Суперлигадаги дебютида "Насаф"ни жазолаган, ҳокимдан машина олган ҳамда Тошкентда ота-онаси кўз ўнгида гол урган Рубин Хебай ҳақида қизиқарли маълумотлар
23 jan 22:00
News
Суперлигадаги дебютида "Насаф"ни жазолаган, ҳокимдан машина олган ҳамда Тошкентда ота-онаси кўз ўнгида гол урган Рубин Хебай ҳақида қизиқарли маълумотлар
— Хебай 8 ёшидан майдонда тўп тепишни бошлаган. Таип Пираники унинг илк мураббийи бўлиб, бўлажак ҳужумчининг 12 ёшига қадар сабоқ берган.
— Хебай Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган илк албаниялик футболчи ҳисобланади.
— Хебай Албаниянинг 17, 19 ва 21 ёш тоифаларидаги терма жамоа сафида ҳам ҳаракат қилган. Шу жумладан, 21 ёш тоифасида Мальтага қарши баҳсда дублга эришган.
— Хебай Албания ва Шимолий Македония чемпионатида ғолиб бўлган.
— Ҳужумчи Transfermarkt томонидан 400 минг еврога баҳоланган.
— "Андижон" таркибидаги расмий дебюти 2023 йилнинг мартида Суперлиганинг 1-турида "Насаф"га қарши ўйинда содир бўлган. Ўшанда Хебай Сардор Абдунабиев томонидан урилган ягона голга ассистентлик қилган.
— Хебайнинг "Андижон" сафида ОКМКга қарши учрашувини томоша қилиш учун унинг ота-онаси Тошкентга ташриф буюрган. Рубин ўша ўйинда гол урди, бироқ жамоаси 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
— Хебай "Теута" клуби сафида Албания чемпионати доирасидаги учрашувнинг сўнгги дақиқаларида "Кукеси" дарвозасини ишғол қилади. Ғалабадан маҳрум бўлган рақиб жамоа ходимларидан бири эса голдан дарғазаб бўлиб, захира ўриндиғи том қисмини уриб синдирган. Клуб эса бунинг зарарини қоплаб беришга мажбур бўлган.
— "Олимпик"га қарши Ўзбекистон Суперлигаси учрашувидан кейин Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов албаниялик форвардга автомобиль совға қилганди.
— ЎзПФЛ талқинига кўра, Хебай 2023 йил Суперлиганинг энг яхши футболчиси деб топилди.
— "Ал Оруба" Хебайни "Андижон"дан 300 минг евро эвазига сотиб олганди.
— Хебай 2024 йилни икки клуб сафида ўтказди: Саудия Арабистонининг "Ал Оруба" ва Туниснинг "Сфаксьен". Африка жамоасини маошини вақтида ололмагани туфайли тарк этган.
— "Ал Оруба" сафида Саудия Арабистони Биринчи лигасидаги дебютида 90+5 дақиқада гол уриб, жамоасига муҳим ғалаба туҳфа этган.
— Хебайнинг севимли футболчиси — Криштиану Роналду.
— Хебайнинг севимли клуби — таркибида Криштиану Роналду бўлган клуб.
— Хебайнинг севимли албаниялик футболчиси — Беким Баляй.
— Футболдаги орзуси — Албания терма жамоаси аъзосига айланиш.
— Унинг ёқтирган таоми — сазан балиғи.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Comments