди, ҳар йили бир-иккитадан совринга эга чиқар ва чирнакамига Европа Чемпионлар Лигаси бош соврини ҳақида ўйларди. "Ҳар мавсум "Лион" чемпион бўлишини билардингиз", – жамоа қудратини таърифлайди Сонни Андерсон. "Биз ҳеч қачон ишимизга ортиқча юқори баҳо бериб, бекорчилик қилиб ўтирмаганмиз, – хотирлайди Олас beIN SPORTS эфирида. – Йилдан йилга биз клубни кучайтириш йўлида меҳнат қилардик".
Ҳукмронлик дастлабки ўнйилликнинг охирига тўғри келди. Ўшанда "Лион" титулсиз қолди ва трансферлар борасида хатога йўл қўйди. Сотиб юборилган етакчиларга ўринбосар танлашда клуб ўз анъаналаридан четлашган ҳолда, янги ўйинчилар учун каттагина маблағ сарфлади (Бастос, Гомис, Лопес ва Гуркюфф учун 77 млн евро ишлатилди). Натижада, клуб икки марта ютқазди – ҳам молиявий томондан, ҳам майдонда. Орадан ўн йил ўтди, "Лион" анча аввал аввалги принципларига қайтди, аммо энди бошқа муаммо – бутун мамлакат бюджетига эга ПСЖ.
Олас учун парижликлар билан рақобат принципиал аҳамиятга эга. У жамоалар турли молиявий моделларни тарғиб этишини айтади: "Бу мустаҳкам ва сунъий иқтисодиёт ўртасидаги кураш. ПСЖ бюджети бизникидан тўрт баробар кўп". Ҳозир ПСЖ олдинда, лекин бу лойиҳа шайхларнинг жонига тегмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Ана ўшанда "Лион" яна биринчи бўлади. Ҳаттоки Олассиз ҳам – сабаби у бир асрлик пойдевор ярата олди.
Клуб кўпроқ фойда кўра бошлади, қаршиликларга қарамай стадион қурди ва дунёдаги энг яхши академиялардан бирини яратди
Брюно Женезьо Оласнинг ушбу ишлардаги ролини барчадан яхшироқ баҳолай олса ажабмас. У Олас келишидиан аввал ҳам "Лион" шарафини ҳимоя қиларди, 8 йил у келгандан кейин ўйнади ва яна 12 йил мураббийлик қилди. Клуб эволюцияси ҳақида гапираркан, Женезьо шундай деди: "Олас "Лион"ни бутун бошли институтга айлантирди. Бу шунчаки клубдан кўпроғи эди – бу бренд, маданият, сифат белгиси эди".
Ўзгаришлар клуб реструктуризациясидан бошланди. "Мен доим бир қадам олдинда бўлишга интилардим, – дейди Олас Le Monde вакили билан суҳбат чоғида. – 30 йил аввал, мен клубга келганимда барча жамоалар кооперация кўринишида эди. Бугун эса деярли ҳамма "Лион"ни ўрнак тариқасида кўрсатади".
"Лион" ўтган ўттиз йил давомида футбол чегараларидан чиқиб улгурди. Женезьо "Лион"ни институтга таққослаганда шунчаки бўрттириб айтмаганди. Олас футболда Olympique lyonnais - OLга кўмакчи компания яратди медиада (OL Image), озиқ-овқатда (OL Brasserie), туризмда (OL Travels), мерчандайзингда (OL Merchandising) ва хизмат кўрсатиш соҳасида (OL Organization). Уларнинг барчаси фойда келтиради. "Deloitte" талқини бўйича "Лион" мунтазам равишда дунёнинг энг кўп даромад топадиган клублари рейтингида топ-20дан жой олади. Корона инқирозидан аввал клуб фойда кўрсаткичи бўйича шаҳсий рекордини қайд этганди (9 ойда 265 млн евро).
2018/2019 йилги мавсумда "Лион"нинг йиллик баланси
Бунда 2016 йил очилган янги "Групама Стэдиум" ёрдам бермоқда. "Лион" – ўз стадионига эга ягона француз клуби ва бу каттагина ютуқ ҳисобланади: ўйин кунларидаги фойда 11 миллион евродан 42 миллионгача ошди. Стадион – Олас ижодига мансуб. Лион аҳолиси арена қурилишига қарши чиққан, улар солиқлар ошиши, ва муниципал бюджетга қўшимча оғирлик тушишидан ташвишда эди, лекин президент эски қадрдонларини ишга солади: шаҳар мэри ва дўсти Жерар Коллон билан алоқага чиқади ва кўп ўтмай, бош вазир Франсуа Фийон аренани жамоатчилик қизиқишларини акс эттирувчи лойиҳа деб атади. Олас давлат бюджетидан 250 млн евро олди (бу пулларнинг деярли барчаси инфраструктурага сарфланди) ва қурилишни якунлади. Энди клуб ҳар йилни 6-7-миллионн фойда билан якунлайди – эътиборлиси, бу "Лион" 145 миллионлик кредитини тўлаб бораётгандаги ҳолат.
Арена машғулот майдони билан деярли қўшилиб кетган, бу майдонда академия тарбияланувчилари ҳаракат қилади. Олас уни пойдеворидан бошлаб ўзи қурдирган ва ҳозирга келиб, Франциядаги энг яхшиси ва Европада кучли учликка киради деб ҳисоблайди: "Бизнинг сиёсатимизнинг қийин жойи йўқ. Трансфер бозори йилига 5 миллиард еврони ташкил қилади. Мана нима учун биз болалар ва қизалоқларнинг тарбиясига алоҳида эътибор берамиз. Биз энг яхши футболчиларимизга "Реал", "Ман Сити" ёки "Барселона"га ўтишни тақиқлай олмаймиз. Шу сабабли, рақобатбардош жамоа бўлиб қолишимизда бизга мунтазам равишда янги ва янги иқтидорлар оқими зарур. Бизнинг моделимиз бутун Европада тан олинган.
Олас академия масаласига навбатдаги бизнес-лойиҳадек қаради: авваллари "Лион" 20 ёшли иқтидорларни сотиб олиб, маълум вақтдан кейин ўз улушини "қўйиб", сотиб юборарди. Энди эса жамоа ўз маҳсулотини тайёрлаб, сотмоқда. Охирги 20 йилда клуб тизимидан Бензема, Бен Арфа, Марсьяль, Мальбранк, Фекир ва Ляказетт каби футболчилар етишиб чиқди – бор йўғи бир неча нафар иқтидор соҳибларидангина "Лион" юзлаб миллион евро ишлаб олди.
"Лион"даги 33 йил давомида Олас деярли барча муҳим мусобақаларда ғалаба қозонди. Битта турнир қолган – Чемпионлар Лигаси. Президент анчадан буён у ҳақида орзу қилади, лекин вақти кам қолган. Олас 75 ёшда нафақага кетиши ҳақида кўп бор таъкидлаган. Ҳозир у 71 ёшда ва 2023 йил у "Лион"ни Тони Паркерга қолдиради. Паркер ҳозирча ўзини баскетбол оламида кўрсатиб улгурди. 2014 йил Лионнинг "Виллербан" жамоасини сотиб олди ва уни мамлакат етакчисига айланди. "Групама Стэдиум" ёнида баскетбол аренаси пайдо бўлади ва ҳар икки жамоа биргаликда Европага ҳужум бошлайди – ҳам ЕЧЛ, ҳам Евролига. Бироқ Олас ҳали кетгани йўқ ва ниятига етиш имкониятини сақлаб қолмоқда.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments