Тимур Кападзе: "Бундай рақибга қарши доимо тўғри футбол ўйнаш керак"
28 jul 2023 23:31
News
Тимур Кападзе: "Бундай рақибга қарши доимо тўғри футбол ўйнаш керак"
- "Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, қизиқ бўлди. Биз ҳам яхши ўйин кўрсатдик. Йигитлар яхши футбол намойиш қилишга ҳаракат қилди. Балки "Пахтакор" тезкор гол уриб олгани учундир, биринчи бўлимданоқ кўп вақт чўзишлар бўлди. Тўпни ўйинга киритгунча, дарвозабон дарвозаси ёнидан бошлагунча кўп вақт ўтиб кетди. Албатта, "Пахтакор" бундай таркиби билан янада яхшироқ ўйин кўрсатиши мумкин эди. Дарвозабон ўйин якунига келибгина сариқ олди, бироқ у икки бўлим давомида шундай секин ўйнади. Ҳакам эса негадир сариқни ўйин сўнгида берди. "Пахтакор" доимо ўйин темпини паст ушлаб турди, биз эса тез ўйнай олмадик. "Пахтакор"га навбатдаги учрашувларда омад тилайман. Барчасини тахлил қиламиз. Иккала голни ҳам ўз хатоларимиз сабабли ўтказиб юбордик. Ҳимояда йигитлар ёшлик қилиб қўйишди, баъзи жойларида эса позицион хатоликларга йўл қўйишди. Ҳозир қараб чиқдим, иккала голни ҳам йўққа чиқаришимиз мумкин эди. Бизда ҳам яхши имкониятлар бўлди. Бироқ бундан фойдалана олмадик.
- Бугун таркиб танлашда адашдим деб ўйламайсизми? Чунки бугун давралар оралиғида келган янгиларнинг тўрт нафари асосий таркибда майдонга тушди ва Шаҳзод Акрамовдан ташқари қолган янгилар жуда кўп хато қилишди. Биринчи голда Иброҳим Ибрагимов хато қилди, кейин ҳимоячиларда хатолар кўпайиб кетди.
- Яъни, захирадаги кимни асосийда туширмасдан хато қилдим? Фикрингизга қўшилмайман. Йигитлар йиғинларда яхши ўйин кўрсатишди. Рақиб "Пахтакор". Уларга қарши доимо тўғри ўйнаш керак. Қўл остимда бор таркибдаги футболчиларнинг энг яхшиларини асосийда ўйнатдим. Захирада ҳам яхшилар бор. Иккинчи давра эндигина бошланди. Иброҳимни бугунни ўйлаб олмадик. У яхши футболчи. Барчасидан тўғри ҳулоса чиқарамиз.
- Ёзги йиғинлар вақтида Пўлатхўжа Холдорхонов "Олимпик" билан бўлди. Бироқ иккинчи даврани "Пахтакор"да бошлади.
- "Пахтакор" уни бермаяпти. Клуб уни бизга берганида жуда яхши иш бўларди. Чунки "Пахтакор" ҳужумида футболчилари жуда кўп. Пўлатхўжа у ерда қанча ўйнайди ва қанча тажрибага эга бўлади, буни вақт кўрсатади. Албатта, бизда бўлганида у кўпроқ ўйнаган бўларди. Бу эса биз учун ҳам "Пахтакор" учун ҳам яхши бўларди. Пўлатхўжанинг нималарга қодирлигини яхши биламиз ва уни термага тайёрлашда ҳам доимий ўйин амалиётида бўлиши жуда муҳим.
- "Олимпик" рақибнинг қизил карточкасидан фойдалана олмади ва айнан шу сабабли "Пахтакор" вақт чўзди деб ҳисобласак бўладими?
- Бу ҳам темпни ўлдирди. Аммо шунда ҳам биз тартибли ўйнасак бўларди. Бизда ҳам вазиятлар бўлди, биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда стандартлардан кейин. Шунчаки вазиятларимиздан фойдалана олмадик. "Пахтакор" секин темп билан ўйнаб, ўз вазиятини кутгани тушунарли. Лекин биз ҳам гол уришимиз керак эди. Ёмон эмас, биз учун фойдали ўйин бўлди. Шунчаки бугун кам футбол ўйналгани кўнглимни бироз хира қилди.
- Жамоадан кетган Шамсиев ва Тоиров ҳақида савол бермоқчи эдим. Улар "Сурхон"га ўтишди. Ўртада келишмовчиликлар бўлмадими?
