Хадзипанагис, Одемвинги, Попадопулос, Браун ёхуд Ўзбекистонда туғилган машҳурлар
22 dec 2016 11:40
News
Хадзипанагис, Одемвинги, Попадопулос, Браун ёхуд Ўзбекистонда туғилган машҳурлар
Чунки мақола миллий футболимизга оид мавзулар орасидан ўрин олган. Турли тарихий воқеа ва фактларни келтириб ўтишни аста-секин анъанага айлантириб боряпмиз. Бу сафар Ўзбекистонда таваллуд топган, бироқ тақдир тақозоси билан кейинчалик бошқа мамлакат клублари ҳамда терма жамоаларида муваффақиятли фаолият юритган ўйинчилар ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Уларни кетма-кетликда, яъни даврларга мослаган ҳолда келтириб ўтамиз. Дастлаб Собиқ Иттифоқ даврида ўйнаган футболчилар хусусида маълумот берамиз.
ВАСИЛИС ХАДЗИПАНАГИС
Туғилган санаси: 26.10.1954
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Жамоалари: 1972–1975 “Пахтакор” 96 (22)
1975–1990 “Ираклис” 281 (62)
Греция терма жамоасида 2 учрашувда ўйнаган.
Василис 1954 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси грециялик сиёсий иммигрантлар бўлиб, 1949 йилда Тошкентга кўчиб келишган. У футбол борасидаги илк сабоқларини “Динамо” футбол мактабида олган. Ўша пайтда бу жамоа таркибида маҳоратли футболчилар жамланганди. 1972 йилда эса у “Пахтакор”га кўчиб ўтган ва 17 ёшидаёқ жамоанинг асосий таркибидан ўрин эгаллаган. Яхши ўйин намойиш қилгани сабабли унга “Хўжа” ва исмини қисқартириб, “Лакис” лақабларини беришган. 1972 йил биринчи лигада 19 учрашувда 4 тўп киритган Хадзипанагис олий лигадаги дебютини Донецкнинг “Шахтёр” клубига қарши ўтказиб, биринчи голини нишонлаган. Ўша баҳсда “Пахтакор” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Тошкентда 1975 йилги мавсум охиригача ўйнаган Лакис кейинчалик Грецияга кўчиб кетади. Шу туфайли у терма жамоалар миқёсида яхши натижаларга эриша олмади. Чунки Хадзипанагис СССР терма жамоаси учун Константин Бесков мураббийлиги даврида Польшада ўтказилган турнирда мезбонлар термасига қарши майдонга тушган. Кейин Грецияга кўчиб ўтгач, ўртоқлик учрашувида айнан полякларга қарши майдонга чиқиб келган. Уни таниб қолишиб, бу ҳақида ФИФАга арз қилишган. Натижада ФИФА Хадзипанагисга Греция терма жамоаси учун ўйнашни маън қилган. Ўша пайтда ФИФА икки терма жамоа сафида ўйнашга умуман рухсат бермаган. Қолаверса, Монреал Олимпиадасининг саралаш босқичида тўрт учрашувда иштирок этган Лакис Грецияга кўчиб кетгани сабабли финал босқичига бора олмаган. Ўшанда олимпиячилар бронза медаллларини қўлга киритишган. Грецияга қайта кўчиб бораётган иммигрантлар оиласи аъзоси сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли қадрдонлари яшайдиган Салоники шаҳрининг “Ираклис” жамоасида ўйнай бошлаган. У вақтда Грецияда футболчилар клублар билан 10 йиллик шартномаларга имзо чекишарди. Шу сабабли Василис бу нарсани бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилган ва “Босман иши” юзага келиши асосчиларидан бири ҳам бўлган. Афсуски, кейин “Ираклис” апелляция натижасида бу ишда ютиб чиққан. Қолаверса, Салоники жамоаси раҳбарияти Хадзипанагисни бошқа клубларга сотишга ҳам рози бўлмаган. Чунки молиявий муаммолар айнан Лакис туфайли ечим топганди. Ўшанда уй учрашувларига келадиган ишқибозлар сони 2-3 мингдан тезлик билан 15 мингга кўтарилган. 1976 йил “Штутгарт”, “Космос” ва “Арсенал” клублари уни сотиб олишни хоҳлашган. “Космос” унга ўша пайтда рекорд миқдордаги маблағ саналган миллион доллар тўлашга рози бўлганди. Бироқ баъзи муаммолар туфайли у фаолиятини “Ираклис”да якунлаган.
1984 йил Хадзипанагис жаҳон юлдузлар терма жамоаси сафида ҳаракат қилган. “Космос” билан ўтган беллашувда у жаҳон юлдузлари учун Беккенбауэр, Кемпес, Шилтон ва Киган сингари ўйинчилар билан бирга ҳаракат қилган. АҚШда бўлиб ўтган учрашувда у “Пахтакор” футболчиси сифатида майдонга туширилган. Унинг ҳаракатларини кузаиш учун грек миллатига мансуб 15 мингдан ортиқ ишқибоз стадионга келган. Греция терма жамоаси таркибида эса 1999 йил, 45 ёшида ягона учрашувини ўтказган! Унинг терма жамоа учун ҳеч бўлмаса бир марта ўйнашини бутун мамлакат истагани туфайли Лакис Ганага қарши баҳснинг охирги 25 дақиқасида тўп тепган ва голли пас муаллифи бўлган.
1976 йил “Ираклис” билан Греция Кубогига эришган Лакис 2003 йил Грециянинг охирги эллик йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Совринни қабул қилиб олар экан, Хадзипанагис терма жамоа учун ўйнай олмагани ва хориж клубларида тўп тепмаганидан афсусда эканлигини таъкидлаган.
Гиоргос КОСТИКОС
Туғилган санаси: 26.04.1958
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ҳужумчи
Жамоалари: 1975–1977 “Пиерикос” 51 (13)
1977–1986 ПАОК 233 (78)
1986–1987 “Олимпиакос” 20 (5)
1987–1988 “Диагорас” 19 (6)
Греция терма жамоасида 35 учрашувда 3 гол урган.
Костикос 1958 йилнинг баҳорида Тошкентда дунёга келган. Ёшлигида унинг оиласи Грецияга кўчиб кетади. Натижада Гиоргос 17 ёшдаёқ “Пиерикос” жамоаси билан шартнома тузган ва ўша пайтлар учун жуда ёш бўлишига қарамай, асосий таркибда майдонга тушишни бошлаган. Икки мавсумдан сўнг мамлакатнинг энг таниқли клубларидан бири саналган ПАОК сафига кўчиб ўтган. Айнан ушбу жамоада у фаолиятининг асосий дамларини ўтказган. Футболдан кетишдан олдин озроқ “Олимпиакос” ва “Диагорас” таркибида ўйнаган. Греция термасида 35 учрашувда майдонга туширилган. Уни афсонавий ўйинчилардан бири деб айтиб бўлмас, лекин грек футболида ўзига яраша ном қолдира олган.
Димитрис МАВРОГЕНИДИС
Туғилган санаси: 23.12.1976
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ҳимоячи
Жамоалари: 1994–1997 “Арис” 83 (12)
1997–2006 “Олимпиакос” 201 (10)
2006–2008 “Ираклис” 46 (0)
2008–2009 “Трасвулос” 21 (0)
Греция терма жамоасида 24 ўйинда 1 гол урган.
Греция футболида номи чиққан ва Ўзбекистонга боғлиқ яна бир футболчи. Димитрис 1976 йил Тошкентда таваллуд топган. Футболдаги фаолиятини бошлаганда эса Грецияга кўчиб кетиб улгурганди. У 1994-2009 йиллар оралиғида “Арис”, “Олимпиакос”, “Ираклис” ва “Трасвулос” клублари шарафини ҳимоя қилган. Агар у Ўзбекистонда яшаб қолганда мустақилликка эришган давримизда терма жамоамизга катта ёрдами тегиши мумкин эди. Чунки “Олимпиакос”дек етакчи жамоа сафида деярли 10 йил фаолият олиб борган ва яхши савияда ўйнаган. Греция термасида Маврогенидис 24 учрашувда майдонга тушган.
Андрей ПЯТНИЦКИЙ
Туғилган санаси: 27.09.1967
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Жамоалари: 1984 “Старт” 2 (0)
1985 “Пахтакор” 21 (0)
1986–1987 ЦСКА 32 (5)
1988–1991 “Пахтакор” 120 (25)
1992–1997 “Спартак” 100 (17)
1998 “Сокол” 2 (1)
Россия терма жамоасида 10 учрашувда 2 гол урган. Ўзбекистон термасида 2 баҳсда майдонга тушган.
Пятницкийни тўлиқ хорижлик мақомига киритиш қийин. Чунки у ёшлигидан Тошкентда вояга етган, шу ерда футбол сирларини ўрганган. “Старт”дан сўнг “Пахтакор” ва ЦСКА жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Собиқ Иттифоқ парчаланган пайтда у ҳамон “Пахтакор”да ўйнарди. Миллий терма жамоамиз учун 2 учрашувда майдонга тушиб улгурганди ҳам. Ўша пайтда унга “Спартак”дан таклиф бўлди. Москваликлар барча мамлакатларнинг энг яхши футболчиларини ўз таркибларига йиғишни бошлашганди. Бундан ташқари, Россия терма жамоаси ҳам шундай йўл тутиб, терма жамоа аввалги номзодлар эвазига шакллантирилган. Натижада Андрей “Спартак” ва Россия терма жамоасини танлаган. Москва клуби сафида у қатор ютуқларга эришиб, Еврокубокларда ёдда қоларли учрашувлар ўтказди. Қолаверса, 1994 йил АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Унинг ёрдами ўзимизга ҳам фойдали бўларди, бироқ Пятницкий Россия учун ўйнашни афзалроқ билган.
Валерий КЕЧИНОВ
Туғилган санаси: 05.08.1974
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Жамоалари: 1992–1993 “Пахтакор” 38 (30)
1993–2000 “Спартак” 115 (36)
2001 “Сатурн” 24 (9)
2002–2004 “Шинник” 54 (11)
Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари сафида ўйнаган.
Валерий Кечиновнинг тақдири худди Пятницкийникига ўхшаш. “Пахтакор” сафида бир ярим мавсум ишончли ўйнаб, кўпчиликнинг эътиборига тушган Кечиновни ҳам “Спартак” ўз сафига чорлаган. Валерий 18 ёшида олий лигамиз тўпурарига айланган. Ҳозир бу ёшда жамоалар асосий таркибида ўйнаётган ҳужумчининг ўзини кўрмаймиз. “Спартак”да ҳужумчи яхши ўйинлари билан ишқибозлар меҳрини қозонган. Еврокубокларда ҳам рақиблар дарвозасини ишғол қилишга эришган. Россия терма жамоадаги фаолияти унчалик ёрқин кечмади. Эҳтимол, Ўзбекистон термасида ўйнашни давом эттириши яхшироқ бўлармиди? Ҳозир бу тўғрида бирор фикр айтиб бўлмайди. Валерий ўшанда шундай қарорни ўзи учун тўғри деб билган ва буни муҳокама қилишимиз тўғри эмас.
Питер ОДЕМВИНГИ
Туғилган санаси: 15.07.1981
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: ҳужумчи
Жамоалари: 2000–2002 “Бендел” 53 (19)
2002–2004 “Лувр” 44 (9)
2004–2007 “Лилль” 75 (23)
2007–2010 “Локомотив” 75 (21)
2010–2013 “Вест Бромвич” 87 (30)
2013–2014 “Кардифф Сити” 15 (1)
2014–2016 “Сток Сити” 27 (5)
2016 “Бристол Сити” 7 (2)
2016 “Ротерхэм Юнайтед” 1 (0)
Нигерия терма жамоасида 63 ўйинда 10 тўп киритган.
Одемвинги Тошкентда истиқомат қилган нигериялик муҳожирлар оиласида дунёга келган. Футболдаги илк сабоқларини у юртимизда олган. Сўнг унинг оиласи мамлакатига қайтган. 2000 йил “Бендел” сафидаги ўйинлари билан мутахассислар назарига тушган Питернинг фаолияти Францияга кўчиб ўтгач, “Лилль”да сезиларли даражада ўзгариб кетди. Кейин уни “Локомотив” ўз сафига таклиф этди. Россия чемпионатида Одемвинги мухлислар ёқимтойига айланди. Россиядан Англияга йўл олган ҳужумчи уч мавсум давомида “Вест Бромвич” шарафини ҳимоя қилди. Қизиғи, Англияда у Россиядагидан кўпроқ гол муаллифига айланди. Кейинроқ у “Кардифф” ва “Сток” жамоаларида ўйнади. Охирги пайтларда қуйи дивизон клубларида тўп тепиб келмоқда. Нигерия терма жамоаси сафида Одемвинги 63 учрашув ўтказган. У ҳар бир вазиятда охиригача курашиши билан клубларига фойда келтиришга уринган. Тан олиш лозим, бундай савиядаги ҳужумчи бизга жуда катта ёрдам берган бўларди.
Димитриос ПАПАДОПУЛОС
Туғилган санаси: 20.10.1981
Туғилган жойи: Жиззах
Амплуаси: ҳужумчи
Жамоалари: 1999–2001 “Акратитос” 57 (20)
2001–2003 “Бёрнли” 39 (3)
2003–2008 “Панатинаикос” 126 (50)
2008–2009 “Лечче” 14 (1)
2009–2010 “Динамо” Загреб 13 (2)
2010–2012 “Сельта” 25 (1)
2012 “Левадиакос” 10 (0)
2012–2013 “Пантракикос” 25 (11)
2013–2014 “Атромитос” 35 (14)
2014–2015 ПАОК 24 (7)
2015–2016 “Астерас” 12 (1)
Греция терма жамоасида 22 учрашувда 2 гол урган.
Грециянинг машҳур футболчиларидан бири ҳисобланган Димитриос Пападопулос Жиззахда таваллуд топган. Фаолиятини эса Грецияда, “Акратитос” клуби таркибида бошлаган. У Англия, Италия, Хорватия, Испания чемпионатларида ўйнаган. “Панатинаикос”, “Сельта” ва ПАОК каби машҳур жамоалари сафида майдонга тушган. Охирги марта “Астерас” сафида ўйин ўтказди. Греция терма жамоасида сермаҳсуллиги у қадар юқори бўлмаган. 22 учрашувда атиги 2 марта гол уриш насиб этган.
Владимир БРАУН
Туғилган санаси: 06.05.1989
Туғилган жойи: Тошкент
Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси
Жамоалари: 2008–2013 “Хапоэл” Рамат Ган 78 (1)
2013–2016 “Хапоэл” Кирят 74 (2)
2016–... “Хапоэл” Бир Шива
Владимир 1989 йил Тошкентда дунёга келган. Сўнг оиласи билан Исроилга йўл олган Браун айни пайтда мамлакат чемпионати пешқадами бўлиб турган “Хапоэл” Бир Шива жамоасида ўйнамоқда. Ушбу клуб яқинда Европа Лигасида “Интер”ни икки марта доғда қолдириб, кўпчиликнинг эътиборига тушди. Браун таянч футболчиси ўрнида ҳаракат қилади.
Беҳзод НАЗАРОВ.
Сайтимизнинг Telegram даги каналига обуна бўлинг - telegram.me/championatasia
Comments