Coca Cola Суперлигаси. "Насаф" сафарда "Навбаҳор"ни мағлуб этиб, "Пахтакор"нинг асосий таъқибчисига айланди
30 oct 2023 20:13
News
Coca Cola Суперлигаси. "Насаф" сафарда "Навбаҳор"ни мағлуб этиб, "Пахтакор"нинг асосий таъқибчисига айланди
"Навбаҳор" - "Насаф" 0:1
Гол: 0:1 — 73, Матеус Лима
"Навбаҳор" - 1. Ўткир Юсупов, 5. Милош Милович (4. Азимжон Аҳмедов, 86), 6. Иброҳим Йўлдошев, 10. Жамшид Искандеров, 13. Филип Иванович, 14. Жамшид Болтабоев, 17. Аброрбек Исмоилов (20. Музаффархон Мўминов, 81), 19. Дониёр Абдуманнопов, 21. Темурхўжа Абдуҳолиқов (23. Йован Жокич, 68), 22. Игорь Голбан, 77. Асадбек Собиржонов (7. Остон Ўрунов, 46)
Захира: 12. Игнатий Нестеров, 27. Шаҳбоз Жўрабеков, 31. Лука Чермель, 96. Усмонали Абдукаримов, 98. Давронбек Олимжонов.
"Насаф" - 35. Абдувоҳид Неъматов, 2. Алибек Давронов, 5. Ғолиб Ғайбуллаев, 7. Акмал Мозговой, 17. Суҳроб Нуруллоев (9. Жавоҳир Сидиқов, 75), 19. Матеус Лима (10. Андрес Чавес, 85), 34. Шерзод Насруллаев, 77. Ойбек Бозоров (21. Дониёржон Нарзуллаев, 85), 88. Марко Станоевич (18. Баҳром Абдураҳимов, 75), 92. Умарбек Эшмуродов, 99. Азизбек Амонов (8. Зафармурод Абдираҳматов, 60)
Захира: 54. Адҳамжон Мусулмонов, 25. Бекжон Рахматов, 32. Зафар Ҳакимов, 36. Азизжон Аҳроров.
Огоҳлантириш: Темурхўжа Абдуҳолиқов (64), Ойбек Бозоров (76), Шерзод Насруллаев (86)
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
Учрашув якунланди! "Насаф"нинг уч очко билан табриклаймиз.
90. Иккинчи бўлимга 5 дақиқа қўшиб берилди.
89. "Насаф" дарвозасига пенальти белгиланиши мумкин. Ҳакам ВАРга мурожаат қилмоқда.
87. Голбаннинг бош билан йўллаган зарбасини қайтарган Неъматов жамоадошларида автосалонда машинага шартнома олган киши сингари кайфият ҳосил қилди.
86. Ҳакам Насруллаевга йўл ҳаракати қоидалари бўйича огоҳлантирувчи белгини кўрсатди.
83. УХХХ! Искандеровнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Биринчи сўзга жиддий эътибор берманг.
80. Йўлдошев шеригининг "Менга узатма, ёпиқман" деганини "Менга узатма бер" дея тушунган кўринади.
73. Лима рақиб дарвозасини ишғол қилди, бироқ ВАР тўпнинг чизиқдан ўтган-ўтмаганини текширмоқда.
Гол инобатга олинди. Дарвоқе, қаҳрамонлик доим ҳам яхши кутиб олинавермайди. Мана ҳозир бразилиялик ҳужумчи мингга яқин кишини хурсанд қилган бўлса, 10 минг нафар томошабинни қовоқ чимиришга мажбур этди.
68. "Навбаҳор" футболчисининг бурчакдан узатмасидан сўнг "Насаф" ҳимоячилари баландликка сакраш мусобақасида рақибидан устун келди.
64. Халқимизда "Ҳаракат қилсанг — ниятингга эришасан" деган нақл бор. Мана, Абдухолиқов ҳам рақибига қарши жон-жаҳди билан курашди ва сариқ карточка олиш бахтига муяссар бўлди.
60. Мессининг буюклиги нимада деган саволга Нуруллоевнинг зарбаси мисолида содда қилиб тушунтирмоқчиман. Агар шу вазиятда Лионел бўлганида, у бунақа тепмаган бўларди. Мана оддий жавоб.
55. Томошабинлар ижросида янги қўшиқ премьерасини кутиб олинг: "Судья — "Пахтакор".
53. Абдуманнопов ҳужум пайтида ўзига нисбатан ўзи қўполлик ишлатди.
52. Ғолиб Ғайбуллаев рақиб футболчиси билан тўп учун курашда ғолиб чиқди.
50. Амонов рақибига нисбатан Ришод Собиров усулини қўллагани учун жарима зарбаси белгиланди.
46. Иккинчи бўлим бошланди. "Навбаҳор"да ўзгариш: Ўрунов Собиржоновни алмаштирди.
Биринчи бўлим якунланди.
45. Биринчи бўлимга мактаб даврим менга қадрдон, аммо бошқа ҳеч ким ётирмайдиган йигит баҳога тенг дақиқа қўшиб берилди.
38. Хаус исмли киноқаҳрамоннинг ҳамкасблари Собиржоновни йўқлаб, майдонга чиқишди.
31. Собиржоновга нисбатан қўполлик ишлатган Станоевич ҳакамни нимагадир ишонтирмоқчи бўлди. Бироқ ўз манфаати йўлида ҳакамни кўндириб бўлмайди, чунки у поездда ишламайди.
26. Ўткир Юсупов қанотдан сариқ желетка кийган стюардни олдинга бошлади.
22. "Насаф" футболчисининг Лимага аталган узатмасига Лима тугул лама ҳам етолмасди.
19. Искандеровнинг кучли зарбаси рақиб футболчисининг оёғига тегиб йўналишини ўзгартирди. Кеча дорихонада фойдали малҳамлар 40-50 минг сўмдан бошланишини айтишганди.
17. Станоевич масофадан туриб Юсуповни йиқилишга мажбур этди, аммо рақиб посбонинг ётиши унга омад келтирмади.
13. Рақиб футболчисига нисбатан қоидабузарлик содир этган Лима Круз ярим дақиқа давомида ўз тилида нималарнидир исботлашга ҳаракат қилди. Ҳакам эса лўнда ва аниқ жавоб қайтарди: "Сени тушунмаяпман".
10. Станоевич узоқдан рақиб посбонинг қўлларини нишонга олганди, унинг уриниши аниқ чиқди.
7. Бугун "Олтин тўп" маросими ўтказилди. Албатта, ҳар бир футболчи учун ушбу соврин муҳим. Аммо айни лаҳзада майдонда ўй суриб ётган Абдуманнопов учун ҳар қандай қимматбаҳо тўпдан кўра шифокорларнинг тезроқ майдонга тушгани муҳимроқ.
5. Искандеров ўнг оёқда ўз омадини синаб кўрди. Шуни билдикки, Жамшид чап оёқда зарбани яхши ижро этаркан.
4. Искандеров томонидан бурчак зарбаси амалга оширилади. Бурчак зарбаси амалгга оширилаётган пайт "Насаф" жарима майдонидаги картина пойтахт жамоат транспортидаги ҳолатни эслатиб юборди.
1. Ҳакамнинг ҳуштаги янграгач, рухсат тегди дегандек, даставвал мухлислар шовқин-суронни, кетидан футболчилар тўпнинг таъзирини беришни бошлади.
Ассалому алайкум, қадрли ишқибозлари! Бугун Coca Cola Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган марказий учрашув гувоҳига айланамиз. Айни дамда жамоаларни бир очко ажратиб турибди. Шундай экан, хонадон фаришталарига севимли сериалининг бугунги қисмини ўтказиб юбориши лозимлигини ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўринг. Аганда буни уддалай олмасангиз, кайфиятни туширманг. Сайтимиз орқали учрашувни матнли кўринишида эътиборингизга ҳавола этамиз.
Comments