Latest news

22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  1 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  12 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  3 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  3 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  1 19:39Расман: Зоир Жўрабоев "Сўғдиёна" футболчисига айланди  0 19:22"Навбаҳор" беларуслик легионер трансферини эълон қилди  8 19:08Шуҳрат Асланов: "Насаф фарм"нинг Про лигадаги иштироки клубнинг йиллик харажатлари учун юкламани оширади. Шу сабабли жамоа Про лига мусобақасида иштирок этмайди"  0 18:50Ўзимизнинг карикатура. Ҳамшаҳарларнинг дарди бир  2 18:28ЎФА футзал учун масъул янги ташкилот тақдимотини ўтказади  0 18:07Сюрпризларсиз: Ла Лигада декабрь ойининг энг яхши мураббийи маълум  2 17:41Фарҳод Тожиев, Жасур Ҳасанов, Санжар Турсунов, Александр Лобанов... Ўзбекистон МТЖ собиқ футболчилари ОФКнинг "B" лицензиясига ўқимоқда  7 17:26Transfermarkt Туркия Суперлигаси футболчиларининг нархларини янгилади. Алиқулов ва Турғунбоев қанча бўлди?  1 17:10"Арсенал" ижарадаги футболчисини сотиш ниятида  0

Родри. Футбол мавжудлиги учун шукрона айтаман (мутолаа учун) News

Родри. Футбол мавжудлиги учун шукрона айтаман (мутолаа учун)

"Олтин тўп" соҳибининг ўзи ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Мен ҳар доим "Сити"даги жамоадошларимга тушунтиришга ҳаракат қиламан: барака топгурлар, мен Британия лаҳжасидаги инглизчани билмайман, Америка лаҳжасида сўзлаша оламан. Улар мени мазах қилишни ёқтиришади. Нима учун дейсизми? Одатда, кийиниш услубим учун. Баъзида гапириш тарзим кулгига сабаб бўлади. Аммо одамлар мен ҳақимда билмайдиган кўп нарсалар бор. Аслида, мен инглиз тилида тилида сўзлашишни на Манчестерда, на Лондонда ўрганганман. Мен буни Коннектикут (АҚШ штати)даги ўрмонда ўрганганман. Бироқ американча услубни ўрганганман.

Оиламда таълим жуда муҳим ўрин тутарди ва отам мени бир йил давомида Америка ўрта мактабида ўқишимни истарди. Бироқ футболга бўлган орзуларим бунга имкон бермасди.

14 ёшга тўлганимда, Коннектикутдаги ўрмон қўйнида жойлашган ёзги лагерга бордим. Ҳатто "Коон-ет-ее-кут" номи ҳам мадридлик болакай учун ғалати эшитиларди. Лекин етиб келганимдан сўнг худди Голливуд фильмига қадам қўяётгандек бўлдим. Болалар улкан кўл бўйида лагерга боришади, у ерда ёғоч каноэлар бор. Сиз дарахтларга тирмашиб чиқасиз, чодирларда ухлайсиз, таёқларни бир-бирига ишқалаганча олов қасиз. Шунақа фильмларни биласизми? Мен борган муҳитда буларнинг барчаси мужассам эди. У ерда зефир қандолати ва печенье билан тамадди қиласиз. Олов қаршисида, шоколад билан биргаликда...

Ақл бовар қилмайди.

Ҳеч қандай телефон йўқ. Wi-Fi алоқаси йўқ. Мен янги мамлакатда ёлғизман, дўстлар орттиришга ҳаракат қиламан. - Салом, мен Родригоман. Мен мадридликман. (Атрофимдагилар аллақачон қиқирлашни бошлаб юборишади, уларнинг кулгиси қулоғимга чалинади.) Мен ҳар доим инглизча талаффузда қийналиб: "Йигитлар, қачон футбол ўйнаймиз?" деб сўрардим.

- Родриго. Кейинроқ ўйнаймиз. Ҳозир эса "Pigskin" тўпини бир-биримизга оширамиз. 

Мен бу қандай ўйин эканлиги тўғрисида ўйга ботаман.

- Қани, оғайни. Америка футболини биласанми?

Очиғини айтсам, ўйин менга ёқиб қолди. Бу машғулот жуда қизиқарли эди.

Аммо мен бир гапни такрорлайверардим: "Келинглар, йигитлар, футбол ўйнайқолалик"

- Фотбил? Биз фотбил ўйнаётганимиз йўқ, оғайни.

Энг ёмони, мен у ерга 2010 йилги жаҳон чемпионати бошланиши арафасида борганман. Мен ҳатто интернетни текшира олмасдим, шу боис изтиробда эдим. Аммо асосий палата офисида кичик компьютер бор эди ва ҳар куни лагерь тарбиячиларидан ўйинларда қайси жамоа ғолиб чиққанини айтиб беришини сўрардим. Ёдингизда бўлса, Испания биринчи ўйинда Швейцарияга ютқазди. Ўшанда улар мени калака қилишяпти, деб ўйладим.

- Швейцария ғалаба қозонди? Ҳазиллашмаяпсизми? Google орқали тўғри қидирув берганингизга аминмисиз?

Вақт ўтган сайин Испания яхшироқ ўйин намойишни этишни бошлади. Плей-офф босқичида ғалабалар давом этди. Германияга қарши ярим финал пайти қайиқ сайр қилаётгандик. Мен бош тарбиячидан доимий равишда сўрайверардим: "Илтимос, илтимос қиламан, ҳисобни билиб бера оласизми?"

Ниҳоят, биз каютага қайтиб келдик ва кимдир менга: "Испания финалда," деди.

Мен ҳеч қачон ўзимни уйдан шунчалик узоқда ҳис қилмаганман, лекин айни пайтда қанча узоқда бўлсам, шунчалик яқин эдим, нима демоқчи эканлигимни тушунгандирсиз.

Бош тарбиячидан финални унинг компьютерида томоша қилишга рухсат беришини илтимос қилдим. У "Майли, албатта" деди. Кейин у бир компьютерни олиб чиқди, экрани атиги 10 дюйм экан. Ўша кичкина ноутбукларни эслай оласизми? Худди ўшалардан бири эди. Жуда кичкина. Ичимда ўйладим: "Жуда соз. Менга барибир. Томоша қилишга рухсат берса бўлгани".

Қандай қилиб буни уддалаганимизни билмайман, чунки биз ўрмон ўртасида эдик, лекин мен қонуний бўлмаган бирор стримни топган бўлсам керак. Шундай қилиб, атрофимда бўлаётган воқеаларга қизиқмаётган америкаликлар қуршовида финал трансляциясини томоша қилдим.

Иньеста гол урганида, қичқириб юбордим ва ташқарига югуриб чиқиб, кўл атрофида югура бошладим.

"Vaaaamoooooosssss!!!!!!!!!! Aaaahahhhhhhhhh ¡¡¡¡¡хахахахахахаха!!!! Яшасин Испания!"

Америкаликлар мени жинни бўлиб қолган деб ўйлашди. Улар менга ҳайрон бўлиб қарашарди: "Шошма-шошма, наҳотки футболни деб кўзёш тўкаётган бўлсанг?"

Улар бу мен учун қанчалик муҳимлигини тушунишолмасди. Улар мени ақлдан озган деб ўйлашарди. Эҳтимол, ростдан ҳам жинни бўлиб қолгандирман...


Бутун ҳаётим давомида мен шу икки дунё ўртасида яшадим. Бири футбол, иккинчиси "реал дунё".

Баъзан ўртоқларим мени оддий, содда сифатли бўлганим учун калака қилишади. Қизиқ, агар хотинимдан ёки ҳатто онамдан сўрасангиз, улар мени оддийликдан йироқ одам деб айтишади. Футболга келсак, мен бу спорт турига муккасидан кетганман. Оддийлигим шундаки, ижтимоий тармоқларда фаол эмасман ёки 400 фунт стерлинглик кроссовкаларга эътибор бермайман. Болалигимдан бери мен фақат бир туйғу ортидан қувиб келаяпман.

Мен Феррари сотиб олиш учун футболчи бўлишни хоҳламаганман. Йўқ, асосий сабаб яшил майдондаги қаҳрамонларимнинг ҳаракатлари менга ўзгача ҳиссиёт бағишлаган. Эсимда, мен беш ёшда эдим, маҳаллимизнинг ўртасида умумий ҳовуз ва кичкина боғ бор эди. Ёзда кун тартибимиз шундай эди: футболга, ҳовузга, яна футболга, сўнгра ҳовузга. Тушлик пайти уйга жўнардик. Кейин яна чўмилишга ошиқардик. Уёқдан чиқиб боғ томон йўл олардик.

10 яшар пайтим, агар бирор ўйинда яхши ўйнай олмасам, кун давомида ота-онам билан гаплашмасдим. Ўзимдан жуда хафа бўлардим. Онам менга қараб: "Унга нима бўлди ўзи? Бу шунчаки ўйин-ку", дерди.

Лекин мен учун бу нарсага ружу қўйгандим. Шунинг учун ёшлигимдан ота-онам билан келишиб олганман. Эҳтимол, биз бу ҳақда ҳеч гаплашмаганмиз ҳам. Бу шунчаки "ўз-ўзидан тушуниш" эди. Яъни, футболчи бўлиш орзумни рўёбга чиқармоқчи бўлсам, албатта, университетда ҳам таҳсил олишим керак эди. Шундай қилиб, 17 ёшимда Мадриддан Вильярреал шаҳрига кўчиб кетдим ва бир вақтнинг ўзида Жауме университетига ўқишга кирдим. Биринчи йили мен "Вильярреал" академиясининг ётоқхонасида жамоадошларим билан яшадим. Аммо 18 ёшга тўлганингизда, сизни "катта" деб ҳисоблашади ва ўзингизга алоҳида уй топишингиз керак бўлади.

Онамдан шундай фикр чиқҳди: "Нега университетдаги талабалар турар жойига кўчиб ўтмайсан?"

- Майли, шундай йўл тутаман.

Менимча, Буюк Британияда ҳам худди шундай - сиз умумий кирхона, душ хоналари ва ошхонаси бўлган катта турар-жой мажмуасида яшайсиз, у ерда эшиклар кетма-кет жойлашган. Барча қўшнилар ёнма-ён яшайди. Сизнинг кичик хонангизда ёғоч каравот ва ёғоч стол бор. Менда телевизор ҳам, PlayStation ҳам йўқ эди. Фақат ноутбук бор эди, холос. Эрталаб "Вильярреал"даги машғулотларга борардим, тушдан кейин дарсларга қатнашардим, кечқурун эса...

Кечаси жуда қизиқ бўларди, чунки бу ўз номи билан университет эди-да. Жума куни кечқурун ҳамма клубга боради. Лекин аввал "тайёргарлик" бўларди. Талабалар кичкина хоналарда мусиқа қўйиб, пиво ичишарди. Бир хонада йигирматача одам бўларди - кимдир каравотда, кимдир полда, умуман олганда, ҳамма жойда ёшлар ўтиришади. Мен ҳам ўша талабалар орасида бўлардим - улар ҳатто менинг футбол ўйнашимни билишмасди ҳам - шу боис клубга бориш фурсати етгунча бироз айланиб юрардим. Кейин эса ғойиб бўлардим.

Ниҳоят, кимдир: "Родриго, нега сен ҳеч қачон биз билан бирга чиқмайсан? Қани, юр энди" деди.

Мен уларга: "Ахир мен футболчиман. Эрталаб машғулотим бор" деб айтишимга тўғри келди.

"Зерикарли-и-и-и. Жуда зерикарли, оғайни."

Улар мени шу гапим учун роса масхара қилишди.

Ўша пайтда мен ҳали иккинчи жамоа билан машғулот ўтказардим. У ерда мен ҳеч ким эмасдим. Ҳатто машинам ҳам йўқ эди. Талабалар ётоқхонаси "Вильярреал" машғулот марказидан 15 дақиқалик масофада жойлашганди ва мен ҳар куни такси учун пул тўлай олмасдим. Шу боис велосипедда трамвай бекатига борардим - велосипедни трамвайга олиб чиқардим - кейин эса қолган йўлни велосипедда босиб ўтиб, машғулотларга етиб борардим. Охир-оқибат ҳайдовчилик гувоҳномаси олдим ва отамга айтдим: "Ота, машина сотиб олиш учун 3000 евро пулим бор. Менга шунга яраша улов топиб бера оласизми?"

Эртаси куни у менга яна қўнғироқ қилди: "Хўп, яхши вариантни топдим. Бир кампир машинасини сотаётган экан. Тўрт минг сўраяпти, лекин ичида монитори бор".

Мен ҳайрон бўлиб: "Вой. Монитор билан? Бу жуда яхши таклиф экан", дедим.

У менга машинани олиб келди. Opel Corsa экан. Мен машинага ўтирганимда, "монитор" атиги 8 сантиметр эканлигини кўрдим. Уни босиб, фақат радиони ёқиш мумкин эди, холос. Мен ҳайратда қолдим. Ҳар куни шу машина билан машғулотларга борар эдим, худди ўзимни катта футболчидек ҳис қилардим. Жамоадошларим мени масхара қилишса ҳам, менга барибир эди! Мен ундан завқланардим!

Кейинги йил Ла Лигада илк бор майдонга тушдим, мактабдаги дўстларим бунга ишонолмай қолишди. Улар менга телевизорда ўйин кўраётганларини ва қўққисдан таниш йигитча экранда пайдо бўлганини айтишди. Уларнинг бухгалтерия дарсидаги ўша йигитча 6-рақамдаги футболчи бўлиб чиқди.

Улар ростдан ҳам мен эканлигимга ишонишолмасди.

"Шошма, бу чиндан ўша йигитми?"

"Google'дан қидириб кўр".

"Йўқ, бу ўша Родриго бўлиши мумкин эмас. Бўлиши мумкинмас. Родриголар кўп бўлса. Экранда кўрганимиз бошқа бири бўлса керак".

Телевизорда футбол кийимида бўлганингизда бошқача кўринасиз, шундай эмасми? Эҳтимол, мен жиддий қиёфада эдим.

Шунинг учун уларнинг баъзилари: "Йўқ, йўқ, бу йигитча экранда кўрганимиз эмас," деган фикрга қатъий ишонишарди.

Кейин мен кўпроқ ўйин амалиётига эга бўла бошлаганимда, экранда кўраётганлари ҳақиқатан ҳам мен эканлигимни тушунишди: "Эй, бу ерда нима қилиб юрибсан ўзи? Кеча кечқурун "Барселона"га қарши ўйнаганингни кўрдик-ку!" деб ҳайрон бўлишарди.

Испанияда биз Comunio деган ўйинни ўйнаймиз. Бу хаёлий футбол ўйинига ўхшайди, унда ўйинчиларни сотиб олиб, ўз жамоангизни бошқарасиз. Талабалар турар жойидаги ҳамма шу ўйинни ўйнарди. Баъзида шанба куни кечқурун ўйиндан сўнг уйга келардим, улар бир-икки қадаҳ пиво ичиб ўтирган бўлишарди-да: "Оғайни, қани айт-чи! Бугун нима бўлди ўзи? Менга Comunioда атиги 3 очко бердинг холос!!! Нима бўлди ўзи???" деб сўрашарди.

Ха-ха-ха. "Узр! Кечирасизлар!"

Бу йиллар ҳаётимнинг энг қувноқ даври эди. Сабабини билмайман-у, лекин университетга қайтганимда, миям гўё бошқа оламга "кўчиб ўтарди". Мактаб менга футболнинг босимини тўғри идрок қилишга ёрдам берарди. Яна бир ажойиб нарса шундаки, мен бўлажак рафиқамни талабалар турар жойида учратдим. У тиббиёт йўналишида ўқиётган эди. У менинг футболдаги ташвишларимга мутлақо эътибор бермасди. У "Сельта" билан дуранг ўйнаганимиз ҳақида эшитишни ҳам хоҳламасди.

У доимо мени "ерга қаратиб қўярди".

"Ҳой, тинчлан, хўпми? Босиқроқ бўл. Бу шунчаки футбол-ку".

Ўқитувчиларимнинг назарида мен шунчаки бир ўқувчи эдим. Испанияда университет - бу университет. У ерда ўз устида ишлаш керак. Шундай экан, кичкина хонамда ноутбуким билан ўтирганимда, қилаётган ишимга шу қадар берилиб кетардимки, атрофимдаги ҳамма нарсани бутунлай унутиб қўярдим. Бир куни имтиҳонга тайёргарлик кўраётгандим чоғи, телефоним овозсиз режимда эди. Бирдан танаффус қилиб қарасам, 20 та SMS, 50 та WhatsApp хабари, 10 та жавобсиз қўнғироқ бор экан. Ўзимга ўзим: "Ё раббий, бирор киши вафот этдими? Нима бўлди ўзи?" деб ўйладим.

Жамоадошим қўнғироқ қилмоқда. Телефонни кўтардим.

"Родри, қаердасан?"

"Қаерда бўлардим? Шу ердаман. Университетдаман."

"Мураббий сени қидиряпти. Ҳамма сени излаяпти."

"Нималар деяпсан ўзи?"

""Валенсия"га қарши ўйнаяпмиз. Ҳаммамиз автобусда ўтирибмиз."

Улар мени лақиллатяпти деб ўйладим.

"Қўйсанг-чи, ўйин эртага бўлади-ку..." дедим.

Ё Худойим! Йўқ. Биласизми, тушингизда мактабдаги имтиҳонни унутиб қўйган ҳолатингиз қандай бўлишини биласизми? Худди шундай ҳолат мен билан юз берди, фақат бу туш эмас, балки ҳақиқат эди. Ва бу мактаб эмас, Ла Лига эди.

Мен: "Майли, автобусни жўнатаверинг. Мен сизларни меҳмонхонада учратаман," дедим.

Ростдан ҳам, кийимларимни иложи борича тезроқ кийиб, машинамга қараб югурдим ва кўчаларда Опелимда худди Жеймс Бонддек учириб кетдим. Валенсиядаги меҳмонхонага етиб бориш учун бир соат керак эди. У ерга етиб борганимда, улар йиғилиш ўтказишаётган эди, мен эса худди "уйга вазифани бажармаган ўқувчидек" кўринишда кириб бордим.

Аммо бу баҳона футболда ҳам ўтмайди.

Ўша куни мен батамом мағлубиятга учрадим, лекин бунга лойиқ эдим. Бу мен учун катта сабоқ бўлди, чунки икки тарафни мувозанатга келтиришим кераклигини англаб етдим.

Сафаримнинг ҳар бир босқичида муваффақиятсизликлар орқали ўргандим ва янги нарсаларни ўзлаштириб бордим. "Вильярреал"да мен профессионал бўлиш нимани англатишини ўргандим. Нафақат футболчи, балки ҳақиқий профессионал бўлишни ўргандим.

Бир мавсумга "Атлетико"га қайтганимда, рақобатбардошлик аслида нимани англатишини тушуниб етдим. "Вильярреал"да ўйнаганимда, тўпни оёқда бошқаришда жуда яхши эдим, аммо ҳали бироз уқувсиз эдим. Диего Симеоне қўл остида майдонда қатъий ва бироз шафқатсиз бўлишни ўргандим. Аниқроғи, чинакамига курашишни, тўқсон дақиқа давомида рақиб жамоани азоблашни ўзлаштирдим. Бу ҳам муҳим тажриба бўлди.

Кейинги ёзда “Сити”га ўтиш имконияти пайдо бўлганда, бу мен учун орзу эди. Кўчишга розилик беришдан олдин Серхио Бускетс билан гаплашгандим ва у менга шундай деди: "Пеп Гвардиола? У сени яхшироқ футболчига айлантиради. Аммо у сени ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон олдинга ундашдан тўхтамайди. Сен ҳеч қачон охирги поғонада тўхтаб қолмайсан".

Серхио ҳам Пеп билан ишлаган ва жуда кўп ажойиб ютуқларга эришган, шунинг учун мен унинг сўзларига тўлиқ ишонардим. У мутлақо ҳақ эди. Менинг назаримда, Пепнинг ноёблиги шундаки, у доим бир қадам олдинда юрарди. У атрофидаги ўйин ривожланишидан аввал ўзи доимо такомиллашиб боради. У ҳеч қачон ўтган мавсумда ўйнаганимиз каби ўйинни айнан сақлаб қолиш билан қаноатланмасди, чунки рақибларингиз ҳар доим ўтган мавсумни таҳлил қилишади. Бир жойда туриб, кетма-кет тўртта Премьер-лига чемпионлигини қўлга кирита олмайсиз. Ё ўзингизни қайтадан кашф этасиз, ё мағлубиятга учрайсиз.

Биласизми, Пеп ҳақида гапирганıмда, доимо қўлларим билан ифодалашим керак. Худди у қилганидек, мен стол, тахта ёки бирор нарса топиб, қаҳва финжонларини шахмат тахтасидаги доналар каби ҳаракатлантиришим керак.

"У бу ерга боради, кейин у ерга боради, ва кейин - теп! Сен эса бу ерга ўтасан. Бўш жойга. Ва тепасан!"

У жумбоқнинг охирги бўлагини айнан жойига қўя олади. Ўйинни бошқача "кўриш" имконини берди. У "ҳис қилиш" - қачон майдонда ҳаракат қилиш, қачон ўзини тутиб туриш кераклигини ўргатди. Қачон босим ўтказиш, қачон бўшаштириш кераклигини ўргатди. Унинг ишончи мен учун жуда муҳим эди, чунки 2019 йилда бу ерга келганимда, Фернандиньо, Агуэро, Давид Силва, Кевин Де Брюйне каби футболчилар билан бир кийиниш хонасига кираётганимни унутмаслигингиз керак. Афсоналар. Мен 12 ёшлигимда Агуэро "Атлетико"да ўйнаётган пайтларда машғулот майдонига бориб, уни кузатардим. У менинг қаҳрамонларимдан бири эди. Ҳозир эса унинг ёнида, худди шу кийиниш хонасида ўтирибман? Бу ажойиб туйғу эди.

Агуэро ва Отаменди мени доим масхара қилишарди - нафақат кийинишим учун, балки ҳар бир ўйиндан сўнг автобусда хотиним билан FaceTime орқали гаплашганим учун ҳам. Мен футболчи, у эса шифокор бўлгани сабабли, кўп йиллар давомида узоқ масофали муносабатга кўникишимизга тўғри келди. Узоқ масофада бўлганингизда нима қиласиз? Албатта, FaceTime орқали гаплашасиз. Мен ғалаба қозонсак ҳам, мағлуб бўлсак ҳам, ҳар бир ўйиндан сўнг унга қўнғироқ қилардим. Ғалаба қозонганимизда муаммо бўлмасди, чунки жамоадошларим шовқин-сурон кўтариб, нишонлашарди ва мени пайқамасди. Аммо ютқазганимизда ҳам, мен ўзимни одатдагидек тутардим. Ҳеч қандай хавотирсиз гаплашардим. Хотиним билан суҳбатлашганимда, худди университетга қайтгандек бўлардим. Шундай қилиб, автобусда ҳамма жим, бошларини эгиб, тушкунликка тушган бўлса-да, мен баланд овозда: "Ҳа, тўғрисини айтсам, бугун биз бироз ёмон ўйнадик. Ҳа, дуранг ўйнадик. Ҳа, жаҳлим чиқди... Хўш, сенинг кунинг қандай ўтди?" дея гапирардим.

Биринчи марта, Агуэро ва Отаменди мени четга тортиб, шундай дейишди: "Эй, сен автобусда бундай гапирмаслигинг керак! Пеп эшитиб қолиши мумкин! Суҳбатларинг ҳамманинг қулоғига чалиняпти!"

Аммо ҳар бир ўйиндан сўнг унга албатта қўнғироқ қилардим. Ҳеч қандай яширинча гап йўқ эди.

"Ҳа, бугун яхши ўйин бўлди. Биз ғалаба қозондик, лекин мен унчалик яхши ўйнамадим. Netflix кўряпсанми? Нима еяпсан?"

Биз худди икки ўсмирга ўхшардик. Ҳамманинг ғаши келарди. Улар мендан телефонни тортиб олишга уринишарди: "У сенга кейинроқ қўнғироқ қилади! Гўшакни қўй! Ҳозир у кетиши керак! Хайр!"

Суратларимиз чиқиб кетгандан кейин, мактабдаги дўстларим менга шундай хабар юборишарди: "Қўйсанг-чи, оғайни. Ростдан ҳам шунақами? Бу нима бемаънилик? Сен китоб ўқишни ёқтирмасдинг-ку! Сен кўримсиз йигит эмассан!"

Ижтимоий тармоқларда кўрган нарсангизга доим ҳам ишониб кетаверманг! Аслида, ҳақиқат ҳар доим мураккаброқ бўлади.

Сўнгги бир неча йил давомида "Сити" билан кўп муваффақиятга эришдик, лекин бу ҳақиқий ҳаёт эмас. Яхши пайтларда ҳеч нарса ўрганмайсиз, фақат роҳатланасиз. Ёмон пайтларда, чинакамига азоб чекаётганингизда, аслида ўсиб-улғаяётган бўласиз. Ёдимда, 2021 йилги Чемпионлар лигаси финалида "Челси"га ютқазганимиздан сўнг, оилам ёнига қайтиб келдим. Ота-онам ҳамда ака-укаларимни кўрганимда, тилим калимага келмади. Худди ўн ёшли боладек, ошхона столида ўтиргандек ҳис қилдим ўзимни. Бирор сўз айта олмасдим. Шунчаки, бу туйғуни бошқа ҳеч қачон ҳис қилишни истамасдим. Мен кўпроқ меҳнат қилишим керак эди. Яхшироқ бўлиш йўлини топишим шарт эди. Ҳозир биз чемпион бўлиб, дунёнинг юқори чўққисида турганимизда, ҳеч ким мендан 2021 йилдаги ўша лаҳза ҳақида сўрамаяпти. Аммо бу воқеа ҳаётимдаги энг муҳим лаҳзалардан бири бўлса керак. Ҳар бир яхши лаҳза ортида бир умрлик машаққатли кураш ва тажриба ётади.

Ҳатто 2023 йилдаги Чемпионлар лигаси финалида гол урганимда ҳам бу "ўйланган режа" эмасди. Бу 20 йиллик футбол тажрибамдан, боғда ўйнаган пайтларимдан қолган ҳиссиёт эди. Бернарду тўпни узатишидан бир сония олдин мен жараёндан анча узоқда эдим. Телевидениеда ҳатто мени кўришнинг имкони бўлмасди. Тўпнинг менга келиб тушиш эҳтимоли йўқ эди. Мен жойимда туришим керак эди. Аммо мен жарима майдони томон бир қадам ташладим. Нима учунлигини билмайман. Мен бу ҳақда ўйламагандим. Чунки Бернарду олисдан тўпни узатганида, 10 тадан 9 таси, балки 100 тадан 99 таси менга етиб келмасди.

