Суперлига ва Про-лига матбуот котибларига савол: Айни дамда Ўзбекистонда Равшан Эрматов даражасига етиши мумкин бўлган ҳакамлар борми?
09 aug 2021 17:35
News
Суперлига ва Про-лига матбуот котибларига савол: Айни дамда Ўзбекистонда Равшан Эрматов даражасига етиши мумкин бўлган ҳакамлар борми?
Равшан Сайфиддинович жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйинни бошқарган ҳакам ҳисобланади. Хўш, бугун юртимизда Равшан Эрматов даражасига ета оладиган ҳакамлар етишиб чиқаяптими? Бу борада журналистларнинг фикри қандай? Шу муносабат билан биз футболга энг яқин бўлган касб эгалари - Суперлига ва Про-лига матбуот котибларига савол билан юзландик.
- Биласиз, бугун Осиёнинг 5 карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов ўз таваллуд айёмини нишонламоқда. Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда айни дамда Равшан Сайфиддинович даражасига етиши мумкин бўлган ҳакамлар борми?
Акрамжон Мамадалиев, “Қўқон-1912" матбуот котиби: - "Равшан Эрматов дуёнинг энг яхши ҳакамларидан бири. Эрматов гўёки ҳакам бўлиш учун туғилгандек. Унда туғма истеъдод, ноёб қобилият бор. Ҳозир ҳакамлик қилиб турган ҳакамлардан Ильгиз Танташевда бошқаларга нисбатан анча қатъиятлик бор. Равшан Эрматовдек бўлиш учун манимча ҳоҳиш ва меҳнатдан ташқари туғма қобилият ҳам керак деб ўйлайман. Эрматов бошқарган Осиё чемпионатларидаги , ОЧЛдаги ва миллий биринчилигимиздаги жуда кўп ўйинларни стадиондан бевосита кузатганман. Ўйиндан кейин Эрматовдан жиддий камчилик топилганини кўрмаганман. Дубайда ўтган сўнгги Осиё чемпионатини эсласангиз ОФК энг қийин ўйинларни Равшан Эрматов бригадасига ишониб топширган. Жаҳон чемпионатларида эса унинг рекордини ҳали бери янгилаш қийин. Очиғи ҳозирги ҳакамларимизни орасида Эрматовга ўхшаганини кўрмаяпман. Ёш ҳакамларимиз орасида яхши ишлаётган ва юқори даражага чиқиш учун интилаётган ҳакамларимиз бор. Аҳрол Рисқуллаев, Аскер Нажафалиев , Раҳимбек Каримов каби ҳакамларимиздан келажакда умидимиз катта. Меҳнат қилишдан ва изланишдан тўхташмаса яқинда бу ҳакамларимизни ҳам ҳалқаро майдонларда кўрамиз деб умид қиламан. Ҳакамлик осон иш эмас, майдонда энг кўп босим остида қоладиган инсон бу - учрашув ҳаками бўлади. Юртимиздаги барча ҳакамларимизга омад тилайман".
Комилжон Жумаев, "Металлург" матбуот котиби: - "Афсуски, Равшан Эрматов даражасидаги салоҳиятли ҳакамларимиз айни пайтда йўқ. Бир пайтлар ҳакамлар тайёрлайдиган мактаблар бўларди. Ҳакамлар сулолалари мавжуд эди. Ҳозир ҳамма фақат ўзи учун ишлаётгандек. Ҳакамлар ҳам, назоратчилар ҳам бугунги кун ташвиши билан яшаяпти, назоримда. Эртанги кун, истиқбол ҳеч кимни ўйлантирмаётгандек. Вилоятлардан малакали ҳакамларни тайёрлаш масаласи ҳам ўлда-жўлда. Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро ва Қашқадарё вилояти ҳакамлик мактаби билан мақтаниши мумкин. Қолган ҳудудлардан ким бор, сўнгги йилларда майдонга виқор билан кириб келган?
ЎФА бу масалага жиддий ёндошмаса яқин орада халқаро майдонлардаги обрў эътиборимизни фақат эслаб юрамиз, холос"
Усмон Ибодов, "Динамо" матбуот котиби: - " Суперлига ва Про лига ўйинларини кузатиб, Равшан Эрматов даражасига етиши эмас, унинг савиясига яқин келиши мумкин бўлган ҳакамни ҳозирча учратганим йўқ. Аммо бу яхши ҳакамлар қолмаган, дегани эмас. Йилдан-йилга фаолиятида ўсиш кузатилаётган реферилар бор. Айтайлик, янги авлод вакилларидан Фирдавс Норсафаров, Раҳимбек Каримов, тажрибали ҳакамлардан Зокир Қодиров, Илгиз Танташевда ўсишни кўриш мумкин. Шунингдек, яқинда футболчи сифатида таниганларимиз, ҳозирда бош ҳакам сифатида ишлаётган Аҳрол Рисқуллаев, Шавкат Насибуллаев, Аскер Нажафалиевда тажриба ошди.
Ўз вақтида Эрматовнинг издоши бўлиши тахмин қилинган Шерзод Қосимов ва Жасур Мухторов сингари ҳакамлар коррупцион, қинғир ишларга аралашмаганида, эҳтимол бугун улар янги даражага чиқа олган бўлишарди".
Баҳодир Эргашев, "Нефтчи" матбуот котиби: - "Албатта, ўзбек футболида иқтидорли ҳакамлар кўп. Масалан Раҳимбек Каримов ва Акмал Раҳимовларнинг фаолиятлари ҳақида фикрларим ижобий. Умуман айтганда ҳакамлик осон касб эмас ва уларнинг барчаларига муваффақият тилайман".
Насиба Холиқова, "Шўртан" матбуот котибаси: - "Равшан Эрматовнинг эришган ютуқларини ҳар қанча эътироф этса арзийди. Фирдавс Норсафаров, Рустам Чориев, Раҳимбек Каримовларнинг келажакда ўз устида янада кўпроқ ишлаб улкан марраларни забт этишларига тилакдошман".
Соҳиб Эгамов, "Бунёдкор" матбуот хизмати: - " Равшан Эрматов ҳақиқий иқтидор эгаси. Ҳозирги кунда айрим ҳакамлар VAR орқали ҳам аниқ қарор қабул қилишда қийналишмоқда. Лекин Равшан Сайфиддинович замонавий технологияларсиз ҳам ўйинларни юқори даража бошқарарди. Айтиш мумкин, ёш ҳакам Фирдавс Норсафаров ўз устида яна кўпроқ ишласа келажакда ундан юксак натижаларни кутиш мумкин".
Азиз Нурий, "Қизилқум" матбуот котиби: - "Эрматов шубҳасиз афсонавий ҳакам. У эришган натижалари билан қандай ҳакам эканлигини бутун дунёга исботлаб бўлган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир нечта ёш ҳакамлар кўпчиликда яхши таасурот қолдирмоқдалар. Жумладан Фирдавс Норсафаров, Аскер Нажафалиев каби иқтидорли ҳакамлар бор. Улар ўз устиларида янада кўпроқ ишлаб келажакда Равшан Эрматов даражасига етишларига ишонч билдираман".
Шаҳбоз Беғамов, АГМК матбуот котиби: - "Равшан Эрматов даражаси энг юқори чўққи. Келажакда яхши даража ва юқори савияга чиқиши мумкин бўлган ёш ҳакамлардан Аскер Нажафалиев ва Фирдавс Норсафаровни алоҳида кўрсатишим мумкин".
Элёр Узаков, - "Сурхон" матбуот котиби: "Аскер Нажафалиев, Фирдавс Норсафаров, Илгиз Танташев, Раҳимбек Каримовлар яхши савиядаги ҳакамлар ҳисобланади. Бу ҳакамлар ҳали ёш. Агар мана шу темпда ишлашда давом этишса, Равшан Эрматов даражасида бўлмаса ҳам, ФИФА доирасидаги йирик мусобақаларни бошқара оладиган даражага чиқади деб ўйлайман".
Бекзод Толибов, "Турон" матбуот котиби: - " Равшан Эрматов Осиёнинг 5 марта энг яхши ҳаками деб топилган. Бу натижани такрорлаш қийин. Лекин халқаро майдонларда футбол учрашувларини бошқаришга муносиб номзод ёш ҳакамлар бизда кўп. Шунингдек, менда ижобий таасурот қолдирган ҳакамлардан Акобирхўжа Шукуриллаев, Раҳимбек Каримов ва Акмал Раҳимовларни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин.
Бунёд Андаев, "Машъал" матбуот котиби: - "Албатта бизда иқтидорли ҳакамлар кўп. Агар ўз устиларида ишлашса Равшан Сайфиддинович даражасига етишлари, хатто у кишининг рекордларини янгилашлари ҳам мумкин. Лекин ҳозирги вақтда ҳеч бир ҳакамни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман, аниқ номзодим йўқ.
Ойбек Сапарбоев, "Сўғдиёна" матбуот котиби: - "Бугун таваллуд кунини нишонлаётган Равшан Эрматовни табриклаймиз албатта. Ҳозирча юртимизда унинг даражасига етиши мумкин бўлган бирон ҳакамни кўрмадим. Шу сабабдан аниқ номзод кўрсата олмайман".
Миржалол Норматов, "Локомотив" матбуот хизмати: - "Фикримча, Фирдавс Норсафаров шу даражага етиб бориши мумкин. Ундаги журъатга доимо беш кетганман. Баъзи ҳакамларга ўхшаб, у футболчиларнинг босимига қараб иш қилмайди".
Ниғмонхўжа Нозимов, "Олимпик" матбуот котиби: - "Ҳозирда Равшан Эрматов даражасига ета оладиган бирон номзод ҳакамни кўрсата олмайман".
Хурсандбек Маткаримов, "Хоразм" матбуот котиби: - "Равшан Эрматов ўзи катта мавзу. Ҳозирги ҳакамлар Эрматовнинг даражасига яқин бориши жуда ва жуда қийин. Балки асримизнинг иккинчи ярмида кўрсак керак. Ҳакамларимизнинг даражаси ўсгани ҳам, савияси тушгани ҳам йўқ. Равшан Эрматов фавқулодда иқтидор эгаси эди".
Сардор Нуров, "Насаф" матбуот котиби: - "Равшан Эрматов даражасига чиқиш қийин. Ҳозир ўзбек ҳакамлигида авлодлар алмашинуви даври деса ҳам бўлади. Фирдавс Норсафаров ва Аҳрол Рисқуллаевлар ўз устиларида ишласалар, улардан юқори натижаларни кутиш мумкин"
Изоҳ: Гувоҳи бўлганингиздек, эътиборингизга Суперлига ва Про-лига клубларининг матбуот котибларининг юқоридаги савол юзасидан билдирган фикрларини тақдим этдик. Шуни таъкидлаш жоиз, "Андижон" ва "Бухоро" клубларида матбуот котиби бизга номаълум сабабларга кўра алмашган. "Пахтакор" матбуот котиби узрли сабабларга кўра сўровномада иштирок эта олмади. Шунингдек, "Навбаҳор" ва "Янгиер" клублари матбуот котиблари билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Comments