Алишер Шоғуломов: "Мен баҳона қилмоқчи эмасман, лекин футбол эркаклар ўйини"
13 sep 2020 19:23
News
Алишер Шоғуломов: "Мен баҳона қилмоқчи эмасман, лекин футбол эркаклар ўйини"
Учрашувдан сўнг мезбон "Оқ-тепа" клуби раиси Алишер Шоғуломов фикрлари билан ўртоқлашди.
"Қизиқарли ўйин бўлди. "Шўртан" жамоаси бежиз биринчи ўринда кетаётгани йўқ. Биринчи бўлимда ўйлаган режаларимизни амалга ошира олмадик, пазицион хатоларга йўл қўйдик. Биз имкониятимиздан келиб чиқиб, ихтиёримизда бор футболчилар билан ўйнамоқдамиз. Таркибимизда юлдуз футболчилар йўқ, жамоасиз қолган футболчиларни жалб қилганмиз. Ишлаб, меҳнат қилиб нимадирга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз. Оралиқда юзага келган танаффусда кўп футболчиларимиз жамоамизни тарк этди. Асосий таркибдаги олти нафар футболчимиз алмашди. Биз ўйлаган нарсаларни футболчилар майдонда бажара олишмаяпти. Балки, тажриба етишмаётгандир. Иккинчи бўлимда тўп назоратини қўлга олдик. Кетма-кет ҳужумлар уюштира бошладик. "Шўртан" мураббийи Асрор ака Алиқулов ўз вақтида ажойиб футболчи бўлган, ўзим мухлиси бўлганман. Телевизорда ҳам кўрган бўлсангиз озгина нарсага ҳам ётиб олиб ўйинни чўзиш ҳолати кўп бўлди. Футбол эркаклар ўйини. Мен баҳона қилмоқчи эмасман. Бизда ҳам яхши вазиятлар бўлди, гол ура олмадик. Бугун ҳужум чизиғида ёш футболчилар ҳаракат қилди. Улардан кўнглим тўқ. Олдига қўйилган вазифани бажаришмоқда. Айримларида ўхшамаяпти",- дейди Алишер Шоғуломов.
- Бугун ҳужумга нуқта қўядиган футболчи топилмади...
- Иккита ҳужумчи билан ҳам ўйнаб кўрдик, ўхшамади. Бизда гол урадиган яққол ҳужумчини ўзи йўқ. Йилни бошидан Иброҳим Томивага мослашган ҳолда ўйин қурдик. Унинг ўрнига яхшироқ ҳужумчи ололмадик. Ҳужум чизиғимизда муаммолар бор.
- Тажрибали футболчиларни ўйинидан қай даражада қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Тажрибали футболчилар ўз даражаларида тўп тепа олишмаяпти. Билмадим, улар билан қандай гаплашиш керак. Тушунтирмоқдамиз, кўрсатмалар беряпмиз. Лекин, Суннатилла Мамадалиевни алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Кўп ёшлар шу футболчидан ўрнак олиши керак деб ўйлайман. Ҳар бир вазиятда курашмоқда, пас бермоқда, очилмоқда. Жамоадаги кўп ёш футболчилардан ўзининг фаоллигини кўрсатмоқда.
Comments