"Бизнинг футбол жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб ҳам эмас". Диёр Имомхўжаев "Бунёдкор", ОЧЛ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳақида гапирди
13 aug 2020 13:48
News
"Бизнинг футбол жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб ҳам эмас". Диёр Имомхўжаев "Бунёдкор", ОЧЛ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳақида гапирди
Қуйида ушбу видеомурожаатда Диёр Имомхўжаев айтган гапларни ёзма равишда тақдим этамиз:
"Ассалому Алайкум, ҳаммага! Мавзуимиз футбол бўлгани учун одатда ҳаммамиз футбол ҳақида гаплашамиз. Ҳозир футбол мавзусига ўтишдан олдин битта кичик ривоят айтиб бермоқчиман.
Битта қишлоқда бир ота-онанинг фарзандлари - олтита ака-ука яшаган экан: Эрмат, Шермат, Эшмат, Тошмат, Ғишмат, Ҳурмат деган ака-укалар бўлган экан. Улар ҳаммаси курашга қизиққан, доим бир-бири билан курашиб юрар экан. Кимдир кўпроқ баданига эътибор берган, кимдир кўпроқ ейишига эътибор берган, кимдир кўпроқ кийимига эътибор берган, шундай қилиб ўзаро курашлар биринчи-иккинчи ўринларни олиб, қўшни қишлоқларга ҳам мусобақалашишга бориб туришар экан. Мусобақалашиб ҳам ака-укалар мавқейи тушиб борар экан. Олдин бошқа қишлоқларда ҳам шу олти ака-уканинг ҳурмати бўлган бўлса, охирги пайтларда ҳурмати анча тушиб қопти. Кейин ака-укалардан бирининг ақли ишлаб оға-инилар, агар ҳаммамиз бир ота-она фарзанди эканимизни бошқа қишлоқдагилар билиб қолса, бизни мусобақадан четлатишади дебди. Чунки мусобақада шундай экан: ака-укалар бир-бири билан келишмаслиги, бир-бирига ёрдам бермаслиги учун қариндош-уруғчилик ришталари бўлиши керак эмас экан.
Худди шу нарсани ўзимизнинг футболга ўгириб айтайлик, Эрмат, Эшматларнинг ўрнига "Насаф", "Бухоро", "Нефтчи" ва бошқа жамоаларимизни қўйиб кўрайлик. ОФК шу пайтгача ўйлаган "Бунёдкор"ни "Узтрансгаз" молиялаштиради, қайсидир жамоани "Кўкдумалоқгаз" молиялаштиради, кимнидир "Гиссарнефтегаз" молиялаштиради, яна кимларнидир газ ёки нефть соҳасидаги бошқалар молиялаштиради, мен уларга раҳмат айтаман. Яъни ОФК ўйлаган, ҳамманинг ўз ҳомийлари бор, бир қарашда зўр. Лекин худди ака-укалар каби бизнинг клублар мусобақадан қолиб кетишни хоҳлашмагани учун отаси кимлигини айтишга уялган бўлса керак. Аслида ҳаммасининг отаси, ҳаммасининг тепасида турадиган ташкилот бу "Узбекнефтгаз", уларнинг ҳам тепасида турадиган, яъни бобоси бу давлат. Яъни, биздаги кўп катта клубларни давлат молиялаштиради. Бош вазир протоколи билан чиқиб ҳукуматимиз футбол ривожи учун, миллионлаб халқимизнинг жаҳон чемпионати орзуси ушалиши учун кўп-кўп пуллар беришади.
Лекин эътибор берсак, ўша ака-укаларга ўхшаб борган сари Осиё чемпионлар лигасида бизнинг мавқеимиз тушиб боряпти. Эсингизда бўлса, авваллари 3+1 йўлланмамиз бўларди, тўртта жамоа қатнашарди. 2+2га тушдик, 1+2га тушдик, 1+1га тушдик, чунки биз ОФКни алдаб келганмиз, аслида ўзимизни ўзимиз алдаганмиз. Ҳаммамиз биламизки, шу клублар тепасида турувчи ҳомийлар бўлмаса бугунги натижасига эришмайди. Футбол тепасида ишлашни бошлагандан бери кўряпмизки, жуда кўп клублар ойлик маошга асосий пулларни сарфлашади. Бошида қурилган "Бунёдкор" академияси билан ҳозирги "Бунёдкор" академияси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Олдинги шароитлар қанақа, ҳозирги шароитлар қанақа? Олдинги овқатланиш қанақа, ҳозирги овқатланиш қанақа? Ётар жой, бассейн аҳволи...Олдин академияга қандай эътибор берилган, бугунга келиб академия қай ҳолатга тушган? Бу нарсани қачондир тўхтатишимиз керак.
Агар отамизни айтишдан уялиб Осиё чемпионлар лигасидан қолиб кетишдан қўрқадиган бўлсак, мен шу лавозимда ишлаб туриб айтаманки, яхшиси Осиё чемпионлар лигасидан қолиб кета қолайлик. Муҳими, футболимиз тўғри йўналишга тушиб олиши учун. Бу гапларни айтиб нима бўларкин деб хавотир ёки гап-сўз қўзғатиш шарт эмас. Чунки Профессионал футболи лигаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси бирлашиб Осиё футбол конфедерациясига ОФКжон, аслида буларнинг ҳаммаси битта жойдан молиялаштирилади. Бизда Президент қарори чиқди, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамма клубларни ўзига олиши, буларни келишилган ўйинларга яқинлаштириш ёки бошқа нарса эмас. 2030 йилгача булар секин-секин хусусий бўлиб ўз юкини ўзи тортмаса, бўлди давлат шунча пул берди, бу ўзини оқламади 25 йил давомида, болалар футболимиз шу аҳволга келиб қолди, стадионларимиз шу аҳволга келиб қолди. Давлат активларини бошқариш агентлиги билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси бирлашиб, бу пулларни секин-аста болалар футболига, академияларга, стадионларга, прожекторларга, майсаларга, майсаларни ўрадиган машиналарга сарфлаб инфраструктурани яхшилаб, футболчилар секин-секин ўз аравасини тортадиган ҳолатга олиб келиш ниятида деб тушунтирса, менимча ОФК ҳам тушуниши керак. Агар ОФК тушунмаса, демак биз аслида нотўғри йўлдамиз, демак биз ўзимизни ўзимиз алдашни тўхтатишимиз керак бўлади, шунда менимча ҳаммаси изига тушиши керак. Чунки яна бир марта қайтараман, ОФК томонидан лимит бизга берилиши бўйича ёки клубларимиз ривожланиши тенденцияси бўйича олдинга кетаётганимиз йўқ. Клубларимиз аллақачон гуруҳдан чиқишни орзу деб билишади, аллақачон ярим финалларга боришимиз йўқ бўлиб кетган, гуруҳдан чиқиш охирги марта қачон бўлганини эслаш ҳам қийин аҳволга келдик. Тўғри, ҳозир "Пахтакор" гуруҳдан чиқиб узоқроққа борадиган бўлса, квотамиз ошиши мумкин, лекин нега фақат "Пахтакор"га қараб ўтиришимиз керак? Нега давлат бераётган пулни инфраструктурага, фарзандларимизга, ёшларга, болаларга тиксак халқ индамайди, чунки уларнинг ҳам болалари ўйнайди, яъни келажакка инвестиция. Нега энди ўзини ўзи боқа олмайдиган, беш мингта мухлис йиға олмайдиган клублар шу йўналишда давом этиши керак деган саволни менимча ҳар биримиз ўзимизга беришимиз керак. Халқаро майдондан четда қолиб кетамиз деб қўрқиш керак эмас, агар нотўғри йўл билан халқаро майдонда ниманидир қойиллатаётган бўлсак ҳам майли эди. Уни ҳам, буни ҳам қилолмаяпсизми, келинглар ҳаммасини бошидан бошлаб футболни қайтадан оёққа турғазишни ўйлаган маъқул.
Шунинг учун ким ҳар хил гапларни чиқараётган, ким ўз манфаатини клуб манфаатидан устун қўяётган бўлса, орамизда шундай инсонларга жой бўлмаслиги керак. Мен бир нарсага жуда ишонаман, ҳаммамиз ўз чўнтагимиздан бирор нарсага пул тикадиган бўлсак, тийин-тийинигача текшириб оламиз. Энди давлат пули қаерда бўладиган бўлса, ўша пулга эга чиқмоқчи бўлган одамлар ҳам албатта бўлади. Ва бундай одамлар футболимизда жуда ҳам кўп. Ўшаларга қарши курашиш керак бўлса, келинг бир ёқадан бош чиқарайлик. Бояги ривоятга қайтадиган бўлсак, ўзининг ота-онаси кимлигини айтишдан уяладиган ака-укаларга эргашишимиз керак эмас. Давлат боқяпти клубларимизни.
Мен клубларга ҳомийлик қилаётган "Нефтегаз" раҳбарларига раҳмат айтаман, лекин модомики пулни давлат беряптими, демак шу пулларни назорат қилиш ҳам керак. Давлат активларини бошқариш агентлигининг саҳнага келиши аслида мана шундан. Пул нимага кетяпти, қанча ишлатиляпти, нималар қилиняпти, бунинг орқасида кимлар турибди каби катта-катта масалаларни очишимиз керак. Агар ўзбек футболида ҳам Туркия, Италияга ўхшаб катта инқилоб қилиш вақти, кимларнидир қамаш, кимларнидир қилган иши учун жавоб бериш вақти келди деб ҳисобласак, менимча тўғрироқ бўлади. Бу нарсадан қўрқишимиз керак эмас, чунки кимнинг боши деворга бориб урилмагунча, кимдир ҳамром ейишдан тийилмагунча, бу пуллар коррупция бўлиб кетаверса, ҳеч қачон баракамиз бўлмайди.
Мен баракаси йўқ жойда терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмаса, ҳеч қачон сочимни юлган бола эмасман, чунки ўзбек бўлиб туриб, ўзбек ўғлони, мана шу Ватан фарзанди сифатида айтаманки, бизнинг футбол жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб ҳам эмас. Ҳукумат шуни тозаламоқчи, тўғри бўлсин демоқчи, шунча пул осмонга учди, энди болаларга берайлик, секин-секин клублар ўз юкини тортсин, шу йўналиш бўлса биз уларни қўллаб-қувватлайлик, баъзи бир одамлар гапига кириб, қандайдир провакацияга учиб бошқа жойга кетиб қолишимиз шарт эмас", - дейди Диёр Имомхўжаев.
Қуйида ушбу видеони томоша қилиш мумкин.
Comments