Лекин ички овоз менга: "Бу сафар ўша битта узатма етиб келади" деди.

Мен олдинга бир қадам ташладим. Тўп йўналиши ўзгартирилди. Агар шу бир қадамни ташламаганимда, кеч бўларди.

Тўп менга томон келаётганини кўрдим.

Ва мен сизга хаёлимдан ўтган ҳамма нарсани айтиб бера оламан:
Нима қилишим керак?
Мана, тўп келди. Энди нима қиламан?
Кучли зарба йўллайман - бум.

Бу бир зумда, кўз очиб юмгунча содир бўлди. Тўп дарвозага киргач, мен югурдим ва мухлисларимиз қаршисида тиззамда сирғаниб бордим. Кейин эслайман, биринчи фикрим шу бўлди: 20 дақиқа. Яна 20 дақиқа. Жин урсин. Бунча узоқ бўлмаса.

Бу 6-рақамли ўйинчининг фикрлаш тарзи.

Биз ўша 20 дақиқа азоб чекдик, кейин якуний ҳуштак чалинди. Бу мен бутун умрим давомида қувиб келган туйғу эди. Мен ҳис қилган қувонч гол урганим билан сира боғлиқ эмасди. Бу жамоа бўлиб 90 дақиқа меҳнат қилиб, ғалаба қозониш туйғуси эди. Бу ерга келганимдан бери мени қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларимиз учун требл қайд этиш туйғуси эди. Бу "Манчестер Сити" шарфларини тақиб олган болаларнинг юзидаги табассумни кўриш туйғуси эди. Оила аъзоларимни бағримга босиб: "Биз буни уддаладик!" дейиш туйғуси эди.

Мана шу - ружу қўйиш дейилади. Шунинг учун ҳам футбол ўйнайсиз.

Европа чемпионатида ҳам худди шундай бўлди. Бу мен учун қандайдир ўзгача эди, чунки турнирнинг иккинчи ярмини четдан кузатишимга тўғри келди. Турнир бошланишидан олдин ўзимга кўпроқ етакчи бўлишни вазифа қилиб қўйдим. Мен жамоадаги энг каттаси эмасман, лекин бизда янги авлоддан бўлган жуда ёш (Жуда ёш! Даҳшатли даражада ёш!) ўйинчилар бор эди ва мен уларга бундай катта лаҳзанинг босимида ёрдам бера олишимни ҳис қилдим. Ламин ва Никонинг бу ёзда эришган ютуқлари ҳақида ўйласам, жуда хурсанд бўламан. Бутун мамлакатингиз кузатиб турган пайтда шундай лаҳзаларда - 17 ёшда, 22 ёшда - ғолиб бўлиш ақл бовар қилмайдиган иш саналади. Агар улар менинг бу ёшим қандай яшаганимни билишса, эҳтимол, ҳайратдан ёқаларини ушлаган бўлишарди.

85-дақиқада гол урганимизда, Микель Ойарзабал томон югурдим. Ватан либосида ғалаба қозонсангиз, бу бошқача туйғу бағишлайди. Мен ўтмишимни ёдга олдим: ҳовузда сузганим, сўнгра боғда ўйнаганим, кейин яна ҳовузга қайтганим. Машғулотга бориш учун велосипедимни трамвайга олиб чиққаним... Коннектикутдаги ўрмонда югуриб, биз жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанимизда қувонч кўз ёшларини тўкиб юрганим...

Сиз нафақат бир шаҳарни, балки бутун мамлакатни бахтли қилганингизни англаб етасиз. Қанчадан-қанча турли одамлар, кўплаб авлодлар, ушбу қувончни биринчи марта бошдан кечираётган бутун бошли янги авлодни қувонтирасиз. Ламин Францияга қарши ўйинда гол урган тунда қанчадан-қанча болалар кўчаларда хурсандчиликдан югуришди? Ёки Микел Англияга қарши ўйинда гол урганида-чи? Минглаб, миллионлаб болалар шодланишди.

"Хахахахахахахаха!!!! Яшасин Испания!"

Мен бу туйғуни яхши биламан. Китоблар, иқтисодиёт ва бухгалтерияга ҳурмат билдираман... Фақат биргина нарса юракка шундай таъсир қила олади. Буни фақат футбол бахш эта олади.

Ота-онамиз бизни ўқишга мажбур қилгани учун Худога шукур.

Худога шукрки, футбол бизни орзу қилишга ундайди.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +8   

Comments

+2   
08 nov 11:01:13
Usoma bin Fayyoz
Futbolnı yaxshı köruvchı samımıy yıgıt
+1   
08 nov 22:05:18
MIRZAYEV O'KTAMJON
Reply to comment by Arsenal london drujba
Paxta qo'yishni boshladi admin.
Heytr larga esa alam qilishni boshladi...
   
26 nov 19:44:11
Arsenal london drujba
Reply to comment by MIRZAYEV O'KTAMJON
Hadeb real, barsa futbolchilari oltin to'p olaveradimi? Undan ko'ra real futbolchilarini taqdimot marosimi deb qo'yaqolsin tashkilotni. Yamal, pamal degallar bulan ishim yo'q. YARATGAN ni o'zi zo'r. Bandasi sababchi va ojiz. Arsenal muxlisi bo'lsez Man sity ni yomon ko'rishiz babi'iy xol
Hop sizni fikrizmi tushundim. Qarang siz butun O'zbekiston nomidan ovoz bermoqchi bo'lsangiz ovoz yog'ish uchun muxlislarni fikrini inobatga olasizmi yoki o'zingiz O'zbekiston nomidan va O'zbek futboli muxlislari nomidan ovoz berasizmi? Anavi ...... chempionat asia jurnalisti butun O'zbekiston nomidan Rodriga ovoz bergan. 2 mavsum ko'p kubok yutdi deyapsiz nega unda o'tgan yili hech narsa tutmagan messiga berildiyu Rodri yoki Holandga berilmadi oltin top. O'tgan yili ko'rinmay qoldilaringku o'sha paytda qayerda edingiz?
   
09 nov 13:29:55
MIRZAYEV O'KTAMJON
Reply to comment by Arsenal london drujba
Ким зур уйнаганини хамма билли уже
Arsenal chempion bo'la olmayotgani uchun Man sityni yomon ko'rsez kerak. Arseanal xal qiluvchi o'yinlarda oddiy kamandalarga yutkazib achko yo'qotib va chempion bo'la olmasaan sityni, Rodrida nima ayb?
   
09 nov 13:25:40
MIRZAYEV O'KTAMJON
Reply to comment by Arsenal london drujba
Ким зур уйнаганини хамма билли уже
Modrich oltin to'pni olgan mavsumdan ko'ra Rordi ko'proq go'l va asist qilgan. Ishonmasez o'ziz aidirib tekshirib ko'ring! Hadeb kom zo'rligini hamma biladi deb ming'ir - ming'ir qilmasdan.
   
09 nov 13:19:56
MIRZAYEV O'KTAMJON
Reply to comment by Arsenal london drujba
Ким зур уйнаганини хамма билли уже
Kim zo'rligini hamma biladi? Rodri yevropa chempionatida eng yaxshisi bo'ldi, va oxirgi ikki mavsum ichida man sity bilan yutmagan kubigi qolmadi. Vinisuis avval fel - atvorini o'nglasin. U qilgan ishni o'tgan mavsum Holland oshig'i bilan bajardi lekin unga oltin to'p berilmadi. Ovoz berilganda o'z klubi va terma jamoasi bilan erishgan yutuqlar xisobga olinadi.
   
09 nov 13:14:29
MIRZAYEV O'KTAMJON
Reply to comment by Arsenal london drujba
Ким зурлигини хамма билиб булди. Сиз Реални ёмон курсангиз керак. Агар бу жойда Ямал булганида курардик кандай реаксияда еканлигингизни
Hadeb real, barsa futbolchilari oltin to'p olaveradimi? Undan ko'ra real futbolchilarini taqdimot marosimi deb qo'yaqolsin tashkilotni. Yamal, pamal degallar bulan ishim yo'q. YARATGAN ni o'zi zo'r. Bandasi sababchi va ojiz. Arsenal muxlisi bo'lsez Man sity ni yomon ko'rishiz babi'iy xol
   
09 nov 09:19:28
Arsenal london drujba
Reply to comment by MIRZAYEV O'KTAMJON
Heytr larga esa alam qilishni boshladi...
Ким зурлигини хамма билиб булди. Сиз Реални ёмон курсангиз керак. Агар бу жойда Ямал булганида курардик кандай реаксияда еканлигингизни
   
09 nov 09:19:28
Arsenal london drujba
Reply to comment by MIRZAYEV O'KTAMJON
Heytr larga esa alam qilishni boshladi...
Ким зурлигини хамма билиб булди. Сиз Реални ёмон курсангиз керак. Агар бу жойда Ямал булганида курардик кандай реаксияда еканлигингизни
-1   
09 nov 09:15:46
Arsenal london drujba
Ким зур уйнаганини хамма билли уже
-1   
08 nov 04:37:35
Arsenal london drujba
Paxta qo'yishni boshladi admin.
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика