Бахтиёр Толипов: “Қайсидир футболчини айблаш фикридан йироқман”
12 nov 2015 10:18
News
Бахтиёр Толипов: “Қайсидир футболчини айблаш фикридан йироқман”
Ўз майдонида “Сўғдиёна”га 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйганидан сўнг қўқонликлар зудлик билан йиғилиш ўтказишиб, якунда Рустам Абдуллаев билан хайрлашишга қарор қилишди. Жамоани охирги тур беллашувига маҳаллий мутахассис Муҳсин Низомиддинов бошлаб тушадиган бўлди. Истеъфо тафсилотлари кўпчиликни қизиқтираётгани тайин ва “темирни қизиғида босиш” мақсадида ўйининг эртаси куниёқ (6 ноябрь жума куни) Қўқонга бориб клуб вице-президенти Бахтиёр акани суҳбатга чорладик. Табиийки, асосий мавзу жамоанинг ўтказган охирги учрашувлари билан боғлиқ бўлди. Ҳеч қачон интервью борасидаги илтимосларимизни ерда қолдирмаган клуб мутасаддиси вазият ёқимли эмаслигига қарамай, фикрлари билан ўртоқлашишдан ўзини олиб қочмади. 5 ноябрь куни чиқарилган буйруқ билан бевосита танишиб чиқдик. Унга кўра шу кундан бошлаб Рустам Абдуллаев ўз лавозимидан озод этилганлиги қайд этиб ўтилган.
– “Қўқон-1912” ўз майдонида жиззахликлардан енгилганидан сўнг клуб йиғилиши ўтказилиб, мураббийлар ўз вазифаларидан озод этилганлиги ҳақида хабарлар янгради. Аутсайдердан учралган мағлубият маҳаллий мухлис ва раҳбариятга ботмагани билан боғлиқми?
– Футболчиларимиз охирги турларда “Металлург”, “Нефтчи” сингари жамоалар устидан қозонилган ғалабалардан сўнг олдимизга қўйилган вазифани уддаладик, дея ўзларига бўлган ишонч ортиб кетганми, ҳарқалай, “Сўғдиёна” билан баҳсга совуққонлик билан қарашгани сезилиб қолди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили биринчи лигада ҳам ўз майдонимиздаги охирги учрашувда олий лигага чиққанлигимиз муносабати билан мухлисларимизга байрамона кайфиятни улаша олмай, “Машъал-2”га ютқазиб қўйгандик. Шунда ҳам рақибни менсимаганликлари сезилиб қолганди. Биз жамоанинг машғулотлар ўтказаётган чоғида ҳам ташриф буюриб, айнан мана шу мавзуни кўтаргандик. Тўғри, олдимизга қўйилган вазифа уддаланди, аммо ўз майдонимиздаги охирги ўйинда мухлисларимизга қувонч улашиш даркорлигини тайинлагандим. Йил давомида қилинган меҳантимизнинг чиройли тарзда якун топишини жуда кўпчилик кутишаётганди. Афсуски, ўйин ўхшамади. Мураббийлар шогирдларини айнан мазкур учрашувга муносиб тайёрлай билишмади. Натижада бош мураббийни ишдан олишимизга тўғри келди. Штабни тўлалигига ҳайдаб юборганимиз йўқ. Рустамнинг ёрдамчилари қолишади. Бошқарув вақтинчалик ёшлар жамоаси устози Муҳсин Низомиддинов зиммасига юклатилди.
– Ўйинчилардан кимлардир ҳам ишончингизни оқламадими? Фақатгина мураббийнинг хатолари мағлубиятга олиб келмагандир?
– Беллашувдан кейин эҳтиросга берилиб кетиб, кимларгадир қаттиқ гапириб юборган бўлишим мумкин. Хатолар ҳам футболнинг ажралмас қисми эканлигини тобора тушуниб бормоқдамиз. Ҳеч ким адашмаса қизиғи қолмайди. “Сўғдиёна” билан баҳсда биринчи бўлимда иккита голни ўтказиб юборган Баклановни ҳам айримлар айблашга уринишмоқда. Бундан бир тур илгариги Фарғонада “Нефтчи”га қарши кеган ўйинда мураккаб вазиятларда Андрей жамоамиз жонига аро кирганди. Кеча хатоларга йўл қўйганлигини кўриб турдик. Шахсан ўзим бу дарозабонимизни айблаш фикридан йироқман. Асосий хато мураббийлар тарафидан йўлга қўйилди. Таркибни аниқлашда ҳам бир қатор чалкашликлар юзага келганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Айниқса, ҳимоя чизиғи ишончсиз тарзда ўйнади. Бош мураббий ҳимоячи Голбанни ҳужумда туширишни афзал билди. Отабек Ҳайдаров эса захирада қолдирилди. Баъзилар умуман бошқа позицияда тўп суришларига тўғри келди. Таянч ярим ҳимоячиси ҳисобланган Қувонлиқ Рўзиев эса қанотга ўтказилиб қўйилганди. Шу сабабли маълум ижрочиларни айблаш фикридан йироқман.
– Учрашув ўзингизда ҳеч қандай шубҳа уйғотмадими? Мағлубиятни фақат хатоларга йўл қўйилгани билан изоҳлайсиз, шундайми?
– Шуни ишонч билан айта оламанки, бундай ўйинлар бизнинг Қўқонда бўлмайди. Бошқа гапга эса ўрин йўқ.
– Жамоанинг иштирокида кўплаб кутилмаган натижалар қайд этилганлиги ҳам аниқ факт: “Пахтакор” ва “Локомотив” билан ўзўйингларда дуранг ўйнадинглар. Вилоятнинг бош жамоасини чемпионатлар тарихида илк бор расмий учрашувда енгишнинг уддасидан чиқилди. Демак, шубҳа-гумонларга боришдан аввал, жамоанинг бошқа натижаларига ҳам эътибор қаратиш керак экан-да?
– Қўлдан келганича клубда барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Маош ва мукофот пуллари ўз вақтида тўланмоқда. Шунинг учун йигитларимиз бировнинг қўлига қараб қоладиган даражада оч эмаслар. Ойлаб пул ололмаётган жамоаларда балки четдан аланглаб боқишиб, кимлар нимани тавсия қиларкин, деган фикр устун турар, билмадим. Охирги пайтда ютсак – сотиб олишган, ютқазсак – сотишган қабилидаги гаплар ҳатто оммавий ахборот воситалари саҳифаларида янграши кузатилмоқда. Мана шундай ҳолатлар ҳам футболчиларга руҳий томондан салбий таъсир ўтказиб, муносиб тайёргарлик кўришларига ҳалақит қилган бўлиши мумкин. “Сўғдиёна” ўзи учун керакли очколарни қўлга киритиш учун “Қўқон-1912”ни сотиб олади, қабилидаги узунқулоқ гаплар ўйиндан аввал тинмай янграб турганди. Тошкентнинг “Локомотив”и билан ўз майдонимиздаги беллашувидан аввал ҳам шунча ўхшаш миш-мишлар болалаб кетганди. Рустам Абдуллаев фаолияти мобайнида Вадим Абрамов билан бирга фаолият юритганига шаъма қилишганди. Шунинг учун мана шу баҳсдан аввал алоҳида йиғилиш ўтказиб, болаларни жиддий тарзда ҳушёр бўлишига ундагандим. Қарасам, руҳий босим остида биринчи таймда футболчиларимизнинг ҳаракатлари умуман қовушмаяпти. Хато қилишдан чўчишиб, тўпни ўзларида сақлаб ўтирмай, тезликда шерикларига оширишга ҳаракат қилишмоқда. Танаффусда яна киришга мажбур бўлдим. Эркин ўйнашларини тайинлаб, сизларга нисбатан ҳеч қандай шубҳа-гумон йўқ, дея тинчлантиришга уриндим. Шундан кейин иккинчи бўлимда ўйин бутунлай ўзгариб кетди. “Сўғдиёна” билан ҳам йигитларнинг ҳаракатлари қовушмаганини таъкидлаш жоиз.
Умуман, босим остида ҳаракат қилиш жуда мушкул ҳисобланади. Келишилган ўйинлар ҳақида гап-сўз жуда кучайди. Мухлислар нега стадионга кирмай қўйшди, дея бонг урасизлар. Нотўғри ташвиқот орқали уларни ўзимиз бездириб қўймаяпмизми? ОАВнинг ўрни аксинча бўлиши керак эмасми? Ҳамма учрашувларни келишилган дейишдан тонмайдиганлар ҳам топилади. Ўхшамаган беллашувларимизда ҳам нопокликка борилмаган. Сизларни ишонтириб айтаманки, “Қўқон-1912” ҳеч қачон ҳеч ким билан келишишга уринмайди!
– Мавзудан бироз четлашсак. Клуб маблағни мисқоллаб топмоқда. Ҳозирги кунда пул ишлашнинг ўзи мушкул. Лекин олий лигада битта футболчига кўтарма пули сифатида 50-60 миллион сўмлаб берилиб, йиллик сарф-харажатнинг асосий қисмидан ажралиш осон жараён ҳисобланмаса керак?
– Ёш футболчилар билан узоқ муддатли шартнома имзолашдагина муаммога дуч келамиз. Асосий таркиб вакиллари билан фақат бир йилга мўлжалланган битимлар тузилмоқда. Керак десангиз, ўйинлари ўхшаб қолган футболчилар янги мавсум учун ўз баҳоларини ошириб олишар экан. Хабарингиз бор, қишки йиғинлар чоғида бир қатор таклиф қилинган ўйинчиларимиз бизга ўтишга розилик билдиришмади. Алдашади, пул топиб бера олишмайди, сингари шубҳа-гумонларга борганликлари аниқ. Чунки бу анча аввалиги тушунча буйича. Юритаётган фаолиятимизни кўзатиб, эндиликда ўзларини тавсия қилаётган таниқли ижрочилар сони ортиб бормоқда. Қолаверса, бошқа клублар шарафини ҳимоя қилган маҳаллий йиғитларни Қўқонга қайтармоқчимиз. Кўришди, ҳеч кимни алдамаяпмиз. Шатроитлар ёмон эмаслигига бевосита футболчиларнинг ўзларидан сўраб ҳам билиб олишингиз мумкин. Ўзим эса Россиянинг нуфузли клубларидан бирига бориб, футболчилар билан шартнома тузиш усулларини ўрганиб қайтмоқчиман. 20 ноябрдан кейин чемпионат баҳслари якунига етганидан сўнг мазкур сафарни амалга оширишимиз мумкин. Футболчиларнинг топаётган пуллари ҳалол. Меҳнатига яраша ҳақ тўланмоқда. Таркибимиздаги ёши катта ўйинчилардан Носир Отақўзиевни олайлик. Жуда яхши футболчи экан. Ўзини тутиши орқали ҳам жамоадошларига ўрнак бўлмоқда. Шунингдек, Алексей Николаев жамоага жуда катта фойда келтирмоқда. Улар машғулотлардан ҳам ёшлардан кўра кўпроқ тер тўкишади. Аммо шундай тоифадаги футболчилар бор эканки, қишки тайёргарлик жараёнида ўзларини ҳар томонлама кўрсатишга интилишиб, шартнома имзоланиб бўлганидан сўнг, расмий беллашувлар бошлангач, бутунлай салбий томонга ўзгариб қолишлари кўзатилади. Олдинги ҳаракатларидан кейинчалик асар ҳам қолмайди. Келаси йили ҳам шундай усулда пулларни ундириб олиш илинжида ҳар қандай ишга тайёр йигитлар топилиб турилар экан. Бирданига янгиликни тадбиқ этиш ҳам фойдасини беравермайди. Виждонли йигитларга тўлаган пулларимиз ҳалол бўлсин. Айнан шулар жамоани ортларидан эргаштиришди. Биринчи давра якунига кўра, 11 очко жамғарган бўлсак, чемпионатнинг қолган қисмида 20 очко олишди. Яна охирги тур ҳам бор. Кечаги сингари хатоларга йўл қўймаганимизда ҳозирда 5-6-ўринларни банд этиб турган бўлармидик? Пулни ўрнига ишлатилиши тарадориман. Шунингдек, янги футболчи жалб қилишда ҳам ҳушёр бўлишимиз талаб этилар экан. Фойдаси тегса, берган маблағларимиздан розимиз.
– Бахтиёр Ашурматов варианти бу йилги ёзги танаффус маҳалида ҳам юзага келганди. Эндиликда жамоа бош мураббийсиз қолди. Номзодлар ўрганилиши жараёнида асосий урғу ушбу мутахассисга қаратилишини тахмин қилиш қийин эмас.
– Кечагина мураббийни ишдан бўшатдик. Охирги турда Муҳсин Низомиддиновга ишонч билдирдик. Аввало фурсатдан фойдаланиб, Рустам Абдуллаевга ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Икки йил давомида жамоанинг муносиб тарзда шаклланиб бориши йўлида ўз билим ва меҳнатларини аямади. Афсуски, ҳамкорлигимиз тақдир тақазосига кўра барвақт якун топди. Бу ёғига шундай мутахассисни жалб этишимиз керакки, яхши биласиз, ривожланишнинг навбатдаги беш йиллик режасига эгамиз. Поғонама-поғона юксалиб боришимиз кўзда тутилган. Узоқ фикрламасдан, янги чақириладиган мураббийни қандайдир сабабга кўра яна алмаштириб юборсак ўзимизга зиён. Таклифда янглишмаслигимиз даркор. Ҳар бир номзодни пухта ўрганиб чиқишимиз талаб этилади. Маҳаллий футболчилар билан олдига қўйилган вазифани бажара оладиган мураббий билан ҳамкорликни давом эттирамиз. Шу сабабли ҳозирги пайтда аниқ бир номзод ҳақида гапира олмайман. Чемпионатнинг охирги турини якунлаб, маслаҳатлашгач, бирор қарорга келармиз.
Энди бевосита Бахтиёр Ашурматовга ўтсак, яхши бола. Қўқонимиз фарзанди. Қандай савиядаги мутахассис эканлигини “Навбаҳор”даги фаолияти давомида исботлаб келмоқда.
– Олий лигада бу йил нима маъқул тушдию, қайси жабҳалар умуман ёқмади?
– Биринчи лигага нисбатан савия анча баланд эканлигини таъкидлаб ўтишимга ҳожат бўлмаса керак. “Олий”нинг ўзига яраша ташвишлари кўп экан. Ҳар қандай ҳолатда мухлисларимиз стадионда бизни қўллаб-қувватлашда давом этишди. Янги ташкил қилинган мухлислар клубимизни мамлакатимизда етакчилар қаторида тилга олина бошлашди. Энг ёқмаган томони, мавсум мобайнида келишилган ўйинлар борасидаги гапларнинг ортиқча бўрттириб юборилишидир. Футбол ичида меҳнатини аямай келаётган инсонларнинг ҳаракатини баъзан шубҳа остига олиниши ярашмайди. Яқинда “Спорт” телеканали орқали “Соккер клуб” кўрсатувида қўқонликларнинг ҳам шубҳали учрашувларда қатнашганлиг борасидаги фикрлар янгради. Ундан келтирилган фактлар ҳақиқатдан бироз йироқдир. Масалан, “Локомотив” билан кечган баҳсда захирадан туширилган ёш ўйинчи ўзи билмаган ҳолда рақиб дарвозасини ишғол этиб қўйган, қабилидаги фикрлар янгради. Аслида эса бундай эмас. Захирадан майдонга тушган Отабек Ҳайдаров етакчи аъзоларидан бири саналади. Унинг “Нефтчи” таркибида ҳам ўйнаганлигини эслатиб ўтишга ҳожат бўлмаса керак. Ўша фактларни келтирган инсон Қўқондаги стадионда умуман бўлмаган. Ҳайдаровнинг захирада ўтириб қолиш сабабларига келсак, икки тур аввало олган жароҳати билан боғлиқ эди. Исботсиз гаплар орқали бошқаларни чалғитишга уриниш тўғримикан? Баъзан матбуот саҳифалари орқали шошилинч хулосалар чиқариб қўйишмоқда. Хорижда ҳам футболимизни кузатишяпти. Фактларга таянмаган гаплар билан ўзимизни-ўзимиз оёқости қилмаяпмизмикан? Мана, “Андижон” борасидаги фикрлар ўз исботини топмай, жамоа олий лигада қолиш вазифасини уддалади. Шубҳа остига олинган ўйинчилар жамоага қийин пайтда фойдалари тегди. Шу тарафларни ўйлайлик. Футболчиларнинг меҳнатлари осон эмаслигини тушунайлик. Ёз фаслида битта машғулотдан кейин болалар камида 4-5 килограммга яқин вазн йўқотишади. Расмий ўйинлар вақтида куч кетишини эса тасаввурингизга келтириб қўяверинг.
Абдуҳафиз АДБУЛАЗИЗ ўғли суҳбатлашди
Comments