- Йўқ, уларни ўзим "Сурхон"га бердим. Улар кўпроқ ўйнаши керак. Барчасини кузатиб бораман. "Сурхон" уларга кўпроқ ўйин амалиёти берилишини ваъда қилди. Бироқ уларнинг "Сурхон"да кўп ўйнаши ҳам факт эмас. Балки захирада ҳам қолиб кетиши мумкин. Уларнинг ўрнига ёшларни олдим, бироқ ушбу футболчилар ўйнаши керак. Шу сабабли "Сурхон"га бердим.
- Бу мавсумда икки дарвозабоннинг хизматидан фойдаланяпсиз. Аммо улар жуда кўп қўпол хато қилишмоқда. Шукрон Йўлдошев биринчи давранинг сўнгги ўйинида ва бугун Ҳамидилло Абдунабиевнинг биринчи голда юз фоиз хато қилди. Лекин Сиз қишда ҳам ёзда ҳам дарвозабон олдингиз. Уларни синаб кўриш вақти келмадимикин?
- Провокацион савол. Биринчидан, Ҳамидилло йиғинлар вақтида жароҳатланган эди ва энди илк ўйинини ўтказди. Умуман олганда у яхши дарвозабон. Уларнинг барчаси хато қиляпти, ҳали ёш. Ҳечқиси йўқ, манаман деган дарвозабонлар ҳам хато қилишади. Улар шу хатолари орқали ўсишмоқда. Бу жамоа уларга имконият бериш учун керак. Хато қилиб ўрганади ва улар устида ишлайди. Ҳеч ким хатосиз ўйнай олмайди. "Чиғатой"дан Эдем Немановни олдик, у ҳам ёмон дарвозабон эмас. Ким кучли бўлса ўша ўйнайверади, мен эса уларга имконият беришим керак. Ўйнатмасак, хатоларини ҳам билмаймиз. Дарвозабонлар мураббийимиз бор, улар хатолар устида ишлашади. Хатосиз бўлса яхши, аммо бу ёшда табиий ҳолат.
- Отабек Боймуродов вариантини кўриб чиқмадингизми?
- Умуман олганда истагандик. Вариантимиз ҳам бор эди. Термада уни таркибга жалб қилгандим ва нималарни ўрганганини кўрмоқчи эдим. Кейинчалик тушундимки, ушбу дарвозабон "Пахтакор"га ҳам керак. Аммо улар легионер дарвозабон олиб келишди. Ҳозир муаммо унда эмас. Олдимизда Пўлатхўжа муаммоси турибди. Бугун, эртага "Пахтакор" билан яна музокаралар олиб борамиз. Агарда улар уни беришса, яхши. Акс ҳолда биз ўз футболчиларимиздан фойдаланамиз.
- Ёки яна кимнидир ижарага олиш керак эмасмикин? Чунки трансферлар ойнаси якунига ҳали вақт бор.
- Билмасам. Ҳали гаплашиб кўрамиз. Тушунишим бўйича, бугун "Пахтакор" захирасида 3 ёки 4 ҳужумчи ўтирди. Энди барчасини вазиятга қараймиз. Буёғи вақт масаласи бўлиб қолади. Мен учун энг асосийси - уларга доимий ўйин амалиёти берилиши. Чунки термага келса, улар тонусда бўлиши керак. Масалан, ҳозир Ҳусайн Норчаев масаласида ҳавотирдаман. Биринчи даврада у кам ўйнади, шунингдек, икки ўйинда ҳам майдонга тушгани йўқ. Уни термага чақирдим, аммо у тонусда эмаслиги кўриниб турибди, яъни, унчалик яхши ҳолатда эмас. Қачонки футбол ўйнамаса, барчаси кўриниб қолади.
- Отабек Жўрақўзиевнинг жароҳати қанчалик жиддий ва у кейинги тургача қайтиши мумкинми?
- Кейинги учрашувга қайтмаслиги ҳам мумкин. Икки-уч кундан кейин машғулотларни бошлайди. Шифокорлар унинг даволаниш жараёни билан шуғулланишига рухсат беришди. Кейинчаликнинг ҳолатига қараймиз. Унинг ҳам йўқлиги бир йўқотиш бўлди. Ўйин бобида кўпини хоҳлагандик. Аммо бўлиб туради. Ачинарлиси, голларда ўзимиз хато қилдик. Барчасини кўриб чиқамиз ва биргаликда тахлил қиламиз. Ўйинлар энди бошланмоқда. Барчаси энди қизиқарли бўлади.
Comments