Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  2 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  9 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Рашид Ғофуров: “Йўқотишлар ўрнини муносиб равишда тўлдирмоқчимиз” News

Рашид Ғофуров: “Йўқотишлар ўрнини муносиб равишда тўлдирмоқчимиз”

Яқинда “Навбаҳор” бош мураббийи этиб тайинланган Рашид Ғофуров кеча Наманганда учрашиб, сайтимиз учун интервью олдик.

- Рашид ака, бунгача сизни “Бунёдкор” жамоасида фаолият юритиб келаётганингизни билардик. Айтишларича аёллар жамоасида ишлаётгандингиз экан. Шу ростми?
- Бунга бироз аниқлик киритиб ўтишни истардим. Яъни мен аёллар жамоасида расмиятчилик учунгина мураббий эдим. Чунки амалда ишлаётган мураббийнинг тегишли лицензияси йўқ эди. Менда эса “А” лицензияси мавжудлиги боис, уларга ҳам қарашиб турардим. Аслида “Бунёдкор”да мен селекция ишлари бўйича шуғулланиб келдим. Академия жамоасига ва ёшлар клубига муносиб бўлган футболчиларни топиш асосий вазифамга кирарди.

- Аксарият футболчилар бутсаларини михга илгач, мураббийликни болалар футболидан бошлайди. Айримлари эса тўғридан-тўғри биринчи лига ёки элита клубларида фаолият юритиб кетади. Сиз билан биринчи холатни кўриш мумкин. Айтингчи болалар футболида ишлаб, мураббийликда нималарни ўзингизга кашф этдингиз?
- Мураббийликни босқичма-босқич босиб ўтишга қарор қилиб, илк бор ўзимни болалар футболига баҳшида қилдим. Мактабда ҳам ўқишни энг аввало алифбедан бошланадику. Мен ҳам шундай қилдим. Футболчиликни якунлагач, “Бунёдкор”нинг ўзида қолиб ишлаш таклифи тушди. Академияда турли ёшдаги гуруҳларни шуғуллантирдим. Бугунги кунда мамлакатимизнинг таниқли мураббийлари бўлган Рауф Инилеев ва Виктор Жалилов ҳам энг аввало бу соҳада дастлаб болалар футболидан қадам ташлаганини айтиш лозим. Албатта болалар футболи билан профессионал футбол ўртасидаги фарқ сезиларли. Эндиликда мен учун мураббий сифатида ҳақиқий синовлар бошланмоқда дейиш мумкин.  

- “Навбаҳор”га келишингиз қай тариқа амалга ошди?
- Биласизми ўзим наманганлик бўлганим учун ҳам “Навбаҳор”га бош мураббий сифатида келишим бу йил эмас, бир неча йил олдин гап-сўз бўлганди. Аммо бу нарса жорий йилга келиб амалга ошди. Насиб экан, эндиликда қадрдон жамоамни мураббий сифатида бошқарадиган бўлдим. Албатта клуб мутасаддиларининг таклифи ва уларнинг ишончи менга куч бағишлади. Шу боис иккиланиб ўтирмасдан таклифни қабул қилдим.  

- Ҳар қандай мураббий учун дебют мавсумнинг бошланиши катта ҳаяжон остида кечади. Сизда ҳам қандайдир ҳавотир бўлаётган эрса керак?
- “Навбаҳор” бошқарувини қўлга олганимдан сўнг ҳар ким турлича фикр билдирмоқда. Кимдир қийин бўлишини айтса, яна айримлар ишлаб кетишимга ишонч билдирмоқда. Биламан водий клубларида ишлаш осон эмас. Босим кучли бўлади, ҳар томонлама. Айниқса “Навбаҳор”да. Буни сизга футболчилик фаолиятимдан келиб чиқиб айтяпман. Лекин қачонлардир мураббий сифатида ҳам иш бошлашим керак-ку. 40 ёшга қараб кетяпмиз. Қачонгача тажрибам етмайди деб иккиланамиз. Бу ҳам бир омад деб биламан. Кимдадир “Про” лицензияси бор лекин унга иш йўқ. Умид қиламанки мураббий сифатида ҳам бор билим маҳоратимни ишга солиб, раҳбариятнинг ишончини оқлашга харакат қиламан.  


- Болалар футболидан катта футболга ўтгач, қийинчиликларга дуч келмаяпсизми?
- Менимча ҳар қандай ишнинг бошланиши қийин кечади. Боз устига болалар футболидан профессионал футболга ўтдим. Ўйинчилар билан турлича гаплашиш лозим бўлади.

- Лекин бу борада сизда етарлича тажриба бор. Сабаби илгари ўзингиз ҳам футбол ўйнаганингиз бугунги кунда қўл келиши турган гап. Фикримизга қўшилсангиз керак?
- Албатта. “Навбаҳор”да ўйнаб юрган пайтларимда ўринбосарлар таркибида харакат қилган йигитларнинг кўпчилиги бугунги кунда асосий таркиб аъзолари саналишади. Уларнинг кўпчилигини яхши танийман. Шу боис бу борада ортиқча муаммога дуч келинмаяпти.

- Клубда ишни энг аввало нимадан бошладингиз?
- Биринчи эътибор берган жиҳатимиз маҳаллий футболчиларни қандай бўлмасин жамоада ушлаб қолиш бўлди. Бу билан асосий таркиб ўзагини сақлаб қолган бўламиз деган тўхтамга келдик. Ўйлайманки бунга эришмоқдамиз.

- Тайёргарлик режаси аниқ бўлса керак?
- 14 январга қадар Наманганда бўламиз. Сўнгра йиғинимиз Тошкентга кўчади. Пойтахтда “Бунёдкор” стадионига яқин жойда қадар кўтарган меҳмонхонада истиқомат қилиб, машғулотларни “Бунёдкор” академиясининг машғулот майдонида ўтказишни режалаштирганмиз. 29 январь куни яна Наманганга қайтиб келамиз ва Фарғонада ўтказиладиган ҳоким кубоги турнирида иштирок этамиз. Сўнгра яна пойтахтда шуғулланилади.

- Ҳоким кубогида асосий таркиб билан иштирок этасизларми?
- Ҳа, асосий таркиб билан боришни ўйлаб турибмиз. Менимча бу ўзимиз учун ҳам фойдали бўлади. Кейин ПФЛ Кубогида ҳам иштирок этишни кўзлагандик. Аммо Фарғонадаги турнирдан сўнг зудлик билан ПФЛ кубоги турнирига улгуриш керак бўлади. Шу боис бу ҳозирча ўйлантириб турибди.

- Янги мавсумга тайёргарлик хорижда ҳам ўтказиладими?
- Четга чиқишни ҳам ўйлаб турибмиз. Лекин бу ҳозирча расман аниқ бўлиб улгурмади. Февралда БААга бориб келишимиз ҳам мумкин.

- Ўтган йилги таркибнинг етакчилари клубни тарк этмоқда. Бу сизни ташвишга солмаяптими?
- Йўқ, унчалик эмас. Бошқа вилоятлик бўлган ўйинчиларни мажбурлаб олиб қолишни истамадик. Агарда уларнинг ўзларида иштиёқ бўлганида бошқа гап эди. Мақсадимиз кўпроқ наманганлик футболчиларни олиб қолиш. Ўйлайманки йўқотишлар ўрнини муносиб равишда тўлдирмоқчимиз. Биргина йўқотиш деб наманганлик Азим Аҳмедовнинг “Пахтакор”га ўтиб кетганини айтиш мумкин. 


- Кўпроқ қайси позицияларни кучайтириш ҳақида ўйламоқдасиз?
- Ҳар бир чизиқда рақобат бўлгани зарар қилмайди. Кўз остимизга олиб қўйган футболчилар бор. Улар 15 январдан Тошкентда бошланадиган йиғинимизда сафимизга келиб қўшилади.  

- Сир бўлмаса айнан қайси футболчиларни келиши кутилмоқда?
- “Бунёдкор”дан Хайрулла Каримов келади. Биласиз у билан илгари “Навбаҳор” ва “Машъал”да бирга ўйнаганман. Бош мураббийликка келганимдан сўнг дўстим менга яқиндан ёрдам беришини истади. Бундан хурсанд бўлдим фақат. Каримовдек ҳимоячи бизга жуда керак. Ўйлайманки унинг ёрдами катта бўлади. Шунингдек “Нефтчи”даги яна бир наманганлик ҳимоячи Жаҳонгир Меҳмонов билан ҳам музокара ўтказдик. Айни дамда фарғоналиклар йиғинида бўлиб турган Илҳом Бойдадаевни ҳам ортга қайтармоқчимиз. У билан гаплашдик. Яқин орада бу футболчилар бизга аниқ жавоб айтади. Улардан ташқари яна бир нечта ўйинчилар билан музокара олиб борилмоқда. Агарда ўзимиз истаган йигитларни жамоага олиб келсак, ҳаммаси яхши бўлади. Шу боис қанчалик йўқотиш бўлмасин, бу томондан бироз ҳотиржамман.  

- Легионерлар хизматидан ҳам фойдалансизми?
- Албатта. Учта хорижлик футболчининг келиши кутилмоқда. Уларнинг биттаси ишқибозларимизга яхши маълум. Фақат мени ҳозир тўғри тушунинг ҳозирча уларнинг номларини ошкор этмоқчи эмасман. Олдин иҳтиёримизга келсин, сўнгра айтсам бўлади.

- Юқорида айтиб ўтган футболчиларингиз ва легионерларни жамоага олиб келиш учун яхшигина молия керак бўлади. Раҳбарият сизни бу томондан қўллаб-қувватлашига қанчалик ишоняпсиз?
- Бу гапларни сизга шунчаки айтиб қўяётганим йўқ. Олдин раҳбарлар билан бу ҳақда гаплашдик. Улар ёрдам беришини таъкидлади. Шунинг учун ишонч билан айтдим. Вилоятимиз ҳокими футболга жуда қизиқади. Шахсан ўзлари жамоага ҳар жиҳатдан катта кўмак бермоқда.

- Клубдаги шароитлар сизни қониқтиряптими?
- Ёмон эмас. 2-3 йилдан буён битказилмай келаётган қароргоҳимиз вилоятимиз ҳокимининг қарорига биноан зудлик билан битказилмоқда. Шу кунларда жиҳозланиб, фойдаланишга тайёр қилинади. Тошкентда йиғин ўтказиб қайтганимиздан сўнг ушбу базамизда истиқомат қиламиз. Автобус масаласи ҳам кўриб чиқилган. Жорий мавсум янги замонавий автобус ҳам ҳарид қилинадиган бўлмоқда. Бугун (суҳбат 8 январь куни бўлиб ўтган) Тошкентдан янги тўплар олиб келинди. Демак, ижобий томонга ўзгариш бор.

- Мураббийлар штаби тасдиқландими?
- Йўқ, ҳозирча бу борада аниқ тўхтамга келинмади.

- Амет Меметнинг “Навбаҳор”га қайтиши кутилаётган эди. Бу масала нима бўлди?
- Дарҳақиқат, Амет Абдуллаевичга таклиф билан чиққанимиз рост. Лекин биласизми Мемет айни дамда уйига кетган. Қримда унинг отаси бор. Отасининг соғлиги яхши эмаслиги боис, бироз ушланиб қолди. Шу боис у билан ҳамкорлик қилмайдиган бўлдик. Агарда у кишини келишини кутадиган бўлсак вақтдан ютқазиб қўйишимизни тушуниб етдик. Шунинг учун бошқа мутахассис билан алоқага чиқдик.   

- Қизиқ, бу ким бўлиши мумкин?
- Микола Шевченко. Яқинда бу мутахассис “Металлург” билан хайрлашганди. Уни жамоага жисмоний тайёргарлик бўйича таклиф этдик. Лекин жамоага келмади ҳали. Олдин келсин, бафуржа гаплашайлик.  

- Шунингдек сизга Шуҳрат Мирхолдиршаевнинг ёрдам бераётганини кўрмоқдамиз?
- Ҳа, Шуҳратни ўзим чақирдим. Мирхолдиршаевдек талантли ҳужумчилар бугунги кунда жуда кам. Унда голни олдиндан ҳис қилиш қобиляти юқори бўлган. Бежизга тўпурар сифатида танилмаган. Унинг бугунги кунда ёш ҳужумчиларимизга тажрибаси жуда кераклигини билиб, мураббий сифатида таклиф этдик. Бу билан ўзимизнинг маҳаллий мураббийлар штабини ташкил этишга эътибор қаратдик. “Насаф” мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Рўзиқул Бердиев ҳам илгари ўзи билан бирга ўйнаганларни бугунги кунда ёрдамчи этиб тайинлаган. Ёрдамчиларни танлашда ҳам адашмаслик жуда муҳим. Чунки фикрларингиз бир жойдан чиқмаса ишда унум бўлмайди.

- Бундан ташқари Мустафо Байрамов билан Шерзод Жўраевни ҳам кўриш мумкин. Улар бу йил ҳам ёшлар жамоасини бошқарадими?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, мураббийлар штабини ҳали бери тасдиқлаб олганимиз йўқ. Бугунги кунда ёшлар жамоамиз билан йиғинни Дурбек Умаралиев ўтказмоқда. Байрамов билан Жўраев бунгача ҳам жамоада фаолият юритиб келишаётганди. Уларнинг келгуси тақдири ҳақида бир нарса дейиш қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Дарвозабонлар билан ишловчи мураббийни ҳам ўзингиз таклиф этсангиз керак?
- Бу масала бизни ҳозир кўп ҳам ўйлантирмаяпти. Олдин асосий мураббийларни аниқлаб олайлик. Кейин дарвозабонлар мураббийини топиш муаммо бўлмайди. 


- Мураббийлар штабида яна қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?
- Шифокор, массажчи ва маъмурларни назарда тутаётган бўлсангиз, уларнинг ўрнига ҳам ишлашни истаётганлар талайгина топилади. Лекин мен бирданига ўзгаришларга қўл урмоқчи эмасман. Ҳозир сизга уларни ҳам янгилаймиз деб, уларда ҳавотир солиш ҳам нотўғри. Ҳаммаси иш жараёнида билинади.

- Шу кунгача таркибга янги келиб қўшилган футболчиларнинг қайсилари билан шартнома имзоланди?
- Ҳозирча ҳеч қайси ўйинчи билан битим тузмадик. Кимларнинг қолиши борасида ҳам аниқ бир тўхтамга келинмади. Бугунги кунда йиғинимизда кўплаб ёшлар иштирок этмоқда. Уларнинг қолиш-қолмаслиги аввало ўзларига боғлиқ.

- Мураббийлик фалсафангиз қандай?
- Энг аввало жамоада тартиб интизом бўлишини истайман. Оиладами ёки бирорта корхона бўладими, биринчи ўринда тартиб бўлмоғи лозим. Акс холда мақсадга эришиб бўлмайди. Мен ҳам “Навбаҳор”да тартибли жамоа шакллантиришни режалаштирганман. Юлдуз даражасидаги ўйинчи бўлсин, интизомга амал қилмаса, жиддий чора кўрамиз. Шунингдек ҳужумкор футбол тарафдориман.

- Очиғини айтганда, бугунги кунда футболимизда таниш-билишчилик авжига чиқди. Бу айниқса водий клубларида жуда кўп юз бермоқда. Сизнинг “Навбаҳор”да маҳаллий мураббий эканлигингизни инобатга олиб айтадиган бўлсак, табиийки танишларингиздан илтимослар ёки юқоридан қўнғироқлар бўлиши эхтимоли катта. Шундай холларда вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчисиз?
- Клуб бошқарувига келишимдан олдин вилоятимиз ҳокими билан суҳбатлашганимда, ушбу масалани ҳам очиқ айтгандим. Мураббий сифатида таниш-билишчилик қилиш менга тўғри келмаслигини билдирганимда, фикримни қўллаб-қувватлади ва шу каби холат юз берса бемалол у кишини номидан рад этишимни билдирди. Футболимиздаги иллатлардан бири ҳам шудир аслида. Шахсан мен бунга йўл қўймайман. Ҳақиқатдан ҳам муносиблигини исботласин марҳамат жамоада олиб қоламиз. Лекин мажбурий равишда юришига қаршиман. Футболни халқни олдида ўйнайди. Ишқибозларни алдаб бўлмайди. Бу завод корхона эмас, бирорта ўзига яраша иш топиб берамиз дегани. Лекин эшигимиз ҳар қандай футболчи учун доимо очиқ. Ишонаман Наманганда иқтидорли йигитлар кўп. Уларни юзага чиқариш учун эндиликда астойдил ишлаш ниятидамиз.

- Укангиз Мирзоҳид Ғофуровни ҳам олиб келасизми? Ишқибозлар орасида шунақа гап-сўзлар юрибди?
- Ҳа, ўзимга ҳам мухлислар Мирзоҳидни қайтаришимни сўраб мурожаат қиляпти. Раҳбарият ҳам буни истамоқда. Лекин мен бунга жиддий қарамадим. Агарда укам “Навбаҳор”га келса ишонаманки бемалол ўйнаб кетади ва жамоага ёрами тегишига шубҳам йўқ. Лекин кимлардир Рашид тезда укасини ҳам олиб келибди деб, ортиқча гап-сўз қилишини истамадим. Олдин жамоа ўзагини ташкил этиб олайлик. Кейин бу ҳақда ўйлаб кўрамиз.   

- Ёшлар жамоасига ҳам эътибор қаратасизми ёки биринчи йил асосий таркибни назорат қиласизми?
- Йўқ. Ниятим ёшлар жамоамизга ҳам шароитларни яратиб, уларга кенг имконият беришдир. Клуб раҳбарияти билан учрашганимда айтдимки, асосий таркиб аъзолари билан бир қаторда ёшларни ҳам бир хил қилиб, спорт кийимлари билан таъминлаймиз. Негаки “Навбаҳор”нинг эртанги куни бўлмиш ёшлар стадионга кириб келаётганида, фахр ва қандайдир ишонч билан кирсин. Ёшлар жамоамиз ҳам ҳудди асосий каби битта дастур бўйича иш олиб боради. Уларни ҳам емоқ ва ётоқ билан таъминлашни ўйлаб турибмиз. Аста-секин ҳаммаси изига тушиб боришига умид қиламан. Зеро ёшларимиз – келажагимиздир.


Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика