Latest news

01:39А Серия. "Рома" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйинда ғолиб номи аниқланмади  0 00:56"Реал" афсонаси билан шартномасини бир йилга узайтиради  2 00:322016 йилги Golden Boy соҳиби ва Европа чемпиони ПСЖга қайтади  0 00:13Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" меҳмонда "Галатасарой"га йирик ҳисобда мағлуб бўлди, Турғунбоев эса...  0 23:30Серия А. "Милан" - "Женоа" 3:3   0 23:25Бундеслига. "Айнтрахт" - "Байер" 1:5   0 23:20АПЛ. "Ливерпуль" - "Тоттенхэм" 4:2   0 23:15АПЛ. "Челси" - "Вест Хэм" 5:0   0 23:10Серия А. "Кальяри" - "Лечче" 1:1   0 22:47Александр Стоймирович: "Таркибимизда йўқотишлар бор"  0 22:45Самвел Бабаян: "Исталган жамоа Наманганга келганида ҳимоявий услубда ўйнайди"  16 22:25АПЛ. "Ливерпуль" ва "Тоттенхэм" ўртасидаги ўйинда 6та гол урилди!  14 22:07Гнабри "Реал" билан ўйин олдидан: "Ўйинни ўлдириш керак"  4 21:42Илёс Зейтуллаев: "Ҳозир камроқ гапириб, кўпроқ ишлашимиз керак"  13 21:23Роналду "Интер Майами"га ўтиши мумкин — журналист Абдулазиз Ал Осаими  22

Чемпионат форматини ўзгартириш фойда берадими? News

Чемпионат форматини ўзгартириш фойда берадими?

Осиёдаги миллий чемпионатлар тобора кучайиб бораётгани ҳақида кўп ёзиб келяпмиз.
Барибир ички мусобақаларга қизиқишни оширмасдан туриб, футболни ривожлантириш қийин эканлигини амалда билиб олдик. Бизда олий лигага бўлган қизиқиш тушиши терма жамоага бўлган қизиқишга ҳам таъсир қиляпти. Авваллари Хитой Тайпейи сингари рақиблар ўйинини кўргани стадионга 20-30 минг мухлис йиғиларди. Ҳозир Янги Зеландияга қарши учрашувни 8-9 минг ишқибоз кузатмоқда.

Ҳар йили мавсум арафасида ПФЛда олий лигада иштирок этаётган барча клублар менежерлари ва спорт директорлари иштирокида йиғилиш ўтказилади. Унда олий лига форматини ўзгартириш керакми ёки йўқми, бу борада жамоалар қандай таклифларни билдира олиши кўриб чиқилади. Бироқ кимнингдир аниқ таклиф билан чиққанини эшитмадик. Таклиф фақат мухлис ёки журналистлар тарафида бериб келиняпти. Шу асосда ПФЛ бир қарорга келишни анчадан буён хоҳламай келмоқда. Балки, мухлислар ўртасида сўровнома ўтказиб, якунда энг кўп овозни олган вариант устида тўхташ керакдир. Германияда терма жамоанинг ўйин услубини аниқлаш учун мамлакат бўйича сўровнома ўтказилганди.



Ҳар ҳолда, ишқибозлар ўзлари учун қизиқроқ бўлган форматни танлашса, кейин мухлисларнинг ташрифи ва эътибори ортиши мумкин. Бизда кўпчилик ўйинлар сонининг камлигини таъкидлаяпти. Бундай вазиятда олий лига иштирокчилари сонини ошириш фойда бермайди. Чунки юқори савияда ўтмайдиган учрашувлар сони ортгани қолади холос. 14 жамоага жиллақурса яхши савияда ўйнай оладиган футболчилар етишмаётган бир пайтда яна 2 жамоа сафини қандай ижрочилар билан тўлдиришини билиб олиш қийин эмас. Олдимизда иккита йўл бордек. Биринчиси айнан форматни ўзгартириш. Бунда турли хил вариантларни кўриб чиқиш мумкин. Мақола давомида формат масаласига батафсил тўхталамиз. Иккинчи йўл эса чемпионат учун йирик сармоядорлар ва ҳомийлар топган ҳолда маълум бир бюджетни юзага келтириш. Кейин ўша пулни 14 жамоага тенг тақсимлаб бериш керак. Ўша пулга клублар фақат легионерларни жалб этиши мумкин бўлади. Легионерлар учун ПФЛ қатъий талаблар қўяди. Бундай ҳолат айни пайтда Ҳиндистон ва Австралияда қўлланилмоқда. Клублар доимий ҳомийлар бераётган пул эса аввалгидек тушиб боради. Биз қўшимча бюджет шакллантириш борасида фикр юритдик. Албатта, бунинг учун ПФЛдан катта ҳажмдаги ишни амалга ошириш талаб этилади. Ҳомийлар топиш учун реклама, маркетинг ва трансляциялар ҳуқуқини йўлга қўйиш керак бўлади. Лекин Ҳиндистон шу ишни уддалаган экан, нима учун биз амалга ошира олмаймиз? Ҳиндлар одатий мавсумдан ташқари 4 ой давом этадиган махсус лигани ташкил қилишди. Бизга алоҳида лига шарт эмас. Ҳозирги ҳолатда ҳар бир жамоага 3-4 нафар юқори савиядаги ижрочилар билан шартнома имзолашга етадиган қўшимча маблағ топилса бўлгани.

Бир неча йиллар олдин жамоалар 26 учрашувни ўтказиб бўлгандан кейин чемпионатни иккига бўлган ҳолда давом эттириш масаласига кўтарилганди. Лекин бу ҳозиргача таклифлигача қолиб кетди. Ҳозир ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, олий лигага ўзгаришлар зарур. Шу ўринда баъзи мамлакатларда қўлланиладиган форматлар хусусидаги маълумотни келтириб ўтамиз. Шунда ҳар ким қайси формат биз учун маъқул эканлигини аниқлаб олади ва бу маълумотлар ПФЛ ҳамда клублар учун ҳам кичик ёрдам бўлиши табиий.

Дастлаб одатий мавсумдан кейин алоҳида босқичда давом этадиган чемпионатлар ҳақида тўхталсак. Бельгия “Юпилер” лигасида бир неча мавсумдан бери шундай форматга ўтилган. Юқори олти ўринни эгаллаган жамоалар иккинчи босқичда бир-бирларига қарши иккитадан ўйин ўтказишади, жами ўнта. Кейинги раундга эса тўпланган очколарнинг эллик фоизи, яъни ярми билан ўтилади. Айтайлик, “Андерлехт” одатий мавсум давомида 70 очко йиққан бўлса, иккинчи раундга мазкур клуб 35 очкоси билан қўйилади. Ўша ўнта беллашувдаги натижалар шунга қўшилади ва якунда чемпион клуб номи ҳамда Еврокубоклар иштирокчилари аниқланади. Жамоалар эгаллаган ўринларига қараб Еврокубоклар учун плей-офф баҳсларида майдонга тушишади. Иккинчи гуруҳда 7-14 ўриндаги жамоалар қатнашишади. Фақат бу гуруҳдаги жамоалар баҳсларни очкосиз бошлашади, аниқроғи биринчи босқичда йиғилган барча очколар бекор қилинади. Ғолиб эса биринчи гуруҳнинг 4 ёки 5-поғонадаги клуби билан Европа лигаси йўлланмаси учун ўзига хос финалда тўқнаш келади. Шунингдек, лигада қолиш ва унга чиқиш учун ҳам икки лига иштирокчилари орасида плей-офф баҳслари ўтказилади, худди Англияда бўлгани сингари. Фақат инглизлар кубокдаги сингари ярим финал ва финал учрашувларини ташкил қилишади.



Бельгиядаги бу формат кўпчилик томонидан танқидлар остида кутиб олинди ва ҳалигача ундан воз кечиш зарурлигини мутахассислар таъкидлаб ўтишмоқда. Биринчидан, мавсумдаги учрашувлар сони кўпайди. Иккинчидан, футболчиларнинг дам олиши учун деярли вақт қолмади. Рождество арафасида ҳам Бельгиядаги клублар майдонга тушишга мажбур бўлишяпти. Тўри, етакчи клубларнинг ТВ ва чипталар сотувидан оладиган фойдалари салмоқли тарзда ортди. Лекин жамоалар совуқ ва қорли майдонларда тўп тепиб,  кўпроқ пул ишлагандан кўра бу форматни бекор қилишни маъқуллашмоқда. Мухлисларга эса бу ҳолат маъқул келмоқда. Шу сабабли ундан воз кечишни ўйлашаётгани йўқ.

Грецияда эса 2007-08 йилги мавсумдан бошлаб чемпиондан ташқари 2-5 ўринни эгаллаган клублар Чемпионлар лигаси йўлланмасига эга бўлиш учун плей-офф учрашувларида иштирок этиб келишяпти. Унда қуйидаги қоидаларга амал қилинади:

- бешинчи ўриндаги жамоа плей-оффни 0 очко билан бошлайди.
- қолган иштирокчилар 5-ўриндаги жамоадан мавсумдаги ўзаро учрашувларда олинган ва ўзаро ўйинларида ишлаган очколарининг бешдан бир қийматидаги очколарга эга бўлишади. Яъни, 2-5 ўриндаги клублар бир-бирларига қарши учрашувларидаги очколарнинг йигирма фоизини йиққан ҳолда плей-оффни бошлашади. Босқич охирида ғолиб жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма соҳибига айланса, қолган клублар Европа лигасида курашга киришишади.



Голландияда ҳам худди Грециядаги сингари плей-офф мавжуд эди. Лекин клублар, футболчилар, мураббийлар ва мухлисларнинг эътирозлари сабабли ўша формат бекор қилинди. Баъзан иккинчи ўринни эгаллаган жамоаларнинг ҳам ЕЧЛсиз қолиб кетишгани кузатилди. Ҳозирда плей-офф фақат 5-8 ўриндаги клублар иштирокида ўтказилмоқда. Ғолиб Европа лигаси саралаш раундида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, “Эйрдивизион”да қолиш учун ҳам шундай учрашувлар ўтказилади.

Шотландия премьер-лигаси нафақат энг катта тарихга эга бўлган чемпионат сифатида, балки форматининг ўзгачалиги билан ҳам ажралиб туради. Тўртинчи даврада чемпионат тенг иккига ажралади ва олтитадан жамоа тўпланган икки гуруҳда баҳслар давом эттирилади. Унда жамоалар ўзаро тўқнаш келиб, охирги даврада иштирок этишади. Иккинчи лига пешқадамлари эса премьер-лига аутсайдерлари билан ўтиш учрашувларида майдонга тушишади.

Осиёдаги чемпионатлар форматлари ҳақида гап борар экан, биринчи навбатда Жанубий Корея ва Австралия чемпионатларининг ўзгача тизимда ўтказилишини айтиб ўтиш даркор. Жанубий Кореяда одатий мавсум якунлангач, дастлабки олти клуб иштирокида плей-офф раунди бўлиб ўтади. Унда 3-6 ва 4-5-ўринларни эгаллаган клублар ўзароқ тўқнаш келиб, жуфтликлар ғолиби яна майдонга тушади. Уни ютган жамоа 2-ўрин соҳибига қарши ўйнайди. Ниҳоят, бу босқич ғолиби 1-поғона эгаси билан тўқнаш келади. Шу тариқа ОЧЛда иштирок этувчи жамоалар аниқланади.



Австралия “А” лигасида эса мавсум тугагандан кейин кучли бешликдаги клублар плей-офф раундидаги баҳсларни бошлашади. Пастки поонадаги жамоалар ўзаро тўқнаш келишгач, худди Кореяда бўлгани каби 1-ўрин соҳиби Гранд финал беллашувидаги рақибини кутиб туради. Шу тариқа “А” лигаси ғолиби номи аниқланади. Айтиш мумкинки, шундай финал баҳсига қизиқиш яшил қитъада жуда кучли ва кўп йиллардан буён ҳал қилувчи ўйинларга 70-80 мингдан ишқибоз ташриф буюрмоқда. Австралияда бундай форматга кескин баҳслар орқали хориж мамлакатлари эътиборини тортиш, ТВ билан фойдалироқ шартномага эга бўлиш ҳамда маҳаллий аҳолида миллий лигага қизиқишни орттириш мақсадида қўл урилган. Чунки 5-6 йил муқаддам соккерузлар мамлакатида маҳаллий чемпионатга қизиқиш жуда пастлаб кетганди. Шу янгилик киритилгач, “А” лига савияси ҳам, унга бўлган қизиқиш ҳам анчагина ортди. Демак, бу лойиҳа Австралия учун фойдали кўриниш ҳосил қилди.

Ироқда эса умуман бошқача форматдаги чемпионатни кўриш мумкин. Жамоалар чемпионатни гуруҳларга бўлинган ҳолда бошлашади (клублар сонига кўра гуруҳлар сони иккита ёки учта бўлади). Иштирокчилар ва гуруҳлар сонига қараб ҳал қилувчи беллашувларга ҳар бир гуруҳдан 4-6тадан жамоа йўлланма олади. Ўтган мавсумда икки гуруҳда ўйинлар ўтказилди. Бу йил эса одатий форматга ўтишга қарор қилинган. Ироқдаги ҳолат кўпроқ хавфсизлик масалаларидан келиб чиқади. Чемпионат ўтказилиб турилганининг ўзи ижобий эътироф этишга арзийди. Бу ерда мавсум мобайнида жамоалар 36-42 учрашувда иштирок этишлари мумкин. Айни пайтда 20 жамоа икки даврали тизимда кураш олиб бормоқда. Яъни, ҳар бир клуб 38 беллашувда иштирок этади. Аксарият араб мамлакатлари, Эрон, Япония ва Хитойда чемпионат формати одатийдир, яъни жамоалар икки даврали тизимда ғолибни аниқлашади. Ироқдагидек ҳолатни Мексикада ҳам кузатиш мумкин. Бир неча минтақадан кейинги босқичга йўл олган жамоалар ҳал қилувчи босқичда қатнашишади.



Аргентинада эса янада бошқачароқ ҳолатга гувоҳ бўламиз. “Апертура” ва “Клаусура” деб номланган алоҳида иккита чемпионат бир йилнинг ўзида ўтказилади. Бошқача айтганда, Аргентинада бир йилда икки жамоа олтин медалларни қўлга киритади. Бу жиҳати билан аргентиналиклар жаҳондаги энг ўзига хос чемпионатга эгалар. Бундай форматлар аввалдан айнан Жанубий Америкада кўпроқ тарқалган. АҚШда эса бир неча йиллар олдин чемпионатни салкам шоуга айлантириш мақсадида дуранглар бекор қилинганди. Аста-секинлик билан ишқибозларни стадионларга жалб қилишга эришган америкаликлар охир-оқибат бундай ўйиндан воз кечишди. Чунки футболни бунчалик шоуга айлантириб юбориш яхшиликка олиб келмасди. Савия кўтарилгач, MLS раҳбарияти мавсум охирида плей-офф баҳслари ўтказиладиган тизимга ўтди. Умуман олганда, айни пайтда АҚШда жамоавий спорт турларининг деярли барчасида конференцияларда ўтадиган одатий турнир ва ундан кейин старт оладиган плей-офф баҳслари мавжуд. Бу формат америкаликларнинг қон-қонига сингиб кетган десак муболаға бўлмайди.

Ён қўшнимиз ҳисобланган Қозоистонда бир неча йилдан буён юқори лига баҳслари янгича форматда ўтказилмоқда. Жамоалар одатий даврали форматда икки давра ўйнашади. Кейинчалик юқори ва пастки ўринларни эгаллаганлар алоҳида гуруҳларда курашни давом эттиришади.
Хўш, биз учун қайси формат маъқул? Бизнингча, ҳозирги икки даврали тизимдан кейин чемпион, совриндор ва лигани тарк этувчиларни аниқлаш учун иккинчи босқични ташкил қилиш энг яхши форматдир. Мабодо ПФЛ бирор ўзгартириш қилишни хоҳламаса, унда клублар кучлироқ легионерларни олиб келиш ҳисобига қизиқишни оширишга уриниб кўришлари лозим. Балки, жамоалар сонини камайтириш ҳисобига давралар сонини кўпайтириш орқали кескин учрашувлар миқдорини ошириш имконияти мавжуд. Масалан, 10 жамоа иштирокида 4 даврали чемпионатни ташкил қилиш мумкин. Ёки 12 жамоадан иборат 3 даврали тизимга ўтса бўлади. Бунда ўртамиёна ва аутсайдерларнинг иштиёқи сўниб қолмаслиги учун қуйи 3 поғона соҳиблари биринчи лиганинг 2-4 ўрин эгалари билан ўтиш баҳсларида майдонга тушишини ташкил қилса бўлади. Шунда ҳеч бир клуб юқори поғоналар учун кураша олмаган тақдирда ҳам ғалабага эришиш учун ҳаракат қилаверади. Агар икки босқичли форматга ўтилса, етакчи клублар иштирокида 2 баравар кўпроқ кескин беллашувларни томоша қилиш имкониятига эга бўламиз. Бунда 26 ўйиндан кейин улар яна 12 учрашув ўтказишади. Қуйидагилар эса олий лигада қолиш учун баҳсларни давом эттиришади. Ўзгариш қилишни хоҳлаган тақдирда ПФЛ формат ва унинг қоидаларини бемалол ўзи ишлаб чиқиши мумкин.



Хуллас, бу борада ПФЛ барча таклифларни (агар клублар томонидан билдирилса) ўрганиб чиқиб, яқин кунларда аниқ бир қарорга келиши шарт. Жамоалардан аниқ таклифлар юзага келмаган тақдирда эса ПФЛ ўзи бир қарорга келиши лозим. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, аксарият клубларимиз ҳозирги форматнинг сақланиб қолишини ёқлаб овоз беришса керак. Лекин футбол ривожланиши учун ижобий ўзгаришга сабаб бўладиган қарор қабул қилиниши даркор. Биз ўзбек футболи янада тараққий этиши тарафдоримиз.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика