Шаҳбоз Беғамов: "Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни Суперлигада жон сақлайдиган жамоадан ички чемпионат доирасида топ жамоага айлантирди"
06 oct 2022 00:42
News
Шаҳбоз Беғамов: "Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни Суперлигада жон сақлайдиган жамоадан ички чемпионат доирасида топ жамоага айлантирди"
Учрашувдан сўнг "Сўғдиёна" бош мураббийи Улуғбек Бақоев мухлисларнинг кўп сонли танқидларига учради. Журналист Шаҳбоз Беғамов эса ўз телеграм каналида ушбу вазиятга муносабат билдирди.
"Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни Суперлигада жон сақлайдиган жамоадан ички чемпионат доирасида топ жамоага айлантирди. Жамоа барқарор ва мунтазам медаллар учун курашадиган, кубокда финал остонасигача борадиган ва ОФК кубогида биринчи уринишидан ярим финалга қадар етиб борганини унутмаслик керак.
Мураббий сифатидаги фалсафа ва услуби бу бошқа масала. Факт шуки, Бақоев жамоа менталитети ва приоритетини буткул янги даражага олиб чиқди. Шу кўпчиликка ёқмайдиган футбол услуби билан натижаларга эришди. Футболда ҳар хил услуб бор ва менга ҳам «Сўғдиёна» намойиш қиладиган футбол ёқмайди, масалан. Лекин бу иш бериб, жамоа статуси ўзгарди, Бақоевнинг услуби «Сўғдиёна»га натижа келтирди. Буни инкор этиш мумкин эмас.
Масалан, Купер ва Катанецнинг услуби Бақоевникидан деярли фарқ қилмайди ва мен уларни танқид қиламан. Нега? Чунки улар қурмоқчи бўлаётган футбол билан терма жамоамиз натижага эришишига ишонмайман. Лекин Бақоевда бошқача. У «Сўғдиёна»да қаторасига нечанчи йил муваффақиятли ишлаб, натижа келтирмоқда.
Дейлик, Бақоев агарда «Насаф» ёки «Пахтакор» даражасидаги жамоада ишлаб, шу услубда футбол ўйнаб, лекин натижага эриша олмаганида танқид асосли бўларди, назаримда. Лекин «Сўғдиёна»даги фаолиятига натижа жиҳатидан қаралганда, Бақоевни аёвсиз танқид қилиш ноҳақлик.
«Сўғдиёна» кеча қандай эдию, Бақоев келгач қандай жамоага айланганини унутмаслик керак.
Натижа жиҳатдан қараганда ҳар бир жамоага бир хил мусобақадаги иштироки учун икки хил стандартда баҳо бериш нохолислик бўлади.
Услуб у бошқа масала ва мураббий ўз фалсафасидан воз кечмайди ҳеч қачон.
Мен Купер ёки Катанецни танқид қилганда услубини ўзгартирсин, дея бўлмағур талабни қўймаганман ҳеч қачон. Чунки мураббий кимнингдир фикри билан футболга бўлган қарашини ўзгартирмайди. Ва шу боис уларнинг бу услуби иш беришига ишончим бўлмаганидан кетишини истаганман. Ёки Моуринью прагматик услубидан воз кечдими? Доим топ даражадаги ўйинни кўрсатадиган, лекин ЕЧЛда муҳим паллаларда панд ейдиган Пеп ҳимоявий услубни қўллаб, жамоа фалсафасини ўзгартирганми?
Тактик гибкий, қўл остидаги ижрочилардан келиб чиқиб ўйин услубини яратадиган мураббийлар ҳам бор. Аммо улар жуда камчилик.
Лекин маълум услуб ва аниқ тактикага таянган мураббийлар кўпроқ ва мисол учун Симеоне, Купер, Катанец, Бақоев, Гвардиола ёки Моуринью ёки яна қатор бошқа мутахассислар улар қаторига кирмайди", -деб ёзади Шаҳбоз Беғамов.
Comments