Latest news

03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  1 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  14 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  14 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1

Санъат Шарипов: “Маблағ муаммоси туфайли ёшлар футболдан кетиб қолишларига йўл қўймайлик!” News

Санъат Шарипов: “Маблағ муаммоси туфайли ёшлар футболдан кетиб қолишларига йўл қўймайлик!”

Ўзбекистонлик таниқли агент Санъат Шариповнинг Жанубий Африка футбол ассоциациясидаги фаолиятига бир ярим ойдан ортиқ вақт бўлди.

Биз куни-кеча у билан боғланиб, орада ўтган давр мобайнида ҳамюртимизнинг ўзга қитъада кўрган-кечирганлари ҳақида суҳбатлашдик. Мухлислар эътиборига бугун ушбу суҳбатнинг 1-қисмини ҳавола қиламиз.

- Авваламбор, Жанубий Африка Республикасига бу менинг иккинчи марта боришимдир, - деб ҳикоя қилишни бошлади С.Шарипов. – Бунгача у ерда олти йил олдин, 2010 йилги жаҳон чемпионати вақтида бўлгандим. Ўшанда бир қанча дўстлар орттирганман. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам ЖАР футбол ассоциациясида ёки мамлакат футболининг бошқа таркибий тузилмаларида ишлашади. Уларнинг халқини жуда яхши кўраман. Худди бизга ўхшаб, улар ҳам ҳазилкаш халқ, баъзи урф-одатларимиз бир-бирига яқин. Биз ўзбеклар каби, улар ҳам болажон халқ: мисол учун, у-бу жойга ё ресторанларга борсангиз, оилалар фарзандларининг қий-чув ёки шовқинсуронлари билан ўтиришганига гувоҳ бўласиз. Шу томондан ўзимни худди ўз юртимиздагидек ҳис қиламан. Машиналар руллари британча усулда, яъни ўнг томонда. Ҳаракатланиш ҳам, инглизларникидай, чап тарафлама. Бу ЖАРнинг ўтмишда Буюк Британия мустамлакаси бўлганлигидан дарак. Аммо бундай ҳолат билан авваллари Австралия, Янги Зеландия каби ўлкаларда ҳам дуч келганлигим, Йоханнесбург кўчаларида ҳаракатланишда бу нарса ҳайдовчи сифатида менга муаммо туғдирмади.


- Дастлаб, Жанубий Африкада футболни бошқариш қай кўринишда олиб борилиши тўғрисида билишни хоҳлардик.
- Илк кунларимданоқ мен Жанубий Африка федерациясининг бутун ташкилий тузилмасини астойдил ўрганишга киришдим. Федерация нечта ва қандай бўлинмалардан иборат, уларнинг вазифаларига нималар киради? Шу ва шу каби саволларга жавоб топишга уриндим. Айтиб ўтиш жоиз, бизнинг футбол федерациямиз ҳам “Пахтакор” ўйингоҳига қўшни бўлгани каби, Йоханнесбург шаҳрида жойлашган SAFA (South African Football Association) офиси ҳам дунёдаги энг катта стадионлардан бири бўлмиш, ЖЧ-2010 очилиш ва финал учрашувларини қабул қилган, ўз бағрига 94.736 нафар мухлисни сиғдира оладиган “Соккер Сити”нинг ёнгинасидаёқ қад ростлаган.

САФАда президентдан кейинги раҳбар бош котиб деб юритилмайди. Бу лавозимни Бош ижрочи директор эгаллаган. Уларда федерация тузилмаси шу қадар йирикки, бунга ақл бовар қилмайди. Мамлакат 9та провинциядан ташкил топган. Шунга монанд равишда, Жанубий Африка футбол уюшмаси тасарруфида 9та таркибий провинциал федерация бор. Ўз навбатида, бу провинциал федерациялар 53та регионал федерацияга, улар эса 349та район футбол уюшмаларига бўлинган. САФАнинг сиёсатига кўра, бундай поғонама-поғона бўғинлар мамлакатнинг бутун ҳудудини футбол билан қамраб олиши даркор. ЖАРнинг бир қарич ери ҳам футболсиз қолмаслиги лозим, футбол бу давлат эгаллаган 1.200.000 кв.км.дан ортиқ ҳудуднинг жамики жойида оммавийлашган бўлиши шарт. Миқдори тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўп бу федерациялар, улардаги сон-саноғига етиб бўлмайдиган бўлимлар, уларнинг раҳбар ва мутахассис кадрлари мамлакат бўйлаб шу қадар тартиб билан тақсимланиб, жойлаштирилганки ва иш юритишяптики, бу энг олий таҳсинларга лойиқ. Бунга истаган киши федерациянинг www.safa.net манзилидаги сайтига кириб кўриб, бевосита ўзи гувоҳ бўлиши мумкин. Ва мен бир нарсага юз фоиз аминманки, шу даражада тўлиқ ва батафсил берилган маълумотлардан ҳар бир киши ёқа тишлаши муқаррар. Ҳамма-ҳамма маълумотлар деталларигача берилган, ҳатто САФАнинг 2015 йилдаги якуний бюджетигача, қаердан ва қанча даромад қилгани, маблағлар қандай йўналишларга сарфланганигача туркум ҳисоботларда очиқ-ойдин тақдим этилган.


- Чиндан ҳам ҳайратланарли маълумотлар экан. Яна қанақа ўзига хосликлар мавжуд?
- Жанубий Африка футбол ассоциацияси жуда кучли ташкилот. Иқтисодий томондан ўта бақувват 19та ҳомий компаниялар билан шартномалари мавжуд. Уларнинг айримлари ўз соҳаларида жаҳон рейтингида биринчи ўринларда туришади. Олмос, олтин, платина қазиб олувчи ва уларни бутун дунёга экспорт қилувчи компаниялар шулар жумласидандир.

Мен, шунингдек, уларнинг футболидаги сайлов тизими билан ҳам қизиқдим. Бизда федерация президентини минтақавий 14та маҳаллий федерациямиз раҳбарлари, клубларимиз вакиллари ва, умуман, футболга алоқадор кишиларгина сайлашади. ЖАРда бунга асосий масъул – мамлакат парламенти. Сайловлар ҳукумат миқёсида ташкил этилади.


- Сизни айнан қайси бўлимга бириктиришди?
- ЖАР федерацияси таркибида “Ривожланиш агентлиги” деб номланган каттакон департамент бор. Мен айнан шу бўлимга қўшилдим. Бу жаҳон футболидаги ягона шундай департамент ҳисобланади. Бошқа ҳеч қаерда сиз бундай бўлимни умуман учратмайсиз. Бу идора болалар футболини ривожлантириш билан шуғулланади. Иши жудаям ноодатий, жудаям ноёб тарзда йўлга қўйилган. Ҳомийлар ёрдамида “Ривожланиш агентлиги” мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб сўнги йилларда кетма-кет тарзда сон-саноқсиз футбол майдонлари барпо этиб келяпти. ЖАР иқтисодий тарафдан “Қора қитъа”даги энг тараққий этган юрт бўлсада, мамлакатнинг кўп жойларида камбағалчилик барибир кенг ёйилган. “Ривожланиш агентлиги” шу боис асосий эътиборни айнан қашшоқлик ҳамда Йоханнесбург, Кейптаун, Дурбан, Блумфонтейн, Полокване ва бошқа кўплаб жойлардаги жиноятчилик авж олган ҳудудларга қаратган. Болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга чорлаш жудаям супер даражада. Болалар мураббийларининг сони 7.000дан ортиқ. Шунда ҳам қайсидир районларда мураббийлар етишмаслиги сезилса, “Ривожланиш агентлиги” ва унинг регионал бўлимлари, худди кўмакка муҳтож бемор учун унинг олдига “тез ёрдам” машинаси юборилгандай, у ерларга кўчма мураббийлар штабини юборишади. Ҳафтада уч марта ёки кун ора эмас, ҳар куни (!) юборадилар. САФАнинг эмблемалари ва анъанавий ранглари билан безатилган махсус автобуслар бундай чекка-чекка ҳудудлардаги ҳар бир нуқтага мураббийларни эрталабдан бирма-бир ташлаб кетади. Маҳаллий ёшлар бундан албатта бохабар қилинишган бўлади. Мураббийлар барча футбол анжомларини – машғулот ўтказишда керак бўладиган тўплар, дарвозалар учун тўрлар, жилеткалар, фишкалар, конуслар ва ҳ.к.ларни ўзлари билан бирга олиб келишади. Ва куни бўйи турли ёш тоифасидаги болалар билан навбатма-навбат машғулот ўтказишади. Буни қарангки, бу изчил ва ажойиб тизим туфайли болалар спорт билан шуғулланишмоқда, жиноятчиликнинг олди олинмоқда, ёшлар ўртасида саводхонлик ҳам ошиб боряпти. Ҳисоб-китобларга кўра, охирги бир йил ичида ЖАРда футбол билан шуғулланаётган болаларнинг саводхонлигини “Ривожланиш агентлиги” орқали 49 %га оширишга эришилган. Бу барча ижобий омиллардан ташқари, “Ривожланиш агентлиги” шу тариқа бутун Жанубий Африка бўйлаб ёшлар орасидан энг иқтидорли футболчиларни ҳам саралаб боряпти. Бу агентлик эътиборидан мамлакатнинг бирорта ҳам ёш футболчиси четда қолмаяпти. Мана шунинг учун ҳам ушбу агентлик ҳозирда бутун жаҳонда бетакрор бўлиб турибди.

- Ишнинг кўлами ҳақиқатда кенг эканлигини тан олмай илож йўқ экан...
- Яна бир қизиқ ахборот. 2011 йилдан ЖАРда мураббийлар учун “D” тоифасидаги лицензия жорий қилинган (энг қуйи поғоналардаги болалар мураббийлари учун). Сўзларимга диққат билан эътибор беринг: агар мураббий ҳеч бўлмаса “D” лицензиясига эга бўлмас экан, футбол академиясини қўя туринг, у на бирорта институт, на коллеж ё на бирорта оддий ўрта мактабда жисмоний тарбия (!) ўқитувчиси бўлиб ишлай олади. Бу моделни улар немислардан олишган. Ёш истеъдодларни селекция қилиш жараёни бир нечта босқичдан иборат, жиддий синовлардан ўта олганларгина катта жамоалар академияларига тавсия этиладилар. Шунда ҳам уларни ўша академиялар скаутлари жойларга келиб, махсус ташкил қилинадиган синов-назорат учрашувларида бевосита кўриб кетишади ва уларга тавсия қилинган бола юзасидан фақат шундан кейингина якуний хулоса чиқарадилар. Юқори турувчи бўғинга ёш иқтидорларни тавсия қилишганда, истеъдодни қабул қилаётган маскан биладики, энг камида шу пайтгача бу бола “D” лицензиясига эга мураббий қўл остида шуғулланган. Яъни у жисмоний тарбияга оид маълум доирадаги билимларни билади. Яъни у ғўр эмас, футбол мактабини кўрмаган эмас, мавжуд тизим иштирокчиси сифатида уни билади, ундаги талаблардан хабардор. Табиийки, ҳозирданоқ баъзи билимларга эга чекка-чекка қишлоқлардан бўлган ёшларни ривожлантириш улар келган янги жойда, бу етакчи клублар “Орландо Пайретс” ё “Аякс Кейптаун” бўладими, энди буёғига қийин кечмайди. Чунки уларда футбол асослари бор, улар “D” лицензиясига эга мураббий қўлидан ўтиб келишган, улар янги муҳитга – бу жойнинг даражаси баландроқ бўлса ҳам, силлиқлик билан, бемалол мослашиб кетишади.


- Болалар ўртасидаги мусобақалар у ерда қай тариқа ташкил этилган?
- Мана бу ҳолат ҳам эътиборга молик. Биз болалар футболи деймиз, болалар футбол лигаси деймиз... Бизда “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Локомотив” ёки “Насаф” академиялари жамоалари республика миқёсидаги мусобақаларда олий лига клублари қошидаги мактаблар жамоалари билан, нари борса, биринчи лига клублари мактаблари тарбияланувчилари билан тўп суришади. Агар фарзандингиз олий ва биринчи лигаларимиз клублари мактабларидан бошқа даргоҳларга қатнаса, бундай оддий тўгараклар орқали унинг катта футболга қўшилиб кетишининг эҳтимоли йўқ ҳисоби деб айтилади Ўзбекистонда. Бизда катта футболга йўл фақатгина шу етакчи клублар академиялари орқалигина очилади деган тушунча миямизга кириб қолган. ЖАРда фарқи йўқ. Умуман фарқи йўқ. Бу профессионал футбол клуби қошидаги академия ё мактабми, ёки тижорат мактабими, ёҳуд кимдир томонидан очилган шахсий футбол мактабими, барча-барча жамоалар аралаш ҳолатда бир-бирлари билан кураш олиб боришади. Кичкинагина мактаб вакилларига профессионал клублар академиялари билан ўйнаш имкониятининг яратилганлиги оддий жамоалар учун жудаям қизиқарли, ўта кучли рағбатдир. Жамоалар аввалига ўз провинциялари биринчиликларида 36-40тадан ўйин ўтказишади. Провинцияларда совринли ўринларни эгаллаган клублар кейинчалик мавсум охирида финал босқичида ўзаро куч синашадилар.

50 миллиондан зиёд аҳолиси бор ЖАРда ҳақиқий иқтидорлар, бўлажак футбол юлдузлари бутун мамлакат бўйлаб мана шундай ажойиб тизим, футбол мактабларини мана шундай табақалаштирилмаган ҳолда, мана шундай муросасиз баҳслар орқали кашф этилмоқда. Истеъдоди бўлиб, лекин кейинчалик етарли маблағга эга бўлмаганидан бирор боланинг футболни мажбурликдан ярим йўлда ташлаб кетиш ҳолатлари уларда йўқ. Чунки бундай вазиятларда муҳтожларга айнан “Ривожланиш агентлиги”нинг жамғармаси ёрдамга келади. “Эгилиб қолганларнинг” қулашларига улар умуман йўл қўйишмайди. Аксинча, суяб, таянч вазифасини ўтаб, ночор оилалар фарзандлари катта футболга йўл оволишларида ушбу жамғарма энг зарур паллада беғараз молиялаштириш орқали уларга янада катта ғайрат ва куч бағишлайди. Бизда айнан маблағ етишмовчилиги туфайли кўплаб иқтидорли болалар миллионлар ўйинининг ташқарисига ачинарли тарзда чиқиб қолаётганларини ҳар куни эшитамиз. Натижада, селекция жараёнида биз республикамиздаги барча истеъдодларни қамрай олмаяпмиз. Терма жамоалар тузишда, у хоҳ миллий терма бўлсин, хоҳ ўсмирлар ёки олимпия термаси, номзодлар доираси жудаям тор. Агар биз чиндан ҳам қудратли терма жамоаларга эга бўлишни истасак, энди буёғига маблағ муаммоси сабабли ёш ўйинчилар футболдан кетиб қолишларига асло йўл қўймайлик!..

САФАнинг стратегик режаларига кўра, ЖАР миллий терма жамоаси 2022 йилга бориб дунёда кучли 20таликка, Африкада эса кучли учликка кириши керак. Ва кейинчалик шу мавқени фақат яхшилаб бориши лозим. Бунга эса мамлакат футболининг энг туб бўғини, миллионлар ўйинининг том маънодаги ўқ томири – болалар футболида жорий этилган, юқорида таърифлаб берилган ва ҳозирда ишлаб турган тизим албатта чинакам пойдевор бўлиб хизмат қилади, деб ишонч билан айтмоқда Жанубий Африка федерацияси “Ривожланиш агентлиги” директори Робин Петерсен. Ушбу лойиҳада САФАнинг “Ривожланиш агентлиги” аъзоси сифатида шахсан менинг ҳам улушим борлигидан, қашшоқ жойларда болаларнинг футболга бўлган меҳрини қозонишга ёрдам бераётганимдан мен жуда хурсандман.


- Хабаримиз бор, сиз Цюрих университетини тамомлаганингиздан сўнг мазкур олий ўқув юрти талабларига кўра, у ерда олган билимларингизни амалиётга татбиқ этишингиз керак эди. Шу мақсадда университет сизнинг резюмеингизни Жанубий Африка, Янги Зеландия ва Жазоирга юборганди. Сизни танлаган САФА сизнинг ҳам олдингизга қандайдир вазифалар қўйдими? Уларнинг танлови бежизга сизда тўхтамагандир...
- Менга аслида учала федерациядан таклифлар келди. Жанубий африкаликларга хорижий 5-6та тилни билишим маъқул келибди. Чунки уларда турли тилларда гаплашадиган мутахассислар кўп экан. ЖЧ-2010 ва 2014, ЕВРО-2016 каби йирик мусобақаларда ишлаганларим ҳам уларнинг эътиборини қозонган. Айниқса, улар мени бир жиҳат юзасидан ҳам кутаётганларини ёзишганида, менинг ҳам ЖАРга бориш истагим ошди. Улар бу юртда 2010 йили, яъни ЖЧ муносабати билан уларда халқаро стандартлардаги футбол инфратузилмаси эндигина барпо қилинган вақтда бўлганлигим ҳамда эндиликда бориб, уларнинг футболида шу ўтган олти йилдан сўнг қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлишимни холисона тарзда баҳолашим шартлигини ҳам айтишди. Менга юборишган шартномада худди шундай банд мавжуд эди. Келишганимиздек, вазиятни бир ой тўлиқ ўрганиб чиққач, мен ҳам уларга ўзимнинг батафсил хулосаларимни тақдим этдим. Футболни ривожлантириш йўлида ҳақиқатда мустаҳкам пойдеворлар бунёд этилганини алоҳида таъкидладим.

- Улар бизнинг футболимиз ҳақида нималарни билишар экан?
- Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этишларидан хабарлари бор. Биласизми, мен ЖАРга роса бир қизиқ вақтда бориб қолдим. 24 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Буркина-Фасо билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Буркина-Фасо эса яқинда, аниқроғи, 3 октябрь куни ЖАР билан ЖЧ-2018нинг Африка қитъасидаги саралаш турнири ҳал қилувчи раундида баҳс олиб боради. Шунинг учун ҳам жанубий африкаликларда Ўзбекистон – Буркина-Фасо беллашуви катта қизиқиш уйғотди.

Улар билан Рио Олимпиадасини бирга кузатиш ҳам мен учун қизиқ бўлди. Медаль олишни дастлаб бизникилар бошлашди (Диёрбек Ўрозбоев). Кейин 5та кумуш эвазига ЖАР биздан ўтиб кетди. Илк олтин медалларни иккала давлат вакиллари ҳам 14 август куни қўлга киритишди (Ҳасанбой Дўсматов ва эркаклар ўртасида 400 м.га югуриш бўйича Вэйд ван Никерк). 15 август куни Руслан Нуриддиновнинг олтини ҳисобига ЖАРдан энди биз ўтиб олдик. 20 август куни аёллар ўртасида 800 м.га югуриш бўйича Кастер Семеня жанубий африкаликларга иккинчи олтинни келтирди ва улар ўз натижаларини бизникидан яхшилаб олишди. Аммо Олимпиаданинг сўнги кунида Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғоибназаров бутун дунёни ларзага келтиришди. Якунда бизда 13та (4-2-7), ЖАРда эса 10та (2-6-2) медаль ҳосил бўлди. Медаллар бўйича Риода биз 21-ўринни эгалладик, африкаликлар эса - 30-ўринни. Улар Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятига шундан кейин юқори баҳо беришди. Сизларда яккакураш спорт турлари аъло даражада ривожланган экан деб ҳайратда қолишди. Ўз ватандошларингга ўзга юртда туриб мухлислик қилиш, бўлиб ҳам уларнинг муваффақиятларидан баҳра олиш нақадар ёқимлилигини билсангиз, бир ҳис қилсангиз эди!..


Фурсатдан фойдаланиб, эришилган бу улкан ютуқлар замирида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмонов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимовларнинг катта ва машаққатли меҳнатлари ётганлигини таъкидлаган ҳолда, мен уларни мазкур оламшумул муваффақиятлар билан муборакбод этаман. Илоҳим, Ўзбекистонимиз байроғи жаҳон спорт майдонлари узра ҳамиша энг баландларда ҳилпирайверсин!

Айтганча, мен у ердаги дўстларимга ФИФА рейтингида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Африкадан 10-15 поғона юқори ўринда эканлигига алоҳида урғу беришларини айтдим. Иккинчи тарафдан, Риода ЖАРнинг ҳам эркаклар, ҳам аёллар футбол жамоалари тўп суришгани таҳсинга лойиқ. Уларнинг иккала жамоаси ҳам гуруҳдан чиқа олмаган бўлсада, эркаклар Бразилия, Дания ва Ироқ, аёллар Швеция, Хитой ва Бразилия термалари билан тенгма-тенг ўйнашди. Бир жиҳат диққатга молик. ЖАРда аёллар футболи ҳаваскорлар даражасида. Ҳеч қайси жамоада ҳеч кимга умуман ҳақ тўланмайди. Қизлар ва аёллар ўзлари хоҳлаб футбол билан шуғулланишади. Шунчаки шу спорт турини ёқтирганлари, яхши кўрганлари учун тўп тепишади. Шунга қарамай, улар сўнги иккита – Лондон ва Рио Олимпиадаларининг футбол турнирида қатнашишга эришишди.

Олимпиададан сўнг жанубий африкаликларда бизнинг спортимизга қизиқиш янада ортди. Шунда мен интернет орқали уларга Миллий олимпия қўмитамизнинг янги биносини, унинг ичидаги суперзамонавий тиббиёт марказини, “Бунёдкор” стадионини кўрсатдим, бу иншоотлар ҳақида фахрланиб гапириб бердим. Улар бу объектларга анча яхши баҳолар беришди. Умуман, Ўзбекистонда спортни ривожлантириш борасида узоқ йиллардан буён олиб борилаётган ҳукуматимизнинг кенг кўламли ишлари ҳақида сўзлаб бердим.

Улуғбек МИРЗАЕВ суҳбатлашди

Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика