Рўзиқул Бердиев: "Кубокда имкониятимиз бор экан нима учун курашмаслигимиз керак. Норчаев бу йил учта медални қўлга киритди"
03 dec 2020 17:55
News
Рўзиқул Бердиев: "Кубокда имкониятимиз бор экан нима учун курашмаслигимиз керак. Норчаев бу йил учта медални қўлга киритди"
"Жамоамиз ва қашқадарёлик мухлислар учун жорий мавсум омадли келди. Кумуш медални қўлга киритдик. Бу осон бўлгани йўқ. "Насаф" учун бу катта ютуқ ҳисобланади. Биласизлар жамоамиз ёш таркибга эга. Бугун икки жамоа ҳам футбол ўйнашга ҳаракат қилди. Гол бўлмаган бўлсада мухлислар ўйиндан қониқиш ҳосил қилди деб ўйлайман. Бугун баъзи бир ўйинчиларга дам беришга қарор қилдик. Чунки олдинда кубок баҳслари бор. Ёш футболчиларимизда ҳаяжон бўлди. Ўйлайманки шундай ўйинлар орқали улар тажриба тўплаб боришади",- дейди Рўзиқул Бердиев.
- Биринчи даврада марказлашган ҳолда ўтган чемпионатда "Локомотив" йирик ҳисобда мағлуб этилганди...
- У пайт "Локомотив"да вазият умуман бошқача эди. Ўшанда биздан олдин улар "Пахтакор"га 0:7 ҳисобида мағлуб бўлганди. Жамоа руҳан ва жисмонан тайёр эмасди. Мураббийлар ўзгариши жамоа ўйинини мазмунли кўриниш олишига сабаб бўлди. Буни ҳисоб ва натижалардан ҳам билиш мумкин. Рақиб таркибида ҳам тажрибали ва ёш ижрочилар бор. Икки жамоани ҳам бугунги натижа қониқтирди.
- Иккинчи бўлимда майдонга тушган футболчиларни дастлабки дақиқалардан майдонга туширганингизда натижа бошқача бўлиши мумкинмиди?
- Айтганимдек кубок баҳсларини ўйладик. Шу боис дам олиш имконини бердик. Мавсум давомида деярли бир хил таркибда ўйнаганимизни инобатга ҳам олиш лозим. "Локомотив"нинг ҳимояда зич ўйнашини билганимиз учун кўпроқ узун паслар билан ҳаракат қилдик дея оламан. Қисқа паслар билан марказдан ёриб ўтиш қийин бўларди. Охирги пасни беришда футболчилар шошиб қолди.
- "Насаф" асосий таркибида академиядан неччи нафар ёш футболчи дебют қилди?
- Буни санаш билан шуғуллунмайман. Лекин кўпчилик дебют қилди. Бугун дарвозабон бошланғич таркибда илк бор ўйнади. Ҳаракатлари ёмон бўлмади. Менимча 7-8 нафар футболчи дебют қилди. Сонига эмас сифатига қарайсиз. Ҳусайн Норчаев ҳақида бир нарсани айтиш керак, у бу йил учта медалга эга чиқди. U-18 жамоаси билан олтин, U-21 билан бронза ва асосий жамоа билан кумуш медалларини қўлга киритди. Ёш футболчи асосий таркибда 3та гол урди. Бундан ҳам яхшироқ ўйнаши керак. Чунки у бошқа ўйинчиларга қараганда кўпроқ имконият олди.
- Ўзбекистон кубогида ҳам олий мақсад қўйиладими?
- Суперлигада барча жамоалар билан ўйнаб чиқдик. Имкониятимиз бор экан нима учун курашмаслигимиз керак. Албатта ҳар бир ўйинда максимал даражада ҳаракат қиламиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, кубок битта ўйиндан иборат бўлади.
- Файсал Траоре мавсумни деярли "Насаф"сиз ўтказди. Унинг келажаги қандай? Жамоада қоладими?
- Буни йиғинларда кўриб чиқамиз. Уни майдонга кўп тушурмаганимиз сабаби бели билан боғлиқ жароҳати. Даволаш билан кўп вақтини ўтказди. Уни ёш футболчи бўлганлиги учун таклиф қилганмиз. Жисмоний тайёргарлиги ҳам яхши. Агар жамоага фойда берадиган даражага чиқмаса ижарага бериш ҳақида ҳам ўйлаб кўрамиз.
- Бу мавсумда жамоада қайси чизиғида муаммо кўра олдингиз?
- Мавсум бошида яна бир қанот ҳужумчисига эга чиқишни истагандик. Ҳужум чизиғида рақобатни кучайтирганимизда янада яхшироқ бўларди. Чунки мавсум давомида битта ҳужумчи Бобир Абдихолиқов, қанотларда Ойбек ва Ислом ўйнади.
- "Насаф" халқаро майдонга чиқса легионер жалб қиладими?
- Албатта. Халқаро миқёсдаги турнирларда ўйнаганингиздан кейин тажрибали футболчи керак бўлади. Бизга бундай имконият берилса легионер ҳисобига кучайтиришни ўйлаб кўрамиз. Бу таркиб билан халқаро майдонда бироз қийналамиз.
- Жамоа янги мавсумдан нима кутмоқда? Селекция борасида режалар ишлаб чиқилдими?
- Ҳозирча режамиз имкон қадар жамоамиз ўзагини сақлаб қолиш. Ҳали мавсум тугамади. Кубок баҳслари бор. Пандемия ҳолати бўлиб турса бешта ўзгаришни амалга ошириш сақланиб қолингани маъқул.
Comments