Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  27 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Уч марта жаҳон чемпионатида иштирок этган, Португалиядан таклиф олган ҳамда Японияда фарзандли бўлган Забиҳилло Ўринбоев ҳақида ҳикоя қиламиз (мутолаа учун) News

Уч марта жаҳон чемпионатида иштирок этган, Португалиядан таклиф олган ҳамда Японияда фарзандли бўлган Забиҳилло Ўринбоев ҳақида ҳикоя қиламиз (мутолаа учун)

Қаҳрамонимиз севган қизига уйланишида нима асосий сабаблардан бири бўлганини айтди.

Забиҳилло Ўринбоев спортчилар оиласида вояга етган. Шу боис, унда "Миллионлар ўйини"га бўлган қизиқиш эрта уйғонган. 

Отам ва амаким бокс спорт тури билан шуғулланишарди. Спортга бутун оиламиз меҳр қўйган. Шу боис, менда ҳам болаликдан қизиқиш уйғонган. Футболга кириб келишимга илк сабабчилардан бири отам ҳисобланади. Айнан отам мени футбол мактабига олиб борган. 

Ёш иқтидор эгаси дастлабки сабоғини "Чиғатой" футбол мактабида Юрий Гаспадарчук қўл остида олган. Кейинчалик футбол мактабидаги болакайларни доимий кузатиб борадиган Сергей Лушан ва Олег Беляков ёш йигитчани "Бунёдкор" акадеямисига олиб келган.

"Бунёдкор" академиясида бошқа даражадаги чиққанман. Чунки бу ерда барчаси профессионаллик асосида қурилганди. Шу ерда чинакам футболни ўргана бошлаганман.

Мурғаккина "қалдирғоч" профессионал фаолиятини 2013 йил пойтахт клубида бошлайди. 

"Бунёдкор" сафида энди-энди майдонга туша бошлаган пайтларим "Ал Насср"га қарши Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги баҳс мен учун энг ёдда қоларли баҳслардан бири бўлган. Ўша баҳсда асосий таркибда бошлаганман, ўйин эса 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланган. "Бунёдкор"ни ҳамон соғинаман. Клубга бўлган меҳрим бўлакча. Мен ушбу клуб бағрида улғайганман.

Ўринбоев футболчи сифатида ўз ўрнини топишида Сергей Лушаннинг хизматлари беқиёс эканлигини таъкидлади.

Сергей Лушанга бўлган миннатдорчилигимнинг чеки йўқ. У менга имкон бермаганида, ҳозирги даражага чиқмаган бўлишим мумкин эди. Лушан менга ҳамиша ишонч билдирган, бу ҳам футболчи сифатида шаклланишимга катта сабаб бўлган.

Шу билан бирга, ҳужумчи 2011 йил 17 ёшгача бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси йиғинига чақирилган ва ўша йили бўлажак "Олтин авлод" сифатида эътироф этилган терма жамоа билан 2011 йилда Мексикада бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, чорак финалга қадар етиб борган. 

Бизнинг жамоа "Олтин авлод" сифатида эътироф этиларди. Хотирага бой бўлган даврлар эди. Бундай даражани, йирик мусобақаларга илк бора дуч келишимиз эди. Албатта, барча футболчининг ҳам кейинги фаолияти ёрқин бўлмади. Бунда ўйинчининг ўзига ҳам кўп нарса боғлиқ. Футболнинг масъулияти жуда катта, унинг учун кўп нарсадан воз кечиш керак ва инсон унга ўзини бағишлаши лозим. У ердаги дўстларимнинг барчаси кучли футболчилар эди. Балки масъулият зиммаси, балки мос мураббийга ёлчимагани баъзи футболчиларга таъсир ўтказгандир. Чунки, шаклланиб бораётган футболчини тўғри йўлга солишда мураббий катта рол ўйнайди. Бугунги кунда ҳам ўз даражасини сақлаб қола олганлар етарлича.

2013 йил Ўринбоев Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига чақирилган ва ўша йили терма жамоа билан Туркияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, чорак финалга қадар етиб борган.

Форвард 2014 йил Мьянма давлати мезбонлик қилган U-19 Осиё чемпионатида 5 та гол билан турнир тўпурарларидан бирига айланган. Келаси йил Янги Зеландия яшил майдонларида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иккита тўп киритишга муваффақ бўлган. Бу эса унга хорижий клублар қизиқишини уйғотган. Жумладан, 2015 йил Португалиянинг "Пасуш де Феррейра" клубидан таклиф тушган, аммо Португалия клуби "Бунёдкор" билан келиша олмаган.

Ўша вақтларда "Бунёдкор" билан шартномам мавжуд эди, қолаверса, асосий таркиб футболчиси эдим. Европа жамоаси эса мени текинга қўлга киритишни истаган. Шунингдек, яна бир қанча агентлардан сўров келган, аммо аниқ таклифлар бўлмаган. Исталган футболчи чет элга йўл олишни ҳамда у ердаги ҳаётни, футбол муҳитини кўришни хоҳлайди. Ҳалигача олдинга қўйган мақсадларим бор. Худо хоҳласа, ушбу йўл сари олға боришга ҳаракат қиламан.

Осиё Футбол конфедерацияси бир нечта номинациялар бўйича 2015 йилнинг энг яхшилари бўлишга даъвогарларнинг якуний учлик рўйхатини эълон қилди. Ундан Ўзбекистон ёшлар (U-20) терма жамоаси ҳамда “Бунёдкор” клуби футболчилари Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов ҳамда Забиҳилло Ўринбоев ўрин олганди, якунда эса соврин Достон Ҳамдамовга насиб этган.

Футбол галактикасида порлаётган юлдуз негадир узоқ вақт сўниб қолди. Ҳужумчи "Бунёдкор" сафида 2014 йил 13 сентябрь санасида "Бухоро" дарвозасини ишғол қилгач, кейинги голини уриши учун мухлислар салкам 600 кун кутишига тўғри келди.

Ҳужумчи сифатида етарли гол уролмаган бўлишим мумкин, буни ўзим ҳам англаб турибман. Футбол билан боғлиқ кўп нарсалар ато этгани учун Аллоҳга шукр айтаман. Албатта, бундай вазиятларда тушкунликка тушиш ҳолати бўлади, лекин бу вақтинчалик. Футболдан кетиш ҳақида умуман ўйламаганман. Фақат олдинга интилишга ҳаракат қилганман. Меҳнат ҳамиша ўз самарасини беради, деб ўйлайман. Хоҳ ўртоқлик, хоҳ расмий ўйин бўлсин, ҳар бир гол уролмаган учрашувдан кейин ичимдан ўзгача ҳиссиётлар ўтади. Ҳар бир ҳужумчи ҳар бир ўйинда гол уриш учун майдонга тушади. Умид ва ишончни ҳеч қачон сўндирмаслик лозим. Аллоҳ бандасини сийламоқчи бўлса, ортиқчаси билан туҳфа этади.

2017 йил клуб сиёсати буткул ўзгарди. Кўпгина етакчилар жамоани тарк этди. Охиргилардан бири Забиҳилло Ўринбоев эди... 

ОКМКга Виктор Кумиков келгач, таклифлар ичидан ушбу вариантни танлаганман. Шунчаки, янги жамоада ва янги мураббий қўл остида тўп тепиш ниятим бўлган. 

"Бунёдкор"га ҳамиша меҳрим баланд бўлган ва қалбимнинг бир бурчагидан ўрин олган. Менинг ҳолатимда у ердан кетиш учун сабаб бўлиши керак эмас. Ўша пайтларда бизни қўллаб-қувватлаган мухлислар билан ҳалигача ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз.

2018 йил Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров қўл остидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ғолибликни қўлга киритган. "Қор жанги" деб аталган финал баҳси кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.

U-23 Осиё чемпионатидан улкан таассуротлар қолган. Илк ўйиндаги мағлубият, кейинги юриш... Аллоҳнинг меҳрибонлиги билан чемпион бўлганмиз, деб ўйлайман. Айниқса, финалда, қорли майдондаги таассуротларни таърифлаб бўлмайди. Бу футболчи ҳаётида бир марта содир бўлса керак. Мураббийимиз Равшан Ҳайдаров ҳар бир ўйинда кучли мотивация берарди. У ҳар бир футболчи билан ўйиндан аввал суҳбатлашарди ҳамда ўйинчининг ичидаги ҳиссиётини тўлқинлантириб юборарди. Бу жиҳатдан Ҳайдаровни кучли мутахассис деб биламан. Финал олдидан ўзимизга бўлган ишонч юқори эди. Қор ёғадими, тошми, майдонга чиқиш ва ғалаба қозониш талаб этиларди. Аллоҳга шукр, чемпионлик насиб этди.

Биринчи бўлимдан кейин Вьетнам бошқарувидаги шахслар ўйинни қолдириш таклифини билдиришган. Барчамизнинг жавобимиз бир бўлган: "Йўқ, биз охиригача курашамиз!" Чемпионликка эришгач, кўз олдимга ота-онам келган. Улар мени табриклаб, дуо қилишган. Мусобақа ғолибига айлангандан бироз муддат ўтгач, севган аёлим билан оила қурганман. Совчиларга розилик берилишига чемпионлигим ҳам сабаблардан бири бўлган.

Забиҳилло Ўринбоев 2018 йил миллий терма жамоага ўша вақтдаги вақтинча бош мураббий Тимур Кападзе томонидан чақиртирилади ҳамда Эрон ва Уругвайга қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этади.

Ҳар бир футболчига миллий терма жамоа либосини кийиш ўзгақа завқ беради. Орзунинг қайсидир қисми амалга ошгандек туюлади, бироқ терма жамоа шарафини ҳимоя қилишнинг масъулияти кучли. Ҳамиша миллий терма жамоси либосини кийиб, унинг шаънини ҳимоя қилишни орзу қиламан. Ҳеч қачон орзуларимдан ортга чекинмайман. Тақдиримда қанча футбол ўйнаш битилган бўлса ҳам, охиригича ушбу орзуимда собит қоламан. ИншаАллоҳ, орзуларимга қачондир эришаман.

ОКМК, "Пахтакор" ва "Металлург"даги фаолиятидан сўнг 2019 йил ҳужумчи легионерга айланади ва "самурайлар" ўлкасига йўл олади. Аммо у ерда етарли ўйин амалиётига эга бўлмайди.

Япониялик агентлардан таклиф тушган ҳамда у ерга бориб, бир йиллик шартномага имзо чекканман. У ердаги фаолиятим кўнгилдагидек бўлмади дейиш нотўғри. Биринчи фарзандим ўша ерда дунёга келган. Шарқ мамлакатидан кўп нарса ўрганганман. Тўғри, кам ўйин амалиётига эга бўлдим. Япониядал легионер мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши учун ҳамиша бошқалардан икки бош баланд бўлиши лозим. Чунки у ерда тезкор футболчиларда ниҳоятда бисёр. Мамлакатнинг менталитети буткул ўзгача. Мен ҳеч қандай баҳона келтирмоқчи эмасман. Инсон тан олишни ҳам билиши керак. Буни ўз айбим деб биламан. У ерга мослашиши вақт талаб қилган. Японияда тактик ёндашув жуда-жуда кучли. Ҳатто маҳаллий клублар чемпионатимизнинг юқори поғоналардаги жамоалардан бир бош устун. Мен J1 эмас, J2 лигаси ҳақида гапиряпман. Японияни ҳалигача соғинаман, у ерда илиқ хотиралар қолган.

Япониядан кейин икки мавсумни "Навбаҳор" сафида ўтказган ҳамюртимиз яна "Металлург"га қайтди. Ўтган мавсум 25 учрашувда 3 та гол урган ҳужумчи жорий мавсум биринчи давранинг ўзидаёқ ушбу натижани такрорлади. Шу жумладан, охирги тур "Олимпик"ка қарши ўйинда жамоаси бир киши кам бўлиб ҳаракатланаётганига қарамай, дублга эришган ҳолда ғалаба тақдим этди. Голлардан бири жаримадан урилди.

"Олимпик"ка қарши ўйинни ёмон бошламадик. Тўғри, биринчи бўлим ҳужумлар сони кам бўлди, жамоалар бир-бирини ўрганиши учун вақт сарфланди. Биринчи бўлимдан сўнг кийиниш хонасида йигитлар билан қайта суҳбатлашдик. "Ортга йўл йўқ. Майдонда бор кучимизни намойиш этишимиз лозим". Жамоадошларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман, чунки бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг барчаси масъулиятни ўз бўйнига олди ва ҳар бири жонбозлик кўрсатди. Футболда қайси жамоа кўпроқ ғалаба қозонишни хоҳласа, ўша жамоага омад кулиб боқади. Жарималар устида машғулот жараёнида ишлаймиз. Фақатгина мен эмас, бошқа кўпгина шерикларим ҳам бу борада моҳир саналади.

"Металлург" сардори омадли инсонми ёки аксинча?

Омадга ишонаман. Омад Аллоҳдан. Ҳаётда ўзимни омадлиман деб ҳисоблайман.

Забиҳилло Ўринбоев ўсмирликдаги Забиҳилло Ўринбоевга қандай маслаҳат берган бўларди?

Ёш Забиҳиллога жуда-жуда кўп маслаҳат берган бўлардим. Ҳар бир футболчи ўзи қилган хатони ич-ичидан яхши билади. Олдига мақсад қўйган одам унга ишонч билдириши керак. Энг кучлиси — ишонч. Ишонч мақсадларнинг рўёбга чиқиши учун калит вазифасини бажаради. Шунингдек, Аллоҳга ишониб, таваккал қилиш керак. Қолаверса, ибодатни вақтида амалга оширишни маслаҳат берган бўлардим. Бу нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам катта рол ўйнайди. Шу билан бирга, аввалги Забиҳиллога меҳнат қилишдан чарчама, ўзингга ишон. Олдинга қўйган мақсадингда иккиланма деган бўлардим. 

Қаҳрамонимизнинг укаси Муҳаммадали Ўринбоев ҳам профессионал футболчи ҳисобланиб, бугунги кунда "Пахтакор" клуби ҳамда Ўзбекистон U-18 терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади.

Укам ҳали ёш. Мен ака ҳамда футболчи сифатида унинг кучига ишонаман. Ҳали ўз устида ишлаши керак бўлган жабҳалар бисёр. Унга тўғри йўл кўрсатишга ҳамда мақсадлари сари олға боришида ёрдам берамиз. Муҳаммадалининг етук даражадаги футболчи бўлиб шаклланишига ишонаман.

"Металлург" Суперлига доирасидаги навбатдаги учрашувини "Турон"га қарши ўтказади. Бекободда ўтказиладиган баҳсда мезбон жамоа мухлислар қўллаб-қувватловини, ишқибозлар эса клуб сардоридан яна голлар кутади.

Футболга нисбатан "Нафратдан муҳаббатгача бир қадам" иборасини қўлласак бўлади. Биз мухлислар учун, уларнинг голимиздан завқланиши учун ўйнаймиз. Мухлисларнинг стадионларни ҳамиша тўлдиришига тилакдошман. Бу футболчига жуда катта куч ва завқ бағишлайди.

U-20 ЖЧ. Ўз куни келишини кутган ва футбол учун дарсдан қочган Ўзбекистоннинг янги қаҳрамони ҳақида ҳикоя қиламиз

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика