Latest news

10:04Ўзбекистонлик яна бир футболчи легионерга айланди  3 09:25«Нефтчи» Азизбек Амонов билан неча йиллик шартнома тузгани маълум  5 08:57«Ал Иттиҳод» «Ман Сити» афсонаси билан шартнома тузишга яқин  5 08:30Алекс Фергюсон Роналду ва Месси ҳақида ажойиб фикр билдирди  17 08:02МЮ яна бир топ ҳимоячи билан келишувга эришди  3 07:35«Андижон» икки нафар футболчиси билан хайрлашди  3 01:48Галлахер "Атлетико"га ўтишни хоҳламоқда  1 01:25"Ювентус" Йилдизни қўйиб юборишни хоҳламаяпти  1 00:57"Атлетико" "Челси" ўйинчисининг трансфери бўйича ишларни бошлаб юборди  1 00:29Игорь Сергеев ҳаракат қилаётган "Патум Юнайтед" жамоаси ўртоқлик ўйинида ЕЧЛ финалчиси "Боруссия"ни тор-мор келтирди!  6 23:55"Барселона" "Манчестер Сити" футболчисини ижарага олмоқчи  3 23:27Жамшид Саидов: "Бизда юқори мақсадлар йўқ, вазифа ўтган мавсумдан кўра яхшироқ иштирок этиш"  1 22:57"Бунёдкор" иккинчи даврада уйғонадими? Тайёргарлик қандай кетяпти? Илёс Зейтуллаев барча саволларга жавоб берди  5 22:23Расман: Шерзод Эсанов "Андижон"дан РПЛ клубига ўтди  19 21:27"Байер" Гюлерни ижарага олмоқчи эди. "Реал" ҳам, ўйинчи ҳам бунга қизиқиш билдиришмади  3

Тавсия қиламиз. "Биз жуда камбағал эдик, умуман пулимиз бўлмасди". Ромелу Лукаку ҳақида қайғули ҳикоя News

Тавсия қиламиз. "Биз жуда камбағал эдик, умуман пулимиз бўлмасди". Ромелу Лукаку ҳақида қайғули ҳикоя

Айни пайтда Россия майдонларида ЖЧ-2018 баҳслари давом этмоқда.

Гуруҳ босқичидан сўнг тўпурарлар пойгасида Бельгия терма жамоаси ҳужумчиси Ромелу Лукаку 4та гол билан иккинчи ўринда бормоқда (Криштиану Роналдуда ҳам шунча гол). Бельгиянинг ўйинларига оид суратларни томоша қилар экансиз, терма жамоада ўйиндан олдин футболчилар орасида ҳамиша фақат бир инсон гапиришини кўрасиз. Бу Лукаку. Доимо ўйиндан олдин ва қийин паллада жамоадошларини руҳлантирувчи Ромелу ҳақида таъсирли ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу ҳикояни ўқиш жараёнида кўзингизга ёш келиши мумкин. Бунга тайёр бўлинг, кетказган вақтингизга ачинмайсиз.


Ромелунинг шахсий ҳаётидан ажойиб тарих.

"Биз қийинчиликда яшаётганимизни билган кунимни яхши эслайман. Музлаткич ёнида турган онам ва унинг юз тузилишини англадим. Ўшанда 6 ёш эдим, мактабдан тушлик қилиш учун келгандим. Онам ҳар доимгидек нон ва сут тайёрлаб қўйганди. Болаликда бундай жиҳатларга эътибор бермас экансан.

Ўша куни уйга бордим ва ошхонага кирдим. Онам ҳар доимгидек музлаткичнинг олдида сутнинг қадоғи билан бирга турарди. Бу сафар у сутга яна нимадир қўшди. У қутини қўйди. У нима қилганини тушунмадим. У менга тушлигимни берди ва ҳеч нима бўлмагандек табассум қилди. Ўшанда гап нимадалигини тушундим. У сутга сув қўшган эди. Бизда ҳафталик захира сут учун ҳам пул йўқ эди. Биз шунчаки бечора эмас, ғирт камбағал бўлиб қолгандик.



Отам профессионал футболчи эди, бироқ у фаолиятини якунлаганидан кейин пулимиз ҳам тугади. Аввалига биз кабель телевидениесисиз қолдик. Ортиқ ҳеч қандай футбол кўриш йўқ. Трансляциялар йўқ. Сигнал йўқ. Кечалари уйга келсам чироқ бўлмасди. Ҳафталаб электр қувватисиз яшардик. Чўмилгим келганида иссиқ сув бўлмасди. Ўшанда онам газда сув қайнатиб, илитиб берарди. Мен эса чўмичда устимдан сув қуйиб чўмилардим. Онам кўчамиздаги дўкондан қарзга нон сўраган вақтлари ҳам бўларди. Новвойлар мени ва укамни билгани учун душанба куни нон олишга ва пулини жума куни қайтаришга рухсат беришарди.

Биз жуда оғир ҳолатда эканлигимизни билардим. Лекин, онам сутимга сув қўшиб берганидан кейин барчаси тамом бўлганини тушундим. Энди шундай яшаймиз.

Ҳеч нима демадим, онамни ҳафа қилишни хоҳламадим. Шунчаки ўз тушлигимни едим. Ўша куни ўзимга, яратганга сўз бердим. Кимдир бармоғи билан туртгандек бўлди ва мени қайсидир маънода "уйғотиб юборди" ва мен нималар қилиш кераклигини тушундим. Онамни бундай яшашига қўйиб бера олмасдим. Йўқ, ҳеч қачон. Бунга йўл қўя олмайман.

Футболга боғлиқ инсонлар руҳиятнинг кучи ҳақида гапиришни яхши кўришади. Тан олишим керак, мен сиз кўрган энг бақувват йигитман. Чунки уйда укам ва онам билан қоронғуликда ўтириб илтижо қилганларимизни эслайман, нимадир ўзгаришига ишонардик ва билардик. Мен ваъдамни бажардим. Бир куни уйга келсам онам йиғлаб ўтирган экан. Уларга қараб: "Она, кўрасиз, барчаси ўзгаради. Тез орада мен "Андерлехт" таркибида ўйнайман. Бизда барчаси яхши бўлади. Сиз бошқа бундай йиғламайсиз". Ўшанда 6 ёш эдим.

Отамдан сўрадим: "Сиз неча ёшингиздан профессионал даражада футбол ўйнашни бошлагансиз?". У жавоб берди: "Ўн олти". Ўшанда қарор қилдим: "Ўн олти бўлса ўн олтида".

Мен учун ҳар бир ўйиним финалга тенг эди. Истироҳат боғларда ўйнасам ҳам, болалар боғчасида ўйнасам ҳам финал. Жиддий айтяпман. Ҳар доим тўпни бор кучим билан тепиб, йиртиб юборишга интилардим. Бу сизга R1 тугмасини босиш эмас. Менда янги FIFA ўйини ёки PlayStation йўқ эди. Мен ўйнамаганман. Барчани футбол билан ўлдиришни истардим.

Ўсишни бошлаганимда айрим ўқитувчиларим ва ота-оналар жонимга тегиб кетишарди. Ёши катталардан бири илк бор "Неччи ёшдасан? Қайси йил туғилгансан?" деб сўраганини унутмайман. Мен ўйладим: "Нима? Сиз жиддий айтяпсизми?". 11 ёшлигимда "Льерс"нинг ўсмирлар жамоасида ўйнардим ва ота-оналардан бири менга майдонга тушишимга ҳалақит қилишга уринарди. У ғазабланди: "Неча ёш бу бола? Қани ҳужжатларини кўрсатинг! У қаердан олган?"



Мен Антверпенда туғилганман. Мен бельгияликман. Отам ўшанда у ерда бўлмаган, чунки унинг машинаси йўқ эди. Демак у менинг сафардаги ўйинларимга ҳам бора олмасди. У ерда мутлақо ёлғиз эдим. Ҳар доим ўзим учун ўзим туриб берардим. Сумкамдан ҳужжатларимни олдим ва ҳаммага кўрсатдим. Улар эса ҳужжатларимни бир-бирларига узата бошлашди. Қоним қайнади ва ўйладим: "Ўғлингизни ўлдираман. Мен шундоқ ҳам уни ўлдирмоқчи эдим, лекин ҳозир бўлакларга бўлиб ташлайман. Ўғлингиз уйга кетгунча йўл бўйи йиғлайди."

Бельгия футболи тарихидаги энг зўр футболчи бўлишни истайман. Менинг мақсадим шундай бўлган. Яхшиси ҳам, буюк ҳам эмас, энг зўри. Кўп нарсалар сабаб жанговор кайфиятда ўйнардим: квартирамизда каламушлар югуриб юрарди, Европа Чемпионлар лигасини кўра олмасдим, ота-онам менга умид билан қарашмоқда.

Ўз мақсадларим йўлида бордим. 12 ёшимда 34 учрашувда 76та гол киритдим. Мен бу голларни отамнинг оёқ кийимларида урардим. Менинг оёғим уларники билан тенг бўлганида иккимиз бир бутса киярдик. Бир куни бобом (онамнинг отаси)га қўнғироқ қилдим. У менинг ҳаётимдаги энг муҳим инсонлардан бири эди. У орқали мен отам ва онам туғилган Конго билан алоқа қилиб турардим. Унга: "Менда барчаси аъло даражада. Мен 76та гол урдим, биз лигани ютдик. Катта клублар мени кузата бошлашди". У менинг футболдаги ютуқларимни ҳар доим қувонч билан эшитарди, бироқ бу сафар нимадир ўзгаргандек.

Бобом: "Бунинг барчаси аъло даражада. Бироқ, Ром, мен учун бир иш қила оласанми?". "Албатта, нима?", - деб сўрадим мен. "Менинг қизимга қараб тура оласанми?" - деди бобом. Унинг нима демоқчи эканлигини яхши англамаган ҳолда дедим: "Онам ҳақида? У билан ҳаммаси жойида". У айтди: "У ҳақида қайғураман деб ваъда бер. Мен учун, ҳўпми?". "Яхши, бобо, барчасини тушундим, ваъда бераман", - дедим мен.

Беш кундан сўнг у оламдан ўтди. Ниҳоят, у нимани назарда тутганини тушундим. У ҳақида ўйлаш жуда оғир. Мен унинг ҳеч бўлмаса яна тўрт йил яшашини ва "Андерлехт"да қандай ўйнаётганимни кўришини хоҳлардим. Мен ваъдамни бажардим, бизда ҳаммаси яхши бўлди.

Онамга 16 ёшимда ўз мақсадларимга етишишимни айтгандим. Бироқ 11 кунга кечикдим. 2009 йилнинг 24 май куни. Финал ўйини "Андерлехт" - "Стандарт".

Бу менинг ҳаётимдаги энг ақлбовар қилмас кун. Мавсумнинг бошида деярли ўйнамадим. Мураббий мени захирада қолдирди ва ўйладим: "Бу ҳолатда захирада ўтираверсам профессионал шартнома имзолай оламанми?". Ва мен мураббий билан гаплашиб олишга қарор қилдим. Унга: "Ваъда бераман, агар мени асосий таркибда туширсангиз, декабргача 25та гол ураман". Мураббий менинг устимдан кулди. "Келинг, унда баҳслашамиз", - деб таклиф қилдим. Мураббий: "Яхши, агарда декабргача 25та гол урмасанг, захирага "учасан". Биз келишиб олдик.

"Ва яна, - қўшимча қилдим мен. - Ютсам бизга ҳар куни оладьи (ширинлик) олиб берасиз". У рози бўлди. Бу аҳмоқона баҳс эди, таъриф керак бўлса. Мен 25та голни ноябргача киритиб бўлдим. Рождество арафасида ваъда қилинган оладьиларни едик. Бу дарс бўлсин. Ҳеч қачон қорни оч бола билан гаров боғлама.

Профессионал шартномани ўз туғилган куним, 13 майда имзоладим. Ўша куниёқ FIFA сотиб олдим ва телевидениени уйга қайтардим. Мавсум якунига етиб бораётганди, ўшанда уйда ўтиргандим. Бельгия лигасида вазият кескин тус олганди. "Андерлехт" ва "Стандарт" бир хил очко тўплашганди. Биз ғолибни аниқлаш учун плей-офф доирасида иккита ўйин ўтказишимиз керак эди. Жавоб учрашувидан олдин ўринбосарлар мураббийи менга қўнғироқ қилди.

– Алло?
– Салом, Ром. Нималар билан бандсан?
– Боғда футбол ўйнаш учун кетмоқчиман.
– Йўқ-йўқ, тез тайёрлан.
– Нима учун? Қаерга?
– Сен ҳозир стадионга келишинг керак. Сен асосий жамоага кераксан.
– Нима-а? Мен?
– Ҳа, сен.

Отамнинг олдига югурдим ва бақирдим: "Тезроқ бўлинг! Кетишимиз керак! Тез-з".
"Қаерга?" - деб сўради у. "Ота, "Андерлехт"га", - дедим мен.

Стадионга етиб бордик ва орзулар билан кийиниш хонасига кирдим. Мендан қайси рақамда ўйнашимни сўрашди. Мен 10-рақамни сўрадим. Ёш ва жасур эдим. Экипировкачи менга: "Академиядагилар 30дан юқори бўлган рақамларни олишлари мумкин". Мен жавоб бердим: "Яхши, 3ни 6га қўшсак 9 бўлади. Менга 36ни беринг". Ўша кеча асосий жамоа ўйинчилари мени қўшиқ куйлашга мажбур қилишди, ҳозир қайси қўшиқлигини эслай олмайман ҳам. Миямда қайсидир оҳанглари жаранглаб туради. Кейинги тонгда дўстим олдимга келди, онам эса мени ўйинга кетганимни айтади.

"Қаерга?" - деб сўради у. Онам: "Финалга".

Стадионга келган барча футболчиларда яхшигина спорт костюми бор эди, мендан ташқари. Мен автобусдан эски костюмда тушдим. Барча камералар менга қаратилганди. Кийиниш хонасигача 300 метр йўл юриш керак эди. Бу тахминан 3 дақиқа вақт оларди. Кийиниш хонасига кирганимдан кейин телефоним жиринглай бошлади. Барча танишларим мени телевизор орқали қўришганди. Тахминан 3 дақиқада 25та смс хабари келди. Дўстларим ақлдан озаёзганди. Улар сўрашди: "У ерда нима қиляпсан? Нима учун сени телевизорда кўрсатишяпти?".

Улардан фақатгина бирига, энг яхши дўстимга жавоб ёздим: "Дўстим, ўйнайманми ёки йўқ, буни билмайман. Бироқ ўйинни томоша қил".

Мураббий 64-дақиқада мени майдонга туширди. "Андерлехт" таркибида 16 ёш 11 кунлик болакай майдонда ҳаракат қилаётганди. Биз финалда мағлуб бўлдик, бироқ мен жуда бахтли эдим. Бобом ва онамга берган ваъдамни бажардим. Ўшанда англадим-ки, энди барчаси яхши.

Кейинги мавсумда менинг олдимда мактабни тугатиш ва Европа лигасида ўйнаш мажбурияти турганди. Кечқурун аэропортга жўнаш учун мактабга каттагина сумка билан борардим. Биз лигани ютдик, мен эса келиб чиқиши африкалик бўлган энг яхши футболчига айландим. Тўғрисини айтаман, барчаси шундай бўлишини билардим, аммо бунчалик тез бўлиши ҳаёлимга ҳам келмаганди. Матбуотда ҳам мен ҳақимда ёза бошлашди ва умидлар билдиришди. Айниқса, миллий терма жамоа борасида. Тўғри, термада унчалик яхши ўйнай олмаганман. Шунчаки ўйиним ўхшамаган. Аммо ўшанда 16-17 ёш эдим! Барчаси яхши йўлга тушиб олганида мен ҳақимда газеталарда: "Ромелу Лукаку - бельгиялик ҳужумчи", деб ёзишди. Ишлар бироз ёмонроқ бўлганида: "Ромелу Лукаку - келиб чиқиши африкалик бўлган бельгиялик ҳужумчи", деб аташди.

Агарда менинг ўйиним ёқмаса, кўрманг, бу сизнинг ҳуқуқингиз. Бироқ мен шу ерда туғилганман. Антверпен, Льеж ва Брюсселда катта бўлганман. "Андерлехт" учун ўйнашни орзу қилганман. Венсан Компани каби бўлишни истардим. Гапларимни француз тилида бошлаб, голланд тилида якунлай оламан; бироқ қаерда бўлсам ҳам кўпроқ испан, португал ва лингал тилида гаплашаман. Мен - бельгияликман. Биз барчамиз - бельгияликмиз.

Бироқ ватандошларим нима учун ҳар доим менинг ёмон ўйин ўтказишимни кутишини тушунмайман. "Челси"га ўтганимда ўйнай олмадим, улар устимдан кулишди. Мени "Вест Бромвич"га ижарага бериб юборишганида ҳам кулишди. Ҳечқиси йўқ. Биз уйда сутга сув қўшганимизда улар ёнимда бўлмаган. Ўзимнинг ёнимда бўлмаганлар устимдан кулса, эътибор бермайман. Биласизми энг ёмони нима? Мен 10 йил Чемпионлар лигасини кўрмаганмиз. Мактабга борганимда барча финал ҳақида гапирарди. Мен эса нималар бўлаётганини тушунмасдим.



Эслайман, 2002 йилда "Реал" "Байер" билан ўйнаганди, барча: "Қандай зарба бўлди! Қандай ажойиб зарба бўлди!", дейишди. Мен эса гап нима ҳақида кетаётганини билмасдим. Орадан икки ҳафта ўтиб, биз компьютер синфида ўтирардик. Дўстларимдан бири интернетдан видео юклаб олди. Ниҳоят Зидан чап оёғида юқори бурчакни қай тариқа нишонга олганини кўрдим. Ёзда дўстимнинг уйига бориб, Роналдонинг ЖЧ финалидаги феноменал ўйинини томоша қилдим. Турнирнинг олдинги қисмида нималар бўлганини эса болаларнинг суҳбатларидан билиб олдим. 2002 йилда оёқ кийимларимда йиртиқлар бўларди. Катта тешиклар!

Орадан 12 йил ўтиб, ўзим жаҳон чемпионатида ўйнадим. Энди эса яна бир Жаҳон чемпионати, бу сафар укам ҳам мен билан. Бир тарихга, бир уйга эга бўлган икки йигит юқориларга кўтарила олишди (Ушбу суҳбат ЖЧ-2018 олдидан уюштирилган, ўшанда ҳали терма жамоаларнинг мундиал учун якуний таркиби эълон қилинмаган эди. Ромелунинг укаси, ҳимоячи Жордан Лукаку Бельгия терма жамоасининг ЖЧ учун кенгайтирилган таркибига киритилган эди, аммо якунда бош мураббий Роберто Мартинес кичик Лукакуни терманинг якуний рўйхатига киритмади). Энди фақатгина хурсандчилик ҳақида ўйлаяпман. Стресс ва драмалар учун ҳаёт жуда қисқа. Мен ва менинг клубим ҳақида нима исташса, ўшани гапираверишсин.



Ёш бола бўлганимизда ҳатто Тьерри Анрининг ўйинларини телевизор орқали кўриш имкони бўлмаган. Ҳозир эса биз терма жамоанинг ўзида ундан нималарнидир ўрганяпмиз (Тьерри Анри Бельгия терма жамоасида Роберто Мартинеснинг ёрдамчиси ҳисобланади). Мен тирик афсонанинг ёнида турибман, у эса менга майдонда ўзи бажарган хатти-ҳаракатларни ўргатмоқда. Тьерри мендан кўра кўпроқ футбол кўрадиган ягона инсон. Биз у билан ҳамма нарсани муҳокама қиламиз. Биз бирга ўтириб, Германиянинг иккинчи дивизиони ҳақида гапиришимиз мумкин. Мен ундан: "Тьерри, "Фортуна Дюсселдорф"ни кўрдингми?" деб сўрайман. У эса менга: "Ҳазиллашяпсанми? Шубҳасиз", - дейди.

Мен учун бу дунёда яхшироқ нарса йўқ. Бобом буларнинг ҳаммасини кўришини жуда ҳам хоҳлардим. Мен "Манчестер Юнайтед", Премьер-лига, Чемпионлар лигаси, миллий терма, Жаҳон чемпионати ҳақида гапирмаяпман. Мен ҳаётим ҳақида гапирдим. Бобомга яна қўнғироқ қилиб, шундай дейишни истардим: "Кўряпсизми, мен ваъда бергандим. Қизингизда ҳаммаси яхши. Энди уйимизда каламушлар йўқ. Энди полда ётишимизга ҳожат йўқ. Бизда ҳаммаси яхши. Мендан ҳужжатларимни бошқа сўрашмайди. Энди улар бизни яхши танишади".



Миржалол Норматов таржимаси

Rating: +126   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика