ПРЕВЬЮ. Левченко ва "Нефтчи"нинг омадли юриши давом этадими?
18 oct 2022 12:40
News
ПРЕВЬЮ. Левченко ва "Нефтчи"нинг омадли юриши давом этадими?
"Нефтчи" - "Навбаҳор" ўртасидаги учрашувлар азалдан ўзининг шиддати, азарти, тўқнашувларга бой ўтиши билан қолган дербилардан ажралиб келган. Гарчи сўнгги йилларда бу жамоалар ўртасидаги ўйинларга қизиқиш бироз камайган бўлсада, принципиаллик йўқолмаган. Дерби ўз номи билан дерби. Айниқса, бугунги учрашув ҳар томонлама муҳимлилик даражаси ўта юқори.
Neftchi Fozil Musaev - 4' |
Superliga. Round 22 18/10/2022, 18:30 2
:
1
Finished
|
Navbahor Jamshid Iskandarov - 29', Zoran Marusic - 64' |
ФАРҒОНАДАН 18 ЙИЛДАН БЕРИ ҒАЛАБАСИЗ ҚАЙТАЁТГАН "ЛОЧИНЛАР"
"Навбаҳор" "Нефтчи"ни меҳмонда сўнгги бор 2004 йил мағлуб этган. Самвел Бабаян шогирдларининг Фарғонадаги ғалабасиз серияси 14та ўйинни ташкил қилади. Суперлигадаги умумий ўзаро ўйинларда ҳам "Нефтчи" катта устунлик қилмоқда. 26 ғалаба, 13 мағлубият. 16 учрашувда дуранг қайд этилган.
Фарғонада бўлиб ўтган сўнгги 5та учрашув:
15.08.2014 йил
Нефтчи - Навбаҳор 1:0
04.04.2015 йил.
Нефтчи - Навбаҳор 1:0
12.03.2016 йил
Нефтчи - Навбаҳор 1:0
19.08.2017 йил
Нефтчи - Навбаҳор 1:1
08.08.2018 йил
Нефтчи - Навбаҳор 2:1
"НЕФТЧИ" ОСМОНИДА "ОҚ БУЛУТЛАР"
Биринчи даврадан сўнг аутсайдерлар қаторига тушиб қолган "Нефтчи" иккинчи даврани кутилганидандан яхши ўтказмоқда. Фарғоналиклар 8та учрашувда жами 14 очко ишлашни уддасидан чиқишди ва фақатгина "Пахтакор"га мағлуб бўлишди. Бу борада Суперлига жамоалари орасида катта сакраш айнан "Нефтчи"да кузатилди. Виталий Левченко қисқа вақт ичида натижа келтиришни уддасидан чиқа олаётгани таҳсинга сазовор.
"ЧИНОРЛАР" УЙГА ҚАЙТМОҚДА
Ҳа, сўнгги пайтларда "Нефтчи"ни турли номлар, лақаблар билан номлашаётгани қулоғимизга чалинаётганди. Лекин барчамиз учун улар "чинорлар" бўлиб қолаверади. Жамоа ниҳоят узоқ вақтдан сўнг уйга қайтиш арафасида бўлиб турибди. "Истиқлол" стадиони яна катта учрашувларни қабул қилишга шай ҳолатда. Жамоа охирги маротаба мазкур аренада 2021 йилнинг 14 ноябрь куни Про лиганинг 23-турида "Бухоро" билан тўқнаш келган, ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди. Виталий Левченко бошчилигида жамоа аъзолари машғулот ҳам ўтказишга эришди.
ЮРИЙ САРКИСЯН ФАРҒОНАДА
Дарҳақиқат, "Нефтчи"ни бренд даражасига олиб чиққан, бу клуб билан кўплаб ютуқларга эришган шахс сўзсиз Юрий Вазгенович Саркисяндир. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, мураббий бугунги учрашув меҳмони бўлади ва баҳсни очиб беради. Саркисянни "Нефтчи"дан қай тариқа хайдалгани ҳамон ёдимизда. Эндиликда клуб ўзаро дўстлик ришталарини тикласа ажаб эмас.
"Мен ҳар доим ушбу жамоага мухлислик қилганман ва бундан кейин ҳам мухлис бўлиб қоламан. Буни ёдда тутишингизни истайман. Жамоани ким бошқариши, унда кимлар ишлаши аҳамиятсиз. "Нефтчи" ҳаётимнинг бир парчаси бўлиб қолади",- деган эди Саркисян
"ОЛТИН ДУБЛЬ" ОРЗУСИДАГИ "НАВБАҲОР"
Ўзбекистон кубоги финалига йўл олган "Навбаҳор" чемпионатда ҳам олтин медаллар йўлида ҳали курашдан чиққани йўқ. Пешқадам "Насаф" билан орадаги фарқ 2 очкони ташкил қилади. Тақвимга назар солсак, энг қулай рақиблар кейинги турларда "лочинлар"га рўбарў келишини кўриш мумкин.
"Олимпик" (уйда)
"Локомотив" (сафарда)
"Металлург" (сафарда)
АГМК (уйда)
"Нефтчи" ўртамиёналар сафида мавсумни якунлаши эҳтимоли мавжуд. Бироқ уларни олдинда "Насаф" ва АГМК билан осон бўлмаган беллашувлар кутмоқда. "Металлург" ва "Сурхон" ҳам анча "бош оғриқ" вазифасини ўтаб беради. Жамоа айни дамда ажойиб спорт формасида. Кайфият ва ишонч қайтган.
Демак, барча футбол ихлосмандларини Фарғонадаги "Истиқлол" ўйингоҳига чорлаб қоламиз. Қолган мулоҳазаларга ўйиндан кейин яна бафуржа тўхталамиз. Мароқли томоша!
Comments