"Бу ўйин чемпионлик пойгасига катта таъсир ўтказади, "Пахтакор" кетма-кет ютқазмайди" — Турнинг марказий "жанги" хорижлик мутахассислар эътиборида
10 aug 2023 13:44
News
"Бу ўйин чемпионлик пойгасига катта таъсир ўтказади, "Пахтакор" кетма-кет ютқазмайди" — Турнинг марказий "жанги" хорижлик мутахассислар эътиборида
Нафақат тур балки мавсум безагига айланиши кутилаётган қарама-қаршиликка барчанинг қизиқиши юқори. Ҳаттоки, европалик мутахассисларнинг нигоҳи бугунги ўйинга қаратилган.
"Пахтакор" собиқ устози черногориялик Миодраг Радулович бу борада жамоаларнинг имкониятини чамалади.
"Бугунги ўйин чемпионлик пойгасига катта таъсир ўтказади. "Пахтакор"нинг ҳолати яхши эмас, Самвел Бабаян эса яхши жамоа туза олган. Бу учрашув ҳақида олдиндан нимадир дейиш қийин. Яхши ҳужум қиладиган жамоага қарши ҳимояда муносиб кураша оладиган жамоа ўйнайди. Стадионга кўплаб мухлислар келишини кутмоқдаман. Ишончим комилки, мухлислар ўйиндан завқ олишади. Ўйлайманки, қизиқарли баҳс бўлади",- дейди Радулович.
Айни пайтда Грецияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Степан Атоян ҳам Намангандаги жанг олдидан фикрлари билан ўртоқлашди. Степан Меликович чемпионатимизни, ўйинларни доим кузатиб боришини таъкидлади.
"Фикримча, дуранг натижа қайд этилади. "Пахтакор" Суперлигада кетма-кет 2та ўйинда ютқазмайди, деб ўйлайман. Боз устига улар чемпионлик учун курашмоқда. Чемпионлик учун имконият доим бўлган. Кўп нарса футболчиларнинг ўйиндаги ҳолатига боғлиқ. Руҳий ва жисмоний тайёргарлик муҳим аҳамият касб этади",- дейди Степан Атоян.
Сербиялик мураббий, ўтган мавсумда "Қизилқум"да ишлаган Никола Лазаревич ҳам бу борада ўз тахминларини билдирди.
"Жамоаларнинг кучайганини унчалик сезмадим. Лекин айтишим мумкинки, "Навбаҳор" бу йил назаримда яхши кучайишга эришди. Чемпионлик учун асосий номзод ҳисобланади. У ерда "Сўғдиёна"дан Чермел, "Қизилқум"дан Абдухолиқов, сербиялик ҳимоячи Ивановични таклиф қилди. "Пахтакор" охирги икки ўйинда керакли натижаларга эриша олмади. Ўйин тарафлама сўнгги учрашувлардан келиб чиққанда "Навбаҳор" яхшироқдек кўриняпти. Лекин "Пахтакор"ни унутмаслик лозим. Ўйлайманки, "Пахтакор"да бу муваффақиятсиз давр тугайди. Бугунги учрашувга келсак, "Навбаҳор"да бироз кўпроқ имконият бор
Бу жамоалар ўртасидаги ўйин доим қизиқ ўтади. Қайсидир жамоа очиқ ўйин кўрсатмайди. Чунки натижа икки жамоага ҳам муҳим. "Навбаҳор"нинг "Металлург"га қарши ўйинини кўриб чиқдим. Сўнгги дақиқаларда диққатни йўқотиб гол ўтказиб ғалабани қўлдан чиқарди. "Пахтакор" эса кетма-кет ютқазишини кутмаган бўлса керак.
"Навбаҳор" устози ҳакамлар ва бошқа ишлар билан камроқ машғул бўлиб, кўпроқ футболчиларининг тайёргарлиги билан ишласа қизиқарли ўйин кўришимиз мумкин. Юқорида айтганимдек, "Навбаҳор" бугун рақибига қараганда бироз устунроқ",- дейди Лазаревич.
Comments