Сузувчиликдан ФИФА президентига айланган Жоао Авеланж ҳақида
17 aug 2016 12:47
News
Сузувчиликдан ФИФА президентига айланган Жоао Авеланж ҳақида
Ушбу инсон ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
ЖОАО АВЕЛАНЖ
Жан-Мари Фостен Гедефруа де Авеланж - 1916 йилнинг 8 май куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳирад туғилган. Авеланж бой оилада дунёга келган. Унинг отаси Фостин Авеланж қурол сотувчи сифатида Бельгиядан Бразилияга келиб қолган.
Жоао мактабда аълочи эди. У мактабни якунлаганидан сўнг Флуминенсе федерал университетининг юридик факультетига қабул қилинган ва Жоао 24 ёшида юридик фанлари номзоди дипломини қўлга киритади.
Авеланж ўқишдан сўнг автобус ишлаб чиқарувчи компаниянинг юридик маслаҳатчиси лавозимига қабул қилинади, кейинроқ у шунга ўхшаш ташкилотнинг президенти лавозимига сайланади. Вақт ўтиши билан Жоао металлургияга ихтисослашган компания ҳамкорига айланади.
Авеланж сузишга жуда қизиқар эди ва у 20 ёшида Берлиндаги Олимпиада ўйинларида иштирок этади. У сузиш мусобақаларида ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмайди. 16 йил ўтиб Жоао яна Олимпиада ўйинларида иштирок этади. Бу сафар у сузувчи эмас, балки сув полоси жамоаси аъзоси сифатида олимпиадага келган эди.
Спорт фаолиятини якунлаган Авеланж бир неча йилдан сўнг Бразилиянинг сузиш федерацияси президенти этиб сайланади. Бу мансаб билан у Бразилия олимпия қўмитасига аъзо бўлади.
1956 йилда Авеланж Мельбурндаги Олимпиада ўйинларида мамлакат делегациясини бошқарган.
Жоао 1958 йилда Бразилия футбол конфедерацияси президентига айланади. Ўша йили Бразилия терма жамоаси Швециядаги жаҳон чемпионати ғолибига айланади. 1962 йилда бразилияликлар ушбу муваффақиятни такрорлашга эришишади.
Авеланж муваффақият тўлқинига тушиб қолган эди. Унинг қўл остидаги терма жамоа саккиз йил жаҳоннинг энг кучли жамоаси номини сақлаб турди.
1963 йилда Авеланж яна бир поғона кўтарилади. У ҲОҚ (Ҳалқаро Олимпия Қўмитаси) аъзосига айланади.
1966 йилда Англияда ўтказилган жаҳон чемпионатида бразилияликларни катта омадсизлик кутиб турган эди. Бразилия терма жамоаси мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунлайди. Баъзи футболчилар мамлакатдаги нотинч ҳолат туфайли Бразилияга қайтишмайди.
Ўша пайтларда Бразилия чемпионати йўқ эди. Штатларда хусусий мусобақлар ўтказиларди. Авеланж барча иштирок этадиган турнир ташкиллаштиришга уринди ва бу 1971 йилда ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо бундан бир йил олдин миллий жамоа Мексикадаги жаҳон биринчилигида яна Ер сайёрасида тенгсиз деб топилади. Ушбу воқеадан сўнг Авеланжнинг жаҳон футболидаги обрўси қайта тикланди.
1974 йилда ФИФА президентлиги учун сайловлар ўтиши керак эди ва Авеланж ўз номзодини қўйди. Унинг рақиби ташкилотнинг амалдаги раҳбари англиялик Стенли Роуз бўлган. Авеланж ғалаба қозониш учун Европа сафига кирмаган мамлакатларни ўзининг профессионаллигига ишонтиришга уриниб кўради. Жоао ФИФА молиявий кучга эга ташкилотга айлантириш учун режалар тузишни бошлади. Жоаони 86 мамлакат федерацияси қўллаб-қувватлади. Натижада дунё биринчи европалик бўлмаган ФИФА президентини кўрди.
Бошқа маълумотларга кўра, Авеланж ФИФА конгреси делегатларини сотиб олгани туфайли раҳбарга айланган.
Жоао ўз режаларини амалга ошириши учун катта маблағ керак эди. ФИФА президенти спорт маркетологи Патрик Нэлли қўллаб-қувватлашлари билан Adidas ва Coca-Cola компанияларини ташкилот турнирларининг асосий ҳомийига айлантирди.
ФИФА ҳаммага йўл кўрсатди. Бошқа федерациялар эса буни кузатишди ва режага қўшилишга тайёр эдилар.
Телевизион ҳуқуқлар сотувидан тушаётган даромад ортиб борарди. Авеланж ваъдасида турди ва ЖЧ иштирокчилари сонини 16 тадан 24 тага кўпайтирди. Кейинроқ эса мундиал финал босқичида қатнашадиган жамоалар сони 32 тага етди.
Авеланж 90 йилларда ўзига ишончли шогирд тайёрлади. У 70 йилларда Йозеф Блаттерни ФИФАда ишлашга таклиф қилган эди. Жоао 1998 йилда ўз вазифасини Блаттерга топширди ва ФИФА пул ишлайдиган ташкилотга айланиб қолди.
2012 йилда Швейцария суди у ва унинг жияни - Бразилия футбол федерацияси президенти Рикардо Тейшейрага нисбатан иш очди. Турли маълумотларга кўра, бу икки мансабдор телетрансляцияларни сотишда пора олган. Бу пораларнинг умумий қиймати 41 млн. долларни ташкил қилган.
2007 йилда Рио-де-Жанейрода Жоао Авеланж номи остида Олимпия стадиони қурилади. Арена ўз бағрига 45 000 мухлисни сиғдира олади.
2014 йилнинг июнь ойида Авеланж ўпка инфекцияси туфайли касалхонага тушиб қолади. 2015 йилнинг ноябрь ойида у яна шифохонага қайтади. 2016 йилининг 16 август куни Жоао Авеланж пнвемония туфайли оламдан ўтди.
Comments