Latest news

18:18Флик "Барса" ҳақида: "Манчестер Сити"дек иш тутмоқчимиз"  0 17:41"Барселона" Европа чемпионининг трансфери устида ишлашни бошлади  1 16:53"Пахтакор" фахрийлари 11 август куни Минскда "Динамо"га қарши ўйнайди  7 16:11Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги Жаҳон чемпионига қарши ўйнайди  7 15:29Расман: "Навбаҳор" ёзда 7 футболчини ўз сафига қўшиб олди  16 14:57"Мен ҳамон МЮ билан АПЛ ва ЕЧЛни ютишни орзу қиламан"  4 14:32Англия терма жамоаси футболчиси тез орада "Атлетико"га ўтади  1 13:33Гвардиола: "Улар бизга муаммо туғдиришди"  3 13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  4 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  5 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  25 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4 10:56"Локомотив" эртага янги ўйинчиларни таништиради  1 10:45«Барселона» узоқ вақт қизиққан футболчисининг трансферидан воз кечди  8 10:11«Фулҳэм» «Арсенал» футболчиси учун рекорд миқдорда пул тўлайди  4

Яна бир футбол фидойисидан айрилдик News

Яна бир футбол фидойисидан айрилдик

Ўтган ҳафта ўзбек футболи яна бир ўз фидойисидан айрилди.

Ўлим ҳақ, унинг олдида барчамиз ожизмиз ва бунга ҳамма тайёр туриши керак, аммо кеча ёнингизда бўлиб, сизни қўллаб турган инсон эрта тонгда ҳаёт билан видолашса, буни қабул қилишингиз қийин бўлар экан. 

Машъум хабар!
Жума, 2 октябрь куни касбим юзасидан Жиззахнинг Зомин шаҳрига бордим. 1-лига вакили “Оқ-тепа” жамоаси шу куни маҳаллий “Зомин” клубига қарши майдонга тушиши керак эди. Беллашув бўлиб ўтди. Учрашув темпига мос бўлмаган, ўйин атмосферасини ҳис қилмаган ҳакамлар бригадаси меҳмонларни бутун 90 дақиқа давомида жуда кўп марта асабийлашишига сабаб бўладиган қарорларни қабул қилишди. Натижада “Оқ-тепа” футболчиларидан тортиб, мураббийлар штабида ўтирган барча бирдек асаби бузилди. Учрашувда “Зомин” ғалаба қозонди. Асаббузарликлар ўйиндан кейин ҳам давом этди. Чунки меҳмонлар Регламентга мувофиқ ўйин видео ёзувини сўрашди. Боиси, ҳакамнинг айрим қарорларига жиддий эътироз бор, хусусан, “Оқ-тепа” дарвозасига белгиланган пенальти меҳмонлар назарида ҳаддан ташқари шубҳали эди. Бироқ мезбонлар ҳар хил баҳоналар билан на учрашув назоратчисининг ва на меҳмонларнинг талабини қондиришмади. Оқибатда асаблар янада таранглашди. Таранглашган асаблар билан кечки овқат ҳам кўнгилга сиғмади. Гарчи жиззахча палов танаввул қилинган бўлса-да, бу асабларни тинчлантирмади. Шу тариқа Жиззахдан пойтахтга қайтилди.



Шанба, 3 октябрь эрта тонгда телефоним жиринглади. Уйқудан кўзимни очиб, телефонга жавоб бергунимга қадар қўнғироқ якунланиб, хабар келди. Хабарда қуйидаги сўзлар ёзилганди: “Фарҳод Абдурасулов вафот этди. Етиб кел!”. Очиғи, хабарни ўқиб бир неча дақиқа ўзимни йўқотиб қўйдим. Шокка тушиб қолганимдан бирин-кетин бўлган қўнғироқларни эшитмай қолибман. Сўнгги қўнғироқ футболчидан бўлди. У ҳам эшитган хабари рост ёки ёлғонлигини тасдиқлаш учун каминага қўнғироқ қилган экан. Шу тариқа эшитган хабарим ёлғон бўлиб чиқсайди, дея ишга йўл олдим. Аммо ишга борганимда ҳаммаси рост эканлиги тасдиқланди. Бироқ барибир киши салкам тўрт йилдан бери яқиндан билган, охирги уч мавсумдан буён бирга елкама-елка ишлаётган инсонидан айрилганига ишонгиси келмасди. Жисмонан анчагина бақувват бўлган Фарҳод акани охирги уч йил давомида деярли касал ҳолатда кўрмагандим. Шунинг учун ҳам бу инсонни вафоти кўпчиликни шокка солиб қўйди.

Умрини футболга бағишлаган инсон
“Оқ-тепа” жамоаси маъмури Фарҳод Абдурасулов бутун умрини футболга бағишлаган. Шу йилнинг январь ойида 51 ёшни қарши олган марҳум мураббий ўз вақтида ажойиб ҳимоячи бўлган. Жисмонан бақувват бўлган Фарҳод ака футболчилик даврида ҳужумчиларнинг ҳақиқий “душмани” эди. Бутсасини михга илгач, мураббийлик соҳасини танлаган собиқ ҳимоячи ўзбек футболига бир қатор футболчиларни тарбиялаб берди.

1964 йилнинг 12 январида Тошкент шаҳрида туғилган Фарҳод Абдурасулов футболнинг илк сир-асрорларини дастлаб ўша вақтларда машҳур бўлган, пойтахтимизнинг Чорсу даҳасида жойлашган “Спартак” футбол мактабида Маъруф Акбаровдан ўрганган. Кейинчалик таҳсилни “Чиғатой” футбол мактабида давом эттирган. Бу даргоҳда Сергей Арутюнов, Вильгелм Қаҳҳаров сингари мураббийлар қўл остида шуғулланган. Фарҳод Абдурасуловнинг футболчилик фаолияти анча эрта бошланган. 17 ёшида Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасига қабул қилинган қаҳрамонимиз 5 йил давомида мазкур клуб либосида тўп сурган. 1987-88 йилги мавсумларда эса, Хоразмнинг “Хонқа” клуби шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи кейинги икки йилни Тошкентга қайтиб, Равшан Усмонхўжаев мураббийлигидаги “Диёнат” жамоасида ўтказди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида “Атласчи” билан улкан муваффақиятларга эришди. Қаҳрамонимиз марғилонликлар билан олий лигага чиқиш вазифасини бажаришди, аммо Фарҳод акага кучлилар сафида тўп суриш насиб қилмади, чунки ҳимоячига “Чирчиқ”дан таклиф бўлган эди. Икки мавсум чирчиқликлар сафида ўйнаган футболчи 1995 йил “Роҳат”га кўчиб ўтди. Футболчилик фаолиятининг сўнгги йилларида эса, “Шайхонтоҳур” жамоасида ўйновчи мураббий бўлди. 2000 йил бутсасини михга илган қаҳрамонимиз ўша йили “Оқ-тепа” футбол клубида директор лавозимида фаолият кўрсата бошлади. Қолаверса, жамоа қошидаги мактабда болаларга миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини ўргатиб келди. Мураббийликнинг дастлабки йилларида шуғуллантирган болаларнинг аксари бугунги кунда олий лига жамоаларида ўйнаб келмоқда. Хусусан, Алишер Шоғуломов, Берумий Абдунабиев, Никита Павленко, Шаҳзод Нурматов, Умид Зуфаров ва Сардор Қобулжонов Фарҳод Абдурасуловнинг шогирдларидир. Сўнгги йилларда “Оқ-тепа” жамоаси маъмури сифатида ишлаб келган собиқ ҳимоячи клуб ташкил топганидан буён бирга эди. Барча яхши-ёмон кунларда жамоанинг келажагига ишониб, ўз меҳнатлари билан ҳисса қўшиб келганди. Фарҳод аканинг асосий орзуларидан бири – ўғли Берумий Абдунабиевни таниқли футболчи бўлиб етишиши ва “Оқ-тепа”ни олий лигада кўриш эди. Афсус...

Машъум тун!
Зоминдаги кечки овқатдан кейин камина футболчилар билан пойтахтга қайтгандим. Фарҳод Абдурасулов раҳбарлигидаги мураббийлар штаби эса, бирга ортга қайтишган эди. Маълум бўлишича, Фарҳод ака Тошкентга келгунига қадар ҳам ҳакамларнинг қароридан асабийлашиб келган. Тунгги 24:00ларда уйига етиб келган мураббий ҳакамларнинг қарорлари ҳақида фарзандларига ҳам айтиб, уйда ҳам асабийлашишда давом этган. Бу асабийлашиш охир-оқибат касалликка олиб келган ва у киши кетма-кет қайт қилган. Аввалига овқатдан захарланиш, деб тахмин қилинган. Бу табиий ҳол. Чунки ҳар қандай инсон сафарда келиб шундай ҳолатга тушса, унинг яқинлари қўядиган биринчи ташхиси овқатдан захарланиш бўлади. Шифохонага олиб бориш ҳақида беморнинг ўзига айтилганида у киши буни рад қилган. Аммо касаллик зўраявергач яқинлари шифохонага олиб борган. Шифохонада ҳам дастлаб овқатдан захарланиш дея ташхис қўйилиб, 2-3 соат шу билан овора бўлинган. Натижада шунча вақт йўқотилган. Шифокорлар овқатдан захарланиш бўйича ҳеч қандай натижага эришмагач, сўнгги ташхис – инфаркт ҳақида айтишган ва бемор бошқа шифохонага жўнатилган. Инфаркт ташхиси билан бошқа шифохонага йўл олинганида вақт ўтиб бўлганди. Хуллас, 3 октябрнинг эрта тонгида ўзбек футболининг яна бир фидойисидан айрилдик.



Тасодиф ёки тақдир!
Биз ҳаётда бўладиган воқеаларга тақдир, дея ёндошишга ўрганиб қолганмиз. Фарҳод ака билан бўлган воқеани ҳам тақдир ёки тасодиф дейишни билмаймиз. Чунки жамоа маъмури бўлиб ишлаётган Фарҳод Абдурасулов Зоминга клуб бошлиғининг ўрнига борган эди. Ушбу мавсумдан эътиборан марҳум аввалгидек “Оқ-тепа”нинг сафар ўйинларига бормаётганди. Зоминга жўнаб кетиладиган кун жамоа бошлиғининг айрим масалалар бўйича иши чиқиб, сафарга жўнаб кетишга белгиланган вақтга қадар базага етиб кела олмади. Жамоа бошлиғи охирги дақиқаларгача кутилди, аммо у базага етиб кела олмагач, раҳбарият футболчи ва мураббийларни маъмур Фарҳод Абдурасулов Зоминга бош бўлиб олиб кетишини маълум қилди. Шу тариқа режадан ташқари сафар у кишининг ҳаётини сўнгги кунига айланди. Яна бир гап: марҳумнинг яқинлари у кишини шифохонага овқатдан захарланиш ташхиси билан олиб боришганида шифокорлар ҳам бунга ишониб қолишгани, 2-3 соатни шунга сарфлашгани ҳам тақдирдир. Мабодо ўша вақтда ўз соҳасининг устаси бўлган ҳақиқий шифокор дарров бу касаллик овқатдан захарланиш эмас, аксинча, инфаркт, шунинг учун бошқа шифохонага олиб боринглар, дея тўғри йўналиш кўрсатганида, ўша йўқотилган 2-3 соат марҳумнинг ҳаётини сақлаб қолишга кифоя бўлармиди? Балки... Балки ўша куни Зоминга жамоа бошлиғининг ўзи борганида Фарҳод ака ҳозир ёнимизда бўлармиди? Балки шифокорлар орасида ҳақиқий мутахассис бўлганида бундай сатрларни ёзиб ўтирган бўлмасмидик?! Буларнинг барчаси балки... Аниғи шуки, энди орамизда ўзбек футболининг яна бир фидойиси йўқ. 51 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Унинг кўплаб орзулари бор эди. Ўзбек футболига кўплаб иқтидорларни етиштириб беришни ният қилганди, афсус...

