Ёз қаҳрамони – Мадагаскар мураббийи
30 jul 2019 11:25
News
Мадагаскарликлар биринчи марта Африка кубогида иштирок этдилар ва юлдузларсиз терма, Нигерия, Гвинея, Бурундини ортда қолдирган ҳолда B гуруҳида биринчи ўринни олиб, кейинги босқичга йўл олди. 1/8 финалда улар Конго ДРни пеналтилар сериясида мағлуб этишни уддалади. Мадагаскар чорак финалда Тунисга енгилди, 0-3.
Мадагаскар чорак финалда жуда қийналди, жамоа етарли кучга эга эмас эди. Терма 52 дақиқа чидади, бироқ, кейин ўз дарвозасидан 3та тўп ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, мадагаскарликлар муҳим нарсаларга эришди, деб бемалол айта оламиз. Чунки, уч ҳафта давомида улар мамлакатни қашшоқлик ва азоб-уқубатлар ҳақидаги фикрлардан чалғитдилар. Факт бўйича, Мадагаскар дунёдаги энг қашшоқ давлатлардандир (аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми бўйича пастдан бешинчи ўрин). Оролда ўртача ойлик даромад - 33 долларни ташкил қилади.
Мадагаскарда ўзгаришларнинг яратувчиси ким дейсизми? У 51 ёшли мураббий - Николас Дюпюи. Оролда унга "илоҳий кал" ва оқ сеҳргар" лақабларини беришган.
“Мен бу мамлакатга, бу ерда танишган инсонларимга боғланиб қолганман. Уларнинг барчаси жуда очиқ ва меҳрибон қалб эгаларидир. Бу заминда қашшоқлик ва вайронагарчилик ҳукмрон, аммо биз ғалаба қозонганимизда, малагасияликлар бироз хурсанд бўлишади. Футболчилар улар учун ўйнашади" - дейди мураббий.
Николя учун футболчиликдан кўра, мураббийлик яхшироқ (ягона ютуқ - талабалар ўртасидаги Франция чемпионати ғолиблиги). Футболчилик фаолиятини тугатганидан кейин икки йил ўтиб, яъни 28 ёшида Николя Дюпюи олтинчи лига жамоаси "Изер" мураббийига айланди. 10 йиллик меҳнатдан сўнг, жамоани учинчи дивизионга олиб чиқишга эришди. Тўғри, узоқ вақтга эмас. Жамоа тезда тўртинчи лигага тушиб кетди ва ҳеч қачон кўтарилмади.
2013 йили "Изер" Франция кубоги 1/32 финалигача етиб борди. Ўшанда Лига 1 вакили "Лорьян"ни ҳам мағлуб этганди. Сенсацион ғалабадан сўнг, Дюпюи ҳақида теледастурлар олишди, газеталарда ёзишди. Кейинги босқичда жамоа "Лион"га дуч келиб, 1:3 ҳисобида енгилди. Шундай бўлса ҳам мураббий учун фаолиятидаги энг ёдда қоларли ўйин бўлганди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Дюпюи истеъфога чиқди.
Бир куни Дюпюи уйида телевизор кўриб ётарди. Унинг телефони эса тинмасдан жирингларди, охири у гўшакни эринчоқлик билан кўтарди.
"Биз Мадагаскар терма жамоасига мураббий қидирмоқдамиз. Бу сизни қизиқтира оладими? Мен Аҳмад Аҳмад, Мадагаскар футбол федерацияси президентиман”.
Мадагаскар миллий терма жамоасини бошқариш – бу франциялик 48 ёшли мураббий ишлаши учун яхши таклиф эди, айниқса, илгари мактабда оддий мураббий бўлиб ишлаган инсон учун. Шок ҳолатидан халос бўлгач, Николас унга қўнғироқ қилган рақам билан қайта боғланди ва Аҳмад билан бир неча соат суҳбатлашди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Мадагаскар футбол федерацияси президенти баъзан Франция кубоги ўйинларини томоша қилган ва "Изер" клуби ўйинларига ҳам тушган. У камтарона клубнинг "Лорьян", "Генгам" ва "Валансьен" жамоалари устидан қозонилган ғалабаларидан ҳайратда қолган. Аҳмад аутсайдерлар билан натижага эриша оладиган мураббийни излаган ва айнан Николяни идеал номзод сифатида кўрган.
Французнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. У тезда Мадагаскарга учишга рози бўлди. Антананаривуга Дюпюи ўзининг яқин дўсти, 1998 йилги жаҳон чемпиони Лионел Шарбонне билан келди. Икки кун давомида улар ҳарбийлар ҳамроҳлигида Мадагаскар бўйлаб айланиб чиқишди, чунки, вазият нотинч эди.
"Кўчаларда кўплаб зўравонликни учратдик. Францияда Париждаги об-ҳаво ва бошқа қийинчиликлардан шикоят қилиш одат тусига кирган, аммо Мадагаскарда кўрган даҳшатлар мени ҳолатларга бошқача қарашга мажбур қилди. Ўйинга келганимизда стадионга кира олмадик, чунки одамлар ҳамма ерда бор эди. Кириш жойида бизнинг автобус тўсиб қўйилди ва уни ура бошлашди. Мен ўз ҳаётимдан ташвишланардим” – дея эслайди Дюпюи.
“Нотинч вазиятга қарамай, малагасийлар футболни яхши кўради. Маҳаллий футболчиларнинг савияси мени ҳайратда қолдирди. Уларга тактик тайёргарлик етишмасди, аммо техника яхши эди. Улар ҳимояланишни ёқтиришмасди ва мен биринчи навбатда ҳимоя устида ишлашни режалаштирдим".
Дюпюи Аҳмадга ёрдам беришга қарор қилди. Лекин, у дарҳол мураббийлик ишини бошлаб кетмади. Мадагаскар футболидаги муаммоларни аниқлаб олиш учун унга 1 йил вақт керак бўлди. Масалан, футболчилар парвоз қилишларини қулай шаклини ташкил қилиш, футбол федерациясига тадбиркорларни жалб қилиш, пул олиб кириш ва ҳоказо.
Дюпюи Мадагаскар билан боғлиқ томони бўлган чет элдаги футболчиларни топишга ҳаракат қилди. Уни кўпроқ француз иккинчи ва учинчи лигаси қизиқтирарди. Бутун Франция бўйлаб, деярли олти ой мобайнида Мадагаскар учун ўйнашга тайёр бўлган футболчиларни излади. 2016 йил охирида 30 нафар футболчилардан иборат рўйхат тузди.
Жамоани шакллантиришда мураббийга "Клермон" клуби ўйинчиси ҳамда терма жамоа сардори Фанева Андриацима кўмаклашди. Унинг ёрдамида "Гренобл"дан Жером Момбрис, "Реймс"дан Тома Фонтен, "Миннесота Юнайтед"дан Ромен Метанир, "Шарлеруа"дан Марко Илаймахаритра Мадагаскар фуқаролигини қабул қилдилар.
Мадагаскар сафидаги энг таниқли легионер - "Лион" қанот ҳимоячиси Жереми Морел ҳисобланади. Еврокубокларда деярли 30 ўйинда қатнашган. У терма таркибига Африка кубоги саралашида келиб қўшилган.
Дюпюининг стратегияси ўзини оқлади. Тўрт бошланғич тур ўйинларида Мадагаскар 10 очко тўплади (Экваториал Гвинея устидан икки ғалаба, бир марта Судан мағлуб этилди ва Сенегал билан дуранг қайд этилди) ва Африка кубогига биринчи бўлиб йўл олди. Терма жамоа ташкил топганига нақд 60 йил тўлганида биринчи марта!
Дюпюи унутилмас натижаларга эришди. Бироқ, бундан етарлича лаззатланмади. Сабаби, у шартномасиз ишларди ва федерацияда ҳам пул йўқ эди. Муаммолар жуда-жуда кўп эди. ФИФА томонидан қуриб берилган ягона болалар футболи академияси ҳам парокандаликка юз тутганди. Дюпюи Африка кубогидаги ижобий натижалар муаммоларнинг барчасига баҳам беради деб ҳисобларди.
“Натижаларнинг сири – Аҳмад Аҳмад ва ҳомийлар билан тўғридан-тўғри иш олиб боришимиз эди. Ҳомийлар орқали ўқув-йиғин машғулотлари ва ўйинчилар олдидаги қарзимиз узилди” – дейди Николя Дюпюи.
Мисрдаги йирик мусобақадан олдин терма жамоа бир ойда кунига икки марта шуғулланди. Дюпюи Африка кубоги олдидан футболчиларга қарата вазифани қуйидагича баён қилди: "Бутун дунё олдида кулгига қолманг". Нигерия ва Гвинея Мадагаскар учун мағлуб этиб бўлмас термалар бўлиб кўринарди, шу сабабли француз гуруҳда 3-ўринни эгаллашга умид қиларди. Натижа эса кутилганидан ажойиб бўлди.
“Унинг қўл остида барча футболчилар кучайишди. Мураббий ҳар биримизни имкониятларимизни жуда яхши билади. Унинг кучи мана шунда” - дейди терма жамоа сардори Фанева Андриацима.
51 ёшли французнинг миллий терма жамоа билан шартномаси Африка кубогидан кейин ўз ниҳоясига етди. Дюпюига бир нечта француз клубларидан, шунингдек, Мадагаскардан жаҳон чемпионати саралашида ўз кучини синаб кўриш бўйича таклифлар тушди. Мураббий эса келажаги бўйича ҳали бир қарорга келганича йўқ.
"Мен ўз жамоам билан фахрланаман. Бу ерда қоламанми ёки йўқми, билмайман, лекин мен бу йигитлар билан биргаликда мароқланиб ишладим. Бизнинг мисолимиз шундан далолат берадики, машаққатли меҳнат ҳар доим ўз самарасини беради" - дейди у.
Шерзод Нурматов тайёрлади.
Comments