"Олд Траффорд"да ким байрам қилади? Манчестер дербиси превьюси
24 apr 2019 16:50
News
"Олд Траффорд"да ким байрам қилади? Манчестер дербиси превьюси
"Олд Траффорд"да "Юнайтед" жамоаси "Сити"ни қабул қилади.
Manchester United |
Premier League . Round 31 25/04/2019, 01:00 2
:
0
Finished
|
Manchester City Bernardo Silva - 54', Leroy Sane - 66' |
Stadium: Old Trafford, 74431 spectators
Referee: Andre Marriner
Жамоалар бугунги беллашувга турлича кайфиятда етиб келишди. Уларнинг айни пайтдаги мотивацияси ҳам бир-биридан фарқ қилади. Шаҳарнинг кўк қисми бош соврин учун кураш олиб бораётган бўлса, қизиллар тўртталикка кириб ЕЧЛга илиниш учун ҳаракат қилишмоқда.
Бугунги тўқнашувни хирги йиллардаги энг муҳими десак ҳам бўлади. Сабаби, манчестерликлар шундай паллада ўзаро тўқнаш келишмоқда-ки, ғалаба ёки мағлубият томонларнинг мавсумни қандай якунлашига жиддий таъсир кўрсатади. МЮ учун ғалаба Топ-4га кириш имконини яхшиласа, мағлубият ўша умидни деярли сўндириб қўйиши мумкин. "Ман Сити" учун эса ғалаба чемпионлик учун жуда катта қадам бўлади, йўқотиш эса бу йўлдаги умидларни камида икки баробар камайтиради.
"Манчестер Юнайтед" тобора муаммолар гирдобига шўнғиб кетмоқда. Ички муҳит ҳавас қилгудек эмасга ўхшамоқда. "Эвертон"га қарши учрашувдан кейин кийиниш хонасида жанжал келиб чиққани айтилди, номи ошкор қилинмаган футболчи эса Рэшфорд "Барселона" томонидан бўлаётган қизиқишдан сўнг олдингидек камтар эмаслигини айтган, буёқда Погба шерикларига жамоани алмаштирмоқчилигини айтгани шов-шув бўлаяпти. Бу гап-сўзлар рост ёки ёлғонлиги аниқ эмас. Аммо, шунча нарса ташқарига чиқиб кетаяптими, демак ичкарида чиндан ҳам ҳаммаси жойида эмас.
Кўпчилик дербида Андер Эррера сафга қайтишини тахмин қилганди, аммо кеча меҳмонхонага жойлашган ўйинчилар орасида Эррера йўқ. Демак, жуда катта эҳтимол у бугун ўйнамайди. Люк Шоу эса дисквалификациядан сўнг таркибга қайтади ва чап қанот ҳимоянинг мустаҳкамлигини таминлайди. Ўнг қанотга эса ким тушиши қизиқ. Сульшер ёш ва ҳужумга ўтишни ҳуш кўрадиган Далотни танлайдими ёки тажрибали, аммо охирги ўйинларда кўп хатоларга йўл қўйиб келаётган Янг вариантида тўхтайдими буни вақт кўрсатади. Марказий ҳимояда эса Оленинг олдида ҳеч қандай вариантлар йўқ, таркибда фақатгина икки нафар ҳимоячи соғ - Линделёф ва Смоллинг. Майдон марказида Матич ва Погбага Фред ва Мактоминейдан бири шерик бўлади. Ҳужум борасида эса Сульшерга осон бўлмаслиги аниқ. Сўнгги учрашувлардан келиб чиқсак, жамоанинг ҳужумкор ўйинчиларидан ҳеч бири формада эмас ва бу жиддий муаммо. Дарвозасидан жуда кам гол ўтказаётган "Ман Сити"га қарши ҳужумчилар кайфиятларини кўтаришлари шарт. Акс ҳолда, кейинги мавсум МЮни ЕЧЛда эмас, Европа лигасида кўришимиз мумкин.
"Манчестер Сити"да эса Чемпионлар лигасини аламли тарк этишни ҳисобга олмаганда ҳаммаси ажойиб. Гвардиола шогирдлари сўнгги ўйинларни юқори кайфиятда ўтказишмоқда ва бу уларга ишонч бериши шубҳасиз. Таркибда биргина йўқотиш бор - Кевин де Брюйне. Қолган асосий футболчиларнинг ҳаммаси соппа-соғ ва дербига тайёр.
Гвардиола шогирдларининг ҳужумлари ва прессинги мезбонлар ҳимоясига етарлича муаммолар туғдириши табиий. Ўз-ўзидан бугунги беллашувнинг фаворити - "Манчестер Сити".
"Олд Траффорд" бугун қандай аҳволда бўлади? Қизил шарфларни кўтариб ғалабани нишонлаган мухлисларними ёки қон йиғлаб Чемпионлар лигасининг янги мавсумидан умидини деярли узадиган ишқибозларними, бунисига тун ярмидан оққанда гувоҳ бўламиз. Бу учрашувни ўтказиб юбормасликни тавсия этамиз. Зеро, жамоаларнинг қандай аҳволда экани ва турнир жадвалидаги ўрнидан қатъи назар бу принципиал тўқнашув ва бу уйқудан воз кечишга арзиди.
АПЛ, 31-тур
24.04.2019, 23:55
"Олд Траффорд"
"Манчестер Юнайтед" - "Манчестер Сити"
Бош ҳакам: Андре Марринер
Тахминий таркиблар:
"Манчестер Юнайтед": Давид Де Хеа – Эшлт Янг, Крис Смоллинг, Виктор Линделёф, Люк Шоу – Неманья Матич, Скотт Мактоминей, Поль Погба – Жесси Лингард – Алексис Санчес, Маркус Рэшфорд.
"Манчестер Сити": Эдерсон – Кайл Уокер, Жон Стоунз, Эмерик Лапорт, Александр Зинченко – Бернарду Силва, Фернандиньо, Давид Силва – Раҳим Стерлинг, Серхио Агуэро, Лерой Сане.
Ўйнамайди: Антонио Валенсия, Эрик Байи – Клаудио Браво, Кевин Де Брюйне.
Сўроқ остида: Андер Эррера — …
Қизиқарли маълумотлар
- "Манчестер Сити" Премьер-лигадаги охирги 10та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди;
- "Шаҳарликлар" АПЛда охирги тўққизта баҳсдан 7тасида гол ўтказмасдан ғолиб бўлишди;
- "Манчестер Юнайтед" чемпионатда 14та ўйиндан бери уйда мағлуб бўлмаяпти;
- "Сити" "Юнайтед"га қарши барча мусобақаларда охирги учта ўйинда камида иккитадан гол киритиб келмоқда;
- АПЛда ҳеч бир жамоа "Олд Траффорд"дан "Манчестер Сити"дан кўра кўпроқ ғалаба билан қайтмаган - 6та ғалаба ("Челси" ҳам худди шунча марта "Юнайтед" майдонидан ютуқ билан ортга қайтган).
Мураббийлар фикрлари
Оле Гуннар-Сульшер: "Манчестер Сити"га қарши ўйин - ажойиб имконият. Майдонда беркиниш учун жой бўлмайди. Агар боримизни берсак мухлисларимиз натижадан қатъи назар бизни қўллаб-қувватлашади. Ўйинчиларимдан бунга тўғри жавоб олишимга ишонаман".
Хосеп Гвардиола: "Энг яхши ҳолатдаги "Манчестер Юнайтед"ни кутяпман. Уларда ғурур бор. Футболчиларда доимо ғурур бўлади, улар энг яхши футболни намойиш этишни хоҳлашади ва биз буни кўрамиз.
Охирги 10 йилда "Манчестер Сити" ўйинчиларининг даражаси имкониятларни анча тенглаштириб қўйди. Олдин фарқ сезиларли эди".
Comments