Мардга мард инсон
Фарҳод Абдурасуловни ўзбек футболида фаолият кўрсатаётган кўплаб инсонлар жуда яхши билишади. Одатда вафот этган инсонлар ҳақида ҳар доим илиқ фикрлар билдирилади. Шунинг учун ҳам ҳозир мен айтадиган ҳар бир фикр Фарҳод Абдурасуловни яқиндан билганларнинг айримларига эриш туюлса, аксари тўғри қабул қилади. Бу инсон шундай инсон эдики, мардга мард эди. Тўғри, ҳаётда ҳар ким ўз дунёқараши бўйича яшайди, барчанинг кимгадир ёқмайдиган камчилиги бор. Аммо Фарҳод аканинг мардга мардлардек муносабатда бўлиши ўша мард инсонларга доимо манзур бўлган. Керак бўлса, номардлар ҳам тан олишган. Қолаверса, бу инсон ўзи ҳурмат қилган барчага қўлидан келган максимал ёрдамни берарди. Шахсан ўзим ҳам Фарҳод акадан кўп ёрдам олганман. Ҳеч қачон баҳона изламасди. Вазияти тўғри келса индамасдан ёрдам берарди. Нега бу инсонни ўзбек футболи фидойиси дедим: Фарҳод Абдурасулов мураббийлик фаолияти давомида ҳам минимал имкониятдан максимал даражада фойдаланарди. Сўнгги уч йилда бу инсон билан бирга фаолият кўрсатиб, бундай вазиятларга кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Клубда ҳам Фарҳод ака анчагина ишларни бажарарди. Шунинг учун ҳам бу инсоннинг йўқлиги “Оқ-тепа” клуби ходимларига яхшигина сезилади. У кишининг яна бир яхши хислати шу эдики, қилган хатолари, камчиликларини сунъий равишда “ёпиб” мақтанмасди. Борини гапириб қўя қоларди. Ёшликда қилган хатолари ҳақида айтиб, биз ёшларни бундай хатоларга йўл қўймаслигимизни сўрарди. У киши шундай инсон эди.

Марҳумни сўнгги йўлга кузатиш вақтида у кишининг ўзбек футболида тутган ўрнини яна бир бор ҳис қилгандек бўлдим. Сабаби, Фарҳод Абдурасуловни Фарҳод Магометов бошчилигидаги ўзбек футболи расмийлари, Равшан Эрматов етакчилигидаги ҳакамлар, ОАВ ходимлари, шифокорлар, маъмурлар, шогирдлари, футболчи-ю, мураббийлар қўлма-қўл қилиб, сўнгги йўлга кузатишди. Барчанинг қалбида аламли қайғу эди. Яна бир фидойидан айрилдик!


МАЪЛУМОТ УЧУН
ФАРҲОД АБДУРАСУЛОВ
Туғилган санаси
: 12.01.1964 йил
Вафот этган санаси: 03.10.2015 йил
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
Футболчиликдаги амплуаси: ҳимоячи
“Спартак” ва “Чиғатой” футбол мактаблари тарбияланувчиси
Биринчи мураббийлари: Маъруф Акбаров, Сергей Арутюнов.
Ўйнаган жамоалари: “Соҳибкор” (Халқобод, 1981-1986 йиллар), “Хонқа” (Хоразм, 1987-1988 йиллар), “Диёнат” (Тошкент, 1989-1990 йиллар), “Атласчи” (Марғилон, 1991-1992 йиллар), “Чирчиқ” (1993-1994 йиллар), “Роҳат” (Қибрай, 1995-1997 йиллар), “Шайхонтоҳур” (ўйновчи мураббий, 1997-1999 йиллар). “Оқ-тепа” (2000 – 2015 йиллар).
Шогирдлари: Шаҳзод Нурматов (“Металлург”), Алишер Шоғуломов (“Олмалиқ”), Берумий Абдунабиев (“Оқ-тепа”), Никита Павленко (“Олмалиқ”), Сардор Қобулжонов (“Бухоро”), Умид Зуфаров.

Фурқатбек НИШОНОВ

Rating: +9   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика