Зизу ёки Бенитес - ким кучлироқ?
02 feb 2016 15:55
News
Зизу ёки Бенитес - ким кучлироқ?
Зинедин Зидан жамоа бош мураббийи этиб тайинланиши билан нафақат жамоа ишқибозлари, балки "Қироллик клуби" кийиниш хонасида ҳам кўтаринки кайфият ҳукмронлик ўрнатди.
Хаттоки жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири бўлмиш Лука Модрич шундай деди: "Бенитес учун афсусдаман, лекин мураббий алмашинуви жамоа фойдасига хизмат қилмоқда".
Французнинг ўзи эса ҳамкасбининг ишини жуда маъноли гаплар билан эслаб қўйгандек туюлди: "Роналду янада кўпроқ ишлаши керак, нафақат Ронни, балки бутун жамоа жисмоний тайёргарлигини яхшилаши зарур".
Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Ваҳоланки, "Мадрид"нинг Зидан қўл остида кўрсатаётган натижалари Бенитеснинг "Реал"идан кўп ҳам фарқ қилмайди. Францияликнинг жамоаси уч бор ғалабага эришди ва бир бор дурранг натижа қайд этди. Тўплар нисбати 17 - 2. Энди диққат билан ўқинг, Бенитес мураббийлигидаги "Реал" ҳам мавсумни худди шундай уч ғалаба ва бир дурранг билан бошлаган. Испан мутахассисининг жамоаси 15 та гол уриб, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола билган! Бир қарашда ҳар икки мураббийнинг натижалари унчалик фарқ қилмайди. Зидан жамоаси кўпроқ гол урдим деса, Бенитес клубнинг "ўқ ўтмас" ҳимояси билан фахрланиши мумкин эди.
Зизу қўл остида клуб "Бернабеу"да учта йирик ғалабага эришди: 6-0 "Эспаньол" (31 январь), 5-1 "Спортинг" (17 январь) ва 5-0 "Депортиво" (9 январь). Ишончли ғалаблар фонида "қора доғ" ролини "Бетис" билан меҳмондаги учрашув ўйнаб берди.
Бенитеснинг Мадриддаги фаолияти ўз майдонидаги икки ғалаба: Чемпионлар Лигаси доирасидаги учрашув 4-0 "Шахтёр" (15 сентябрь) ва Ла Лигада 5-0 "Бетис" (29 август) таслим этилган. Сафарда эса "Эспаньол" 6:0 (12 сентябрь) ҳисобида тор-мор этилишидан бошланганди. Дуранг эса 23 август куни Хихоннинг "Спортинг"и билан ўйинда қайд этилган.
Мана шунақа гаплар. Бу билан Бенитес француздан кучли, ёки Зизу испанияликдан омадлироқ демоқчимасмиз. Албатта, Зизу келгандан сўнг, жамоа мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этаётгани бор гап. Жамоа Бенитес давридагиндан сезиларли даражада тез ҳаракат қилмоқда, ҳужумга интилаяпти. Ҳар кимнинг ўз усули борлигини унутмайлик. Ўйинга баҳо бериш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Бу шунчаки мураббийларнинг статистикаси эди.
Омонжон Тўхтамирзаев
Comments